Уруш ва мигрантлар: Патент олишга борган ўзбеклар урушга қандай ёлланаяпти? Видео Россия Ўзбекистон Dunyo Yangiliklar

белги

Сурат манбаси, TAQDIM

Сурат тагсўзи, Паспортдаги хавфли белги
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Москвадаги "Сахарово" кўп тармоқли миграция марказига патент расмийлаштиришга борган меҳнат муҳожирлари Россияда шартнома асосида ҳарбий хизмат қилишга даъват қилинаётгани айтилмоқда.

Шундай вазиятга дуч келган ўзбекистонлик муҳожир Би-би-си мухбирига бошидан ўтганларни гапириб берди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Бу воқеа патентнинг муддатини узайтириш кунидан бошланди. Ўтган йилнинг октябрь ойида патентнинг муддатини узайтириш учун "Сахарово"га бордим. Ўша пайтларда роса мобилизация қизиган пайтлари эди.

У ерда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлат фуқаролари "Агар Россияда шартнома асосида бир йиллик ҳарбий хизматга қўшилсалар, уларга енгиллаштирилган равишда фуқаролик берилади", деб ёзиб қўйилган.

Эълонда "Хотинингиз, ота-она, болаларингиз тиббий суғурта қилинади, дейилган ва 300 мингдан 400 минг рублгача ойлик берилади", дейилган.

Мен ҳужжат топширгани бордим ва дарча ёнига ўтирдим. Мигрантларни ўраш, алдаш ўша ерда бошланади.

Алоқадор мавзулар:

Ҳужжатларни топшираётган пайтимда ходим секин-секин имо-ишора билан савол бераяпти.

"Ҳарбий хизматга қанақа қарайсиз, енгиллаштирилган тартибдаги Россия фуқаролиги сизни қизиқтирадими", деяпти. "Ҳа, қизиқ нима қилиш керак", дедим.

"Ҳарбий хизматни шартнома асосида 1 йил ўташингиз керак", деди.

Энди бу ерда 2 маъноли гап: уруш сўзи йўқ, хизмат сўзи бор.

Агар одам хизмат сўзи деб кетиб қолса, у аниқ урушга кетишини билмайди. У ҳарбий хизматга кетаяпман, Россияда хизмат қиламан, деб ўйлайди. Кўраяпсизми, қандай маънони буриб жалб қилишаяпти. Психологик алдов бу.

"Майли, эълонингизни оламан, қизиқиш бўлса, шу ерда ёзилган жойга мурожаат қилса бўлади, тўғрими?", дедим. "Ҳа", деди.

Кейин менинг патентга ҳужжат топшираётган вақтимда берилган рақамимга белги қўйди. Улар бу штрих кодли рақам ёзилган елимли варақни паспорт орқасига ёпиштиришади. Шу паспорт орқасидаги қоғоз бўлагига қўйилган белги "шу одам қизиқаяпти, рози" деган маънони бераркан.

миграция маркази

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Миграция марказида патентга хужжат топшириш учун мигрантлар бир даста қоғозларга қўл қўйишларига тўғри келади, аммо уларда нималар ёзилганини ўқиб чиқишга вақт берилмайди.

Шу тариқа патент учун керакли ҳужжатларни расмийлаштиришда давом этдим. Тиббий кўрикдан ўтиш учун докторлар ёнига борганимда урушга ёлланиш ҳақида гапириб қолишди.

"Хизматга кетади деб, урушга кетиб қолишаяпти" дейишди. Менга қараб, "ишқилиб, сизлар ҳам кетмаяпсизларми?", деди менга қарата.

Бу шифокорни урушга даъват қиладиган эмас, мигрантлар учун ичи ачиётган бир инсондек кўрдим.

Кейин бармоқ излари оладиган жойга келдим. Менимча, бу ер ИИВ нинг махсус ҳудуди. Шу ерда менга аниқ ва очиқ савол беришди.

"Сиз армияга, хизматга борасизми?" деди. "Йўқ", десам, "унда нега паспортда бораман, кўнглингизда йўқ деяпсиз, деди. Шерикларига ҳам кўрсатиб, "мана паспорт ва ҳужжатларда хоҳлаяпти, ичида эса истамаяпти", деди.

Ўша ерда мен шубҳага тушдим. Биринчи дарчага борган пайтимда бирон нимага билиб-билмасдан қўл қўйдимми, деб ўйладим, чунки у ерда ҳужжат топшираётганингизда 2-3 та жойга қўл қўясиз-да. Шошилганда, шу ҳужжатларга билмасдан қўл қўйиб юбордиммикин, деб иккиланиб қолдим.

Индамадим, патентга ҳамма хужжатларни топшириб чиқдим. Қабул қилиб олиб қолишди, кетдим.

полиция ва мигрантлар
Сурат тагсўзи, "Паспорт орқасига ёпиштирилган қоғозда белги бўлса, полиция ҳам хушмуомала бўлиб қолаяпти"

Кўчада полиция ходимлари тўхтатиб, паспортимни текширмоқчи бўлишди. Паспортимни беришим билан орқасидаги белгини кўрди-да, паспортимни очмасдан ҳам шу заҳоти қўйиб юборди. Шундан кейин янада шубҳага тушдим.

"Нега паспортимни очмади-да, паспорт орқасидаги патентга ҳужжат топширди, деган мазмундаги елимқоғоздаги белгини кўриб "Счастливого пути" деяпти" деб ўйлаб қолдим.

Орадан кунлар ўтди. 20 кун ўтганидан кейин тайёр бўлган паспортимни олиш учун "Сахарово"га қайтиб бордим. Ўша ерда навбатда турган болаларнинг паспортларига кимда меникига ўхшаш белги бор дея, атай қарадим. Кўпчиликда, дейлик 30 та одамнинг ичида 15 тасининг паспортида шундай белги бор эди. Демак, шу тизимда болаларни олиб кетишаяпти экан, деган фикрга келдим.

Бизнинг навбатимиз бирпасда келди. Яна шунақа ҳурмат билан гапиришаяптики менга, кутиб олишларигача бошқача. Кулиб, хушмуомалалик билан гапиришаяпти.

Авваллари патентга ҳужжат топширишга борсак, ҳеч ҳам унақа эмасди. Туртиб, жеркиб, кўпроқ савол бериб қўйсангиз, ҳозир уйингга жўнатиб юбораман, деган сўзни кўп ишлатишарди. "Сахарово"да шундай эди, бошимни қотирма, ҳозир полицияни чақираман, деб депортация билан қўрқитишарди.

Энди ундай муомала йўқ, ҳаммаси мен билан бир чиройли гаплашишаяпти. Одатда 1 соатда оладиган патентимни 20 дақиқада чиқариб беришди. Қўлимга олишим билан ёнимга бир ходим келди. "Мен билан юринг бу ерга" деб бир алоҳида хонага йўл бошлади. Ўша ерда руҳим чўкиб, шу ердан кетдим энди, деб ўйладим.

Мен шундай ҳолатга тушиб қолганим ҳақида элчихона вакиллари, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашгандим. "Агар билиб-билмай қўл қўйган бўлсам, уни рад ёки бекор қилса бўладими, деб сўрагандим. Улар бўлишини айтиб, йўл-йўриқ кўрсатишганди. Агар менга босим қиладиган бўлишса, уларга мурожаат қилишим кераклигини тайинлашган.

Бир хонага кирдик. "Шартнома асосидаги ҳарбий хизматга қизиқишингиз бор экан, танишишга тайёрмисиз?", дейишди. Мен "Кечирасиз, мен Ўзбекистон фуқаросиман. Аниқлаштирдим, мен хизматга эмас, айнан урушга боришим керак бўларкан. Агар урушга борсам, мени ватанимда жиноий жавобгарликка тортишади, 5 йилдан 15 йилгача қамалиб кетишим мумкин" дедим. "Ҳа, буни ҳал қилиш мумкин. Сиз Россия фуқаролигини олишга улгурасиз. Биз уни олишингизни тезлаштириб юборамиз, кейин бошқа фуқароларимиз каби ҳимоямизда бўласиз. Ҳаммасини қиламиз, сиз булардан ҳеч ташвиш чекманг", дейишди.

Мен ҳарбий хизмат ўтамаганимни, қўлимга қурол олишни ҳам билмаслигим, оддий мигрант эканимни айтдим. Ҳаммасини у ерда ўргатишади, 2-3 ой тайёргарлик кўрасиз, деди. Нима десам, жавоб бериб мени олиб кетмоқчи бўлишди, охири ўша ерда қароримни кескин айтдим: "Мен ҳеч қаерга бормайман!"

Уларга ишлагани келганман, ишлаб пул топаман, мени тинч қўйинглар, дедим.

Кескинроқ гапирганимдан кейингина мени у ердан қўйиб юборишди.

иқтибос

Сизга бу ҳодисаларни қисқа қилиб айтиб бераяпман. Аслида 10-15 кун бошим қотиб юрганман. Ичимда қўрқув пайдо бўлган. "Нима қилдим, энди нима бўлади", деб хавотирланганман.

Улар одамларни урушга деб эмас, ҳарбий хизматга деб чақираяпти. Россия паспортини олиш учун хизматга деб урушга олиб кетишаяпти.

Жуда кўпчилик бораяпти, фақат билдиришмаяпти, холос. Уларни бу яширин ишларини очиш, текшириш, назорат қилиш керак.

Ҳар бир мигрантни полиция ё куч ишлатар тизимлари ходими сўроқ-саволга тутганида, мигрантлар гапини топа олмай қолади.

Депорт қиламан деса, нима деяётганини билмай қолади одам.

Буларнинг тилини қисадиган гап шу: ҳозир жарима соламан, депортация қиламан.

Бизнинг бу ерда юришимиз-яшашимиз ноқонуний бўлса, миграция қайдимиз бўлган манзилда яшамасак, бизни "олиб кираман" деса, исталган йўл билан 5 дақиқада олиб кириб қўяди.

Биз вақтида юристга қўнғироқ қилиб ёрдам сўрай олмасак, юристларни хизмати пуллик бўлса, мигрантда унақа пул нима қилади?!

Булар мана шундай вазиятлардан фойдаланишаяпти.

Мен рус тилида эркин гапирганим учун, неча йиллардан бери шу ерда юриб, яхши билганим учун аниқ ва лўнда саволларига жавоб бердим. Менинг ўрнимда бошқа фуқаро бўлганида, ё қўрққанидан кетиб юборарди, ёки уни қўрқитиб олиб кетишарди. Ва шундай қилишаяпти ҳам.

Ўзимнинг бошимдан ўтгани учун буни бемалол айта оламан. Бўлмаса, ўзинг хоҳлаб кетгансан-да, дейишарди. Бу ерда алдаб, қўрқитиб, керак бўлса, босим қилиб мигрантларни олиб кетишаяпти".

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

линейка