Қирғизистонда журналистлар 6 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар ҳокимиятдаги коррупция ва оилавий бизнесни текширишганди

Сурат манбаси, Nurlan Beishebaev RFE/RL
Бишкекда "Temirov Live" ва "Айт Айт Десе" YouTube каналларининг 11 нафар журналист-суриштирувчиси устидан суд жараёни якунланди. Лойиҳалар раҳбари Махабат Тожибек қизи 6 йилга озодликдан маҳрум этилди ва унинг яна уч ходими айбдор деб топилди. Лойиҳалар асосчиси Болот Темиров бу Қирғизистон ҳукуматининг уларнинг журналистик фаолияти учун қасоси эканига ишонишини айтди.
Алоқадор мавзулар:
10 октябрь куни Бишкекдаги суд коррупцион схемалар ва нуфузли амалдорлар қариндошларининг мол-мулки юзасидан журналистик суриштирув билан шуғулланган "Temirov Live" ва "Айт Айт Десе" YouTube каналларининг амалдаги ва собиқ ходимларига нисбатан ҳукм чиқарди.
Лойиҳалар раҳбари Махабат Тожибек қизи ва оқин (шоир-импровизатор) Азамат Ишенбеков оммавий тартибсизликларга даъват қилишда айбдор деб топилди, деб маълум қилди уларнинг адвокати Нурбек Сидиқов.
Суд Тожибек қизига 6 йил колония, оқинга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Яна икки журналист Актилек Капаров ва Айке Бейшекенова оммавий тартибсизликларга даъват қилишда айбдор деб топилди. Журналистларга уч йиллик пробация (ахлоқ тузатиш чоралари) тайинланди. Суд ишнинг бошқа етти нафар иштирокчисини оқлади.

Сурат манбаси, .
Журналистлар адвокати суд Тожибек қизининг ўғлини ижтимоий ҳимоя органларига, кейинчалик болалар уйига топшириш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
Адвокатнинг тушунтиришича, судья Тожибек қизининг 12 ёшли ўғлига васийлик белгиланиши учун унинг колонияга қамалгани ҳақида ижтимоий ҳимоя органларини хабардор қилишга қарор қилган.
Сидиқов ва журналистларнинг бошқа адвокатлари ҳукм устидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилишни режалаштирмоқда.
"Бу қасос"
"Temirov Live" ва "Айт Айт Десе" лойиҳалари асосчиси Болот Темиров айтишича, айблов ҳукми Қирғизистон Президенти Садир Жапаров оиласи ва унинг атрофидагилар ҳақида журналистик суриштирувлар учун "қасос"дир.
"Биз президент маъмурияти ишлар бошқарувчиси Қанибек Туманбаев ўзига таниш шахслар орқали қурилиш компаниялари очганини ва барча йирик давлат лойиҳалари [президентнинг] ўғли Рустам Жапаров номига рўйхатдан ўтган ушбу одамлар ва компаниялар орқали амалга оширилаётганини фош этдик," деди Темиров.
У қўшимча қилишича, жиноят иши материалларида журналистларнинг 16 та видеоролиги мавжуд. Роликлардан бирида Махабат Тожибек қизи сўнгги 30 йил ичида Қирғизистондаги давлат тўнтаришлари ҳақида ҳикоя қилади.
"Бу [видеода] инқилоблар бир гуруҳнинг бошқаси билан алмашишидан бошқа ҳеч нарсага олиб келмагани ҳақидаги сўзлар бор эди. Бу қандай қилиб оммавий тартибсизликларга даъват бўлиши мумкин? Агар видеонинг ўзида одам инқилоблар керак эмас, деб турган бўлса. Улар [тергов ва суд] ҳокимиятни танқид қилиш оммавий тартибсизликларга олиб келиши мумкин, деб даъво қиляпти. Улар тахмин асосида шундай қарор чиқаряптилар," дея норозилик билдирди журналист.
"Temirov Live" жамоасини жиноий таъқиб қилиш 2022 йилда, лойиҳа асосчиси Болот Темиров гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида тайёрлашда айбланиб қўлга олинганда бошланган. 2022 йил ноябрь ойида журналистнинг қирғиз паспорти бекор қилиниб, у Қирғизистондан Россияга депортация қилинган.
Журналистларни нимада айблашди?

Сурат манбаси, Sanjar Eraliev RFE/RL
Январь ойи бошида Бишкек милицияси "Temirov Live" ва "Ayt Ayt Dese" YouTube каналларининг 11 нафар амалдаги ва собиқ ходимларини ҳибсга олди. Жумладан, журналист Актилек Капаров қўлга олинишидан бир ярим йил олдин "Temirov Live"дан ишдан бўшаган эди.
Журналистларга қарши жиноят иши қўзғатилишига шу номдаги YouTube каналида чиқарилган видеолар сабаб бўлди. Терговчилар уларни оммавий тартибсизликларга чақириқларда айблади.
Кейинчалик журналистлар ҳимоячилари уч нафар эксперт хулосаси ишни очиш учун ягона асос бўлганини айтишди. Ҳуқуқшунослар эса берилган хулосаларнинг асоссизлигини таъкидлаб, уларда кўплаб қоидабузарликлар мавжудлигини айтмоқда.
Ҳибсга олинган 11 кишидан 4 нафари - Махабат Тожибек қизи, Актилек Капаров, Айке Бейшекеев ва Азамат Ишенбеков қамоқда қолдирилди, яна 7 нафар журналист уй қамоғига юборилди.
Тергов ҳибсхонасида сақланаётган вақтида Тожибек қизи назоратчиларнинг ёмон муомаласидан шикоят қилган. Май ойи бошида Болот Темиров ижтимоий тармоқларда икки қўли кўкарган, юзи шишган журналистнинг суратларини эълон қилди. Темировнинг айтишича, Тожибек қизини Бишкекдаги тергов ҳибсхонаси ходими калтаклаган. Бироқ жазони ижро этиш хизмати, ҳибсга олинган аёлга камерадошлари ҳужум қилган, деб хабар берди.
Ҳибсга олинган журналистларни Буюк Британия элчихонаси, АҚШ Давлат департаменти ва Европа Иттифоқи ҳимоя қилди. "Amnesty International" ва "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматини "Temirov Live" ва "Ayt Ayt Dese" ходимлари устидан асоссиз айбловларни олиб ташлашга ва уларни озод қилишга чақирди.
Бошқа ОАВларни таъқиб қилиш
Freedom House халқаро ноҳукумат ташкилоти баҳолашича, 2021 йилдан бери Қирғизистон "эркин бўлмаган мамлакатлар" тоифасига киради. Президент Садир Жапаров ҳокимият тепасига келганидан кейин Қирғизистоннинг сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни сезиларли даражада ёмонлашди.
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти рейтингида Қирғизистон 48 поғонага пастлаб, 120-ўринни эгаллади.
Қирғизистонда ОАВ сайтларини судгача блоклаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу 2021 йил август ойида қабул қилинган сохта ахборотга қарши қонун билан жорий қилинди. Мустақил нашрлар тинтув ва таъқибнинг бошқа шаклларига дучор бўлмоқда.
16 июль куни Қирғизистон Олий суди Kloop.kg мустақил нашри тегишли бўлган "Клооп Медиа" фондини тугатиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Олий суд ҳукми бир ойдан сўнг маълум бўлди, суд мажлиси нашр вакиллари иштирокисиз ўтказилган.
"Клооп Медиа"га нисбатан прокурор Эмилбек Абдиманнопов даъво киритган. Прокурор ўз даъвосида нашр мақолаларининг аксарияти "давлат ва маҳаллий ҳокимият вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган салбий хусусиятга эга" эканлигини таъкидлаган. Нашр сайти Қирғизистонда 2023 йил сентябрь ойидан бери блокланган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















