Ўзбекистон: Янги рекорд ва карантин кучайтирилмаса, беморлар сони қанчага етар эди? Янгиликлар - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, IIV

13 июль куни 594 ҳолатда касаллик қайд этилиб, бир суткада касаллик аниқланиши бўйича янги рекорд кузатилган.

Аҳоли орасида касаллик аниқланиши бўйича ҳам рекорд янгиланган (322 нафар).

Кун давомида 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

14 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 281 нафарга кўпайиб, умумий беморлар сони 13,872 нафарни ташкил этмоқда.

Шу вақтга қадар 8,030 бемор соғайган, 5,778 нафар инсон шифохоналарда қолмоқда.

Улардан 53 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда экани хабар қилинган.

Қайд этилган ўлим ҳолатлари сони 64 та.

"Давергеодезкадастр" қўмитаси ходимларида коронавирус аниқланди

Давергеодезкадастр қўмитаси тизимида 10 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб борса, бугунгача 6 нафар (Тошкент вилоятида 3 нафар, Хоразм вилоятида 2 нафар, Қашқадарё вилоятида 1 нафар) ходимда ушбу вирус аниқланган ва карантинга олинган, дея хабар бермоқда қўмита ахборот хизмати.

Хабарда давом этилишича, ҳозирда мазкур ходимларнинг 2 нафари тўлиқ соғайган, 4 нафари шифохонада даволанмоқда.

Тошкент ҳавоси ифлосланган - Ўзгидромет

uzgidromet

Сурат манбаси, uzgidromet

Ўзгидромет 6 июлдан 11 июлгача Тошкент шаҳри бўйича атмосфера ҳавоси сифати тўғрисида маълумот берган.

10 та стационар постда ўтказилган шаҳар атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳолатининг мониторинги пойтахтда ҳаво ифлосланиши суткалик меъёрлардан ортиб кетганини кўрсатган.

"Жуда иссиқ ва қуруқ об-ҳаво туфайли, шаҳар бўйича суткалик рухсат этилган меъёрларнинг, асосан, чанг бўйича 1,4 дан 2,4 мартагача, азот диоксиди бўйича 1,3 дан 1,5 мартагача, углерод оксиди бўйича 1,1 дан 1,3 мартагача ортгани қайд этилди", дейилади хабарда.

«Махсус комиссия қарорлари ҳуқуқий асосга эга»

Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов 13 июль куни ўтган брифингда Республика махсус комиссиясининг тузилиши ва у томонидан қабул қилинаётган карантин чекловларига доир қарорларнинг конституция ҳамда мамлакат қонунчилигига қанчалик мос келиши тўғрисидаги саволга жавоб берган.

«Олдиндан айтиш лозимки, коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга, Конституциямизга, қонунчилигимизга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келади, инсон ҳуқуқларини бузмайди», деган вазир ўринбосари.

Икромов ўз жавобига ҳуқуқий асос сифатида қатор қонун моддаларини тилга олиб ўтган.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, Махсус комиссиянинг тузилиши ва унинг ваколатлилиги борасида иккиланишга ўрин йўқ, бу борадаги барча шубҳа-гумонлар бирор бир юридик асосга эга эмас», таъкидлаган Икромов.

Сўнгги вақтларда Республика махсус комиссиясининг тузилиши ва пандемия даврида унга кенг ваколатлар бериб юборилишининг мавжуд қонунчилик тартиботларига зид экани борасида фикрлар кўпайиб бормоқда.

«Карантин кучайтирилмаса, беморлар сони 64 мингга етар эди»

Pravdavostoka

Сурат манбаси, Pravdavostoka

Кун.уз нашри Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан карантиннинг кучайтирилиши ва пандемия шароитидаги иқтисодий вазият борасида суҳбатлашган.

Суҳбат давомида Ҳакимов кучайтирилган карантиннинг қайтарилиши долзарб масала бўлганини билдирган.

"Пандемия яқин орада сусаймайди ва иқтисодий фаолият эпидемиологик вазиятга қараб олиб борилади. Айтишим мумкинки, агар эпидемиянинг янги тўлқини бошлангани сабабли карантин чоралари кучайтирилмаса, Марказимизнинг прогнозларига кўра, жорий йилнинг декабрь ойига қадар коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони деярли 64 минг беморга етиши мумкин эди. Шу билан бирга, ушбу беморларни парвариш қилиш учун қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ керак бўлади", деган у.

$2,4 миллиард ўтказма

Марказий Банкнинг хабар беришича, йил бошидан бери Ўзбекистонга хориждан келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми $2,4 миллиард ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан $156 миллионга ёки 6 фоизга камайган.

Хабарда чет элга юборилган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори $427 миллионга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан $40 миллионга ёки 9 фоизга камайгани айтилади.

«Натижада трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо $2 миллиардга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан $116 миллионга (ёки 5 фоизга) камайди», маълум қилган Марказий Банк.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek