Коронавирус: Муса Эрниязов ҳаёт, Тўра Боболов тирик – Ўзбекистонда нималар бўлмоқда? O'zbekiston koronavirus

Musa Erniyazov

Сурат манбаси, kun.uz

Муса Эрниязов ҳаёт, Тўра Боболов тирик - Сурхондарё вилояти ҳокиминики ортидан, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг ўлимига оид хабарлар ҳам расман рад этилди.

Тарқатилган хабарларнинг "ҳақиқатга мутлақо зид" экани айтилди.

Ҳар икки воқеълик ҳам сўнгги кунларда Ўзбекистондаги аксарият етакчи интернет нашрларининг диққат-марказига тушган хабарлардан бирига айланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг бир кунда - 18 июль куни коронавирусга чалинишгани расман хабар берилган.

Ўтган тўрт ярим ойдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистонда бу мақомдаги шахсларнинг коронавирус юқтириб, касалхонага тушганликлари воқеълиги кузатилмаган.

Аммо расмий маълумотлардан ҳар икковлоннинг ҳам коронавирусни қаерда, қандай юқтиришгани тафсилотлари ноаён қолган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни қайд этилган.

Бугун, 26 июлга келиб, Ўзбекистонда жами коронавирус юқтирганлар сони расман 20 мингдан ортган.

Ўзбекистон 20 апрелдан бошлаб кучайтирилган карантин тартибини юмшатишга киришган.

Бунинг ортидан, коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашгани шахсан мамлакат президентининг ўзи томонидан эътироф этилган.

Вирус аҳоли орасида тарқалишни бошлаган, Вазирлар Маҳкамаси, давлат идораларига кириб борган, турли мақомдаги давлат хизматчиларининг ҳам вирус юқтиришаётгани ва ундан вафот этишаётганига оид хабарларнинг сони сезиларли ортган.

Ижтимоий тармоқлардаги постларидан шу кунларда коронавируснинг Ўзбекистондаги шоу- бизнес вакиллари орасида ҳам тарқалаётгани англашилган.

Коронавирусга чалинганлар сони шиддат билан ортиб бораркан, мамлакат Соғлиқни сақлаш тизими қулаши мумкинлигига оид хавотирлар юзага чиққан.

Кибер фазода тизимнинг аҳволидан шикоят қилувчи постларнинг сони кескин ортгани кузатилган.

Уларнинг орасида оддий ўзбекистонликлар қолиб, ҳатто, "Тез ёрдам" ходимларининг ҳам озмунча эмасликлари кўрилган.

Ўзбекистон шу йил 10 июль куни яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўлими ҳақидаги асоссиз хабарлар тарқалиши ортидан, 24 июль куни пойтахт Тошкентда даволанаётгани айтилган Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўзи видеомурожаат билан чиққан.

"Аҳволи анча яхши экани"ни айтган.

Хабарларга кўра, вазиятга вилоят прокуратураси аралашган, терговга қадар текширув ўтказган, сохта хабарнинг "Ҳақиқатчи блогерлар" Телеграм каналида тарқатилгани аниқланган.

Канални Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимининг шифокор-кардиологи юритиши маълум бўлгани хабар қилинган.

Расмий раддиялар ортидан, каналдаги сохта хабар ўчирилган ва ёлғон маълумот тарқатилгани учун узр сўралгани айтилган.

Вилоят ҳокими ўлимига оид хабар тарқатган шахснинг аниқланиб, жаримага тортилгани ва телефони мусодара этилгани расман хабар берилган.

Жўқорғи Кенгеси раисининг ўлимига оид хабар кибер фазода кеча, 25 июль куни бўй кўрсатган бўлса, расман дам олиш куни эканига қарамай, саноқли соатларнинг ичида расман рад этилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари kun.uz интернет нашрига "бу хабарнинг ҳақиқатга мутлақо зид" эканини айтган.

"Муса Тажетдинович ҳаёт ва айни пайтда даволанаётгани"ни маълум қилган.

"Етакчи мутахассислар у кишининг соғлиги тикланиши учун курашишаётгани, узлуксиз консолиумлар ўтказилаётгани"ни қўшимча қилган.

Ўз изоҳи сўнггида эса, Фурқат Санаев, "Асоссиз хабар тарқатишнинг жавобгарлиги борлигини унутмаслик лозим"лигини эслатган.

73 ёшли Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг Нукусда даволанаётгани хабар берилган.

Унинг ўлимига оид хабарларнинг дастлабки манбаси сифатида кўрсатилган repost.uz ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида сайт ҳакерлар ҳужумига учраганини маълум қилган.

Аммо ҳалича ҳакерлар ким бўлгани ва "ҳужум"дан мақсад сабабига оид тафсилотлар бўй кўрсатмаган.

"Ҳакерлар ҳужуми" юзасидан расман ёки бирор бир текширув ишлари бошланганми-йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистонда шу йил 26 март куни юқумли касаллик ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатиш:

  • БҲМнинг 200 бараваридан (44 миллион 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 миллион 200 минг сўм) миқдорда жарима;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланаши кўзда тутилган.
BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek