Путин патентни бекор қилмоқчи, Украинада Ўзбекистон фуқаролари қулдай ишлатилди

Киев яқинида 13 Ўзбекистон фуқароси ҳожатхонага ҳам жадвал асосида борган

Сурат манбаси, Расмий

Сурат тагсўзи, Киев яқинида 13 Ўзбекистон фуқароси ҳожатхонага ҳам жадвал асосида борган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Украинада 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини қуллик меҳнатига жалб этган жиноий гуруҳ фош этилди. Путин мигрантларга патент бериш тизимини бекор қилишни кўриб чиқишга буюрди.

Украинанинг Киев вилояти прокуратураси хабар беришича, Хитой Халқ Республикаси фуқароси бошчилигидаги жиноий гуруҳ 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини алдаш йўли билан Украинага олиб кириб, мажбурий меҳнатга жалб этган.

Амалиёт асосида икки нафар Хитой фуқароси, бир нафар Ўзбекистон ва бир нафар Украина фуқароси қўлга олинди. Уларга Украина Жиноят кодексининг 149-моддаси 2-қисми («Олдиндан тил бириктирган ҳолда одам савдоси билан шуғулланиш») бўйича айб қўйилди.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар уй-жойи ва иши йўқ, оғир моддий аҳволдаги ижтимоий жиҳатдан заиф шахсларни алдаш ҳамда мажбурлаш орқали жалб қилган.

Алоқадор мавзулар:

Қурбонлар четдан Киев вилоятига олиб келинган ва фойда топиш мақсадида қул сифатида ишлатилган.

Жиноятчилар қурбонларни назорат қилиш учун уларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаган, доимий мажбурлаш ва таҳдидлар орқали уларни эксплуатация қилган. Ҳатто ҳожатхонага бориш ҳам белгиланган жадвал асосида амалга оширилган, энг кичик қоидабузарлик учун эса жазолар қўлланилган.

Rasmiy
Hatto hojatxonaga borish ham belgilangan jadval asosida amalga oshirilgan, eng kichik qoidabuzarlik uchun esa jazolar qo‘llanilgan.
Ukraina prokuraturasi
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

17 сентябрь куни ҳуқуқ-тартибот органлари гумонланувчиларнинг яшаш ва хўжалик жойларида тинтув ўтказди. Натижада ноодатий шароитларда сақланаётган 13 нафар Ўзбекистон фуқароси, шунингдек ҳужжатлар, пул маблағлари ва транспорт воситалари топилди.

Қўлга олинган тўрт нафар шахсга оғир жиноят бўйича расман айб эълон қилинди. Уларга нисбатан қамоқда сақлаш чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда, дейилади хабарда.

Путин мигрантларга патентни бекор қиладими?

Путин

Сурат манбаси, Расмий

Россия президенти Владимир Путин меҳнат муҳожирлари учун амал қилаётган патент тизимини бекор қилиш масаласини муҳокама қилиш лозимлигини билдирди. Бу ҳақда у Давлат Думаси фракциялари раҳбарлари билан учрашувда айтди, деб хабар бермоқда ТАСС хабар агентлиги.

"Муҳожирлар учун патент тизимини бекор қилиш... бу ҳақда ўйлаб кўриш керак. Бу кенг қўлланилади. Ҳеч нарсани истисно қилмайман. Ҳамкасбларингиз билан биргаликда кўриб чиқишингизни сўрайман», — деди Путин «Справедливая Россия — За правду» партияси раҳбари Сергей Миронов таклифига жавобан.

Жорий йил 20 март куни Путин махсус фармон имзолаган эди. Унга кўра, муҳожирлар Россияда патентсиз ҳам ишлашлари мумкин, бироқ бунинг учун қатор шартларни бажаришлари талаб этилади. Улар орасида дактилоскопиядан ўтиш, наркотиклар ва хавфли юқумли касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтиш кабилар бор.

Бундан аввал Россия Меҳнат вазирлиги хорижликларни ишга жалб қилиш тизимини ўзгартириш таклифини киритганди. Вазирлик муҳожирларнинг эркин кириб келишини чеклаш ва меҳнат патентини ислоҳ қилиш таклифини ҳам олға сурган. Хусусан, муҳожир ишдан бўшаганда унга сарфланган барча харажатлар — тиббий кўрик ёки ўқув курслари учун тўловларни қайтариши мумкинлиги айтилган.

Меҳнат патенти — бу айрим давлатлар фуқароларига визасиз тартибда Россияга кириб, қонуний равишда ишлаш ҳуқуқини берувчи расмий ҳужжат ҳисобланади. У меҳнат муҳожирларини назорат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

Аввалроқ Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Россияда "мигрантларни қайтариш" моделига ўтилаётганини маълум қилган эди.