Тожикистон Ўзбекистондан бойми? – Муносабат O'zbekiston, koronavirus

Сурат манбаси, official
Тожикистон Ўзбекистондан бойми? - Тожикистон ҳукуматининг кўмакка муҳтож фуқароларига бир марталик ёрдам пули бериш қарори айрим ўзбекистонликлар томонидан ана шундай қарши олинди.
Шу кунларда кибер фазода ўзбекистонликларнинг қизғин баҳсу мунозараларига сабаб бўлган мавзулардан бирига айланди.
Коронавирус: Энг ёмони ҳали олдиндами? O'zbekiston, koronavirus, дунё - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тожикистон президенти бу ҳақдаги фармонни кеча, 11 июль куни имзолаган.
"COVID-19 нинг Тожикистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири олдини олиш тўғрисида"ги ҳукумат қарори доирасида бу каби тўхтамга келингани айтилган.
Берилиши кўзда тутилган бир марталик ёрдам пули Тожикистондаги энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида этиб белгиланган.
Тожикистонда энг кам иш ҳақи миқдори 400 сомонийни ташкил этса, ёрдам пулининг $41 АҚШ долларига тўғри келиши маълум бўлган.
Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейин минтақанинг аҳолиси энг кўп учинчи давлати бўлади - сони 9 миллиондан ортади.
Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг нисбатан камбағал иккита мамлакатидан биттаси саналади.
Тожикистон минтақанинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда кейин коронавирус расман қайд этилган тўртинчи давлати бўлади.
Агар, бугунги расмий маълумотларга таянилса, Тожикистонда жаъми коронавирус ҳоллари олти ярим мингдан сал ортади.
Ўлим ҳоллари умумий ҳисобда 55 тани ташкил этса, расмий рақамлардан беморлар аксарияти(5176) нинг соғайгани кўрилади.

Сурат манбаси, official
Тожикистон ҳукуматининг сўнгги қарори Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрлари нигоҳидан ҳам четда қолмаган, кибер фазодагилар эса, янгиликнинг ўзи қолиб, берилиши кўзда тутилаётган ёрдам пулининг миқдорига ҳам эътибор қаратишган, қолдирилган коментлар мазмунидан айримларининг бундан ҳавасда эканликлари ҳам англашилган.
Бирлари Тожикистон президентининг сурати илова қилинган постини, "Ростми шу. Бизда жим-ку ҳалиям", деган кириш сўзи билан бошлаган.
Биргина шу постнинг ўзи ўтган кеча-кундузда ўнлаб марта ёқтирилган, ўнлаб коментларга сабаб бўлган.
Комент қолдирганлардан бири, "Бизда ҳам шундай қилиш керак", деган бўлса, бошқаси, "Гап йўқ, барака топсин", - деб ёзган.
Яна бирлари, "$40 доллар нормалний пул. Бизда шуям йўқ-ку", деган.
Бунинг ортидан, Тожикистон ҳукумати беришни кўзда тутаётган ёрдам пули миқдорини назардан тутаркан, "Тўғри, кам - бошқа ривожланган, инсон қадри бор давлатларга нисбатан. Лекин Тожикистон ҳам биздан илғор эканини кўрсатиб қўйди", дея комент қолдирганларнинг ҳам борликлари кўрилган.
Бошқа бир коментда эса, "Шу $40 долларни Тожикистон аҳолисига кўпайтиринг, катта сумма бўлади. Қолаверса, Тожикистон учун бу нормалний маблағ. Барака топишсин беришган бўлса", - дейилган.
"Бизлардан илғор эмас, сал инсофлироғ экан", - деган яна бир интернет фойдаланувчиси.
Худди шу манзарада, "Қарзга ботиб ётсак ҳам пул йўғ у. Илғорлиги давлатчилик юзасидан", деганлар ҳам бўлган.
"Бизда халқни рози қилинади. Пул берилмайди", дея комент қолдирган бошқаси.
Яна бири "Мард экан, тўғри бўлса", деркан, бошқаси, "Бизнинг давлатдан улар бойроқ экан, агар, рост бўлса", деган.
"Ўша 40 доллар ҳам йўқ-ку", деган коментлар манзарасида, "Бизда paynet қилсаям розиман", дегувчиларнинг ҳам борликлари кўрилган.
"Бизларда пул берилса, коррупция бўлади", деган комент эса, кулгу билан қарши олинган.

Сурат манбаси, official
Би-би-си: Ўзбекистонда ҳам бу каби ғоя масъуллар томонидан дастлаб қўллаб-қувватланган.
Аммо коррупцияга олиб келиши мумкинлиги хавотирида амалга кўчмаган.
Раҳбарият аҳолининг камбағал қисмига давлат бюджетидан тўғридан-тўғри ёрдам ажратишдан бош тортган.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Аҳолисининг сони расман 34 миллион кишидан ортади.
Уларнинг аксарияти шундоқ ҳам мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик муаммоси анчайин долзарб чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.
Миллионлаб аҳолисининг тирикчилиги эса, четдаги меҳнат муҳожирлиги ортидан ўтиб келган.
Глобал коронавирус пандемияси боис , уларнинг аксарияти ҳам ҳозир оғир аҳволда қолган, ўз ишларини йўқотган, даромадларидан мосуво қолган ва қандай бўлмасин, уйга қайтиш истагида.
Аммо Ўзбекистон Туркманистон ва Қозоғистон билан бирга минтақанинг табиий заҳираларга бой учта давлатидан биттаси экани ҳам бор гап.
Глобал коронавирус пандемияси билан кечган ўтган тўрт ой ичида Ўзбекистонда ишсизлар ва камбағаллар сони ортгани мамлакат масъулари ўзлари томонидан ҳам эътироф этилган.
Пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодига таъсири халқаро ҳисоботларда ҳам ўзининг анчайин хавотирли ифодасини топган.
Ҳукумат шу вақт оралиғида қийналиб қолган фуқароларига турли жамғармалар орқали кўмак кўрсатишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Аммо ёрдамлар тақсимотидаги шаффофият аллақачон мутахассислар хавотири ва танқидига сабаб алоҳида воқеълик, мавзуга айлангани ҳам кўрилади.
Шу пайтгача Қозоғистон ўзининг эҳтиёжманд фуқароларига бериб келаётган $100 АҚШ доллари миқдиридаги ёрдам пули кибер фазода аксарият ўзбекистонликлар қиёсан ўз диққат-эътиборларини қаратиб келаётган сиёсат, амалиёт бўлгани кузатилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















