Коронавирус: Тожикистон мамлакатда коронавирусга чалинганлар борлигини расман тан олди, минтақа ва Ўзбекистон янгиликлари - O'zbekiston

Сурат манбаси, official
Тожикистон мамлакатда коронавирусга чалинганлар борлигини расман тан олди
Бир куннинг ўзида расмий хабарларга кўра, 15 кишида коронавирус борлиги аниқланган.
Улардан 10 нафар мамлакат шимоли Суғд вилоятида бўлса қолган 5 нафари Душанбеда эканини айтилган.
Тожикистон мухолифати ва фаоллар ҳукуматни мамлакатга коронавирус кириб келганини ҳақидаги маълумотни яширишда айблашган эди.
Тожикистон Социал Демократлар партияси раҳбари Раҳматилло Зойиров коронавирус Тожикистонга аллақачон "кириб келганини" айтиб, ҳукумат мулозимларини ҳақиқий вазиятни беркитишда айблаган.
Ўзининг Facebook даги саҳифасида ёзишича, "Тожикистонда коронавирус пайдо бўлганига уч ой бўлган ва ҳукумат вирус тарқалишининг икки босқичида курашни бой берган, ҳозир учинчи босқич кечмоқда".
Глобал коронавирус пандемияси шароитида Тожикистон парламентининг қуйи палатасида бошқа бир масала кун тартибига чиққан - исмлардаги русча қўшимчаларни тақиқлаш тўғрисидаги ҳукумат таклифи қўллаб-қувватланган.
Тақиқ фамилия ва отасининг исмини кўзда тутади.
Агар, таклиф парламентнинг Олий палатаси ва Президент томонидан ҳам маъқулланса, бундан кейин Тожикистонда Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада "вич", "ов", "ев", "ева" ва "овна" каби қўшимчалар бўлмайди. Ўрнига тожикчалари ишлатилади.
Аммо миллий озчилик вакилларига истиснолар кўзда тутилади.
Президент Эмомали Раҳмон ва унинг спикер мақомида Тожикистонда отасидан кейин иккинчи қудратли шахс бўлган тўнғич ўғли Рустам Эмомалининг русча қўшимчалардан воз кечишганига эса, анча бўлган.
Мамлакатда кенг кўламдаги дезинфекция-профилактика ва яна бошқа қатор эҳтиёт чораларининг кун сайин кучайтирилиб, кўлами ҳам кенгайиб бораётгани кузатилади.

Сурат манбаси, official
Коронавирус: Яна кучли ёмғир, кучаяётган ва садақа берган президентлар, фамилиялар энди миллийлашадими? - Ўзбекистон, минтақа ва дунёда нима гап? - bbcuzbek.com дайжести.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон:
Ўзбекистонда яна кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда - куни-кеча Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд шундоқ ҳам кутилмаган табиий офатларга саҳна бўлган.
Кучли шамол ва ёғингарчиликлар бир кишини ўлдирган. Яна ўнлабини яралаган. Жиддий моддий талафотларга сабаб бўлган. Энг кўп Бухоро вилояти зиён кўрган.

Сурат манбаси, official
Амалдаги кучайтирилган тартиб ва карантин режимига қарамай, шахсан Президент Мирзиёевнинг ўзи Бухорони бориб кўрган.
Сафари ортидан, Ўзбекистон Президенти "бунинг ўтган 100 йилда кўрилмаган жуда катта офат" эканини айтганди.
Зарар кўрган вилоятларда жадаллик билан қайта тиклаш ишлари давом этаркан, бугун яна худди шу вилоятларда кучли ёмғирлар ёғиши башорат қилинган. Ёғингарчиликлар Сурхондарёни ҳам четлаб ўтмаслиги маълум қилинган.

Сурат манбаси, official
Самарқанднинг эса, аллақачон сурункали кучли ёмғиру сув тошқинларига саҳна бўлаётгани кузатилади.
Хабарлар ва ҳатто имконли бўлган расмий суратларда табиий офат оқибатларини аритиш учун Булунғурга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси гуруҳининг ташлангани ҳам кўрилади.
Маълум бўлишича, бунга тумандаги уйлар, хонадонларни сув босгани сабаб бўлган.

Сурат манбаси, official
Аммо ёғингарчиликлар етказган талафот кўламига оид сўнгги расмий маълумотлар ҳозирча имконли эмас.
Айрим маҳаллий нашрлар кучли ёмғирдан сўнг Самарқанд шаҳри кўчаларида ҳам сув дарё бўлиб оққани ҳақида ёзишган. Буни сарлавҳага ҳам олиб чиқишган.
Бу гал ҳам нам ҳаво оқимининг Туркманистондан кириб келиши айтилган.
Табиатнинг бу каби аномалиясига айнан нима сабаб бўлаётгани маълум эмас.
Аммо устма-уст табиий офатлар Ўзбекистон шундоқ ҳам глобал коронавирус пандемиясининг ўз иқтисодига салбий таъсиридан жиддий хавотирда бўлган, унинг оқибатларини юмшатиш ҳаракатида экани кўрилган бир пайтда юз берган ва бермоқда.
Ўзбекистонда коронавирус боис, кучайтирилган тартиб ва карантин режими 10 майга қадар узайтирилган бир вазиятда ва Рамазон ойининг илк ҳафтасига тўғри келган.

Ўзбекистон ва коронавирус:

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расман икки минг кишидан ортди - соат 10:00 ҳолатига 2017 тага чиқди.
Бугун, 30 апрел куни Ўзбекистонда илк бор расман коронавирус аниқланганига роппа-роса 45 кун бўлади.
Жаъми тузалганлар сони мингдан ошди. Коронавирусдан даволанаётганларникидан ортди.
Коронавирусга чалинган беморлар соғаяётган вилоятлар жўғрофияси ҳам кенгайиб бораётгани кузатилади.
Кеча, чоршанба куни уларнинг сафига Сирдарё ҳам қўшилган.
Ўзбекистон бу борада Қозоғистонни ҳам ортда қолдирган.
Бу ниманинг далолати экани маълум эмас. Коронавирус чўққисига чиқиб-чиқмагани ҳам ҳануз ноаёнлигича қолмоқда. Бу хусусда расмий тахмин ёки хулосалар ҳали-ҳамон кўзга ташланмайди.
Аммо кеча, чоршанба кунги махсус видеоселектор йиғилишида Президент Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашаётганини айтган.
Касалланганларнинг ярмидан зиёди тузалгани, кўплаб туман ва шаҳарларда инфекция тарқалмагани қайд этилган.
Карантиндан босқичма-босқич чиқиш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланган.
Айрим вилоятлар мисолида коронавирус чекинаётгани сарлавҳаларга чиққани ҳам кўрилган.
Худди шу манзарада коронавирусдан яна бир ўлим ҳолати қайд этилган. Вафот этганларнинг умумий сони 9 кишига чиққан. Ўлим ҳолати бу гал пойтахт Тошкентга тўғри келган.
Ўзбекистон ҳозир ҳам минглаб ўринли махсус касалхоналар тиклаш, ўз ихтиёрларидаги тест-тизимлари ва сунъий нафас олиш аппаратлари сонини жиддий ошириш, маҳаллийсини яратиш ҳаракатида.
Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб ва карантин режими яқинда 10 майга қадар узайтирилган.
Давлат инспекцияси бошлиғи кеча, 29 апрель куни яна бир бор, " Ўзбекистонда коронавирусга чалинган охирги бемор шифохонадан чиқиб кетганидан кейин 14 кун давомида янги беморлар рўйхатга олинмаса, хотиржам бўлиш мумкин"лигини такрорлаган.

Сурат манбаси, official
Глобал коронавирус пандемияси манзарасида Қозоғистон Президентининг ваколатлари янада кенгайиши мумкин - маълум бўлишича, бунга коронавирус боис, мамлакатда амалда бўлган ва яқинда 11 майга қадар узайтирилган фавқулодда вазият ҳолати сабаб бўлган.
Қозоғистон Парламентининг қуйи палатаси куни-кеча бу хусусдаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилган.
Маълум бўлишича, янги қонун лойиҳаси ҳозиргисига ўхшаш фавқулодда вазият ҳолатларида мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун тезкор чоралар қабул қилиш имкониятини беради.
Худди шу манзарада 4 майдан бошлаб, Қозоғистонда сартарошхоналар, пул айирбошлаш шохобчалари, стоматология кабинетлари ва тиббий марказларнинг қайта иш бошлаши мумкинлиги ҳам айтилган. Аммо бориш учун уларга олдиндан ёзилиш шарт қилиб қўйилган.
Авиарейслар кўлами кенгайиши ҳам расман маълум қилинган.
Пойтахт Нур-Султон ва Олма отадан Қозоғистоннинг яна тўрт шаҳрига парвозларнинг қайта тикланиши режаланаётгани айтилган.
Бунақаси ҳалича коронавирус расман қайд этилган бирор бир Марказий Осиё давлатида кузатилмаган.
Қозоғистон ҳали-ҳануз коронавирус билан боғлиқ энг ёмон ҳолат кузатилаётган минтақа давлати бўлиб турибди.
Шу соатларда Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг жаъми сони 3200 кишидан ортган.
Қирғизистонда эса, умумий ҳисобдаги рақамлар ҳануз бир неча юзда экани кўрилади.
Шу пайтгача жаъми 746 киши коронавирус юқтирган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи аллақачон соғайгани кўрилади.
Бу эса, ҳатто, Ўзбекистондаги нисбатдан кўп.
Туркманистон:

Сурат манбаси, official
Рамазоннинг илк кунларида эса, Туркманистон Президентининг Ашхободдаги масжидга чиққани, садақа бергани сарлавҳаларга чиққан.
Хабарларга кўра, президентнинг масжидга келишига тайёргарликлар бир ҳафта олдин бошланган.
"Ҳазрати Умар" масжидига элтувчи йўлларгача ювилган. Ён-атрофда яшовчи одамлардан ҳаво совутгич, кабелларигача йиғиштириб туришлари сўралган.
Маълум бўлишича, Туркманистон Президенти масжидга ташрифи билан бир ой деганда омма олдида кўриниш берган. Бир оммавий тадбирда иштирок этган.
Кексалар билан қўл сиқишган, гаплашган. Имконли бўлган суратларда жойнамоз устида ҳам кўрилган. Масжиддагилар билан бирга таомлангани ҳам акс этган.
Хабарларга кўра, бу Туркманистон раҳбарининг шу йил ҳисобидан тўртинчи масжидда хайрия дастурхонини ёзиши бўлган.
Суратларда бирор бир кишининг юз ниқобида экани ёки ижтимоий масофа сақлаётгани акс этмаган. Туркманистонда ҳам ҳалича коронавирус расман қайд этилмаган.
Дунёда нима гап?:
Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 3 миллион 200 кишидан ортган. Уларнинг бир миллиондан ортиқроғи тузалган. 230 мингга яқин киши вафот этган.
Худди шу манзарада Жанубий Корея ичкарисида бирор бир янги коронавирус ҳолати қайд этилмагани куннинг энг муҳим янгиликларидан бирига айланган. Хабар сарлавҳаларга чиққан.
Орада Жанубий Корея Осиёда коронавирусдан энг кўп зиён чеккан давлатлардан бири экани кўрилган.
Жанубий Кореяда шу пайтга қадар коронавирусга чалинганлар сони жаъми расман 10 минг кишидан ортган. Улардан 250 га яқини вафот этган.
Жанубий Корея дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Ўзбекистон томонининг сўнгги расмий маълумотларига кўра, орада кечган вақт давомида Жанубий Кореядаги бир нафар фуқаролари коронавирусга чалинган.
Жанубий Кореяда коронавирус илк бор расман шу йилнинг февраль ойида аниқланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













