Коронавирус ва Қурбон Ҳайити: Намоз уйда ўқилади, қурбонлик-чи, нима бўлади? O'zbekiston, koronavirus, Islom va musulmonlar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Muslim.uz

Коронавирус ва Қурбон Ҳайити: Намоз уйда ўқилади, қурбонлик-чи? - Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози масжидларда ўқилмайди. Қозоғистон ва Тожикистон ҳам худди шу каби қарорга келган. Қозоғистон, ҳатто, қурбонлик учун хосан онлайн хизмати ташкил этганини айтмоқда:

Қирғизистонлик диний масъуллар эса, бу хусусдаги қарорларини эртага, душанба куни эълон қилишларини айтишди.

Қирғизистон жорий пайтда Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Ҳар уч давлат диний идораларига кўра, коронавирус пандемияси боис, мўмин-мусулмонларнинг ўз уйларида ибодат қилишлари керак бўлади.

Туркманистон эса, минтақанинг ҳали-ҳануз коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлати бўлади.

Қурбон Ҳайити бу йил минтақада ҳам 31 июль куни байрам қилинади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images

Рамазон Ҳайити каби Қурбон Ҳайити ҳам глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Дунёнинг аксарият мусулмон давлатларида Рамазон Ҳайити намози ҳам уйда ўқилганди.

Орада, пандемия боис, бу мамлакатларда масжидлар ёпилган.

Мусулмонларга жума, Таровеҳ илова жамоат намозларини ўз уйларида ўқишлари айтилган.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам худди шундай йўл тутишганди.

Аммо, карантин чораларини юмшатишга қарор қилишлари ортидан, шу йил май ойидан бошлаб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон масжидларни очишга киришишган.

Диний идораларининг Қурбон Ҳайити намозини уйда ўқишга оид шу кунларда эълон қилинган фатволари эса, худди шу каби бир манзарада кузатилган.

Коронавирус расман қайд этилган Марказий Осиё давлатлари орасидан ҳозирча фақат Тожикистон ўз масжидлари эшикларини очмаган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, Muslim.uz

Аммо Қурбон Ҳайити минтақада коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган бир пайтга тўғри келган.

Кучайтирилган карантин тартиби юмшатилиши ортидан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда коронавирус шиддат билан тарқалишни бошлаган.

Жадаллик билан аҳоли орасига кириб борган, вирусга чалиниш ва ўлим ҳоллари бир неча баробарига сакраб кетган.

Саноқли ҳафталарнинг ичида минтақада жами коронавирус ҳоллари расман 100 мингдан ортган.

Мустақил экспертлар ва маҳаллий кузатувчилар эса, ҳақиқий рақамлар расмийсидан анча кўп эканини таъкидлаб келишади.

Қозоғистон, Ўзбекистон яқинда яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган ва дунёда бу ишга қўл урган илк давлатларга айланишган.

Бу икки давлатда мусулмонлар Қурбон Ҳайитини ҳам кучайтирилган карантин тартиби амалда бўлган бир шароитда байрам қилишади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг фатвоси ҳам фақат Қурбон Ҳайити намозини уйда ўқиш тавсияси билан чеклнмаган.

Фатвода мусулмонлардан яна айнан карантин шароитини назарда тутиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик тавсия этилган.

Уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишлари лозимлиги айтилган.

Карантин қоидаларига қатъий амал қилишлари, ўзлари ва яқинларини эҳтиёт қилишлари сўраб қолинган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, Muslim.uz

Қозоғистондан эса, садақаларнинг онлайн тарзида қабул қилинишига оид хабарлар олинган.

Маълум бўлишича, бунинг учун махсус сайт - qurban2020.muftyat.kz ташкил қилинган.

Диний идора масъулларига кўра, одамларни коронавирусдан ҳимоя қилиш мақсадида бу ишга қўл уришган.

Ҳозирча бунга ўхшаш хабар қолган бирор бир минтақа давлатидан олинмаган.

Аммо Ўзбекистонда 2017 йилдан буён диний идоранинг тавсия ва кўрсатмалари асосида qurbonlik.uz онлайн хизмати расман фаолият юритиб келади.

Маълум бўлишича, бу йил, айнан пандемия боис, одамлар масофадан туриб, qurbonlik.uz ни вакил қилиш орқали аллақачон буюртма беришни бошлаб юборишган.

Бу йил ўз қурбонликларидан эҳсонга гўшт ажратаётганларнинг ўтган йилдагиларга нисбатан анча кўп экани ҳам айтилади.

Онлайн хизмати асосчиси эса, "Юз минг табассум" МЧЖ и бўлади.

Форс Кўрфазидан олинаётган хабарларга кўра, Саудия Арабистонида бундай бўлмайди.

Подшоҳликда Қурбон Ҳайити намозининг муайян масжидларда ўқилишига рухсат берилади.

Кўрфаздаги қатор етакчи интернет нашрлари бу ҳақда хабар беришаркан, Саудия Арабистонининг Исломий масалалар бўйича вазири Шайх Абдулатиф аш-Шайхга таянишган.

Ҳайит намози ўқилиши кўзда тутилаётган масжидларнинг коронавирусдан ҳимоя чораларини кўришлари шарт этиб қўйилгани ҳақида ёзишган.

Аммо, шунда ҳам, бу йил очиқ майдонларда Қурбон Ҳайити намозини ўқишга рухсат йўқлиги айтилган.

Saudiya Arabistoni

Сурат манбаси, Getty Images

Саудия Арабистонида ҳам, глобал коронавирус пандемияси боис, ойларки, масжидлар ёпиб қўйилган, жума, Таровеҳ ва Рамазон Ҳайити намози уйда адо этилган.

Пандемия боис, Саудия Арабистони бу йил хорижликлар учун Ҳаж зиёратини ҳам бекор қилган.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek