Ҳамма гап пулдами? Пул бўлмаса-чи? O’zbekiston, дунё

Сурат манбаси, official
Ҳамма гап пулдами? Пул бўлмаса-чи? - Йилига $75000 доллар ишласангиз, ҳаётингиз, умрингиздан рози бўласизми? Қанча пулингиз бўлса, ўзингизни дунёдаги энг бахтли инсон, деб ҳисоблайсиз? Олимлар эса, жавобини топишибди...
"Бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди" ёки "Бахт пулга сотилмайди", деган қараш ўзбеклар орасида ҳам кенг тарқалган.
Америкалик қатор тадқиқот муаллифлари эса, бугун буткул бошқача фикр ва хулосада.
Уларнинг айтишларича, пулингиз қанча кўпайса, ўзингизни шунча бахтли, бахтиёрроқ ҳис қилиб бораверасиз.
2010 йилги бошқа бир тадқиқотда эса, инсон йилига $75000 доллар топишни бошласа бас, ҳаётидан қониқиш ҳосил қилади-қўяди, деган хулоса келинган.
Аммо, янги тадқиқот муаллифларига кўра, бахтлилик, бахтиёрлик масаласида топган пулингизнинг чек-чегараси йўқ.
Олимларнинг илмий ишлари шу кунларда Америка психологлар уюшмасининг журналида чоп қилинган.
Унда муаллифлар ўз хулосалари камида аҳолининг муайян қатлами учун рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат эканини даъво қилишган.
Тадқиқот муаллифларидан бири бўлган психолог Жин Твенж Сан-Диего университетида ишлайди.
У The Conversation сайтида ўзининг бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашган.
Маълум бўлишича, ҳозирги аҳвол аввалгисидан кўра фарқли.
Яъни, бугун одамлардаги бахтлилик, бахтиёрлик ҳисси, туйғуси кўпроқ топаётган пули, қилаётган даромадига боғлиқ.
Агар, тадқиқот хулосасига таянилса, ҳозир пулга кўпроқ бахт сотиб олиш мумкин.
Олимлар бу каби хулосага келиш учун ёши 30 дан катта бўлган 40 минг америкаликнинг фикри, қарашини ўрганишган.
Марказий Осиё, бахтлилар ва бахтиёрлар

Сурат манбаси, Getty Images
Шу йил бошида Gallup International буюртмаси асосида ўтказилган сўров эса, Қозоғистон бугун дунёнинг энг бахтли тўртта давлатидан биттаси эканига далолат қилган.
Бу борада Россия илова дунёнинг яна ўнлаб давлатлари Қозоғистон билан беллаша олмаган.
Сўров жараёнида Қозоғистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиқроғи ўзининг бахтли эканини айтган.
Россия аҳолиси эса, ўзини тобора бахтсизроқ ҳис этиб бораётгани маълум бўлганди.
Бугун Россияда ўзини бахтлиман, дегувчилар сони эллик фоизга ҳам етмаган.
Бунақаси ўтган олти йилда кузатилмагани билан сўров муаллифларининг диққат-эътиборини ўзига тортганди.
Бу икки давлатда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони жаъми миллионларга етади.
Улар ҳар йили ортга - Ўзбекистонга юбораётган маблағлар эса, миллиардлаб долларни ташкил этади.
Бу пуллар орқасидан миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги ўтади.
Тўй-ҳашамлари борми, болаларининг олий таҳсили - бу улар аксарияти учун рисоладагидек турмуш тарзининг асосий манбаи бўлади.
Умумиятла, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келади.
Аҳолиси минтақада энг йириги (34 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлган Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини ҳам ўтайди.
Қозоғистон эса, Ўзбекистон билан бирга Марказий Осиёнинг энг йирик иккита давлатидан биттаси бўлади.
Туркманистон билан бирга минтақанинг энергия заҳираларига энг бой икки мамлакатидан бири саналади.
Аҳолиси сони бўйича Марказий Осиёда Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.
Бугун Қозоғистон аҳолисининг сони қарийб 20 миллион кишини ташкил этади.
Аммо аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, ташқи меҳнат миграцияси мустақил Қозоғистон учун деярли ёт фактор, муаммолардан бири бўлади.
Ўзбекистон эса, янги сўровда на-да энг бахтлилар ва на-да энг бахтсизлар рўйхатида кўзга ташланган.
Бу сўровда эса, дунёнинг эликка яқин давлатида ўн минглаб кишининг фикри ўрганилгани айтилганди.

Сурат манбаси, official
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















