Коронавирус: Тожикистонда вирус борми ёки зотилжам? Нима учун таълим-тарбия муассасалари вақтинчалик ёпилди, оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди?

Asia-Plus агентлигига кўра, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги пойтахт Душанбеда 319 киши "зотилжам" ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Улар орасида 136 нафар шифокор борлиги айтилган.

Вазирликка кўра, 107 киши соғайган, аммо " 11 киши вафот этган ва яна 8 кишининг вазияти оғир".

Айни пайтда Вазирлик мамлакатда коронавирусга чалинганлар йўқлиги ҳақида даъволарини яна такрорлаган.

Коронавирус

Сурат манбаси, FACEBOOK

Сурат тагсўзи, Раҳматилло Зойиров

Аммо Тожикистон Социал Демократлар партияси раҳбари Раҳматилло Зойиров коронавирус Тожикистонга аллақачон "кириб келганини" айтиб, ҳукумат мулозимларини ҳақиқий вазиятни беркитишда айблаган.

Ўзининг Facebook даги саҳифасида ёзишича, "Тожикистонда коронавирус пайдо бўлганига уч ой бўлган ва ҳукумат вирус тарқалишининг икки босқичида курашни бой берган, ҳозир учинчи босқич кечмоқда".

Коронавирус

Сурат манбаси, facebook

Ҳафта бошидан Тожикистонда мактаблар, болалар боғчалари ва касб-ҳунар билим юртлари, коллежлар ёпилган. Коронавирус олдини олиш бўйича Республика штаби шундай қарорга келган. Лекин бу ёпилиш карантин деб аталмаган. Тожикистон Халқ таълими ва илм вазирлигига кўра 27 апрелдан 10 майгача вақтинчалик таътил эълон қилинган. Бу таътилни мажбурий деб ҳам аташган.

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Вазирлик таътилни аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирлар соғлиги ва хавфсизлиги ўйланган ҳолда ўтказилаётганини билдирган.

Вазирлик маълумотларига кўра, мамлакатдаги болалар боғчаларига 102 минг нафардан кўпроқ кичкинтойлар катнайди. Мактаблардаги ўқувчилар сони эса, 2 миллион 400 минг нафарга яқин. Уларга 124 минг нафар ўқитувчи таълим-тарбия беради.

Бобожон Ғафуров тумани мактабларидан бирида узоқ йиллардан буён ишлайдиган муаллимга қараганда, аслида таътил анча олдин эълон қилиниши зарур эди.

«Кўпчилик ота-оналар коронавирус хавфидан чўчиган ҳолда болаларини мактабга юбормай қўйишганди», деди у. Айни бир пайтда бу муаллим таъмил пайтида маошлари берилиш-берилмаслиги дан хабарсизликларини айтди.

« Мен пенсия ёшида бўлишимга қарамасдан ишлайман. Чунки оладиган нафапулим рўзғорга етмайди. Агар ярим ой давомида маош беришмаса, менга ўхшаган фақат иш ҳақи ҳисобига тирикчилик қиладиганлар қийналиб қолишлари мумкин. Устига бозорда картошкадан тортиб ноннинг нархигача ошиб кетган», деди у.

Ота-оналар нега ЮНИСЕФ лойиҳасига ишонишмаяпти?

Ҳали таътил эълон қилинмасдан туриб, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг болалар ташкилоти - ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги бўлими маҳаллий ҳукумат билан биргаликда карантин шароитида болаларга масофадан - онлайн таълим бериш дастурини ишлаб чиққанди. Бу мақсадда Европа Иттифоқи 9 миллион евро ажратган.

Гарчи ЮНИСЕФнинг Душанбедаги ташкилоти директори Лучиано Калестини карантин шароитида биронта ҳам ўқувчи ўқишдан четда қолмаслигини таъкидлаган бўлса-да, лекин кўпчилик ота-оналар бунгга шубҳа билан қарашмоқда. Чунки уларнинг айтишларича, қишлоқлар тугул. Ҳатто шаҳардаги кўпчилик оилаларда компютер йўқ ва устига интернет суръати ўта паст.

Ижтимоий тармоқларда бу масала муҳокама қилинар экан, Манучсмли фойдаланувчи «Нима куляпсизми? Тинч пайтда йўлга қўя олмаганлар инқироз вақтида интернетдан ҳамманинг фойдаланиш имкониятларини ярата олишадими?» дея савол қўйган.

Кўпчилик ота-оналар ҳукумат текин интернет билан таъминласа яхши бўлишини айтишган.

Айни бир пайтда масофадан ўқитишни телевизон орқали йўлга қўйиш ҳам режалаштирилмоқда.

Президент рўзани кейинроқ тутиб беришга чақирди

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Коронавирус олдини олиш Республика штаби мамлакат бўйича оммавий тадбирлар ўтказишни вақтинча тақиқлаш борасида қарор қилган. Жумладан, мажлислар, семинарлар ўтказилмайди. Кинотеатр ва театрлар ёпилади. Спорт мусобақалари ўтказиш ҳам тўхтатилади.

Тожикистонда шу пайтгача футбол биринчилиги мусобақалари давом этаётганди. Халқар Наврўз байрами, гул сайли, атлас, асал, картошка каби байрамлар омамвий тарзда нишонланганди.

Республика штаби қарори билан мамлакатдан четга бир неча турдаги озиқ-овқат амҳсулотлар и чиқариш ҳам вақтинча тўхтатилди. Бу жаҳондаги Коронавирус муносаби билан юзага келнган мураккаб иқтисодий ва ижтимоий вазият, мамлакат озиқ-овқат бозорини бирламчи эҳтиёждаги озиқ-овқат моллари билан мунтазам тўлдириб туриш билан изоҳланди.

Ҳозирда Тожикистондан чет давлатларга ғалла ва дуккакли экинлар маҳсулотлари, жумладан, буғдой, шоли, мош, нўхат ва шунингдек, гўшт ҳамда тухум чиқариш вақтинча тўхтатилган.

Айни бир пайтда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон мамлакат аҳолисини муборак Рамазон кириб келиши билан табриклар экан, коронавирус муносабати билан жаҳондаги ҳозирги вазиятдан гап очган. У бу юқумли касалликни вабо деб атаб, унинг дунё бўйлаб тобора кўпроқ этак ёзаётгани боис биринчи навбатда одамлар саломатлигига эътибор берилишини айтган.

Эмомали Раҳмон гарчи Тожикистонда коронавирус қайд этилмаган бўлса-да, бу унга нисбатан ғофил ва бепарво бўлишни англатмаслигини таъкидлаган. У ҳатто ривожланган мамлакатларда коронавирус олдини олиш учун муҳим тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, унинг шиддатини пасайтиришга муваффақ бўлинмаётганини айтган. Шундан келиб чиқиб, дунёдаги кескин иқтисодий инқироз Тожикистонга ҳам таъсир этмоқда, деган.

Тожикистон Президенти санитария қоидалари ва тозаликка кўпроқ эътибор қаратишни айтар экан, ислом пайғамбари ҳадисларидан бирида «Покизалик имоннинг ярмидир», деганини мисол қилиб келтирган.

Рамазон ойи муносабати билан табрикда ислом динида инсон саломатлиги ва уларнинг ҳаёти ҳамма нарсадан устун кўрилиши таъкидланган. Эмомали Раҳмон шундан келиб чиқиб, айниқса кекса ёшдаги кишиларнинг рўза пайтида ейиш-ичишдан тийилиб, иммунитетлари пасайиши мумкинлиги ва ҳар қандай касалга чидамсиз бўлиб қолишларини айтган. У кўра-била туриб, жонга жабр этмасликни таъкидлаган.

Шу билан бирга ислом уламолари фикрларига таянган ҳолда қишлоқ хўжалигида ё бошқа қийин касбларда ишлаётган кишилар учун очлик ва ташналик ўзларининг саломатликлари зарар келтиришини айтиб, уларга рўза тутмасликка ижозат берилишини эслатган.

Жамият осойишталиги, фаровонлиги ўзлари қилаётган ишга боғлиқ бўлган касбдаги кишилар рўзани бошқа вақтда тутишлари мумкинлигини тавсия этган. «Мен далада ишлаётган ва моддий неъматлар етиштириш билан шуғулланаётган барча кишиларни ўзлари ва хонадон аҳиллари саломатлиги, оилалари ва мамлакат аҳолиси ризқу рўзи, шунингдек, мамлакат истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида улар учун айтилган енгилликдан фойдаланган ҳолда рўзани бошқа қулай пайтда тутишга чақираман», деган Тожикистон Президенти.

300 сомонийга рўза тутмаслик мумкин

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Мазкур табрикномада Тожикистон Президенти одамларни барча экин майдонлари, жумладан, томорқадан самарали фойдаланишга чақирган. У сўнгги Ҳукумат мажлисида барча раҳбар ва масъулларни картошка экиладиган майдонларни 40 фоизга, такрорий экинларни 60 фоизга кўпайтиришга вазифадор этганини эслатган. У жумладан, такрор экишда дон, жумладан, маккажўхори, шоли, дуккакли экинлар экишга алоҳида аҳамият беришга чақирган.

Олдинроқ у аҳолини икки йиллик озуқа ғамлашга чорлаган эди.

Тожикистон Уламолар кенгаши эса, Рамазон ойида рўза тута олмайдиган кишиларнинг унинг ҳар куни учун мискинларга 10 сомоний (1 доллар), бир ойда 300 сомоний (30 доллар) беришлари мумкинлигини эълон қилди.

Айни бир пайтда рўза ойида таровиҳ намози ўкиш, ифторлик қилиш ва ҳайит куни уйма-уй юриш тақиқланди. Фақатгина Уламолар кенгаши эълон қилган фатвода Рамазон ҳайити намози ўқилиши ё ўқилмаслиги борасида ҳеч нарса дейилмаган.

«Жума намозлари ё беш вақтлик намозларга масжидларга қанча одам келиши маълум. Кўпчилик йиғилганда юқумли касаллик ўтиши хавфини ўйлаб масжидлар ёпилган экан, жума намозларига қараганда камида ўн баравар, ундан ҳам ортиқ намозхон йиғиладиган Рамазон ҳайити намози ўқилиши қандай бўларкин. Ахир, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги энг азиз масжидлар ҳам ёпилган-ку», деди маҳаллий масжидлардан бирида имом-хатиб муовини эканлигини айтган киши.

Гарчи мамлакатда масжидлар ёпилган бўлса-да, Рамазон пайтида ошхона ва бошқа умумовқатланиш жойлари ишламоқда. Айни бир пайтда Тожикистоннинг йирик шаҳарлари, жумладан, Душанбе ва Хўжанд кўчаларида одамлар одатдагига қараганда анча сийраклашган. Маданият ва истироҳат боғларида ҳам, шаҳарларнинг хушманзара жойларида ҳам одам кам.

Душанбе ва вилоят марказларида, саноат шаҳарларида эса дезинфекциялаш кўлами кучайтирилган. COVID-19 тарқалиши олдини олиш мақсадида мактаблар, хиёбонлар, кўчалар, парклар ва бошқа гавжум жойлар дезинфекция қилинмоқда. Масъулларнинг айтишларича, биргина Душанбе шаҳрининг ўзида бу мақсадда кунига 200 минг сомоний (20 минг АҚШ доллари) миқдорида маблағ сарфланмоқда.

«Ҳаво исиб кетди, энди ҳеч ким шамоллаб, пневмония бўлмас»

Тожикистон Сақлаш вазирлигига кўра шу пайтгача мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича бирон-бир ҳолат қайд этилмаган. Коронавирусга қарши санитария-эпидемиология чоралари, тушунтириш ишларининг кучайтирилиши эса бу хавфли касалликнинг Тожикистонга ораламаслиги, унинг олдини олиш учун қаратилган.

Лекин кейинги пайтларда карантинда сақланаётган одамлар орасида вафот этиш ҳоллари кўпайганлиги аҳоли орасида ташвиш, хавотирлик кучайишига сабаб бўлмоқда. Гарчи вафот этиш сабаблари асосан пневмония-зотилжам туфайли деб изоҳланаётган бўлса-да, айрим ҳолларда жасадларнинг ими-жимида кўмиб юборилаётгани турли саволлар кўндаланг бўлишига сабаб бўлаётир.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирининг муовини Шодихон Жамшед коронавирус олдини олиш штабининг йиғилишида кейинги пайтларда мамлакатда об-ҳавонинг пасайиб, серёғин бўлиши боис нафас йўлларининг шамоллаши ва зотилжам кўпайганлигини айтганди. Мазкур вазирликнинг тиббиёт статистикаси ва ахборот республика маркази маълумотларига кўра ўтган йили Тожикистонда 12 минг 800 кишидан кўпроқ киши зотилжам билан оғриган. Лекин қанча одам вафот этгани борасида маълумот келтирилмаган.

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

«Мана энди ҳаво исиб кетиб, 30-35 даражага етяпти. Энди ҳеч ким шамоллаб, пневмония бўлмас», деди танишларидан бири карантинда даволанаётганини айтган Жаббор Расулов туманида яшайдиган Аъзамжон.

Айни шу туманда яшаган ва ўлимининг сабаби пневмониядан деб изоҳланган Ҳабибулло Шодиевнинг қариндошларига карантиндан жавоб берилган. Уларнинг биронтасида ҳам коронавирус аниқланмаган.

Айни бир пайтда Тожикистонда катта гуруҳдаги кишиларнинг карантинга ётқизилаётгани борасида хабарлар келмоқда. Жумладан, Хўжанддаги «Жавони» италян-тожик қўшма корхонасининг 16 нафар ишчиси карантинга ётқизилган. Уларнинг ҳаммасининг иссиғи кўтарилиб кетган.

Мингга яқин киши ишлайдиган бу корхонада асосан пахтадан тайёрланадиган кийимлар , жумладан Европада бозори чаққон жинсилар тикилади.. Кейинги ойда корхона тиббий ниқоблар тикишга ўтган ва бу маҳсулотнинг катта қисми махсус учоқда Италияга юборилган эди.

Ҳозирда корхона фаолияти тўхтагани хабар қилинмоқда.

Мамлакатнинг қандай мажбурияти бор?

Келгуси ҳафтада Тожикистонга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг махсус вакиллар гуруҳи келиши кутилмоқда. Сафардан олдин Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ЖССТнинг минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге билан телефон орқали суҳбатлашган. У Тожикистонда коронавирус хатари олдини олишда ЖССТнинг кўмагига умид билдиришларини айтган.

ЖССТнинг Тожикистондаги вакили Галина Перфильева мамлакатда COVID-19 нинг лабораторияда тасдиқланган ҳолатлари йўқлигини такрорлаб келади.

Лекин у айни бир пайтда « Тожикистонда бу касаллик билан оғриш ҳолатлари йўқ, дея мутлақ тасдиқлаб бўлмайди», деган. Перфильева хоним кейинги гапини ЖССТ махсус гуруҳининг Тожикистонга ташрифи арафасида айтган. У ўз фикрини исботлар экан, COVID-19нинг аломатлари сезилмайдиган кўринишлари мавжудлигини ва уларни аниқлаш учун жуда кўпчилик мамлакатларда аҳолини ёппасига лаборатория текширувларидан ўтказиш имкониятлари йўқлигини иддао этган.

Галина Перфильева ҳозирда Тожикистонда янги коронавирус бўйича лаборатория текширувлари мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигида ўтказилаётгани, унинг ходимлари махсус тайёргарликдан ўтишганини баён этар экан, уларга ёрдам бериш учун интилаётганликларини билдирган. Перфильева хоним Тожикистонда қўшимча махсус лабораторияларни ишга тушириш бўйича иш олиб борилаётганини айтган. «Биз Тожикистонда ташхис ва даволаш учун имкониятлар чекланганини тушунамиз», деган ЖССТ вакили.

Унинг айтишича феврал ва март ойларида Тожикистондаги коронавирусга оид текширув намуналарининг бир қисми қайта текширишг ўтказиш учун ЖСТнинг хориждаги лабораторияларига жўнатилган. Лекин авиапарвозларнинг тўхтаб қолганлиги боис энди намуналарни жўнатиш имконияти йўқ. Перфильева хоним намуналарни текширишга жўнатиш йўлларини топишга барча кучларни сарфлашаётгани, лекин бунинг учун Россия ё Европага учадиган учоқлар зарурлигини айтган. Ва кейинги ҳафтада намуналарни жўнатиш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирган. У бу намуналар орасида зотилжамнинг оғир кўринишлари билан оғриган кишилардан олинган текширишлар ҳам бўлиши ўта муҳимлигини урғулаган.

Лекин айрим тожикистонликлар Россиядаги тестларнинг ҳам сифатли эканлигига шубҳа билдиришмоқда. Россияда муҳожирлигни айтган Жасур врачларга ишонмаслигини билдирар экан, вирус ўпкага ўтгандан сўнг уни компютер томографияси билан текширишни тавсия этган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бўлган Озод эса, Тожикистонда кейинги пайтларда таълим-тарбия муассасаларининг мажбурий таътилга чиқарилиши, оммавий тадбирларнинг тақиқланишини ЖССТ махсус гуруҳи сафари одидан «кўзга қум сепиш» тадбири деб атаган.

«Бизнинг вазифамиз - мамлакатга ёрдам бериш. COVID-19 аниқланганда, буни Халқаро жамият олдида 24 соатда маълум қилиш ҳар бир мамлакат мажбуриятига киради. Бунга риоя килинишига ишонаман», деган ЖСТнинг Тожикистондаги вакили Галина Перфильева.

Маҳаллий кузатувчилар эса, ЖСТнинг махсус гуруҳи аъзоларининг Тожикистонга сафар давомида барибир коронавирус чалиниш ҳоллари йўқлигини тасдиқлаб кетишлари , лекин бу хатарли юқумли касалликнинг олдини олиш йўлида кўмаклашишлари мумкинлигини такрорлашмоқда.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek