Коронавирус,Тожикистон: Президент фармони халқ оғирини енгиллатадими?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон имзолаган фармон мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида СOVID-19 юқумли касаллиги оқибатлари таъсирини олдини олишга қаратилган.Мазкур фармонга кўра СOVID-19 юқумли касаллиги билан боғлиқ бўлган ва тиббий текширув остида бўлган кишилар ишга яроқсизлик варақаси ва товонпули билан таъминлади. Коронавирус боис назорат остида бўлганлар ва соғайган кишилар давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига бепул тиббий қаров остида бўладилар...
Муаммо тўлиқ ҳал этилмаса-да...

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Президент фармонида гарчи коронавирусга чалинмаган бўлса-да, унинг оқибатлари таъсир кўрсатган аҳолига ёрдам кўрсатиш вазифалари қўйилган. Жумладан, аҳолининг заиф қатламига, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ижтимоий нафақа олувчилар, ногиронлар, етим ва боқувчисиз қолган, камтаъминланган оилалар, меҳнат муҳожирларининг боқувчисиз қолган оилаларига бир марта кўрсатиладиган ёрдам бериш белгиланган. У Тожикистондаги энг кам маош билан баравар, яъни 400 сомоний (40 АҚШ доллари) миқдорида бўлади.
Электр энергияси, сув, суғорма сув, алоқа ва коммунал хизматлар нархини ошириш жорий йил охиригача кечиктирилади. Тожикистоннниг ўзида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, аҳолига пуллик хизмат кўрсатишлар нархлари ошишига йўл қўйилмайди. Давлат захира моддалари, жумладан, ғалла, қишлоқ хўжалиик экинлари уруғлари, заҳарли киёвий моддалар ва ёнилғи учун маблағ ажратилади.
Жорий йил 1 апрелидан 1 сентябригача сайёҳлик соҳаси иншоотлари, меҳмонхоналар, умумовқатланиш муассасалари, саломатлик-спорт марказлари, йўловчи ташиш нақлиёти ва аэронавигатсияда фаолият юритадиганларга солиқларни тўлаш таътили кўзда тутилади.
2020-йил 1 майидан 1 августигача СOVID-19 юқумли касаллиги тарқалиши боис фаолиятини тўхтатган ўрта ва кичик бизнес билан шуғулланадиганлар давлат молия ижраси маблағини тўлашдан озод этилади.
Худди шу муддатда бозорлар, савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, жумладан, сартарошхона, гўзаллик кошоналари, модалар ательесида фаолият юритаётганлар ва тикувчи хусусий тадбиркорлар солиқларни ҳисоблаш ва уни тўлашдан озод этиладилар. 1 майдан 1 сентябргача белгиланган муддатда ижтимоий солиқни тўлай олмаган хўжалик субъектларига солиқ жавобгарлигини татбиқ этиш тақиқланади.
Фармонда аҳоли учун яна бир қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, жорий йил 1 июнидан 31 декабригача жисмоний шахсларни даромад солиғига тортиш амалдаги 12 фоиздан 6 фоизгача камайтирилади.
Таҳлилчилар агар бу фармоннинг ҳар бир банди ижро этилса, пандемия оқибатлари таъсир кўрсатган ва кўрсатаётган аҳолининг маълум қатламларига бир қадар ёрдам беришини таъкидлашмоқда.
"Албатта, 400 сомоний миқдорида бир марталик ёрдам кўрсатиш қийналиб қолган оилалар муаммосини тўлиқ ҳал этмайди. Бу пулга 90 килога яқин ун сотиб олиш мумкин. Лекин ҳарҳолда хизмат кўрсатиш нархлари ошишини йилнинг охиригача кечиктирилиши, солиқлар, жумладан даромад солиғи масаласидаги енгилликлар оила бюджетига оз бўлса-да, ижобий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Балки пандемиянинг қачонгача чўзилишига қараб аҳолига яна бошқа енгилликлар берилар", деди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.
Қашшоқлик авж олмасин дейилса

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ҳозирда Тожикистонда иқтисодий жиҳатдан энг кўп қийналиб қолган қатлам чет элларда ишлаб, пул жўнатиб турган меҳнат муҳожирларининг оилалари бўлади.
Президент фармонида чет эллардаги Тожикистон фуқаролари қийинчиликларини ҳал этишга ҳар томонла кўмаклашиш таъкидланган.
Хорижда, айниқса, Россияда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг уйларига пул жўнатишлари эса, ой сайин камайиб бормоқда. Масалан, агар 2019-йил билан қиёсланадиган бўлса, жорий йилнинг март ва апрель ойларида меҳнат муҳожирлари оилаларига юборган маблағ тенг ярмига камайган. Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича иқтисодчиси Эрик Ливнининг фикрича, бу мамлакатлардаги энг заиф қатлам меҳнат муҳожирларининг оилалари ҳисобланади. Улар 100 фоиз четда фаолият юритаётган яқинлари юборадиган маблағга қараб қолишган. Коронавирус таъсири бу оилаларнинг муаммоларини кун сайин кучайтирмокда.
"Қишлоқда яшайдиган кишиларнинг аҳволи бизникига қараганда бирмунча яхшироқ. Чунки пишиқчилик, ҳарҳолда дастурхонга қўйишга мевалари бор. Биз ҳамма нарсани сотиб олиб, еймиз. "Дом"да яшаймиз. Ақалли бир қарич ҳам экин еримиз йўқ. Ўғлим Москвада, қурилишда ишлаётганди. Уч ойдан буён бир тийин пул юборгани йўқ. Хайрият, инсофли ҳамшаҳарларимиз бор экан, унинг ейиш-ичишидан хабардор бўлиб туришган экан, барака топишсин".
Хўжанд шаҳрининг 13-микроноҳиясидаги кўп қаватли уйда яшайдиган эллик ёшли Жамила исмли аёл, келини ёш болалиги учун ишлай олмаслигини, беш жон ўғлидан келган пулга қараб қолганликларини айтар экан, маъюс чеҳраси ёришгандайин бўлади:
"Кеча ўғлим билан гаплашдим. Ўн кундан кейин патент пулини тўхтатиш муддати тугаркан. Лекин бошлиқлари эрта-индин иш бошлаймиз, дебди".
Маҳаллий ҳукуматлар шаҳар аҳолиси учун қулайликлар яратиш мақсадида гавжум жойларда муваққат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозорлари ташкил этишмоқда. Муваққат бозорлардаги мева-сабзавот нархи доимий бозорлардагига нисбатан арзонроқ.
Европада яшаётган тожикистонлик таҳлилчи Парвиз Муллажонов ҳали Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳақида дастлабки маълумотлар эълон қилинмасдан анча бурун бутун жаҳонда юз бераётган иқтисодий инқирознинг тез орада бу мамлакат аҳолисига таъсир кўрсатиши ва унинг олдини олиш борасида огоҳлантирганди. "Кўпчилик оилалар эски жамғармалари ҳисобига кун кечиришмоқда. Лекин тез орда улар тугаб қолиши ва кўпчилик қашшоқлик чангалига тушиши мумкин, шунинг учун мамлакат ҳукумати камбағалликнинг авж олмаслиги учун ҳозирдан зарур чоралар кўрмоғи зарур", деганди сиёсатшунос.
Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистон аҳолисининг деярли ўттиз фоизи камтаъминланган саналади.
Парвиз Муллажонов бошқа мамлакатлар тажрибасини маҳаллий шароитларга мослаштирган ҳолда энг биринчи галда қашшоқ кишилар рўйхатини тузиш ва биринчи навбатда аҳолининг айни шу қатламига озиқ-овқат, дори-дармон каби инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни таклиф этганди. У пандемия инқирози даврида кўп мамлакатлар ҳукуматлари аҳолиси учун имтиёзлар бераётганлиги ва ҳатто коммунал хизматлар тўловини бекор қилганлигини таъкидлаганди.
"Ҳукумат ҳозирданоқ бош қотирмоғи зарур, чунки агар Россияда карантин ҳеч бўлмаганда, икки ойга чўзилганда ҳам, Тожикистон учун жиддий иқтисодий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин", деганди Парвиз Муллажонов.
Тожикистон Фанлар академияси иқтисод ва аҳолишунослик институти директори Шариф Раҳимзода фикрича эса, пандемия туфайли мамлакатнинг ўзида ҳам минг-минглаб одамлар ишсиз қолишган. У айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётганлар кўп зарар чекишганини айтган. У мисол тариқасида ҳаво нақлиёти соҳасини келтирар экан, авиаширкатлар ва аэропортлар инженер-техник ходимлари, ишчилари маош тўланмайдиган таътилга кетишга мажбур бўлишганини келтирган.
Хўжанд ва унинг атрофидаги шаҳарларда автобус қатнови тўхтаган. Асосий нақлиёт йўналишли таксилар бўлиб қолмоқда.
Шариф Раҳимзоданинг кузатишларича, бозорларда савдо қилиб, тирикчилик қилган ўн минглаб одамлар асосий даромад манбаидан маҳрум бўлишган. У биргина Душанбе шаҳрининг ўзида бозорлар ва савдо нуқталари ёпилиши боис 76 минг нафар кишининг вақтинча ишламаётганини айтган. У айни бир пайтда мамлакатда кўпчиликка маълум ҳимоя қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаш учун ижозат берилгани ижобий натижа берганини ҳам таъкидлаган.
Жумладан, Хўжанд шаҳри ва унинг атрофида кийим-кечак, маиший техника билан савдо қиладиган дўконлар, қурилиш ашёлари сотиладиган "Баракат" бозори ишламоқда. 15-июндан "Сомон" каби йирик буюм бозорлари иш бошлаши кутилмоқда. Душанбеда шаҳар Раиси қарори билан апрел ойи охиридан фаолияти тўхтатилган соҳаларнинг ишлаши учун тақиқ 15-июнгача узайтирилган.
Умумтаълим муассасаларида таътил 16-августгача чўзилган бўлса, масжидлар, театр ва кинотеатрларнинг иш бошлаш, тўйларни одатдаги тартибда ўтказиш муддати маълум эмас.
Пасайиш ҳақидаги гаплар ва хотиржамлик

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Айни бир пайтда кейинги ўн кун давомида Тожикистонда пандемиянинг авж нуқтасидан ўтиб, тобора пасайиб бораётгани ҳақида бот-бот гапирилмоқда.
Айни бир пайтда кейинги ўн кун давомида Тожикистонда пандемиянинг авж нуқтасидан ўтиб, тобора пасайиб бораётгани ҳақида бот-бот гапирилмоқда.
Агар 15-май куни мамлакатда коронавирусдан энг кўп касалланиш - 211 киши эканлиги қайд этилган бўлса, кечаги соат 18. 00 даги маълумотларга қараганда бир кеча-кундузда 76 нафар кишининг COVID-19 га чалингани аниқланган. Бу билан Тожикистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 4529 нафарга етган. 48 киши вафот этган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги бу ҳақда хабар берар экан, ҳозиргача COVID-19 дан тузалганлар 2673 нафарга ё 59 фоизга етганини таъкидлаган. Бир кунда 185 нафар киши шифо топиб, уй-уйига қайтган. Ҳозирда 1186 нафар киши шифокорлар назорати остида қолмоқда.
Лекин таҳлилчилар бу пасайишнинг коронавирусга чалинганда гумон қилинаётган одамларнинг карантинли беморхоналарга ётқизилмасдан, ўз уйларида, кўпроқ оилавий шифокорлар назоратига олинишига боғлиқлиги билан изоҳлашмоқда. Узоқ йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келаётган, исмини ошкор этмасликни сўраган шифокор ҳам бу фикрни айтар экан, мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Жамолиддин Абдуллозоданинг сўзлари ҳам буни тасдиқлаши мумкин, деди.
Вазир агар беморда коронавируснинг мутлақ аломатлари кўзга ташланмаса, унинг ҳолати енгилроқ бўлса, уйда даволаш беморхонада даволанишдан афзаллигини айтган. "Бемор беморхонага ётганда, у қўрқув ва ваҳимага тушади ва бу унинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Уйида шифокор назоратида бўлганда эса, хайрият, менинг касалим енгил экан, дебон хотиржам тортади", деган Жамолиддин Абдуллозода.
Таҳлилчилар вазирнинг коронавирусга чалиниб, карантинда ётган кўп кишиларнинг аслида бошқа касаллик, масалан, қон босими, қанд, юрак-қон томирлари, семизликдан вафот этаётганликлари борасидаги сўзларини таҳлил қилар эканлар, мамлакатда пандемиядан вафот этганлар сони ҳам расмий рақамлардан анчагина кўп бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Айни бир пайтда расмийлар томонидан коронавирус пасайиб бораётганлигининг таъкидланиши кўпчилик одамларнинг хотиржам тортишларига сабаб бўлаётир. Кўчаларда, бозорларда яна одамлар кўпайган. Ниқобсиз, ижтимоий масофага риоя қилмаётган одамларни тез-тез учратиш мумкин.

- Коронавирус: Тожикистон бозорларида ваҳима, диний қўмита эса масжидларни ёпди
- Коронавирус: Тожикистон Ўзбекистонни ортда қолдирди
- Коронавирус: Тожикистон мамлакатда коронавирусга чалинганлар борлигини расман тан олди, минтақа ва Ўзбекистон янгиликлари
- Коронавирус, Тожикистон: Президент коронавирус пандемияси тарқалиши хавфига жиддий эътибор беришга чақирди
- Коронавирус: Тожикистон унинг авж нуқтасига етдими?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












