Озарбайжон президенти матбуотни қандай қўлга ўргатиб, ўзидан қўрқитиб қўйди?

Илҳом Алиев нутқи олиб узатилаётган пайт.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Озарбайжондаги кўплаб журналистларнинг кетиш ёки қамоққа тушишдан бошқа танлови йўқ...
    • Author, Маҳаррам Зейналов
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Озарбайжон президенти журналистларнинг четдан маблағ олишини ёқтирмайди. Бироқ унинг йигирма йиллик ҳокимияти даврида мамлакатда мустақил матбуот учун дош бериб бўлмас шароитлар яратилди ва журналистлар Европадан ҳомийлар излашга мажбур бўлди. Энди бу ҳам қонунга хилоф бўлиб қолди ва ўнлаб журналистлар қамоққа ташланди, мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар сони эса, Илҳом Алиев бошқаруви тарихида илк бор 300 дан ошиб кетди.

Алоқадор мавзулар:

Skip Бизга аъзо бўлинг: and continue readingБизга аъзо бўлинг:

End of Бизга аъзо бўлинг:

Илҳом Алиев
gettyimages
Илҳом қатағонлар ва матбуотга нисбатан қаттиқроқ. Лекин бу унинг феъл-атвори қаттиқроқ бўлгани учун эмас, балки одам ва сиёсатчи сифатида заифроқ бўлгани учун – отаси кучлироқ эди
Чингиз Султонсой
“Озодлик” радиосининг Озарбайжон бўлими собиқ муҳаррири (батафсил: bbc.com/uzbek да).

2024 йил ноябрининг иккинчи ҳафтасида Бокуда БМТнинг иқлим бўйича саммити бошланганида, баъзилар хорижий меҳмонларнинг ташрифи ва Озарбайжоннинг дунёга очиқликка интилиши туфайли ҳукумат шу йил давомида қамоққа олинган ўнлаб журналистларни озод қилишга мажбур бўлади, деб умид қилишганди.

Бошқалар эса, аксинча, саммитдан сўнг қамоққа олишлар давом этади, деб айтишарди.

Иккинчиси тўғри бўлиб чиқди. Ўша жума куни MeydanTV суриштирув нашри журналисти Рамин Деко ҳибсга олинди, полициянинг айтишича, валюта контрабандасида айбланмоқда. Қолган журналистлар эса сўроқ қилиш учун олиб кетилди.

Қамоққа олишлар бир йил аввал бошқа суриштирув сайти – AbzasMedia ходимлари билан бошланган эди, улар деярли тўлиқ таркибда қамоққа тушган. Уларнинг ортидан бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва хорижий ОАВ билан алоқадор сиёсатчилар панжара ортига жўнатилди. Кейин олимлар, озчиликлар ҳуқуқлари ҳақида мақолалар ёзган муаллифлар қўлга олинди.

"Озарбайжон сиёсий маҳбусларини озод қилиш" иттифоқи (унга энг таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларининг бир қатори аъзо, уларнинг баъзилари ўзлари ҳам қамоқхоналарда бўлишган) маълумотларига кўра, мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар сони 300 кишидан ошиб кетди.

Улар орасида журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, партия фаоллари ва армияда қийноқларга дучор бўлганлар бор. Иттифоқнинг таъкидлашича, бу аср бошидан бери мамлакатда бундай кўп сиёсий маҳбус бўлмаган.

Кузатувчилар дастлаб қамоққа олишлар сабаблари ҳақида тахминлар қилишди, АҚШ билан муносабатларнинг ёмонлашуви, 2024 йил февралида (ўша пайтда) бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари ҳақида гапиришди, аммо ҳаммаси оддийроқ бўлиб чиқди.

Севинж Вагифқизининг кўча портрети

Сурат манбаси, ILQAR MIRZA

Сурат тагсўзи, AbzasMedia муҳаррири Севинж Вагифқизи бир йилдан бери панжара ортида сақланмоқда. Унинг ҳибсга олиш муддати вақти-вақти билан узайтирилади.

Гап пулда...

"Биз, ҳар қандай давлат сингари, ўз ахборот маконимизни ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилишимиз, қонунларга барча риоя қилиши керак. Озарбайжонда эркин жамият бор, шу жумладан, ОАВ вакиллари ҳам," деган эди Озарбайжон президенти шу йил баҳорда.

У 2023 йил кузида бошланган журналистлар ва фаолларни қамоққа олиш тўлқини уларнинг хориждан молиялаштирилиши билан боғлиқлигини тан олди ва бу қамоққа олишларни очиқчасига қўллаб-қувватлади.

Биринчи қурбон Европа грантларини олган AbzasMedia – суриштирув ОАВи бўлди. Унинг таъсисчиси, муҳаррири ва ходимлари ўтган йил охирида ҳибсга олинган.

AbzasMedia журналистлари Озарбайжон Арманистон билан уруш натижасида қайтариб олган Қорабоғнинг вайрон бўлган қишлоқлари ва унга чегарадош ҳудудларни тиклаш учун ажратилган маблағлар қаерга сарф бўлаётганини аниқламоқда эди. Уларнинг коррупцияга оид терговларида кўпинча президент оиласи тилга олинарди.

Кейин йирик суриштирувлар билан шуғулланмаган, бироқ чет эл маблағларини олган ОАВлар – Kanal13, Toplum TV, Meclis.info навбатга тушди.

Деярли барча айбланувчилар валюта контрабандаси айби билан қамоққа олинди. Бунга Озарбайжон бир неча йил давомида изчил ўзгартириб келган қонунлар асқатди.

Рассомлар уюшмаси биноси ёнидаги баннерда “Озарбайжон рассомлари доим сиз билан!” деган ёзув бор.
Сурат тагсўзи, Рассомлар уюшмаси биноси ёнидаги баннерда "Озарбайжон рассомлари доим сиз билан!" деган ёзув бор.

Озарбайжонча "чет эл агентлари" тўғрисидаги қонунлар

2014 йилда, кейин эса 2022 йилда мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва матбуотни чет элдан молиялаштиришни жиддий чекловчи қонунлар қабул қилинган эди.

2014 йилдан сўнг "грантлар тўғрисидаги қонун"га ўзгартиришлар киритилгач, давлат нодавлат нотижорат ташкилотларини грантларни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказишга мажбур қилди ва бу рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳуқуқини ўзига олди.

Шундан сўнг халқаро ҳомийлар Озарбайжонни оммавий равишда тарк эта бошлади. 50 дан ортиқ халқаро ташкилот Озарбайжондан чиқиб кетди. Демократик ташаббуслар институти раҳбари Акиф Гурбановнинг айтишича, қонун нодавлат секторни жамоатчилик майдонидан сиқиб чиқарди ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини амалда фалаж қилиб қўйди. Гурбановнинг ўзи ўтган йил кузидан бери валюта контрабандаси айблови билан тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

2022 йилда кучга кирган кейинги қонун журналистларга чет эл маблағларини олишни бутунлай тақиқлаб қўйди ва уларга ягона давлат реестрида рўйхатдан ўтиш, судланмаганлик ва давлатга шахсий маълумотларнинг кенг рўйхатини тақдим этиш мажбуриятини юклади.

Танқидчилар бу қонун амалда журналистларни амалдорларга тенглаштириши ҳақида гапирганлар. Медиа ҳуқуқшунос Алескер Мамедлининг сўзларига кўра, қонунда журналистларга қўйилган талаблар атай ошириб юборилган ва у репрессия қуролига айланади. Алескер Мамедлининг ўзи шу баҳордан бери валюта контрабандасида айбланиб, тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Баҳруз Самедов кўчада. Шахсий архивдан олинган сурат

Сурат манбаси, BAHRUZ SAMADOV

Сурат тагсўзи, Олим Баҳруз Самедов шу йилнинг ёзида давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган, ҳукуматпараст матбуот эса унинг танқидий мақолаларини ёдга олган.

Янги босқич ва унинг сабаблари

Илгари, "Озарбайжон сиёсий маҳбусларини озод қилиш" иттифоқи маълумотларига кўра, йиллар давомида сиёсий сабабларга кўра қамоқларда ва терговда бўлганлар сони ўртача 100 дан сал кўпроқ эди, аммо шу йил баҳоридаёқ бу рўйхатда 300 га яқин исм пайдо бўлди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Элдар Зейналовнинг фикрича, журналистларнинг ҳибсга олиниши кўргазмали хусусиятга эга, чунки AbzasMedia каби танқидий оммавий ахборот воситалари кенг оммалашмаган эди.

"Уларни ўз материалларида аниқ айтганлари учун эмас, балки бошқаларга сабоқ бериш учун таъқиб қилишмоқда, – дейди у. – Шу маънода, таъқиб қурбонининг кўриниши қанчалик беозор бўлса, психологик таъсир шунчалик кучли бўлади."

Бу ҳолда, дейди у, ҳатто гувоҳ сифатида жалб қилинган журналистлар ҳам қўрқиб қолишди: "Ҳаммага яхши маълумки, гувоҳ ўзининг эҳтиётсиз кўрсатмалари асосида осонгина айбланувчига айланиши мумкин."

"Озодлик" радиоси Озарбайжон хизматининг собиқ муҳаррири Чингиз Султансой қатағонларнинг янги босқичини Бокуда Украинадаги уруш тугашидан қўрқиши билан изоҳлайди. Агар Россия мағлуб бўлса, унинг авторитар режимларни қўллаб-қувватлаши йўққа чиқади, деб ҳисоблайди у.

"Бу сиёсий майдонни навбатдаги тозалаш, кутилмаган ғалаёнлар юзага келиши олдини олишдир, – дейди Султонсой. – Ҳокимият одамлар кутилмаганда энг кутилмаган сабабларга кўра кўчага чиқиши мумкинлигини билади, 2020 йилда бу пандемия бўлиши мумкин эди."

Бундан ташқари, Султансойнинг фикрича, Алиев ҳамкасбларини ҳибсга олиш учун қулай пайтни танлаган – АҚШда сайлов кампанияси кетаётган, Европа эса Украинадаги уруш билан жуда банд эди. 2015 йилда, "Озодлик" радиосининг Боку бюроси ёпилгандан сўнг, Султонсой Европага кўчиб кетди.

Хандақдан кўриниш. Олдинда Калашников автомати, ўртада дурбин билан қараган аскар, орқада эса тоғлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қорабоғдаги уруш Озарбайжонда рухсат этилган кам сонли сиёсий мавзулардан биридир.

Матбуотни ватанни севишга қандай ўргатишади

"Полиция бўлимида менга нима учун Қорабоғ ҳақида эмас, коррупция ҳақида ёзяпсан, дейишди?" – деди ҳибсга олинган куни AbzasMedia раҳбарларидан бири Улви Ҳасанли ўзининг сўнгги аудио хабарида.

Арманистон билан Қорабоғ атрофидаги можаро Озарбайжон оммавий ахборот воситалари учун муҳокама қилиниши мумкин бўлган асосий мавзулардан биридир. Расмий кун тартибида, ҳукуматга тарафдор оммавий ахборот воситаларида айниқса, асосан Озарбайжон ва унинг президенти буюклиги, шунингдек, арманларга қарши ахборот уруши ҳақида ҳикоя қилинади.

Чет элдан молиялаштиришни тўхтатиш ва мамлакатда қолган сўнгги журналистларни давлат молияси ва давлат кун тартибига "ўтишга" мажбур қилиш – расмийлар нимага эришаётгани ҳақидаги саволга анонимлик шарти билан Би-би-сига шундай жавоб беришади.

Мамлакатда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш давлат агентлиги мавжуд бўлиб, ҳукумат садоқатли журналистларга улар учун махсус қурилган уйларда хонадонлар тарқатади.

Алиев 2015 йилда журналистлар учун биринчи уйнинг очилиши маросими чоғида.

Сурат манбаси, AZERTAG

Сурат тагсўзи, Алиев 2015 йилда журналистлар учун биринчи уйнинг очилиши маросими чоғида.

Ким мусиқага буюртма беради

Қолган мустақил журналистларга кўпинча "чет элга ишлаш," чет эл манфаатларига хизмат қилишларини таъна қилишади. Лекин уларнинг кўпчилиги бугун "партия чизиғи"га амал қилмайдиган журналистларда хорижий ОАВда ишлашдан бошқа танлов қолмаганини эътироф этмоқда.

Мамлакатдан чиқиб кетган журналист Айтян Фарҳодованинг айтишича, эркин фикрловчи журналистлар чет эл оммавий ахборот воситаларидан иш излашга мажбур бўлмоқда, чунки маҳаллий ҳокимият назорати остида бўлмаган нашрлар шунчаки қолмаган.

У 2000 йилларда Озарбайжоннинг маҳаллий ҳомийлар, тиражлар ва рекламалар ҳисобига фаолият юритган "Экспресс" газетасида ишлаган. Лекин бу даромад манбаи энди йўқ. Кўп йиллардан бери Озарбайжон журналистлари ҳукумат матбуотни доимий равишда даромад манбаларидан маҳрум қилгани, матбуот тарқатиш саноатини монополлаштиргани ва йирик компанияларга ҳукуматга ёқмайдиган нашрларда реклама беришни тақиқлагани ҳақида шикоят қилишмоқда.

"Озарбайжон оммавий ахборот воситалари қандай қилиб хорижий пулларга, донорларга қарам бўлиб қолди, деб сўраш керак, – дейди журналист. – Бу вазиятни ҳозирги Озарбайжон давлати яратди." Ҳозирда у Тбилисидан туриб халқаро донорлар, шу жумладан, Европа давлатларининг элчихоналари томонидан қўллаб-қувватланадиган OC-Media Грузия нашри учун ишлайди.

Султонсой ҳокимият ҳар қандай матбуот кимнингдир шахсий сиёсий манфаатларига хизмат қилиши керак, деб самимий ишонади дейди: "Бу тахминлар соҳаси, бу одамлар биздан фарқли ўйлайди, ҳатто бир хил фактларга қарасалар ҳам; уларда дунёга ўз қарашлари, ўз дунёқараши, олдинги тажрибалардан шаклланган эътиқодлари бор."

Бироқ ҳокимият мамлакатда сўз эркинлиги бор деган гапларининг самимийлигига камдан-кам одам ишонади. Расман Озарбайжонда 5 мингдан ортиқ ОАВ, жумладан 25 та теле- ва 16 та радио-канал фаолият юритмоқда. Ҳокимият бу рақамларни фикрлар хилма-хиллигининг исботи сифатида келтиради.

Аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Мамлакатдаги машҳур телеканалларнинг аксарияти хусусий, бироқ амалда уларни ҳукуматга содиқ шахслар, баъзан собиқ амалдорлар назорат қилади. Масалан, ARB хусусий телеканалини илгари Ҳайдар Алиев номидаги жамғармада, шунингдек, телерадиокўрсатувларни лицензиялаш учун масъул бўлган Телевидение ва радиоэшиттириш кенгашида ишлаган Исмет Саттаров бошқаради.

Маҳаллий телевидениенинг одатий эфири – мусиқий кўрсатувлар ва ток-шоулар, агар сиёсат ҳақида гапирилса ҳам, у камдан-кам ҳолларда ва асосан "қардош Туркия" ва "душман Арманистон" каби қабул қилинган сиёсий клишелар доирасида бўлади.

Бундан 10 йил олдин таниқли журналист-суриштирувчи Хадича Исмоил бутун ОАВ тармоғини ўша пайтда Президент маъмуриятида бўлим мудири бўлган Али Ҳасанов бошқарганини аниқлаган эди. Айнан у билан боғлиқ радиостанция 2011 йилда Би-би-си Озарбайжон хизмати икки йил олдин эфирга узатган частотани олди.

Бундан сал олдин (2009 йилда) Ҳасанов хорижий медиа-ресурслар Озарбайжонда эфирга узатилмаслиги кераклигини айтган эди. Шундай бўлса-да, Би-би-си ўрнини эгаллаган радиостанция қисман Эрон фуқаросига тегишли эди.

Хадича Исмоилнинг ўзи иқтисодий жиноятларда айбланиб, бир ярим йил колонияда ўтирди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Интиқам Алиев ва журналист Хадича Исмоил фаолниг хонасида.
Сурат тагсўзи, Ҳуқуқ ҳимоячиси Интиқам Алиев ва журналист Хадича Исмоил ҳам қамоқхона ҳаётини бошидан кечирган.

Озарбайжонда хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишни рад этишаётган ва журналистларга чет элдан грантлар олишни тақиқлашаётган бир пайтда, мамлакатда тўғридан-тўғри Россия томонидан молиялаштириладиган бир нечта ташкилот фаолият юритмоқда. Бокуда Россиянинг "Спутник" агентлигининг маҳаллий бўлими ҳам бор, ўз сайти, Telegram канали ва матбуот марказига эга.

Би-би-си Аудиовизуал кенгаш, Матбуот кенгаши ва 2000-йилларда журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган парламент депутати Афлотун Амашовга сўров юборди. Унда биз ҳокимиятнинг Россия томонидан молиялаштириладиган ташкилотларга муносабати Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ташкилотларга муносабатидан фарқ қилиши сабабини сўрадик ва ҳокимият таъқиб қилаётган баъзи журналистлар илгари Озарбайжондаги мустақил ОАВда ишлаганини таъкидладик.

Улар фақат ўз нашрларини ёпгандан сўнг хорижда молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларида иш излай бошладилар. Биз бундай вазиятда журналистларга қамоққа тушмаслик учун қандай ишлаш таклиф этилишини сўрадик.

Биз мурожаат қилган шахсларнинг ҳеч бири саволларимизга жавоб бермади.

Озарбайжон журналистлари йилига бир марта 2005 йилда ўлдирилган ҳамкасблари Элмар Ҳусейнов қабрига келиб, унинг хотирасини ёд этишади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Озарбайжон журналистлари йилига бир марта 2005 йилда ўлдирилган ҳамкасблари Элмар Ҳусейнов қабрига келиб, унинг хотирасини ёд этишади.

"Ота кучлироқ эди"

Президент Илҳом Алиев ўз бошқаруви остида мамлакатда сўз эркинлиги тўлиқ таъминланганини кўп марта таъкидлаган.

"Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш биз учун устувор масаладир ва, айтишим мумкинки, Озарбайжон бу соҳада катта ютуқларга эришди," деган эди у.

Бироқ биз мамлакатдан қочган, қамоқда ўтирган, касбини тарк этган озарбайжон журналистлари бу аср бошларида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида, Озарбайжоннинг ҳозирги президентининг отаси – Ҳайдар Алиев ҳокимият тепасида бўлганида матбуот нисбатан эркинроқ нафас олганини эслашлари ҳақида ёзган эдик.

Ўшанда маҳаллий радиочастоталарда Би-би-си Озарбайжон хизмати ва "Озодлик" радиосининг Боку бюроси эшиттирарди, мустақил газеталар мавжуд эди, ANS хусусий мустақил телеканали эса ўзининг танқидий материаллари билан машҳур эди. Оддий фуқаролар орасида майда маиший муаммолар юзага келганда амалдорларга қилинадиган таҳдид мемсифат ибора пайдо бўлган эди: "Ҳозир ANSни чақираман."

Дарҳақиқат, "Чегарасиз мухбирлар" халқаро ташкилоти 2002 йилдаги ОАВ эркинлиги индексида Озарбайжонни дунёда 101-ўринга, Россиядан 20 поғона юқорига қўйган эди. Бугунги кунда у бутун давр мобайнидаги энг паст – 164-ўринда, ҳатто Украинага қарши босқинчилик урушини олиб бораётган, хорижий агентлар ва номақбул ташкилотлар тўғрисидаги репрессив қонунларга эга Россиядан ҳам пастроқда жойлашган.

Султонсой буни ҳозирги президентнинг отаси Ҳайдар Алиев ҳокимиятга узоқ йўл босиб келган нуфузли сиёсатчи бўлганлиги билан изоҳлайди. "Бундай йўл сўзингиз ва ҳаракатларингиз учун масъулият юклайди, – дейди журналист. – Илҳом [Алиев] эса тайёрига келганди."

Мутахассиснинг таъкидлашича, Ҳайдар Алиев даврида журналистларни қасддан ўлдириш ҳолатлари бўлмаган, Илҳомнинг дастлабки йиллари эса машҳур сиёсий журнал "Monitor" муҳаррири Элмар Ҳусейновнинг шов-шувли ўлдирилиши билан эсда қолган, бу жиноят ҳали ҳам очилмаган.

"Илҳом қатағонларда ва матбуот билан муносабатларда қаттиқроқ, – дейди Султонсой. – Лекин бу унинг феъл-атвори қаттиқроқ бўлгани учун эмас, балки у одам ва сиёсатчи сифатида заифроқ бўлгани учун – отаси кучлироқ эди."

Озарбайжонлик журналист Афган Садигов Озарбайжонга экстрадиция қилиниши мумкин, у ерда уни қамоқхона кутмоқда

Сурат манбаси, SEVİNJ SADİGOVA

Сурат тагсўзи, Озарбайжонлик журналист Афган Садигов Озарбайжонга экстрадиция қилиниши мумкин, у ерда уни қамоқхона кутмоқда.

Касбдан кетган, мамлакатни тарк этган ёки хорижий оммавий ахборот воситаларида ишлаётган кўплаб озарбайжонлик журналистлар фаолиятларини Озарбайжон нашрларида бошлаганлар, бу нашрлар ҳозир чоп этилмайдиган газеталарда, лицензиядан маҳрум бўлган радиостанциялар, аллақачон ёпилган веб-сайтлардир. Аммо чет элга кетганлар ҳам ўзларини хавфсиз ҳис қилмайди.

Озарбайжондан Грузия, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларга кетган мухбирларга ҳужум қилингани ҳақида хабар берилган. Таниқли журналист-суриштирувчи Афғон Мухторли 2017 йилда Грузияда ўғирлаб кетилган ва Озарбайжонга олиб келинган.

Ўша Грузияда тўрт ойдан бери унинг адаши ва ҳамкасби Афган Садигов Озарбайжонга депортация қилинишини кутиб қамоқда турибди, у ерда уни фирибгарликда айблашмоқда. Очлик натижасида, хотини ва адвокатларининг айтишича, унинг соғлиғи кескин ёмонлашган, у ногиронлар аравачасида юради ва шифокорлар назорати остида.

У ўз ватанида икки йил қамоқда ўтирган ва сиёсий маҳбус ҳисобланган. Бир йил олдин эса, кўпчилик каби, у ҳокимиятни танқид қилувчи ҳамкасб журналистларнинг оммавий қамоққа олиниши тўлқинида Озарбайжондан қочган. Ҳокимият уларни 20 йилдан бери бўйсундиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳайдар Алиев маркази
Сурат тагсўзи, Ҳайдар Алиев маркази мамлакатдаги марҳум президент номи билан аталган кўплаб иншоотлардан биридир.