Ўзбекистон: Ўлим хавфи бўлган дорини қўллашга қарши чиққан шифокор таҳдид қилинди

Klara

Сурат манбаси, MilliyTV

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова коронавирус беморларини даволашда ўлим хавфини оширувчи препаратни зарарли дегани учун таҳдид қилинганини айтди. Би-би-сига гапирган соҳа мутахассиси дори сотилишидан манфаатдор гуруҳлар ҳар қандай тўсиққа қарамасдан уни Ўзбекистон бозорида сотишга қодирлигини билдирди.

«Тез ёрдам» дастурида чиқиш қилган Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова коронавирус билан оғриган беморларни даволашда ўлим хавфини ошириши мумкин, деб топилган препаратни самарасиз дегани учун таҳдидга учраганини айтди.

Клара Ёдгорованинг таъкидлашича, таркибида гидроксихлорохин сақловчи препаратлар бошқа дорилар сингари дастлаб Хитой тажрибасида қўлланилган.

Kun.uz нашрининг ёзишича, март ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўлланилаётган препаратларнинг самарадорлиги бўйича далиллар олиш учун "Халқаро ҳамдўстлик тадқиқоти"ни ўтказган.

Унда коронавирусга чалинган 96 минг беморнинг маълумотлари жамланиб, АҚШнинг Гарвард ва Швейцариянинг Сюрих университети олимларига тақдим қилинган.

«Ўрганишлар натижасида гидроксихлорохиннинг коронавирусга қарши нафақат самарасиз экани, балки ўлим хавфини оширувчи экани ҳам тасдиқланган. Буларни ҳисобга олиб, ЖССТ 27 май куни янги вақтинчалик қўлланма чиқариб, барча давлатларга шунинг асосида ўз даволаш стандартларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган. 4 июлда эса гидроксихлорохин ва бошқа айрим дориларнинг зарарли экани ҳақида ЖССТнинг баёноти эълон қилинди», - деган Миллий палата вакили Клара Ёдгорова.

Клара Ёдгорованинг айтишича, Миллий палата экспертлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи биргаликда 30 июнь куни иккита янги қўлланма - COVID-19 ни енгил шаклда ўтказиб, уйда даволанаётганлар ва оғир формада стационарда даволанаётганлар учун қўлланмалар ишлаб чиққан.

Қўлланмалардаги маълумотлар 13 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланиб, чоп этилган ва мазкур қўлланмадан гидроксихлорохин олиб ташланган.

Бироқ «Тез ёрдам» кўрсатувига бошловчилик қилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, қўлланма жойларга етиб бормаган ва амал қилмаяпти.

Алламжонов коронавирус юқтирган инсон ҳаётига зарарли, деб топилган дори нега ҳамон тарқатилаётгани ва таркибида гидроксихлорохин сақловчи «Плаквенил» препаратини ушбу тақиқловчи рўйхатдан олиб ташлашга нега ҳаракатлар бўляпти, деб сўраган саволига мутахассис тўғридан тўғри жавоб бермаган.

Клара Ёдгорова дастур бошловчисининг унга таҳдид бўлгани ҳақидаги саволига «ҳа» деб жавоб берди.

Ёдгорованинг айтишича, номаълум кимсалар унга қўнғироқ қилиб, «эҳтиёт бўлинг, опажон», деган.

Комил Алламжонов жонли эфирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Клара Ёдгоровани ҳимоя қилишни сўради.

Би-би-си Ўзбекистон фармацевтика соҳасида фаолият юритган мутахассис билан гаплашиб расмийга ким таҳдид қилиши мумкинлиги билан қизиқди.

Номини ошкор қилишни истамаган мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистонда сотилаётган дорини зарарли деган расмийга ушбу дориларни олиб келиб сотишда манфаатдор бўлган шахслар таҳдид қилган.

"Бу каби препаратларни олиб келишда миллионлаб доллар маблағ айланади. Ўртада турганлар катта эҳтимол билан «откат» қилиб ўз пулларини олишган, дори Ўзбекистонга кириб келган. Энди уни қайтариб келган давлатига юбормайдику. Ими-жимида сотиб юборишади"- дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, дори бизнеси билан шуғулланувчилар таркибида гидроксихлорохин мавжуд препаратларни маълум вақт ўтгандан сўнг Ўзбекистонда сотишни тўхтатиши мумкин. Аммо улар бу вақтнинг ичида олиб келинган захирани вақтни чўзиб ёки таҳдид қилиб сотиб юборишнинг уддасидан чиқади.

"Расмий олиб ташланди деган билан ичкарида нима дори беряпти биз билмаймизку. Ёки сроги яқинлашганда қўшимча дори сифатида оптом берворишади. Ишлаб юрган вақтимда бу каби тажрибаларга дуч келганман", дейди фармацевтика соҳасидаги мутахассис.

Ижтимоий тармоқдагилар пандемия даврида аҳолига зарарли дориларни ўтказишга ҳаракатлар бўлаётганини норозилик билан кутиб олишган.

«Киши соғлигига фойдасиз дориларни халққа сотишдан ким манфаатдор? Шундоқ ҳам оддий халқ иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолди», дейди Умаржон Салаев.

Муҳаммад Шакур «Миллионларнинг соғлиги дейсизми? Тупуриб қўйипти миллионларнинг соғлигига баъзилар. Соққа турганда», деб ёзди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek