Ўзбекистон яна HRW ҳисоботида, Мубашшир Аҳмад қидирувда, энди Полша визаси ўзбекларга қийинлашадими? - Дайжест

Ўзбекистон қамоқхонасидан ўлиги чиққан Муҳаммадқодир Пўлатов фотоси

Сурат манбаси, Courtesy

Ўқилиш вақти: 4 дақ

10 йил олдин Ўзбекистон халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларида мунтазам инсон ҳуқуқлари қўпол поймол этиладиган мамлакат сифатида ёмонотлиқ қилиб келинар, вазият аслида ҳам шундай бўлганини Ўзбекистон расмийлари тан олишган, охирги йилларда аҳвол яхшилангани эътироф этиб келинаётган эди. Халқаро Хюман Райтс Уотч(HRW) ташкилоти бирданига икки маҳкум жасади Ўзбекистон қамоқхоналаридан чиққани, учинчиси шифохонада ҳушсиз экани ҳақида ҳисобот тарқатди.

HRW ўз ҳисоботида ушбу ҳодисаларни синчиклаб текширишга, айбдорларни жавобгарликкка тортишга чақирди.

Ҳисоботда шу йил 14 февралида Тошкент вилоятидаги Олмалиқ қамоқхонасидан жасади чиққан 21 яшар Муҳаммадқодир Пўлатов ўлими ҳақида маълумот берилади.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси махкум ўлимига гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги сабаб бўлгани ҳақида хабар берган.

Аммо марҳумнинг онаси ўғлининг ўлими сабаби ҳақидаги расмий версияга шубҳа билдирган, атиги икки ҳафта олдин ўғлини соппа-соғ кўрганини айтган.

Прокуратура баёнотида Тршкент махсус прокуратураси томонидан ўлим ҳодисаси тергов қилинаётгани айтилган.

Хюман Райтс Уотч 16 феврал куни YouTubeда тарқатилган видеода маҳаллий блогер Самарқанд шаҳрида саломатлиги яхши сартарош йигит 13 феврал куни ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Онаси ўғлининг мобил телефонига қўнғироқ қилганида, милиция ходими жавоб берган, ўғли шифохонада эканини айтган. Она ўғлини шифохонада ҳушсиз топган, милициячилар ўғлига нима бўлганини айтишмаган.

Қамоқ муддатини ўтаётган қорақалпоғистонлик блогер Мустафо Турсинбаев 16 феврал куни Тошкентдаги шифохонада вафот этган.

Бош Прокуратура маҳкум Мустафо Турсинбаев 11 феврал куни "бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида девор қисми қулаб, босиб қолган"и, сўнг у зудлик билан шифохонага ётқизилганини хабар қилди.

Хюман Райтс Уотч келажакда бундай фожеалар олдини олиш учун ҳам ушбу ҳодисаларни тергов қилишга чақиради.

"Халқаро инсон ҳуқуқлари қонунлари ҳукуматлардан, тахмин қилинган сабабдан қатъи назар, қамоқдаги барча ўлимлар бўйича самарали тергов ўтказилишини таъминлашни талаб қилади. Бундай текширувлар ўлим сабабини аниқлаш, ўлимга айбдор бўлган шахсни аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш учун, айниқса, барча маҳбусларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун жавобгарлик ҳибсга олган органлар зиммасига юкланганлигини ҳисобга олсак, жуда муҳимдир. Бу терговлар, шунингдек, бошқа маҳбусларнинг хавфсизлигини таъминлаб, келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олади.

Муҳими, агар ушбу уч ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари қамоқдаги ўлимларга ёки учинчи шахснинг ҳушидан кетишига ёмон муомала ёки қийноқлар сабаб бўлганини аниқласа, айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак", дейилади HRW ҳисоботида.

Алоқадор мавзулар

ИИВ Azon Global асосчиси Мубашшир Аҳмадни қидирувга берди

Мубашшир Аҳмад

Сурат манбаси, Azon Global

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматига таяниб "Дарё.уз" нашри хабар тарқатишича, ўзбекистонлик таниқли уламо, Azon Global портали асосчиси Мубашшир Аҳмадга қидирув эълон қилинган.

"Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, Алишер Аҳмадович Турсунов Жиноят кодексининг 244 прим 2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилган", деб ёзади "Дарё.уз".

Мубашшир Аҳмад 2017 йили Ўзбекистонда Azon New Media гуруҳини ташкил этган, Azon.uz веб-сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси кўп сондаги мухлисларни орттирган эди.

Azon.uz, Azon FM радиоси, Azon TV 2023 йил августигача фаолият юритди.

"Azon.uz барча лойиҳаларини тўхтатади. Сабабларини кейинроқ, маъқул топилса маълум қилинади", деб ёзди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Мубашшир Аҳмад.

2023 йил ноябрида ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида фаолият юритадиган Azon Global портали иш бошлади.

2023 йил 28 декабрида Мубашшир Аҳмад Туркия ички ишлар ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида хабар тарқалди.

Полиция уни депортация марказига жойлаштирган.

Ўшанда Истанбулдаги Ўзбекистон консуллиги Мубашшир Аҳмадга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилган, 2024 йил 21 февралида депортация марказидан чиқарилган.

Ўзига қидирув эълон қилингани хабарига Мубашшир Аҳмад ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Полша янги виза тартибини ўзбекистонликларда синаб кўрмоқчи

Полша Беларус чегараси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Полша Беларус чегараси

Полша Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг элчихоналарида виза олиш тартибини енгиллаштириш мақсадидаги янги IT тизимни ишга туширишни режалаштираяпти.

Янги тизим синов тариқасида Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Филиппин фуқароларига жорий этилади.

Полша расмийларига кўра, ушбу янгиликдан кўзланган мақсад, виза олишни ўзининг даромадли монополия соҳасига айлантириб олган "ўртакашларни йўқотиш"дир.

Соҳани яқиндан биладиган кузатувчилар сўзларига кўра, воситачи агентликлар виза олиш вақтларини олдиндан "банд қилиб қўядилар" ва сўнг қимматига пуллайдилар.

Бундан энг кўп жабр кўраётганлар Ҳиндистон, Филиппин ва Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган.

Полша расмийлари ушбу жараённи тобора шаффоф ва хавфсиз қилиш ниятида эканини айтмоқдалар.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг