Шавкат Мирзиёев: Табиий офат оқибатлари тезда бартараф этилади - Бухоро, O'zbekiston

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон, расмий хабар: Бухоро ва унга қўшни вилоятларда юз берган кучли шамол оқибатида бир инсон қурбон бўлган. Ўнлаб кишига тан жароҳати етган.
Вазиятни яқиндан ўрганиш учун карантин шароитида президентнинг ўзи Бухорода бўлиб қайтган.
Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини шахсан кўздан кечирган.
Қоракўл ва Олот туманларидаги вазият билан билвосита танишган.
Табиий офат оқибатларини бартараф этишга қаратилган зарур чора-тадбирларни белгилаган. Мутасаддиларга топшириқлар берган.
Фаоллар ва аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотда ҳам бўлган.
Бу - Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистонда коронавирус расман қайд этилган 15 мартдан буён илк бор бир вилоятга сафар қилиши бўлган.
Ўзбекистонда жорий пайтда кучайтирилган тартиб ва карантин режими амалда.
Халқароси баробарида ички парвозлар ҳам вақтинча тўхтатилган.
Ўзбекистон Президентининг Бухорога сафари давомида коронавирусга қарши қандай эҳтиёт чоралари кўргани тафсилотлари ҳозирча расман очиқланмаган.
Бухородан имконли бўлган расмий суратларда Шавкат Мирзиёев юз ниқобида кўринмаган.
Аммо ижтимоий масофа сақлаётган қиёфада акс этган.
Мирзиёев баҳоси

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Президенти кучли шамол кутилмаган ва илгари кузатилмаган табиий офат бўлганини, одамлар турмуши, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга салбий таъсир қилганини афсус билан қайд этган.
Аммо зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилишини айтган.
Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашиш эканини таъкидлаган.
Бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқишларини урғулаган.
Президент Мирзиёев Бухоро вилоятига сафари чоғида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини ҳам зиёрат қилган.
Муборак Рамазон кунларида Аллоҳ таолодан халққа тинчлик-осойишталик, юртни турли бало-офатлардан асрашини тилаб дуо қилинган.

Сурат манбаси, official
Табиий офатдан жабр кўрганларга оид бошқа тафсилотлар ҳалича имконли эмас.
Тан жароҳати олганларнинг аксариятига дастлабки тиббий ёрдамнинг ўзи кифоя қилгани айтилган.
Бош прокуратура Бухородаги кучли шамол оқибатлари бўйича терговга қадар текширувларини бошлаган.
Прокуратура бу ҳақда "Daryo"га маълум қилган.
Нашр Бош прокуратурага таяниб, табиий офат оқибатида қурбон бўлган шахснинг 42 ёшли Бухоро шаҳри яшовчиси экани ҳақида ёзган.
Унинг уйига келаётган вақтда кучли шамол оқибатида ерга узилиб тушган электр симига эҳтиётсизлик билан урилиши натижасида вафот этгани маълум бўлган.
Нашрга кўра, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Кучли шамол Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳам кузатилган. Ёмғир ҳам ёққан.
Аммо бу вилоятлардан ҳозирча инсоний ёки моддий талафотларга оид расмий хабарлар олинмаган.
Президент расмий веб саҳифасидаги хабарда айтилишича эса, кучли шамол Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳам аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган.
Кун якунига қадар табиий офат оқибатларига оид расмий маълумотларнинг ўзгаришсиз қолгани кўрилган.
Сўнгги маълумотлар
Шу соатларда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, биргина Бухоро вилоятининг ўзида қирқдан ортиқ киши яраланган.
Битта ўлим ва оғир тан жароҳати ҳолати ҳам айнан Бухоро вилояти ҳисобига тўғри келган.
Ўрта ва оғир тан жароҳати олган саккиз киши касалхонага ётқизилган.
32 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.
Минглаб объектларга зарар етган:

Сурат манбаси, official
Уларнинг орасида соғлиқни сақлаш, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, савдо дўконлари, маъмурий бинолар, маданий мерос ва спорт объектлари бор.
Ўн минглаб йирик дарахтлар синган ва қулаган. Тўрт юздан ортиқ автотранспортга зиён етган.
Бундай маълумот билан Бухоро вилояти ҳокимлиги чиққан.
Ҳоким фармойишига мувофиқ ташкил этилган тезкор вилоят штаби рақамларига таянилган.
Табиий офат юз бергани айтилган қолган вилоятлардан ҳозирча бунга ўхшаш расмий маълумотлар олинмаган.
Афтидан, кучли шамол ва ёғингарчиликлардан энг кўп Бухоро вилояти зиён чеккан.
Ўзбекистонда энг коронавирус ҳоллари ҳам пойтахт Тошкентдан кейин айнан Бухоро вилояти ҳисобига тўғри келади.
Расмий рақамларда уларнинг жаъми сони 400 га яқин экани кўрилади.

Сурат манбаси, official
Расман маълум қилинишича, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан юзлаб одам ва юздан ортиқ техника ташланган.
Бу ҳақда вазирликнинг ўзи расман маълум қилган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги табиий офатга оид маълумотларни сўнгги бор маҳаллий вақт билан тонгги соат 05:06 да янгилаган.
Бухоро ва унга қўшни вилоятлардаги кучли шамол оқибатлари ҳақида қўшимча маълумот берган.
Бир нафар фуқаро ҳалок бўлгани, 30 га яқин нафари тан жароҳати олгани ҳақида хабар берган.
Шунга ўхшаш об-ҳаво бугун, 28 апрел куни пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятида ҳам кутилмоқда.
Кучли шамол оқимининг Туркманистондан кириб келгани айтилмоқда.
Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарёда шамол ва ёмғирларнинг тиниб-тинмагани ҳақида ҳозирча хабарлар йўқ.
Туркманистон
Хабарларга кўра, қуюн дастлаб Туркманистоннинг Туркманобод - собиқ Чоржўй шаҳрига ёпирилган.
Кутилмаганда юз берган. Бир зумда чанг ва қумни осмонга кўтарган.
Кўплаб сунъий йўлдош ликоплари, устунлар ва дарахтларни қулатган.
Биноларга ҳам зиён етказган. Алоқа ва электр таъминотида ҳам узилишларга сабаб бўлган.
Пойтахт Ашхободда куннинг иккинчи ярмида кучли ёғингарчилик ҳам кузатилган.
Аммо инсоний талафотлар ёки жабрдийдаларга оид хабарлар ҳалича бўй кўрсатмаган.
Моддий талафот кўламига оид маълумотлар ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда кучли шамол маҳаллий вақт билан кеча, 27 апрел куни кечқурун бошланган.
Тезлиги 15-25 м/c (54-90 км/соат)ни ташкил этган. Жанубий-ғарбий йўналишда эсган.
Расмий маълумотларга кўра, табиий офат натижасида 138 мингдан ортиқ хонадон вақтинчалик газ таъминотидан узилган.
Биргина Бухоро вилоятида газ қувурлари ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектларида 120 дан ортиқ авария ҳолатлари аниқланган.
Айрим вилоятларда электр таъминотида узилишлар юз берганига оид хабарлар ҳам бор.
Кучли шамол ва ёмғирлар қишлоқ хўжалик экинларига қанчалик зиён етказгани ҳозирча маълум эмас.
Барча моддий зарарнинг кўлами ва миқдори ҳам ҳалича расман очиқланмаган.
Айрим хабарларга кўра, кутилмаган табиий офат оқибатларини аритиш учун вилоят ҳокимликларида махсус штаблар тузилган.
Фавқулодда вазиятларни баҳолаш комиссиялари келтирилган зарарларни аниқлаш ишларини олиб боришмоқда.
Ҳозир Ўзбекистонда ҳам Рамазон ойи ҳукмрон.
Яна коронавирус боис, кучайтирилган тартиб ва карантин режими амалда.
Одамлардан имкон қадар уйда қолиш, ўз-ўзини яккалаш ва карантин тартибларига риоя қилишлари қатъий сўралган.
Бу галги табиий офат ҳам худди шундай бир пайт, вазиятга тўғри келган ва апрел ойида кузатилаётган биринчиси эмас.

Сурат манбаси, official
Табиатнинг бу каби аномалияси Ўзбекистонда сўнгги бор шу ой бошида кузатилган.
Апрелнинг илк кунларида қалин қор ёғиб берган. Қорга кучли шамол ҳамроҳлик қилган.
Апрель ойида кузатилган ғайриодатий об-ҳаво деярли барча вилоятларда ноқулайликларга сабаб бўлган.
Дарахтлар қулаган. Электр таъминотида узилишлар юз берган.
Айрим маҳаллий нашрлар ўн минглаб оилалар электр таъминотисиз қолгани ҳақида ёзишган.
Коронавирус пандемияси фонида кузатилган табиатнинг бу каби аномалияси ҳам оддий ўзбекистонликлар орасида иқтисодий вазиятнинг янада оғирлашиши мумкинлигига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаганди.

Сурат манбаси, official
Кучайтирилган тартиб ва карантин тизими амалда экан, яқинда Ўзбекистоннинг Қирғизистонга бевосита туташ Фарғона водийсида зилзила ҳам юз берган.
Зилзила эпицентри Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳудудига тўғри келган.
Эпимарказда унинг қудрати Рихтер шкаласи бўйича 4 баллни ташкил этган.
Моддий ёки инсоний талафотларга оид хабарлар олинмаган.
Зилзила кучи Фарғона ва Андижон шаҳарларида ҳам сезилган.
Бу минтақада уч ҳафта ичида кузатилган учинчи ер силкиниши экани айтилганди.
Устма-уст табиий офатлар расмий Тошкент глобал коронавирус пандемиясининг ўз иқтисодларига салбий тасирини юмшатиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилмоқда.
Ўзбекистон шундоқ ҳам минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Биргина расмий рақамларда фуқароларининг сони 34 миллиондан ортади.
Ўзбекистон иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган давлат бўлади.
Мамлакат аҳолисининг аксарият қисми ҳам айнан қишлоқ ҳудудларида яшайди.
Улардан миллионлабининг тирикчилиги эса, йилларки, ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтиб келган.
Устига устак, айнан глобал пандемия боис, улар даромадларининг ҳам зиён кўриши, мигрантлар ортга - Ўзбекистонга юбораётган пуллар миқдорининг ҳам камайиши кутилмоқда.
Бу пуллар эса, йилига миллиардлаб долларларни ташкил этиб келган.
Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келувчи муҳим молиявий манбалардан бири саналган.

Сурат манбаси, official
Коронавирусга чалинганлар сони эса, шу соатларда расман 1924 кишига етган.
Аммо улардан ярмига яқини аллақачон соғайган. Жаъми 8 киши вафот этган.
Ўзбекистонда коронавирус ўзининг чўққисига чиқиб-чиқмагани ҳозирча маълум эмас.
Мамлакатда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни аниқланган.
Коронавирус манбаси эса, ҳали-ҳануз мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари бўлиб туришибди.
Ўзбекистон ҳозир ҳам бир неча минг кишилик махсус касалхоналар қуриш, ихтиёрларидаги тест-тизимлари ва сунъий нафас олиш аппаратлари сонини жиддий ошириш ҳаракатида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












