Коронавирус: Тожикистон Ўзбекистонни ортда қолдирди O'zbekiston Tojikiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
27 май, кечки 17.30 гача Тожикистонда COVID-19 юқтирганлар сони 3424 нафарга етган. Бу кўрсаткич бўйича Тожикистон минтақада Ўзбекистонни қувиб ўтиб, Қозоғистондан кейин иккинчи ўринга чиққан. Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони - 3396 нафар.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги берган маълумотларга кўра кеча коронавирусдан ўлиш ҳолатлари қайд этилмаган ва бу борадаги кўрсаткич 47 талигича қолган. Мазкур кўрсаткич бўйича Тожикистон минтақада биринчи ўринда турибди.
Айни бир пайтда мамлакатда коронавирусга чалинган 1575 нафар киши соғайган. Кеча шифо топган 385 нафар киши уйига қайтган. Ҳозирда 2501 нафар киши шифокорлар назорати остида даволанмоқда.
Уйда даволаниш афзалми?

Айни бир пайтда расмийлар мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳоллари пасайиб бораётганини айтишмоқда. Агар бундан уч-тўрт кун олдин кунига 200-210 нафар тожикистонликнинг COVID-19 юқтиргани қайд қилинган бўлса, кейинги уч кунда бу кўрсаткич 170 тага етмаяпти.
Кеча яна 168 кишининг коронавирусга чалингани аниқланган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига кўра ҳозирда коронавирусга чалиниш ҳолларининг пасайиб бориши кузатилар экан, даволаш марказлаштирилган усулга ўтилмоқда. Масалан, Душанбеда COVID-19 орттирганлар "Шифобахш" шахарчасида, Карим Аҳмедов номли 1-тиббиёт марказида ва "Истиқлол" соғлиқни сақлаш мажмуасига ўтказилмоқда. Бу тиббиёт муассасаларида ишлаётган мутахассисларнинг коронавирусга чалинганларни даволашда бой тажриба тўплаганлари таъкидланмоқда. Айни бир пайтда COVID-19 юқтирган сўнгги беморлар соғайган бошқа беморхоналарнинг тажрибали шифокорлари мазкур муассасаларга ўтказилмоқда. Жумладан, Мудофаа вазирлиги беморхонасида сўнгги беморга жавоб берилгач, бу беморхонанинг тажрибали шифокорлари юқорида тилга олинган тиббиёт муассасаларига юборилган.
Президент қарори билан ишдан четлатилган мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири ўрнига тайинланган Жамолиддин Абдуллозода агар кислород меъёрдан паст бўлмаса, бемор иссиқ чиқарганда, 38 даражадан ошиб кетмаса ва нафаси сиқилмаса, беморхонага ётишга қараганда, уй шароитида даволаниш афзал эканлигини айтган.
У ҳолати енгил бўлган беморнинг беморхонада ётиб даволанганидан кўра уйида шифокорлар назорати остида даволаниши яхшироқ ва хавфсиз эканлигини таъкидлаган. Вазир беморхонада ётадиган беморларда қўрқув ва ваҳима пайдо бўлиб, уларга салбий таъсир кўрсатишини айтган. У уйда даволаниш афзаллиги ҳақида сўз юритар экан, жаҳон тажрибасидан мисол келтирган. Дунё мамлакатларида аҳолининг 80-85 фоизи уйида даволанишини айтар экан, бунда бемор учун кўп дори ҳам зарур бўлмаслигини таъкидлаган.
Лекин у уйда даволанадиган беморларга дори-дармоннинг пуллик ё текин берилишини очиқламаган.
Айни бир пайтда коронавирус гумони туфайли беморхоналарга ётиб, даволаниб чиққан айрим кишилар врачлар қўлга қараб қолганликлари, дориларни сотаётганликларини иддао қилишган.
"Мен чет эл сафаридан қайтиб келганимда, карантинга олишди. Ҳали у пайтда Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари қайд қилинмаган эди. Касбим шифокор бўлса-да, мендан дорилар учун, яхшироқ қарашлари учун пул талаб қилишди. Худога шукр, тест яхши чиқди", деди узоқ йиллар соғлиқни сақлаш вазифасида ишлаб келаётган, Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган врач.
Хўжандлик шифокор эса, ўзи ишлаган беморхонада беморларни пул олиб даволаган ҳамкасбларини кўриб, виждони тоқат қила олмагани ҳақида сўзлаб берганди.
"Менинг иссиғим меъёридан кўпайиб кетди, устма-уст йўталардим. Лекин ҳолимни кўрган духтурлар уйда даволанаверинг, дейишди. Кейин билсам, статистикани кўпайтирмаслик учун шундай қилишган экан. Ҳа, айтгандай, дориларни болаларим сотиб олиб келишди", деди хўжандлик эллик ёшлардаги аёл.
Тирикчилик ғами ва коронавирус

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Жамолиддин Абдуллозодага кўра COVID-19 га кўпроқ 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган кишилар чалинмоқда. У бу ёшдагиларнинг коронавирусга чалиниш эҳтимоли кўплиги уларда иммунитетнинг пастлигидан ташқари, ташвишлари оз эмаслиги билан боғлиқ эканлигини айтган. Вазир бу ташвишлар сирасига жумладан, тирикчилик ғами, оилавий қийинчиликлар, фарзандлари, набиралари тақдиридан қайғуриб, ўй-хаёлга берилиш каби сабабларни киритган. У айни бир пайтда карантинда ётиб, вафот этган кишиларнингг ўлимига уларнинг қон босими баландлиги, қанд диабети борлиги, юрак-қон томир касалликлари билан оғриганликлари ва семизликлари сабаб бўлганини айтган. Коронавирусга гирифтор бўлиб, беморхонада ётган бирон-бир киши бу дардлардан фориғ эмаслигини айтган вазир, агар ушбу касалликлари бўлмаган инсон COVID-19 орттиргудайин бўлса, тез тузалиб кетишини иддао этган.
Айни бир пайтда вазир коронавирусни аниқлаш учун ўтказилаётган тестларнинг ҳар доим ҳам 100 фоиз ишончли бўлмаслигини айтган. Худди шунинг учун ҳозирда ташхис лабораториялари кўпайган. Бундай лаборатория олдин Душанбеда битта бўлса, ҳозир бештага етган. Хўжанд шаҳрида ҳам шундай лаборатория очилган.
Айрим таҳлилчилар коронавирус аломатлари сезилиб, беморхоналарга ётқизилган, вафот этган кишиларнинг COVID-19 дан вафот этганлар рўйхатига киритилмаслиги ҳам, вазир айтган сабабларга кўра бўлиши мумкинлигини айтишган.
"Акам карантинда ётганида вафот этди. Уни санитария-эпидемилогия ходимлари назорати остида ярим кечада тупроққа қўйдик. Ўлим қоғозида вафот этиш сабаби коронавирус дейилмаган. Унда нега жасадни бизга ювиб, кафанлаш учун беришмади", деди Хўжанд шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган йигит.
Тожикистон Уламолар кенгаши қарорига кўра эса, агар инсон коронавирусдан ҳам вафот этган бўлса, уни кафанлаш, яқинларининг майит билан шаффоф ойна орқали хайрлашиш имкони берилиши ҳақида айтилганди.
Иккинчи тўлқин хавфи борми?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Коронавирусга оид расмий хабарларда мамлакатнинг у ёки бу шаҳри ёки тумани ушбу касалликдан бутунлай қутулганлиги ҳақида ёзилмоқда. Масалан, Бобожон Ғафуров туманидаги беморхоналарда даволанаётган сўнгги бемор коронавирусдан шифо топгани ва уйига қайтгани ҳақида ёзилган.
Айни шу туман Шимолий Тожикистонда пандемияга энг кўп дучор бўлган манзилларданг бири саналарди. Ўн кунгина олдин беморлар оғир аҳволда бўлишларига қарамай беморхонага қабул қилишмаганидан шикоят қилишганди. Туман кишлоқларида карантинда жон берган инсонлар кун сайин кўпаяётганди.
Биргина Ёва қишлоғида коронавирус қурбонларининг сони ўн нафарга яқинлашгани ҳақида маълумотлар тарқалганди.
Бобожон Ғафуров туманидан олдин Бўстон шаҳридаги беморхонада коронавирус аломати билан ётқизилган бемор қолмаганди. Энг оғир беморлар даволанган Хўжанддаги юқумли касалликлар беморхонаси ҳам бўшаб бормоқда. Истаравшан шаҳридаги марказий беморхонада эса, 30 нафарга яқин бемор қолган. Бу шаҳардаги коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш маҳаллий штабидан хабар қилишларича, беморхонага ётиш учун мурожаат қилаётганлар тобора камаймоқда.
"Биз енгил ва ўрта даражадаги беморларни уйда даволанишларини афзал деб биляпмиз. Улар шифокорлар назорати остига олинган ва бошқалар билан мулоқот қилмасликлари учун эҳтиёт чорала-ри кўрилаётир", деди мазкур штаб аъзоси.
Душанбедаги "Истиқлол" тиббиёт марказига жорий ойнинг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида деярли юз нафардан бемор ётқизилган бўлса, энди уларнинг сони 30 тагача камайди. Беморхонадан кунига 30-40 нафаргача бемор соғайиб чиқмоқда. Айни бир пайтда айрим мутахассислар коронави-русга чалиниш ҳолларининг камайиб бораётганлиги унинг бутунлай тугаши-ни билдирмаслигини айтишган. Уларга кўра иккинчи тўлқин бошланиши эҳтимоли йўқ эмас. Айрим кишилар эса, аллақачон ўз соғликларини, ҳаётларини ўйламасдан шахсий гигиена қоидаларини унутиб қўйишмоқда. Мамлакатда ниқобсиз юрганларга нисбатан жарима миқдорининг кўпайтирилиши ҳам бежиз эмас.
Айни бир пайтда коронавирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини юз бериши хавфи назарда тутилган ҳолда янги беморхоналар тайёрлаб қўйилмоқда.
Расмийларга кўра фақат Душанбенинг ўзида 3 минг нафар беморни даволаш имконияти бўлган беморхоналар замонавий тиббиёт жиҳозлари билан тайёрлан-ган. Жумладан, расмийлар қўшни Ўзбекистон юборган махсус контейнерлардан иборат "Бофанда" стадионидаги муваққат кўчма беморхона 350 нафар беморни қабул қилишга тайёрлигини айтишди.
Таҳлилчилар фикрича, айниқса беморхоналарда ётиб, даволаниб чиққандан кейин, ҳали тўлиқ ўзига келмасдан жамоатчилик жойларига чиқаётган киши-лар касаллик тарқатишлари ё аксинча коронавирусни қайтадан, тез юқтириб олишлари мумкин. Бу эса, статистикани ўйлаб яширишлар каби иккинчи тўлқин юзага келишига яна бир омил бўлиши мумкин.

- Коронавирус: Тожикистон бозорларида ваҳима, диний қўмита эса масжидларни ёпди
- Коронавирус: Тожикистон мамлакатда коронавирусга чалинганлар борлигини расман тан олди, минтақа ва Ўзбекистон янгиликлари
- Коронавирус, Тожикистон: Президент коронавирус пандемияси тарқалиши хавфига жиддий эътибор беришга чақирди
- Коронавирус: Тожикистон унинг авж нуқтасига етдими?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












