КХШТ Қирғизистон ва Тожикистонни ўт очишни тўхтатишга чақирди Qirg'iziston Tojikiston

Миномёт снаряди келиб теккан Тез тиббий ёрдам автомобили

Сурат манбаси, Пресс-служба мэрии Исфары

Қирғиз-Тожик чегарасида яна инсоний талофатларга олиб келган тўқнашувлар рўй берди. Яна томонлар можаро келиб чиқишида бир-бирларини айбладилар. Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам аъзоси ҳисобланган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Хабарларга кўра, ҳодиса Тожикистонга тегишли Хўжаи Аъло аҳоли масканида Тожикистон фуқароси олиб кетаётган қум ортилган автомобиль Қирғизистоннинг Боткен вилояти Оқсой қишлоғи яшовчилари томонидан тўхтатилгани ортидан келишмовчилик келиб чиққан.

Бир ҳафта олдин ҳам тожикистонлик ҳайдовчи тошбўрон қилингани хабарлари тарқалганди.

Сўнгги келишмовчиликни икки мамлакат расмийлари ва кучишлатар тизимлари иштирокидаги учрашувда ҳал этишга келишилган, бироқ Тожикистон томонига кўра, Қирғиз вакиллари учрашувга келмаганлар, Қирғиз чегарачилари эса тинч Тожик фуқароларига қарата ўт очган.

Шундан сўнг Қирғизистоннинг Кўк Тош қишлоғидаги чегара заставасида, Торт Кочо ва Уч Добо деган жойларда икки мамлакат чегарачиларининг ўқотар қуроллардан фойдаланилган тўқнашувлари бошланиб кетган.

Карта

Томонлар миномёт ва дронларни ишга солганлари ҳақидаги айбловлар илгари сурилди.

Тожик расмийларига кўра, Хўжаи Аъло қишлоғидаги ҳовлига миномёт снаряди келиб тушгани оқибатида бир инсон, шу қишлоққа ёрдамга борган Исфара шаҳар "Тез ёрдам" автомобили ҳайдовчиси ҳалок бўлганлар.

Тожикистон 10 инсон яралангани, улардан олти нафари тинч фуқаролар эканини хабар қилди.

Қирғизистон расмийларига кўра, ҳодисада 11 Қирғиз ҳарбийси яраланган.

Ярим тунга бориб, ўт очиш тўхтатилгани хабар қилинди.

Чегарага яқин Қирғизистон қишлоқлари аҳолиси эвакуация қилинган.

Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам аъзоси ҳисобланган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти Бош котиби Станислав Зась томонларни чегаралардаги ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган, у Тожикистон ва Қирғизистон хавфсизлик кенгашлари котиблари билан телефонда сўзлашганини маълум қилган.

Можарони ҳал этишда КХШТ Қирғизистон ва Тожикистонга ёрдам беришга тайёрлиги айтилган.

Бу Қирғиз-Тожик чегарасида охирги икки йилда иккинчи марта кузатилган қонли тўқнашувлардир.

Тожикистоннинг Ворух эксклави Қирғизистон ҳудудининг ичида жойлашган.

Ворухда 35000 тожикистонлик истиқомат қилади.

Уларни Тожикистон билан фақат битта йўл боғлайди.

Бу йўлнинг тўсиб қўйилиши, сув ва ер устида чиққан жанжаллар бундан олдин ҳам Қирғизлар ва Тожиклар ўртасида инсоний ҳалокатларга олиб келган.

Ўтган йили апрелида Оқ Сув деб номланган сув айиргич атрофида келиб чиққан можаро икки томондан катта сондаги ҳарбийлар ва ҳарбий техника иштирокидаги қуролли тўқнашувларга айланиб кетганди.

Оқибатда 173 инсон жабр кўргани, 34 Қирғизистон фуқароси, 12 Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek