Худоларга назр қилинган қизлар нега жинсий таҳқир ва фоҳишалик гирдобида қолмоқда?

Сурат манбаси, Sakhi Trust
- Author, Сваминатан Натаражан
- Role, BBC Жаҳон хизмати
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
"Фоҳишалик менга жуда катта таъсир кўрсатди. Танам заиф, руҳим синган," дейди Чандрика*.
Чандриканинг бу касби диний маросим билан бошланган. 15 ёшида уни ибодатхонага олиб бориб, маъбудага тантанали равишда никоҳлаб қўйишган.
"Ўша пайтда бу маросимнинг маъносини тушунмасдим," дейди у BBCга.
Ҳозир ўттиз ёшлар охирида бўлган Чандрика деярли йигирма йилдан бери фоҳишалик қилиб келмоқда.
Илоҳий келиндан фоҳишагача

Ҳиндистон жанубидаги Карнатака штати Чандрика каби девадасига қабул қилингандан сўнг жинсий хизматчига айланганларни аниқлаш учун сўровнома ўтказмоқда.
Девадаси ёки "худонинг қуллари" анъанаси жанубий Ҳиндистонда минг йилдан ортиқ вақт олдин пайдо бўлган. Дастлаб улар ибодатхоналарда санъаткор сифатида қўшиқ айтиб, рақс тушган. Вақт ўтиши билан девадаси тизими кўпроқ рухсат этилган фоҳишаликка айланиб қолди.
Ҳиндистоннинг кўплаб ҳудудларида бу анъана мустамлака давридаёқ тақиқланган. Аммо Карнатака штати бу амалиётни фақат 1982 йилда тақиқлади. Бироқ у ҳозир ҳам давом этмоқда.
Қишлоқларда яшовчи девадасиларнинг ўз яқин жуфти бўлиши, айни пайтда, бошқа мижозларни ҳам қабул қилавериши мумкин. Уларнинг кўпчилиги Мумбай каби шаҳарларга фоҳишахоналарда ишлаш учун кўчиб кетади.
Фоҳишаликка алдов билан жалб қилинган
Белгаум шаҳрида назр қилиш маросимидан сўнг Чандрика уйига қайтиб, тўрт йил одатий ҳаёт кечирди. Кейин бир аёл қариндоши уни Сангли саноат шаҳарчасига олиб бориб, уй хизматчиси бўласан, деди. У Чандрикани шу тахлит фоҳишахонага ташлаб кетди.
"Дастлабки ойларда жуда қийин бўлди. Ўзимни ёмон ҳис қилардим. Яхши овқатлана олмас, ухлай олмасдим, – деб эслайди Чандрика. – Аввалига қочмоқчи бўлдим, лекин аста-секин кўникдим."
Чандрика атиги 19 ёшда бўлиб, жуда оз маълумотга эга эди ва Санглида сўзлашиладиган ҳинд ёки маратҳи тилларини деярли тушунмасди.
"Баъзи [мижозлар] менга жисмоний зуғум қилар, баъзилари ҳақоратларди. Мен буларни кўтаролмасдим," дея давом этади у.
Фоҳишахона мижозлари коллеж талабаларидан тортиб ҳайдовчилар, адвокатлар ва мардикорларгача бўлган.
Чандрика ўз жуфти, юк машина ҳайдовчиси бўлган эркак билан Санглида секс орқали танишган.
Улар биргаликда бир қиз ва бир ўғил кўришди. Чандрика фоҳишахонада ишлашни давом эттирганида, унинг жуфти болаларга ғамхўрлик қиларди. У ерда Чандрика кунига 10-15 та мижозни қабул қиларди.
Иккинчи фарзанди туғилганидан бир неча йил ўтгач, унинг жуфти йўл-транспорт ҳодисасида вафот этди. Аёл Белгаумга қайтди. Шу ердан у таржимон орқали BBC билан суҳбатлашди.
"Эркаклар бизга уйланиш учун келмайди"

Сурат манбаси, Sakhi Trust
Барча девадасилар ҳам фоҳишахонада ишламайди, баъзилари умуман жинсий хизмат кўрсатмайди.
23 ёшли Анкита ва Шилпа амакивачча бўлиб, Карнатака шимолидаги қишлоқда яшардилар. Чандрика сингари, улар ҳам Ҳиндистонда кўп камситиладиган Далит кастасидан келиб чиққан.
Шилпа мактабда атиги бир йил ўқигач, ўқишни ташлаб кетди ва 2022 йилда ўзини назр қилди. Анкита 15 ёшгача ўқиган ва ота-онаси 2023 йилда назр маросимни уюштирган. Акасининг ўлимидан сўнг, у девадаси бўлишга мажбурланган эди.
"Ота-онам мени маъбудаларга назр қилмоқчи эканликларини айтишди. Мен рад этдим. Бир ҳафтадан кейин менга овқат бермай қўйишди," дейди Анкита.
"Ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, лекин оилам учун буни қабул қилдим. Келин кийимини кийиб, маъбудага турмушга чиқдим."
Анкита қўлида оқ марварид ва қизил мунчоқлардан ясалган маржонни ушлаб турибди, бу унинг маъбуда билан қовушганини билдиради.
Унинг онаси ҳам, бувиси ҳам девадаси бўлмаган. Оиланинг кичик бир томорқаси бор, лекин бу уларни боқиш учун етарли эмас.
"Агар ҳеч ким назр қилинмаса, маъбуда бизни лаънатлайди, деган қўрқув бор."
Девадасилар турмуш қура олмайди, лекин бошқа аёл билан қонуний никоҳда бўлиши мумкин бўлган яқин жуфтлари бўлиши мумкин.
Анкита эркакларнинг барча таклифларини рад этди ва ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги ишчиси сифатида кунига тахминан 4 доллар топади.
Men bunaqa ishlar to‘xtashini xohlayman. Qizimni devadasi qilmayman. Bu tizimni davom ettirishni istamayman....
Шилпанинг ҳаёти бошқача йўналиш олди. Назр қилингач, у меҳнат муҳожири билан муносабат ўрнатди.
"У менинг девадаси эканлигимни билгани учун олдимга келди," деб ҳикоя қилади у.
Кўплаб девадаси аёллари сингари, Шилпа ҳам ўз уйида жуфти билан яшарди.
"У мен билан атиги бир неча ой бирга бўлди ва мени ҳомиладор қилди. У мен билан бўлган даврда менга 3000 рупий (35 доллар) берди. У менинг ҳомиладорлигимга эътибор бермасди ва бир куни шунчаки ғойиб бўлди."
Шилпа уч ойлик ҳомиладор эди, гангиб қолганди.
"Унга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим, лекин телефони ўчиқ эди. Ҳатто у асли қаерлик эканлигини ҳам билмайман."
У уни топиш учун полицияга мурожаат қилмади.
"Эркаклар бизга уйланиш учун келмайди," дейди у.
Камбағаллик ва хўрлик

Сурат манбаси, Sakhi Trust
Доктор М. Бҳагялакшми маҳаллий нодавлат ташкилот "Sakhi Trust" директори. У йигирма йилдан ортиқ вақт давомида девадаси аёллари билан ишламоқда. Унинг айтишича, тақиққа қарамай, маросимлар давом этмоқда.
"Ҳар йили уч-тўртта қизнинг девадаси бўлишини тўхтатамиз. Аммо аксар маросимлар яширин ўтказилади. Биз бу ҳақда фақат ёш қиз ҳомиладор бўлганда ёки фарзанд кўрганда билиб қоламиз."
Доктор Бҳагялакшми кўплаб аёлларда бирламчи шароит, соғлом овқат ёки етарли таълим йўқлигини, ёрдам сўрашдан жуда қўрқишини айтади.
"Биз Вижаянагара туманидаги 10 минг девадасини ўрганиб чиқдик. Кўплаб ногирон, кўзи ожиз ва ҳимоясиз бошқа аёллар мажбуран назр қилинганини кўрдим. Уларнинг деярли 70 фоизининг уйи йўқ эди," дейди у BBC билан суҳбатда.

Яқин жуфтлар кўпинча презервативлардан фойдаланмайди, бу эса исталмаган ҳомиладорлик ёки ОИВ юқиши хавфини оширади.
Доктор Бҳагялакшмининг ҳисобича, барча девадасиларнинг тахминан 95 фоизи Далит кастасидан, қолганлари эса қабила жамоалардан.
Ўтмишдагидан фарқли ўлароқ, замонавий девадасилар ибодатхоналардан ёрдам ёки даромад олмайди.
"Девадаси тизими шунчаки эксплуатация," дейди у қатъий оҳангда.
Амалиётни тўхтатиш

Ҳозирги ва собиқ девадасилар ҳар йили Белгаумдаги Саундатти Елламма ибодатхонасига йиллик маросимга йиғилади, аммо расмийлар айтишича, у ерда ҳеч қандай назр маросими ўтказилмайди.
"Бу ҳозир жазога тортиладиган жиноят. Маросимлар пайтида одамларни қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирувчи плакатлар ва рисолалар тарқатамиз," дейди Вишвас Васант Ваидя.
Ваидя Карнатака Қонунчилик Кенгаши аъзоси, шунингдек, Елламма ибодатхонаси кенгаши аъзоси. Унинг BBCга айтишича, фаол девадасилар сони кескин камайган.
"Ҳозир менинг сайлов округимда 50-60 нафар девадаси бўлиши мумкин, – дейди у. – Ҳеч ким ибодатхонада девадаси маросимини ўтказишни рағбатлантирмаяпти."
"Биз қатъий чораларимиз туфайли девадаси анъанасини тўхтатдик," деб таъкидлайди у.
Карнатака штати ҳукумати 2008 йилда ўтказган сўнгги тадқиқотда штатда 46 000 дан ортиқ девадаси аниқланган.
Кейинги авлод

Сурат манбаси, Sakhi Trust
Жинсий хизматдан тушган пуллар Чандрикага қашшоқликдан қутулишга ёрдам берди. У болаларини исноддан ҳимоя қилиш учун мактаб-интернатларга юборди.
"Доим қизимдан хавотирда эдим," дейди Чандрика.
"У тахминан 16 ёшда бўлганида, мен каби девадаси бўлмаслиги учун уни қариндошимизга турмушга бердим. Ҳозир у эри билан яшаяпти."
Чандрика ҳозирда нодавлат ташкилот билан ишлайди ва ОИВ текширувидан мунтазам ўтади.
"Мен қариб қоляпман – бир неча йилдан кейин жинсий хизмат кўрсата олмайман," дейди у. У мева-сабзавот дўкони очишни режалаштирмоқда.
Шилпа қизига яхши таълим бермоқчи. У девадаси анъанасини жуда ёмон кўради.
"Мен бунақа ишлар тўхташини хоҳлайман. Қизимни девадаси қилмайман. Бу тизимни давом эттиришни истамайман," дейди у.
Анкита турмушга чиқиб, марварид маржонини олиб ташламоқчи эканлигини айтади.
(*Чандриканинг исми шахсини ҳимоя қилиш мақсадида ўзгартирилди).








