Коронавирус: Тожикистон унинг авж нуқтасига етдими?

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 1118 нафарга етган. Бу юқумли беморликдан вафот этганлар сони эса, 33 нафар. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги бу борада расмий маълумот берар экан, ушбу кўрсаткичлар 15-май, соат 17 дан 20 дақиқа ўтганда қайд этилганлиги таъкидланган.
Бир кун олдинги маълумотлар билан қиёслаганда, COVID-19 га чалинганлар сони деярли икки баравар ортган. Икки кун орасида 217 нафар киши коронавирусга чалинганлиги аниқланган бўлса, бу касалликдан 10 киши вафот этган ва уларнинг сони 33 тага етган. Расмий маълумотларга кўра Тожикистонда вафот этганлар сони қўшни мамлакатлар - Ўзбекистон ва Қирғизистондан анча ошиб кетган ва Қозоғистонга яқинлашиб қолган.
Вазирлик хабарида кўрсатилган муддатда 4297 киши беморхоналарда даволанаётгани, бир кеча-кундузда 477 кишига соғайгандан сўнг, уйига жавоб берилгани айтилган.
- Коронавирус: Тожикистон бозорларида ваҳима, диний қўмита эса масжидларни ёпди
- Коронавирус: Тожикистон мамлакатда коронавирусга чалинганлар борлигини расман тан олди, минтақа ва Ўзбекистон янгиликлари
- Коронавирус, Тожикистон: Президент коронавирус пандемияси тарқалиши хавфига жиддий эътибор беришга чақирди
Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари борлиги биринчи марта бундан ўн олти кун илгари - 30-апрелда, мамлакатга Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти (ЖССТ) махсус гуруҳининг келиши арафасида эълон қилинганди. Ўшанда Тожикистонда 15 кишининг коронавирусга чалинганлиги маълум қилинганди.
Лекин унгача айрим журналистлар, кузатувчилар Тожикистонда коронавирус билан оғриётганлар кўплиги ва унга чалиниб, ҳаётдан кўз юмган инсонлар борлигини иддао қилиб келишган. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги эса, бу гапларда асос йўқлиги ва унга ишонмасликни, барча ўлим ҳолатлари зотилжам туфайли юз берганини таъкидлаб келарди. ЖССТ махсус гуруҳи мамлакатга келар экан, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирини ўз вазифасидан четлаштирган ва бу бошқа ишга ўтиши муносабати билан деб изоҳланган эди.
Ёмонроқ ҳолат бошландими?
Коронавирусга чалинган ва ундан вафот этганларнинг сони қўққисдан ортиб кетиши мутахассисларда савол уйғотмоқда: Тожикистон COVID-19 нинг авж нуқтасига чиқдими ё энди авж палласи бошландими?

Бундан тўрт кун олдин -12 майда Душанбеда бўлиб ўтган брифинг пайтида ЖССТ гуруҳи бошлиғи жаноб Патрик ОʼКоннор мамлакат коронавирус билан оғришнинг ёмонроқ ҳолатига тайёр бўлишини таъкидлаган эди. У Тожикистонда коронавирус юқиши тезлашиш босқичи эндигина бошлангани, лекин унинг авж нуқтаси олдинда турганлигини айтганди.
Жаноб Патрик ОʼКоннор COVID-19 ни аниқлаш жараёни кузатилганда, унга чалинганлар сони ҳар уч кунда икки баравар кўпаяётганини айтганди. ЖССТ вакиллари Душанбедан ташқарида, мамлакатнинг бошқа минтақаларида тест олиш имкониятларини кенгайтиришни маслаҳат беришганди.
Кечаги маълумотларга кўра мамлакатда коронавирусга чалиниш уч кунда эмас, бир кеча-кундузда икки баравар кўпайган.
Кейинроқ ЖССТ таҳлилчилари Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги билан учрашув ўтказар эканлар, вазирликнинг ҳозирда бераётган маълумотларига ишонишларини изҳор этишган. Жаноб Патрик ОʼКоннор ЖССТ Тожикистонга COVID-19 га қарши курашнинг барча босқичларида ёрдам кўрсатишини билдирган. Мазкур учрашув чоғида ЖССТ таҳлилчилари тожикистонлик мутахассисларга клиник протоколларни тузиш борасида тавсиялар беришган.

Айни бир пайтда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ва бу касалликни юқтирганларнинг ўлими орасидаги расмий маълумотларга ишончсизлик кайфияти ҳамон мавжудлигича қолмоқда.
Одамлар орасида халқ сайти деб ном олган ва ҳукумат томонидан ёпиб қўйилган сайтга мамлакатнинг турли минтақаларидан коронавирус пандемияси қурбонлари ҳақидаги хабарлар келиб тушишда давом этмоқда. Ҳозиргача уларнинг сони 200 нафардан ортиб кетган. Бу номлар орасида мамлакатда таниқли олимлар, шифокорлар ва генерал, "Амонатбанк"нинг собиқ бошлиғи, оддий ўқитувчилар бор. Марҳумларнинг ёшлари ҳар хил — 25 ёшлиги ҳам, саксонга яқинлашгани ҳам бор. Лекин айрим таҳлилчилар ва мутахассислар у рақамларга унчалик ишониб бўлмаслиги, чунки маълумотларни текшириш имкони йўқлиги, рўйхатга киритилган баъзи марҳумлар номи такрор келганлигини айтишмоқда.
ЖССТ вакили Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига ишонасизми, деган саволга "вазият жуда тез ўзгармоқда, статистик маълумотлар ушланиб қолиши мумкин, хабарлар Вазирликка етгунча, бир неча даражадан ўтиб келади", деган. Шу билан бирга ЖССТ гуруҳи тожикистонликлар "халқ сайти"да хабар беришаётган зотилжамдан ўлиш ҳолатларининг ҳаммасини ўрганишга ваъда берган.
Энди ўликлар кафанланади
Аҳоли орасида коронавирус ёки зотилжамдан вафот этганларни тупроққа топшириш, марҳумлар билан видолашишга йўл қўйилмаётганлиги борасидаги норозиликлар ҳам ортиб бормоқда. Яқинларидан ажралган кишилар марҳумни ювмасдан, кафанламасдан, уларни ўзларига кўрсатмасдан кўмишаётганидан ёзғиришган.
Тожикистон Республикаси Ислом маркази Фатво бошқармаси хулосаларига кўра COVID-19 га чалиниб, вафот этганларни кўмиш тартиби борасида тавсиялар оммалаштирилди. Бунда тупроққа топшириш ислом дини таълимотлари ҳисобга олинган ҳолда ЖССТ тавсиялари асосида ўтказилиши уқтирилган.
Тавсияда "юқумли касалликдан вафот этган кишининг гуноҳкор эмаслиги, уни кафанлаш ва жаноза санитария қоидаларига риоя қилинган ва марҳумларнинг ҳурматини жойига қўйган ҳолда ўтказиш" таъкидланган. Марҳумдан коронавирус юқмаслиги исботлангани айтилар экан, уни қабрга қўйиш маросимида иштирок этаётганлар, жумладан, тиббиёт ходимлари, ювғувчи, кафанловчи, гўрков, имомнинг белгиланган санитария хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари, махсус кийимларда бўлишлари шартлиги айтилган. Кафаннинг бир қавати хлорланиши, бу модданинг шариат таълимотига кўра зарур ҳолатларда жоиз эканлиги эслатилган. Яқинларининг марҳум билан видолашиши махсус ойна ё шаффоф полиэтилен пардалар ортидан амалга оширилиши келтирилган. Видо маросимида марҳумнинг фақат бир неча яқини ва дўстлари иштирок этиши мумкинлиги, балоғатга етмаганлар, 60 ёшдан ўтганлар, иммунитети паст, нафас йўли, юрак, қанд каби касалликлари бор кишиларнинг иштироклари қатъий равишда тақиқланиши таъкидланган. Жанозанинг жуда оз сонли кишилар, ижтимоий масофа сақланган ҳолда ўқилиши, фотиҳа ўқиш учун марҳумнинг уйига бориш шарт эмаслиги, Абу Ҳанафия мазҳабига кўра марҳумга бағишланган дуо ҳар кимнинг ерда ўқилса ҳам, қабул қилиниши айтилган.
"Афсус, бу тавсиялар жуда кечикиб эълон қилинди. Бизга коронавирус сабаб бевақт жон таслим қилган акамизнинг дийдорини кўриб, видолашишга ижозат беришмади. Беморхонадан ўзлари ўраб-чирмаб олиб чиқишди", деди Суғд вилояти қишлоқларидан бирида яшайдиган йигит.
Қўшимча чоралар ёрдам берармикан?
Тожикистонда шу пайтгача умумий карантин эълон қилинган эмас. Лекин тақиқлар сони тобора ошиб бормоқда. Масалан, мамлакат пойтахти Душанбеда коронавирус юқиши олдини олиш ва аҳоли саломатлигини асраш учун барча гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, телефон сотиш ва автомобил ювиш нуқталари фаолияти 31-майгача тақиқланди. Суғд вилоятида эса, аҳолининг заруратсиз бошқа шаҳар ва туманларга бориб-келиши чекланди. Қатнови кескин камайган автобусларда илгаригидек тирбандлик кўринмайди. Йўловчилар оз.
Бундан олдин мамлакатда мактаблар, боғчалар, олий таълим муассасалари, масжидлар ёпилган, ҳар қандай йиғилишлар, спорт мусобақалари ўтказиш ман қилинган, жумладан, пандемия шароитига қарамай бошлаб юборилган футбол бўйича биринчилик ўйинлари маълум муддатга тўхтатилган эди. Лекин аҳоли пандемия хавфу хатарини сезган ҳолда бу чекловлардан қатъий назар ўз яшаш манзилларида эҳтиёт чораларини кўра бошлаган. Жабббор Расулов туманидаги Тожикобод ва Зарафшон қишлоқларидан кейин Суғд вилоятининг бошқа туманларида ҳам "Халқ карантини" эълон қилинган. Қишлоқларга кираверишда махсус текширишлар ўтказилиб, бегона кишиларга агар зарурат бўлган тақдирдагина машиналар тўлиқ дезинфекцияланиб, одамларнинг иссиғи ўлчангач, кафтларига антисептик сепилиб, фақат ниқобларда киришга ижозат берилмоқда.
Фақат шаҳарлар эмас, қишлоқлар кўчаларида ҳам одам сийраклашиб кетган. Ота-оналар эшикларини беркитиб, болаларини кўчага чиқармай қўйишган. Тушунтириш ишлари кучайтирилган, кўп бинолар кираверишига эслатмалар ёпиштирилган. Телефонларга кунига бир неча марта коронавирусдан эҳтиёт бўлишга чорланган хатлар келиб турибди.
Шаҳарларда мунтазам дезинфекциялаш олиб борилаётган бўлса, қишлоқларга ҳукумат томонидан гидрохлорид тарқатилмоқда. Масалан, Суғд вилояти ҳукумати томонидан шаҳар ва қишлоқларга 40 тонна натрий гидрохлорид эритмаси етказиб берилди ва жамоатчилик жойлари, уй-жойлар, кўчалар зарарсизлантирилмоқда. Вилоятда қўшимча равишда 64 та тиббий нуқта ишга туширилган. Бир кеча-кундузда 4 мингтадан ортиқ махсус ҳимоя кийими ва 270 мингта тиббий ниқоб тикилмоқда.

Айни бир пайтда мамлакатда коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш учун ташкил қилинган махсус жамғармага маблағ тушиш давом этмоқда. Жамғарманинг махсус ҳисобига тушган маблағ деярли 1 миллион АҚШ долларига яқинлашиб қолгани маълум қилинган. Бу жамғармага маҳаллий тадбиркорлар ва амалдорлар билан бирга чет эллик фуқаролардан ҳам маблағ келиб тушган.
Мазкур жамғарма мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон топшириғи билан очилган эди. У бу жамғармага Президентнинг захира фондидан 1, 2 миллион доллар ўтказганди. Бу пуллар тиббиёт ходимлари маошига уч ой давомида қўшиб берилиши айтилганди.
Ҳозирда жамғармага келиб тушаётган маблағ зарур тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар сотиб олиш, тиббиёт ходимларига муносиб иш шароити яратиш учун ишлатилиши мўлжалланмоқда.
Тожикистонликлар Ўзбекистондан нега миннатдор бўлишмоқда?
Айни бир пайтда Тожикистонга халқаро ташкилотлар ва турли мамлакатлардан ёрдам келишда давом этмоқда.
Тожикистонликлар ижтимоий тармоқларда қўшни Ўзбекистон юборган кўмакдан миннатдорчилик сўзларини тўхтовсиз битишмоқда. Ҳатто тожикистонлик фуқаролардан бири Шавкат Мирзиёевга Тожикистон Қаҳрамони унвони бериш таклифи билан чиқди. Уни қўллаб-қувватловчилар тобора кўпайиб боришмоқда.
Олдинроқ Ўзбекистон Тожикистонга 18 вагонда озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар юборганди. Бундан кейин Ўзбекистондан махсус самолётда яна инсонпарварлик ёрдами юборилди.
"Биз бугун тиббий жиҳозлар, ўнта сунъий нафас олдириш аппарати, дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари кўринишида ёрдам олдик. Мен бу воситалар халқимиз саломатлигини яхшилашда хизмат қилишига умид қиламан. Яна бир марта вазирлик, Ҳукуматимиз номидан қардош Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдиришни истайман", деган Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири муовини Саида Умарзода.
Ўзбекистондан Тожикистонга коронавирусга қарши курашда тажриба тўплаган 8 нафар тиббиёт мутахассиси келиб, тожикистонлик ҳамкасбларига кўмак беришга киришишди.
"Бизда пандемия олдинроқ бошланганди. Тажрибамиз бор. Тожикистонда коронавирусни биргаликда енгишга ҳаракат қиламиз", деган Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири Неъматжон Иброҳимов.
Душанбедаги футбол майдонларидан бирида Ўзбекистондан келтирилган барча зарур даволаш жиҳозлари ва воситаларига эга махсус контейнерлар ўрнатилиб, кўчма беморхона ташкил этилди. Сунъий нафас олиш аппаратлари билан таъминланган бу контейнерларнинг ҳар биттасида тўрт нафар киши соғлиги текширилиб, даволаниш имконияти бор.
Бу ёрдамдан бироз кейин Ўзбекистондан Тожикистонга "Дамас" русумли "тез ёрдам" машиналари етиб келди.
Айни бир пайтда Осиё Тараққиёт банки кўмагида 100 минг долларлик тиббиёт жиҳозлари ва шахсий ҳимоя воситалари сотиб олинган.
Хитой эса, деярли 480 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатган. Халқаро валюта жамғармаси Тожикистонда пандемия таъсирини юмшатиш учун 189, 5 миллион доллар ажратишни режалаштирган.
Кузатувчилар бу ёрдамлар Тожикистонда коронавирусга қарши курашда асқотишини таъкидлаш билан бирга, СOVID-19 борасидаги вазият ҳисобга олинганда, мамлакатда фавқулодда ҳолат бўлмаса-да, жилла қурса, умумий карантин эълон қилиш вақти етганлигини айтишмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
.












