
Агар, қатор халқаро ҳисоботларга қаралса, ўтган йигирма йилдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистонда ҳам камбағаллар сони сезиларли даражада ортган. Масъул халқаро ташкилотларнинг 2001 йилда эълон қилган рақамларда Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисмига яқини камбағаллик, ўн фоизга яқини эса, ночорлик даражасида кун кечиргани айтилади:
Ўзбекистонда ҳам камбағал аҳолининг катта қисми қишлоқ ҳуддудларида ҳаёт кечиришади. Мамлакат иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Деҳқонлар асосан пахтаю буғдой етиштириш ва уни ҳукумат томонидан тайинланган нархда давлатга сотишга мажбур. Ерга хусусий эгалик йўқ. Аксарият Марказий Осиё давлатлари қатор Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалиги энг ислоҳот талаб соҳалигича қолмоқда. Айрим кузатувчилар, иш топиш имкониятлари камайиб бораркан, кичик шаҳарларда ҳам одамлар ҳаётининг ночорлашиб бораётганини айтишади. Иш ҳақларининг камлиги сабаб, иши борларининг иқтисодий аҳволлари ҳам ҳавас қилгудек эмас. Яқинда, ҳатто, расмий нашрларда ҳам аксарият халқнинг коммунал тўловларни тўлашга қурблари етмай қолганига оид хабарлар пайдо бўлганди. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қашшоқлик муаммоси мавжудлигини деярли тан олмайди. Масъуллар Ўзбекистонда аҳолининг кам таъминланган қисми борлиги ва улар ҳам ҳукуматнинг доимий ғамхўрлиги остида яшаётганини таъкидлашади. Айрим таҳлилчиларга кўра, улар бу билан ислоҳотлар фақат оғизда амалга оширилиб келингани ошкор бўлиб қолишини исташмайди. Маҳаллий кузатувчилар эса, минтақада камбағаллар сони кўпайишида мавжуд сиёсий тузумларни айблашади. Кузатувчиларнинг наздларида бу каби тизимлар даромад ва бойликларни одил тақсимлашмайди. Уларга кўра, қандайдир 10 фоиз одам бутун иқтисодий бойликларни назорат қилишади ва бойиб кетишган. Аҳолининг 70-80 фоизи эса қашшоқлардир, дейишади улар. Қолган минтақа давлатлари билан солиштирганда, Ўзбекистон аҳолисининг сони энг каттаси. Маҳаллий кузатувчиларнинг урғулашларича, Ўзбекистондаги меҳнат бозори мамлакатдаги ишчи кучи талабларига жавоб бера олмайди. Расмию норасмий рақамларга қаралганда ҳам, бугун биргина Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча миллионга етган. Таҳлилчилар орасида инсоний сармоя сифати бузилиб, заифлашиб бориши Ўзбекистоннинг давлат сифатида мустаҳкамлигига таҳдид солишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг урғулашларича, президент Ислом Каримов ҳукумати худди ана шу муаммони ҳал этиш устида бош қотириши керак.
55 ёшли Собир ака (исм-шарифи ўзгартирилган) олий маълумотли ўқитувчи. Собиқ Шўролар давридан буён Ўзбекистондаги ўрта мактабларнинг бирида дарс бериб келган. Аммо бир неча йилдан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд. Унинг айтишича, бугун Ўзбекистонда олий маълумотли ўқитувчи сифатида оладиган маоши Россиядаги бир маротабалик тушлигига етади, холос. Суҳбатдошимизга кўра, бугун ҳар ўқиган учта одамдан биттаси ўз тирикчилигини ўтказиш учун бугун Россияда меҳнат муҳожири бўлишга мажбур:
Ўзбекистонлик олий маълумотли ўқитувчи Собир ака
Бир неча йилдан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд.
"Шўринг қурғур ўзбек Шўролар даврида ҳам ёлчиб пул олган эмас. Колхоздан олган уч-тўрт тангасини бола-чақасига бермасдан, унга мол-ҳол қиларди-да, даласидан ажриқ қиртишлаб, бошқа қилиб, ўшани айлантириб сотиб, қилган даромадидан бола-чақасини боқарди. Мустақиллик бундан бешбаттар ҳолларга солди ўзбекни. Сабаби - олдин ўзбек молини боқиб бўлса-да, боласини боқарди. Бугун нима бўлади? Тасаввур қилинг, Москвада кўзимнинг олдида битта "Газел"га 18 та одамни ортаяптилар, яна уларнинг юклари....Битта "Камаз" кўтаролмайдиган юкни "Газел" кўтариб олиб кетаяпти. Бу ҳам майли, Ўзбекистондан "Зил -57" машинасида мардикорчиликка кетаётган ўзбекларни айтинг. Баҳона қилишларича, ботқоққа қолиши мумкин бўлган автобусларни тортиб чиқариш учун бу машиналар ёлланаётган эмиш", дейди суҳбатдошимиз.
Собир аканинг айтишича, энг камбағал оилалар у ёқда турсин, бугун Ўзбекистондаги олий маълумотли ўқитувчи ҳам рўзғорини амал-тақал қилиб ўтказишга мажбур. Чунки унинг бир ойлик ўртача маоши бор-йўғи 80 АҚШ доллари (200.000 сўм)ни ташкил этади ва у шу пулга бир ой рўзғор тебратиш, шу пулдан сарфлаб, уйидан ишхонасига қатнаш, тушлик қилиш, ўзию бола-чақасини кийинтириши лозим бўлади. Битта ҳамширанинг маоши 175 минг сўм. Бу сизга катта пул бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бир қоп ун 105 минг сўм турган бир шароитда, бу пул нимага етади?... Шунинг учун ҳам, орзу-ҳавас қилмоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси бугун Ўзбекистонни тарк этиб, асосан Россияга меҳнат муҳожирлигига йўл солишяпти, дейди суҳбатдошимиз:
"Боласига еридан чиққан картошкасини олиб едиради, етса, етди, етмаса...Ўзбекдаги энг катта бойлик - ҳамжиҳатлиги. Рўзғорда нечта одам бўлса, ҳаммаси топган пулини келтириб ташлайди. Бугун шундай бўлиб қолди. Россия бизнинг пул топаётган жойимизга айланиб қолди. Биз Россиядан пул юборамиз. Уйимиздагилар, масалан, мол олади, бошқа қилади, хуллас, шу бизнинг бир сўмимизни биз боргунимизча бола-чақаси билан икки сўмга айлантиради. Шунда ҳам, биринчи навбатда ўзига эмас, молига қарайди. Ана шу бизнинг энг оқсоқ жойимиз. Биз молга қараймиз, ўзимизга қарай олмаймиз. Сабаби - мол оч қолмаслиги керак, чунки бизни тўйғизаётган мол бўлаяпти. Бирор бир рўзғор йўқки, шу гапимдан мустасно бўлсин. Молни сотгандан тушган пулга қишлоқда энг аввало ун олишади. Мана, шу кеча-кундузда мен билан ишлайдиган йигитлар бировнинг ҳангомасини қилишяпти, "Фалончининг менюсини чизиб берайми - "Ҳа", - "Исмалоқ сомса, исмалоқ манти, исмалоқ чучвара...". Чунки бу оилаларнинг топаётган пули бошқа ҳеч нарсага етмайди. Мана, сизга Ўзбекистоннинг бугунги манзараси", дейди у киши.
Собир ака ҳозир ўзи билган олий тоифаликларнинг 30-35 фоизчаси Россияга келаётгани, ҳар ўқиган учта одамдан биттаси шу ерда юргани, аммо ўзларининг бирор бир ҳимоясиз шароитда ишлаш ва яшашга мажбур эканликларини айтади:
"Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остидадир", деган ёзув бизга керак эмас. Бизни ҳимоя қиладиган, бизга ҳам ичи ачийдиган раҳбарлар пайдо бўлсайди...Россияга келамиз, нима иш қилишни билмай, бошимизни қашлаймиз. Давлат корхоналарига ишчи керак, аммо фуқаролигинг йўқ, деб бизни ишга олишмайди. Ҳамма жой эълонга тўла, фақат "Гражданство Российской Федерации...". Полициядан қўрқиб, Россияда фақат юришимиз учун ойига минг рубль тўлаб, патент қиламиз. Лекин шунда ҳам яшаш жойимизга келади. Кейин бўларда ишлаш учун рухсатнома, деган бир нарса бор. Биз уни 22.500 рублга сотиб олишимиз керак. Бу - 750 АҚШ доллари дегани. 100 доллар қайддан ўтиш бўлса. Кеча уйидан келган одамда 850 АҚШ доллари қаердан ҳам бўлсин. Ундан кейин нима қиламиз, жон сақлаб қолиш керакми, лозим бўлса, ўғрилик ҳам қиламиз. Россияда ҳам, чунки иложимиз йўқ, оғизга осон бу нарса", дейди у киши.
Агар ўзбекистонлик маҳаллий кузатувчиларнинг кузатувларига таянилса, меҳнат муҳожирлигига юз тутаётган фуқароларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Россияда матбуоти эса, мамлакатда жаъми 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бўлса, ҳар иккинчи қонуний муҳожир - ўзбек, деб ёзади. Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида яқинда олиб борилган сўров натижаларидан аён бўлишича, ҳар уч ўзбекистонликдан биттаси ортга қайтишни истамайди. Устига устак, улар иложи бўлса, фуқаролигини олиб, Россияда доимий яшаб қолишни ҳам хоҳлашар экан. Агар Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг ўз сўзларига қаралса, "Ўзбекларнинг кириб бормаган жойлари фақатгина Россия Думаси ва ҳокимият идоралари бўлиб қолмоқда". Россияда бир неча йилдан бери меҳнат муҳожирлигида банд суҳбатдошимизнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, ойига ўртача даромад қилувчи ўзбекистонлик йилига 4-5 минг АҚШ доллари миқдорида пул топиши мумкин. У ўзбекистонлик аксарият уй олиш учун, машина харид қилиш учун, рўзғорини ўтказиш ёки болаларини ўқитиш учун келишади, дейди. Суҳбатдошимиз бунинг сабабини Ўзбекистонда саноатнинг деярли ривожланмагани, коррупция ҳоллари, коммунал тўловлари, солиқлар миқдорининг юқорилигида кўради. Ўзбекистонлик экспертларга кўра эса, муҳожирлик ва унинг ортидан келаётган даромад - айнан шунча катта сондаги меҳнат муҳожирлари, Ўзбекистоннинг ночор қатламларидан чиқаётган фуқароларни ижтимоий хавфсизлик камари сифатида қутқариб турибди. Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов:
Жаҳонгир Шосалимов
Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи.

























