Коронавирус, синов ва табиий офатлар - Мирзиёев Ҳайит билан табриклади - O'zbekiston

Рамазон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Дунё мусулмонлари бу йилги Ҳайитни карантин остида уйларида кутиб олишмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муқаддас Рамазон ойида карантин чораларини тўғри тушуниб, уларга амал қилган ватандошларга миннатдорчилик билдирди.

Ҳайит байрами табригида у "коронавирус пандемиси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар" билан боғлиқ қийинчиликлар ўтиб кетишини урғулаган, аммо Сардоба сув тошқинини тўғридан-тўғри тилга олмаган.

"Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида "Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир", деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда", деб айтган президент.

Бошқа бир ўринда давлат раҳбари "ҳаётини янгидан қўлга қўяётган" ватандошлар ҳақида гапирган.

"Карами кенг Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, "Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир", деб марҳамат қилади.Чиндан ҳам, ҳар қадай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимзнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар".

Юқоридаги иқтибосларнинг ҳар иккисида ҳам Мирзиёев табиий офатга урғу берганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva

Сурат тагсўзи, Ҳайит арафасида Зироатхон Мирзиёева Сардобада бўлиб, жабр кўрган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилган

Бош прокуратура 30 апрель куни "Сардоба" сув омборида сув тошиши билан боғлиқ терговда тўртта дастлабки тахминни тилга олган, табиий офат билан боғлиқ тахмин тўртинчи ўринга қўйилганди.

Шанба куни Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки кишининг гумонланувчи тариқасида ишга жалб этилгани, улар қамоққа олинганини маълум қилган.

"Ҳозирда жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди" , дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўзбекистон тарихида энг йирик аҳолиин кўчириш амалиётига сабаб бўлган Сардобадаги сув тошқини бўйича терговни ДХХ олиб бормоқда. Аммо ҳозиргача махсус хизматлар тергов бошқармаси бирон-бир расмий маълумот тарқатмаган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Ҳодиса ортидан бир муддат ҳукумат йиғилишларида кзринмай қолган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ўтган ҳафта Президентнинг Андижонга ташрифи чоғида кўриниш берган.

Сув тошқини ортидан Мирзиёев қурилишлардаги коррупцияни танқид қилган ва "бош вазир ўринбосарлари"ни тилга олган эди.

Ҳайит ўрнига нафл намози

Дунёдаги аскар мусулмонлар қаторидан ўзбекистонликлар ҳам бу йилги Ҳайит намозини уйларида адо этишган.

Ҳайит арафасида Мусулмонлар диний идораси карантин вақтида Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлишини айтган.

Рамазон ҳайити кунларида ҳам эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди, деб айтган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Тошкентдаги брифингда.

"Шу сабабли 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни адо этиш соқит бўлади», дея диний идора мулозимининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Gazeta.uz ашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши Ҳайит куни "қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари"ни тавсия этган.

Коронавирус ҳолатлари

Айни пайтда мамлакатда коронавиурсга чалинганлар сони 3 мингдан ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунларда Навоий вилоятида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони ортганини маълум қилган.

Ўзбекистон
Сурат тагсўзи, Тошкентнинг "Ўрикзор" бозори шанба куни карантинга ёпилган

Жума кунги хабарда айтилишича, вилоятда 66 та ҳолат тасдиқланган бўлса, инфекция юқтирганлар орасида хориждан келганлар йўқ. Асосий ўчоқ — Зарафшон шаҳри.

Якшанба куни Навоийда яна 16та янги ҳолат тасдиқлангани хабар қилинган.

Шанба куни Тошкентдаги "Ўрикзор" савдо мажмуасида сотувчи бўлиб ишловчи фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланиши ортидан бозор вақтинча ёпилган.

Шанба куни, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази ходимида коронавирус аниқлангани хабар қилинган.

Коронавирус

Қўмита матбуот хизмати тарқатган хабарда бутун Марказий аппарат ходимлари COVID19 га тест топшираётгани айтилади.

Сўнгги ҳолатлар мамлакатда карантин чоралари юмшатилиши ортидан вазият ёмонлашганини англатиб, англатмаслиги борасида расмий изоҳ берилганича йўқ.

АҚШдаги Жон Хопкинс университети маълумотларига кўра, 24 май ҳолатига дунё бўйича вирусга чалинганлар сони 5.3 миллион, ўлганлар 342 минг, даволанганлар эса 2 миллион нафарни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда 24 май соат 10.00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3132 киши. 2532 нафар соғайган, 587 инсон даволанмоқда.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek