Коронавирус юқтирган жазоланади, қамалади - минтақа, коронавирус ва сиёсат koronavirus

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Коронавирус юқтирган жазоланади, қамалади. Ниқобсиз юрманг, жарима тўлайсиз! Тожикистонда қонун кучга кирди.
Тожикистонда жорий ҳафтадан бошлаб мамлакат Маъмурий ҳуқукбузарлик кодекси ва Жиноят кодексига киритилган янги ўзгартиш ва қўшимчалар қонун тусига кирди.
Коронавирус: Энг ёмони ҳали олдиндами? O'zbekiston, koronavirus, дунё - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жамоат жойларида ниқобсиз юрганлар, санитария-эпидемиология қоидаларини бузганлар жаримага тортилмоқда.
Ўзи билган ҳолда юқумли касалликларни бошқаларга юқтираётган, коронавирус борасида ёлғон ёки ноаниқ хабар тарқатаётганларни эса, жиноий жазо ҳам кутади.
Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар унга Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон имзо чеккандан сўнг ва матбуотда эълон қилингач, қонуний тус олди.
Бунгача мамлакатдаги қатор ижтимоий ва журналистик ташкилотлар, таниқли журналистлар Президентга ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қилмасликни сўраб мурожаат қилишганди. Бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам Эмомали Раҳмонга ана шундай мурожаат йўллашганди.
Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилган бу ўзгартиш ва қўшимчалар аввалроқ Тожикистон парламентининг қуйи, кейин Олий палатасида маъқулланган эди.
Ниқобсиз юрманг, жарима тўлайсиз!

Сурат манбаси, courtesy
Қонунчиликдаги янги ўзгартиш ва қўшимчалар Тожикистонда турлича изоҳланмоқда.
Расмийлар бу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мамлакатда COVID-19 олдини олиш ва унга қарши кураш учун қаратилганини таъкидлашади.
Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг қабул қилиниши зарурияти ҳақида гапирар экан, Тожикистон Парламенти қуйи палатаси депутати Равшан Ражабзода бу қадамни кўплаб чекловлар бекор қилингач, жамоатчилик жойларида санитария-эпидемиология меъёрларини бажармаслик жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги билан изоҳлаган.
«Жамоатчиликда маълум хотиржамлик бошланган. Агар ҳозир одамлар зарур қоидаларга риоя қилишмаса, ҳукуматнинг бунгача кўрган барча чора-тадбирлари иш бермай қолиши, биз коронавируснинг қайтадан авж олишига гувоҳ бўлишимиз, у олдингисидан кучлироқ бўлиши мумкин», деган Равшан Ражабзода.
Тожикистон Адлия вазири ўринбосари, ҳуқуқшунос олим Шараф Каримзода давлат «Ховар» ахборот агентлигининг мухбири билан суҳбатда янги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг қабул қилишдан максад пандемия шароитида бўлажак хавф-хатарлар, таҳдидлар олдини олиш эканлигини айтган. «Пандемияга қарши курашнинг янги шароити мавжуд қонунларга кўра қоидаларни таъминлаш имконсиз эканлигини кўрсатди, жавобгарликни кучайтириш мақсадга мувофиқдир».
Янги ўзгартиш ва қўшимчаларга риоя қилишни назорат қилиш мақсадида ўтказилаётган текширишлар энг биринчи навбатда тиббий ниқобда юрмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик, санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилмаслик олдини олишга қаратилган.
Қонунга киритилган янги қўшимчалардан бирига кўра ниқобсиз юрган кишилар 116 сомонийдан 290 сомонийгача (бу 11, 6 дан 29 АҚШ долларига тўғри келади) жаримага тортилишлари мумкин.
Хавфли юқумли касаллик, жумладан коронавирусни тарқатганлар икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин. Агар бу жиноят такрорланса, жазо муддати беш йилдан 10 йилгача кўпайтирилиши назарда тутилган.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда коронавирус ва бошқа юқумли касалликлар ҳақида ноаниқ ва ёлғон ахборот тарқатган жисмоний шахслар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кичик миқдорига қараганда 10 баравардан 20 бараваргача (580дан 1160 сомоний - 58-116 АҚШ доллари) жаримага тортилади.
Ҳуқуқий шахслар эса, ноаниқ ва ёлғон ахборот тарқатиш учун энг кам меҳнат ҳақининг 150-200 ( 8,7 - 11, 6 минг сомоний - 800,7- 1100,6 АҚШ доллари) бараваригача жарима тўлашларига тўғри келади.
Журналистик ташкилотлар ва журналистлар айнан мазкур қўшимча қабул қилинишига қарши чиқишганди. Улар Жиноят кодексига киритилган бу қўшимча сензурани кучайтиришини таъкидлашмоқда.
Чунки Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг коронавирус борасидаги маълумотларига зид келадиган ҳар қандай хабар ёлғон ё ноаниқ деб изоҳланиши мумкин.
Кимники тўғри, кимники ёлғон?

Сурат манбаси, courtesy
«Мен аввалига пандемия, коронавирусга чалиниб вафот этган кишилар ҳақида ўрганиб, хабарлар бераётгандим. Лекин гоҳ ошкора, гоҳ пинҳон таҳдидлар боис ҳаммасини йиғиштирдим. Ёлғон хабар тарқатишга виждоним чидамайди. Мана икки ойдан буён жим ўтирибман», деди исмини ошкор этишни истамаган журналист.
Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоевга кўра эса, янги қўшимчалар киритишдан мақсад журналистлар фаолиятини чеклаш бўлиб, уни амалга ошириш демократик мамлакатга тўғри келмайди.
Тожикистонда етакчи нашр ва сайтлардан бўлган «Азия-плюс» ташкилотчиси ва бош муҳаррири Умед Бобохонов «Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ҳам ноаниқ ва ёлғон хабар тарқатганлиги учун қонунга кўра жавоб беришармикан», деган савол қўяди.
У агар бу қонун олдинроқ, Тожикистонда расмий равишда пандемия тан олинмагандан илгари кучга кирганда давлат кимни - мамлакатда коронавирус йўқ деб турган вазирликними ё ижтимоий тармоқларда Тожикистонда пандемия тарқалганлиги борасида бонг урган журналистларни жазога тортардими, дея савол ташлайди.
«Жазолар ҳақида гапиришдан олдин мен Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг улар айтаётган коронавирусдан вафот этган кишиларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилишини таклиф этган бўлардим. Агар шундай қилинса, аллақачон кимни жаримага тортиш маълум бўларди-қоларди. Акс ҳолда, айтилаётган қонун лойиҳаси тожик жамияти учун ғамхўрлик эмас, балки журналистлар ва оддий одамлар оғзини юмиш учун уринишга ўхшаб қолади», деб ёзган таниқли журналист.
Шу ўринда журналистлар аввалига Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири мамлакатда коронавирус авж олгач, ишдан бўшатилгани, кейинроқ унинг муовинлари ҳам алмаштирилганини урғулашади.
«Барибир ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Мана, жаҳондаги ривожланган мамлакатлар Хитой, Россияда коронавирусга чалинганларнинг ҳақиқий сони ва ўлим ҳолларининг яширилаётгани ҳақида хабарлар ўқиб турибмиз. Коронавирус ўчоғи Уханда бу борадаги рақамларни ўзгартиришга мажбур бўлишди-ку! Расмий маълумотлар ўз йўлига. Лекин одамлар ҳам анойи эмас. Улар атрофларида коронавирусга чалиниб ўлган одамлар ҳақида ҳеч бўлмаганда, марҳумларнинг яқинларидан эшитишади ва маълумотларни солиштиришади. Майли, мустақил ҳисобот юритаётганларга қараганда, боринг 400 нафардан ортиқ эмасдир, лекин COVID-19 юқиб, ўлганлар сони расмий маълумотларга кўра 55 нафар ҳам эмас-да. Кўп ўлимлар зотилжам, юрак-қон томир касалликлари, қанд, қон босими борлиги учун деб изоҳланмоқда. Майли ҳам, дейлик. Лекин агар улар коронавирус юқтирмаганларида, бунчалик тез ўлиб кетишлари айтилмаяпти-ку!», дейди узоқ йиллар тиббиёт соҳасида ишлагани, ҳозир нафақада эканлигини айтган шифокор.
"Тожикистон Президенти коронавирусга оид барча маълумотларни ҳеч бир яширмасдан оммалаштириш ҳақида таъкидлаганди, лекин орадан ҳеч қанча ўтмай, унинг ўзи Жиноят кодексига киритиладиган ёлғон ва ноаниқ маълумот тарқатганларни қаттиқ жазолаш борасидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни имзолаганига ҳайронман. Балки чиндан ҳам текширмасдан маълумот тарқатаётганлар кўпайгандир. Бир томондан бу оддий одамлар орасида ваҳима, тушкунлик ҳам уйғотади-ку!", деди ўзини таништирмасликни сўраган маҳаллий журналист.
Унинг айтишича, коронавирус олдини олиш ва унга қарши курашга оид маҳаллий штаблардан маълумот олиш имконсиз, лекин мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ҳар куни пандемияга оид вазият борасида маълумотлар тарқатиб турибди.
Таҳлилчи Аҳмад Бобожоновга кўра эса, бу маълумотларнинг тарқатилаётгани яхши, лекин кимлар, яъни карантинга олинганларми, хориждан олиб келинаётган одамларми ё аҳоли коронавирус юқтиргани, уларнинг қайси вилоят, шаҳар ё туманда яшаши, ёши очиқланмаётганлиги қандайдир бир мавҳумлик уйғотади.
«Менга бало урмайди»

Сурат манбаси, courtesy
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг 12 июл, кечки 18 да эълон қилган маълумотларига кўра мамлакатда бир кунда 47 киши коронавирусга чалингани аниқланган.
Уларнинг умумий сони 6457 нафарга етган. Бир киши вафот этган ва коронавирус ҳаётдан олиб кетганлар сони 55 нафарга етган. Бир кеча-кундузда 48 киши тузалиб, ҳозирда COVID-19 дан шифо топган кишиларнинг умумий сони 5115 нафар (79, 2 фоиз)га етган. Коронавирус юқтирганлиги гумон қилинаётган 208 нафар киши шифокорлар назорати остида.
Ҳар галгидек бундан ортиқ маълумот йўқ. Гарчи устма-уст текширишлар ўтказилаётган бўлса-да, ниқобсиз юрган, санитария-гигиена қоидаларини бузган неча киши жаримага тортилгани ҳам ҳали очиқланмаган.
- Ҳали Тожикистонда коронавирус аниқлангани борасида расман маълум қилмасларидан илгари пайтдан ўзим ҳам, фарзандларим ҳам ниқобда юрамиз. Менимча, ниқобсиз юрадиганларга жазолаш ҳам таъсир кўрсатмайди. Чунки одамлар орасида фалончини қўлга туширишди, менга бало ҳам урмайди», деган ақида бор, - дейди хўжандлик ёш аёл.
Кузатувчиларга кўра, Тожикистон қонунчилигига киритилган янги ўзгартиш ва қўшимчаларга риоя қилишни текширишлар давом этаётганига қарамай, кўчаларда, бозорларда, бошқа жамоатчилик жойларида ниқобсиз юрганларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Айниқса, йўловчи ташиш нақлиётида, бозорларда, жанозада ижтимоий масофага умуман риоя қилинмайди.
«Менинг яқин қариндошимнинг иссиғи тушавермагач, беморхонага ётқизишди. Бизга унинг коронавирус юқтирганини айтишди. Беш кунга бормасдан вафот этди. Беморхонадан тўғридан-тўғри қабристонга олиб келишди. Жанозада жуда оз киши қатнашди. СЭС ходими иштирокида қабрга қўйилди. Ўлим ҳақидаги хулосага раҳматлининг қон қотишидан вафот этганлиги ёзилган. Энди аслида унинг коронавирус юқтириб, жон берганлигини айтсам, мени ҳам жазолашадими», деди яқинларидан бири вафот этган киши.
Айни бир пайтда Тожикистонда коронавирус вазиятида эълон қилинган қатор чекловларни бекор қилиниши натижасида кўча ва бозорларда одамлар кескин кўпайган.
Чекловлар юмшатилиши ортидан буюм бозорлари, емакхоналар очилган.
Одатдагидек 150 нафар эмас, 100 нафар меҳмон иштирокида тўйлар ўтказишга рухсат берилган.
Август ойи бошидан мактаб ярмаркалари очилиши эълон қилинди. Фақат ташқи ва ички авиапарвозларга ижозат берилган эмас, масжидлар ёпиқ.
Таҳлилчиларга кўра, чекловларни юмшатиш пандемияга оид вазиятнинг яхшиланаётганини кўрсатса, қонунчиликдаги янги ўзгартиш ва қўшимчалар, жазо чоралари ҳали Тожикистонда коронавирус таҳдиди пасаймаганини кўрсатмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















