Ўзбекистон, Коронавирус: бу гал ёрдамлар ҳақиқий муҳтожларга етиб борадими? O'zbekiston, Koronavirus

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон ҳам коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадидаги иккинчи карантинни жорий этди, бундай шароитда фақат бугун ишлаб топган нонини еб кун ўтказадиган оилалар оғир аҳволга тушиб қолиши аниқ ва биринчи карантинда ёрдамлар ўз эгаларига етиб бормаган ҳоллар кўп бўлди.
Хўш, бу гал биринчи карантин сабоқларидан хулоса чиқариладими?
Ўзбекистон Ҳисоб Палатаси мамлакатда биринчи карантин вақтида муҳтожларга ёрдамларни адресли етказишда қандай хато-камчиликларга йўл қўйилганини таҳлил қилишда ёрдам берадиган хулосаларни тақдим этди.
"Саховат ва кўмак" жамғармасининг Тошкент ва Қашқадарё вилоятидаги фаолияти ўрганилганида эгаларига пул ёки бошқа ёрдамлар берилмаган бўлса-да, берилди деб қўшиб ёзилгани аниқланган.
Муҳтож бўлмаган оилаларга ҳам ёрдам пуллари берилган.
Ҳисоб Палатаси икки ҳудуддаги ўрганишлари натижасида қуйидаги хулосаларга келган:
Аҳоли даромадларини, аниқроғи камбағаллигини маҳалла раиси, иккита қўшни гувоҳлигидан ташқари аниқлайдиган шаффоф механизм йўқ. Уй хўжаликларининг жуда катта қисми давлатдан айро яшамоқда, аксарият одамлар норасмий секторда ишламоқда.
Ҳозир давлат аҳолига ёрдам пулини тўғридан-тўғри ташлаб берадиган ягона тизим йўқ. Бунинг учун жуда катта ҳажмда логистика ва бюрократия ишлари бажарилиши керак. Энг ёмони — инсон омили яна асосий планга чиқади, пулни ўзлаштириш имкониятлари кўп.
Самарали бошқарув. Ижтимоий таъминот тизимининг конкрет эгаси йўқ, жуда кўп давлат идоралари жалб қилинган — чўпон кўп. Ўз-ўзидан тизимда тўлиқ шаффофлик ва ҳисобдорлик оқсамоқда, деб ёзди таниқли блоггер davletovuz.
11 июл куни Ўзбекистондаги энг муҳтож аҳоли қатламини карантин вақтида қандай қўллаб-қувватлаш бўйича режа ишлаб чиқилгани хабар қилинди.
Республика махсус комиссияси 20 кунлик карантин даврида Ўзбекистондаги энг муҳтож 120 минг оилага давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон ва биринчи эҳтиёж маҳсулотлари етказиб беришни мўлжаллаган, бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар агентлиги фаолларини жалб этишни мақсад қилган.
Аксар фаоллар мамлакатдаги муҳтож оилалар сонининг 120 минг эканини савол остига оладилар ва бу гал ёрдамларнинг адресли етказилиши назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидлайдилар.
Айни пайтда даромад манбаисиз қолган инсонларга тўғридан-тўғри ёрдам пули бериш чақириғи яна янграмоқда.
"Кучайтирилган карантин шароитида қийин аҳволга тушиб қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи яна кун тартибига чиқди. Тўғри, пишиқчилик — март, апрелдагидек ваҳимали эмас. Лекин даромадсиз, пулсиз ўтирган оилалар барибир давлатдан ҳеч қурса 500 минг сўмдан ёрдам олиши керак", деб ёзди таниқли блоггер davletovuz.
Биринчи карантинда кўплаб фаоллар муҳтожларга ёрдам амалиётларига бош қўшишган, бунда қайси ёрдам қандай тарқатилаётгани ҳақида жамоатчилик хабардорлиги ва шаффофлик таъминланганини ҳам кўриш мумкин эди.
Бироқ кўмакларни марказлаштиришга қарор қилинган, бу эса Ҳисоб Палатаси аниқлаган суистеъмолликларга етаклагани маълум бўлди.

- Ўзбекистон: Ҳукумат назоратга олган карантин хайрияси муҳтожларга етиб бормаяптими?
- Ўзбекистон: Халқ энди болта шўрва қиладими?
- Ўзбекистон олган $25 миллиард қарз қаерга сарфланмоқда?
- Риштон: Коронавирус даврида одамларнинг қора қозони қандай қайнамоқда?
- Саида, Зироатхон Мирзиёева, энди Озода Раҳмон ёрдам берди ва бермоқчи
- Ўзбекистон Коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















