Ўзбекистон: Қамоқхонадан яна бир маҳкумнинг ўлиги чиқди

Сурат манбаси, Courtesy
Олмалиқдаги жазони ижро этиш колониясида 21 ёшли маҳбус вафот этгани ҳақида хабар чиқди. Расман, маҳкум ўлимига гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилади. Бироқ, марҳумнинг онасига кўра, унинг танасида электрошок излари топилган ва ўғлида қамоқдан олдин ҳеч қандай тиббий муаммо ё касаллик бўлмаган.
15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясида маҳбус Муҳаммадқодир Пўлатов вафот этган. Бу ҳақидаги Ўзбекистондаги "Эзгулик" ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўз Facebook саҳифасида маълум қилди.
Би-би-си ушбу ҳолат юзасидан марҳумнинг оиласи ва расмий идоралар билан боғланди. Бироқ, Олмалиқдаги 14-сонли колония ходимлари бу борада ҳеч бир маълумот бера олмасликларини таъкидлашди. Ички Ишлар вазирлиги эса юборилган сўровларга ҳалича жавоб бергани йўқ.
'Соғлигида муаммо йўқ эди'
Фарғоналик марҳум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг онаси Нигора Қамбарованинг айтишича, 2024 йил 18 августда ўғли ўз дўстлари билан туғилган кун зиёфатидан чиққан ва маст ҳолатда Фарғонадаги дўконлардан бирида майда безорилик содир этган.
Она кейинчалик дўконга етказилган моддий зарар қопланганини ва тадбиркор даъвоси йўқлиги ҳақида ариза қолдирганини айтади.
Бироқ, 4 ой давом этган тергов жараёнларидан кейин Муҳаммадқодир Пўлатов уч йилга озодликдан маҳрум этилган.
Ўтган декабрнинг бошида Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колонияга ўтказилган.
"Тергов тугамасдан аввал тадбиркорнинг ҳамма зарарини тўлаб бердик. Ким билан тортишган бўлса, улар ҳам даъвомиз йўқ деб ёзиб беришган эди. Тадбиркор ҳам. Лекин судда ўғлимга уч йил [қамоқ жазоси] беришди. Биз жуда ҳайрон қолдик. Сабаби, қамашлари учун ҳеч қандай сабаб қолмади, деб ишонган эдик" – дейди она.
"Ўғлимни 2024 йилнинг 2 декабрь санасида Фарғонадан Тошкентга олиб кетишди. 10-15 кун карантинда сақлашганидан кейин, декабрнинг ўрталарида Олмалиқдаги колонияга ўтказишган. Адашмасам, 15 декабрда бўлган. Лекин қайси колонияга қачон ўтказишганидан биз бехабар эдик. Бу ҳақида ҳеч ким хабар бермаган".
"Янги йил арафасида ўзи телефон қилди. "Она, Олмалиққа ўтказишди, хабарингиз борми-йўқми?" деб сўради. 2 минутча гаплаша олдим, холос. Фақат туғилган кунига бормоқчи эканлигимни айтишга улгуриб қолгандим" — дейди марҳумнинг онаси.
Нигора Қамбарова 2025 йилнинг январида ўғли билан учрашувга борган. Онанинг айтишича, у пайтда ўғлида соғлиғига оид ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтади.
"2025 йил 24 январда мен ўғлимнинг олдига узоқ муддатли учрашувга бордим. (Январнинг) 27-куни 10:30 ларда хайрлашиб чиқдик. Деярли 4 кун ёнида бўлдим. Шу ерда мен, катта қизим, учта набирам ва ўғлим битта катта хонада яшадик" – дейди она –" Кайфияти ва кўриниши жуда яхши эди. Соғлиги ҳақида ҳеч қандай шикоят қилмаган эди".
Аммо кейинги кунлар давомида ўғли билан хабарлашишнинг имкони бўлмаган. Улар на телефонда, на хабарнома орқали мулоқотда қила олишмаган.
15 февраль куни эрталабки соат 07:00да Муҳаммадқодир Пўлатовнинг вафот этгани ҳақида хабар беришган. Воқеа ҳақида унга хабар беришган колония ходимлари Нигора Қамбаровага ўғли овқатдан заҳарланган бўлиши мумкинлигини айтган.
"Ахир заҳарланган бўлса, бутун колонияда фақатгина менинг ўғлим овқатдан заҳарланмайдику?" — йиғлайди она.
"Уларнинг [колония ходимларининг] айтишича, жума куни [14 февраль] эрталаб ўғлимнинг соғлиги ёмонлашган. Колонияда дори бериб кўришган, лекин таъсири бўлмаган эмиш. Кейин реанимация олиб боришибди. Аммо реанимацияда йигирма минут ичида жони узилибди".
"Ўғлимнинг бошларини, қоринларини ёришган ва қайта тикиб қўйишган" – дейди марҳумнинг онаси — "Мен етиб борганимда эса аллақачон музлатиб ҳам қўйишган экан. Шунча нарса бўлган, аммо ҳеч ким бизга хабар бермаган."
Нигора Қамбаровага кўра, ўғлининг ўлимига миокард инфаркти ва ёндош касалликлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтишган.
Бироқ, онанинг таъкидлашича, ўғли қамоқдан олдин бу каби касалликларнинг ҳеч бири билан оғримаган. У жасадда қийноқ излари борлигини иддао қилади.
Нигора Қамбарованинг айтишича, унга экспертиза хулосаси ҳам берилмаган ва тўғридан-тўғри прокурорга топширилиши ҳақида айтишган.
"Юрагининг чап соҳасида электрошокнинг изи бор. Бўйнида бармоқ излари кўриниб турганди" – даъво қилади она.
"Лекин миокард инфаркти ва шунга ўхшаш касалликларни айтишяпти. Ахир болам ҳеч қачон бундай касалликлар билан оғримаган. Январда кўрганимда ҳам соппа-соғ эди".
'Бир нечта шубҳали жиҳатлар бор'
Инсон ҳуқуқлари бўйича "Эзгулик" ҳаракати раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра эса, экспертиза натижаси очиқланишини кутиш керак.
"Маҳбуснинг ўлимига қийноқ сабаб бўлган ё бўлмаганлигини экспертиза таҳлилисиз исботлаб бўлмайди. Бироқ, айни ҳолат юзасидан шубҳали томонлар бир нечта" — таъкидлайди Эзгулик раҳбари.
Mahbusning oʻlimiga qiynoq sabab boʻlgan yo boʻlmaganligini ekspertiza tahlilisiz isbotlab boʻlmaydi. Biroq, ayni holat yuzasidan shubhali tomonlar bir nechta.
"Бизда шубҳа туғдирган ҳозирча ягона жиҳат — колония маъмуриятининг маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаганлиги".
"Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!" — деб ёзади Абдураҳмон Ташанов ўз Facebook саҳифасида.
Нигора Қамбаровнинг даъволари борасида расмий муносабатни ўрганиш ва барча тарафлар нуқтаи назарини ёритиш мақсадида Би-би-си Ўзбек Хизмати қатор расмий идоралар билан боғланди.
Хусусан, Муҳаммадқодир Пўлатов жазони ўтаб келган Олмалиқдаги 14-сонли жазони ижро этиш колонияси бу борада ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини билдирди.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса жўнатилган сўровларга мақола нашрга тайёрланаётган пайтга қадар жавоб бергани йўқ.
Омбудсман вебсаҳифасида чоп этилган хабарга кўра, вазият Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олинган. Мазкур ҳолат Омбудсман ходимлари ва унинг Тошкент вилоятидаги вакили томонидан ўрганилаётгани айтилади.
Ўзбекистон қонунчилигида қийноқлардан фойдаланиш расман тақиқланган.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистон қийноқ мунтазам қўлланилган давлатлардан бири сифатида халқаро доираларда тилга олинарди.
Президент Мирзиёев қудратга келгач, мамлакат масъуллари бу борадаги аҳволни яхшилашга киришганларини таъкидлашади. Бироқ, қийноқ ҳоллари Ўзбекистонда ҳамон йўқолмагани айтилади.
Human Rights Watch ва Халқаро Амнистия каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айни ҳолатни бир неча йиллардан бери танқид қилиб келишади.
2024 йилда чоп этилган қатор халқаро ҳисоботларда ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар ҳануз қийноққа солиниши ҳақида гапирилади.
Муҳаммадқодир Пўлатов эса сўнгги йилларда қамоқхонадан ўлиги чиққан ягона маҳбус эмас.












