Россия ёлланма жангарилари Африкада тинч мусулмонларни ўлдирмоқдами?

Quyosh osmonda past bo'lgan paytda Mavritaniyadagi M'berra qochqinlar lagerida Malidan ikki kishining siluetlari.
    • Author, Томас Наади
    • Role, BBC Африка
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Диққат: ҳикояда қийноқ ва жисмоний зўравонлик тасвирлари бор. Айрим ўқувчилар дилини хира қилиши мумкин.

Дўкондорлардан бири Би-би-сига Малидаги жиҳодчиларга қарши урушаётган россиялик ёлланма жангарилар унинг кўз олдида икки кишини совуққонлик билан ўлдиргани, сўнг бармоқларини кесиб ташлаш ва уни ҳам ўлдириш билан таҳдид қилганини айтиб берди.

Бу Би-би-си тўплаган бир нечта шунга ўхшаш гувоҳликлардан бири бўлиб, рус ёлланма жангариларининг Ғарбий Африка давлатида исломий жангариларга қарши шафқатсиз операцияда қўллаган усулларини кўрсатади – инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу усулларни қоралаган.

2021 йилда Малида ҳокимиятни эгаллаган ҳарбий хунта француз қўшинларини қўзғолонни тўхтата олмаганликда айблаб, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилди. Хунта Россия томонга юзланди, ўша пайтда Кремль билан боғлиқ бўлган "Вагнер" ёлланма жангариларидан ёрдам сўради.

Шундан сўнг "Вагнер" мамлакатдан чиқиб кетди ва унинг ўрнини Россия мудофаа вазирлигига бўйсунувчи «Африка корпуси» эгаллади.

Ўтган ой Ташқи алоқалар бўйича Европа кенгаши эълон қилган ҳисоботда айтилишича, "Вагнер" ёлланма аскарларининг баъзилари жорий йил ўрталаригача фақат таклиф билан қабул қилинадиган Telegram гуруҳда ўз ваҳшийликларини намойиш этган.

Улар "қўзғолончилар ва тинч аҳолига нисбатан қотиллик, зўрлаш, қийноқлар, одам гўштини ейиш ва жасадларни таҳқирлаш ҳолатлари акс этган фотосуратлар ва видеоларни мунтазам равишда бўлишишган," дейилади хабарда.

Июнь ойида "Africa Report" нашри "Вагнер"га алоқадор Telegram каналга "кириб", ваҳшийликлар тасвирланган 322 та видео ва 647 та фотосуратни, жумладан, кесилган бошлар ва ўйиб олинган кўзларни, шунингдек, "ирқчиликка тўла" хабарларни топганини маълум қилди.

The clasped hands of a Malian woman called Bintu, who is in a blue outfit and lives in M'berra refugee camp in Mauritania
BBC
"Vagner" nomini eshitganimda, o‘zimni majruh his qilaman. Qo‘rqaman. "Vagner" so‘zini yomon ko‘raman, u menga musibat keltirdi".
Bintu
Malilik qochqin (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Биз суҳбатлашган дўкондор Малидан қочиб, ҳозир Мавританиядаги қочқинлар лагерида яшамоқда. Биз унга Аҳмад деб исм қўйдик ва ушбу мақолада келтирилган барча қурбонларнинг исмларини уларнинг хавфсизлиги учун ўзгартирдик.

У Би-би-сига айтишича, унинг бошидан ўтганлар "Вагнер" жангарилари 2024 йил август ойида Нампала марказий шаҳридаги у ишлайдиган катта дўконга келганида бошланган.

Унинг айтишича, харидорлар олдида "Вагнер" жангарилари унинг хўжайинини ҳибсга олмоқчи бўлган ва уни минтақада кучли таъсирга эга жиҳодчилар билан ҳамкорлик қилганликда айблаган.

"Улар мени машинага тиқиб, қўлларимни боғлашди," дея қўшимча қилди у.

"Вагнерчи пичоқни олиб, бармоғимга қўйди ва «Дўкон эгаси қаерда?» деб сўради. Мен унга [пойтахт] Бамакода эканлигини айтдим, лекин у: «Нотўғри жавоб», деди."

Аҳмаднинг айтишича, таржимон орқали гапирган вагнерчилар уни яхши мустаҳкамланган Мали ҳарбий базасига олиб бориб, ангарга қамаб қўйишган.

"Мен ва учта вагнерчи ангарда эдик. Улар идишни сувга тўлдириб, кийимларимни ечишимни буюришди. Шундай қилдим. Бошимни сувга шунчалик ботирдики, нафасим бўғилиб, йиқилиб тушдим. Кейин улар оёқларини кўксимга қўйишди, нафас олишим қийинлашди.

"Сўнг улар бошимни яна сувга тиқишди ва мендан иккинчи марта дўкон эгаси ҳақида сўрашди, мен яна у Бамакода эканлигини айтдим," дейди Аҳмад ва қийноқлар учинчи марта такрорланганини, ўзи эса худди шундай жавоб берганини қўшиб қўйди.

Ушбу синовдан сўнг, Аҳмаднинг айтишича, уни кичик ҳожатхона блокига ташлашган, у ерда у билган бошқа маҳаллий одамлар, жумладан, Ҳусайн ҳам бор эди. У шу қадар қаттиқ калтакланган эканки, Аҳмад дастлаб уни таний олмаган.

"Тахминан 40 дақиқадан сўнг улар Умарни [яна бир танишини] олиб келишди. У ҳам даҳшатли аҳволда эди. Уни қийнашганди. Биз ўша ҳожатхонада ухладик ва эртаси куни эрталаб улар бир бўлак нон ва кичик финжонда қаҳва олиб келишди," дейди Аҳмад.

Унинг айтишича, уни яна ангарга олиб кетишган, у ерда рус жангарилари унинг юзи ва бошига бинт ўрашган.

"Кўра олмасдим. Гапира олмасдим. Эшита олмасдим. Улар бўғзимга пичоқ тираб, таржимонга бу сўнгги имконият эканлигини айтишни буюришди. Агар ростини айтмасам, бошимни олишларини айтишди. Таржимонга қўлимдаги бор маълумотни берганимни айтдим."

Аҳмаднинг айтишича, улар кейин бинтни олиб ташлаб, уни ошхонага қамашган. У ерда икки нотаниш одам билан тунаб қолган – бири чорва молларини боқиб юрганида сабабини айтмасдан қўлга олинганини айтган этник туарег, иккинчиси эса туяларини қидираётганда қўлга олинганини айтган араб эди.

Malida tuareglik erkak yuk ortilgan tuyaga minib ketmoqda, uning oldida va orqasida yana bir tuya bor (arxiv surati)

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Мали шимолидаги кенг чўлларда яшовчи кўчманчи туареглар ва араб жамоаларига кўпинча шубҳа билан қарашади. Айниқса, ўн йилдан кўпроқ вақт олдин айирмачи туареглар қўзғолонини жиҳодчи гуруҳлар ўз назоратига олган бўлиб, улар ҳозирда асосан "ал-Қоида"нинг "Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин" шуъбаси байроғи остида ҳаракат қилмоқда.

Улар билан тунаб қолгач, Аҳмад уни яна ангарга олиб кетишганини айтди.

"Улар икки кишини [туарег ва арабни] олиб келиб, менинг олдимда бошларини танасидан жудо қилишди," дейди Аҳмад.

Қўрқиб кетган Аҳмад Би-би-сига кейин нима бўлганини айтиб берар экан, кўз ёшларини тийишга ҳаракат қиларди.

"Янги қонни ҳидлашим учун жасадлардан бирини менга яқин келтиришди ва: "Агар дўкон эгасининг қаердалигини айтмасанг, сен ҳам худди шу тақдирга дучор бўласан", дейишди."

Аҳмаднинг айтишича, "Вагнер" қўмондони Мали армияси зобитига қўнғироқ қилган, зобит дўкон эгаси жиҳодчилар билан алоқада эмаслигини айтгандан кейингина унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Аҳмад ўша қўмондон кейин уни, шунингдек, бошқа дўкон эгаси ва Умарни озод қилиш учун базага борганини айтди.

"У ерда 15 кун қолдим. Кейин хотиним ва болаларим билан Мавританияга кетишга қарор қилдим," дейди Аҳмад.

Би-би-си изоҳ олиш учун Россия ва Мали мудофаа вазирликларига мурожаат қилди, аммо улар ҳозирча жавоб бергани йўқ.

Актёр Жорж Клуни ва АҚШ ҳукуматининг собиқ амалдори Жон Прендергаст асос солган The Sentry гуруҳи август ойида эълон қилган ҳисоботида "Вагнер" жангарилари нафақат тинч аҳолига нисбатан зўравонлик қилгани, балки Мали ҳарбий тизимида "тартибсизлик ва ваҳима" уйғотгани, бу эса қўмондонларни жим туришга мажбур қилганини таъкидлади.

Ҳисоботда Мали амалдорининг вагнерчилар "французлардан ҳам баттар" экани ҳақидаги сўзлари келтирилган: "Улар менинг аскарларимни ўзларидан аҳмоқроқ деб ўйлашади. Биз ёмғирдан қочиб дўлга тутилдик".

Хавфсизлик ҳолати ёмонлашганига қарамай, ўз вазифасини "бажарилди" деб эълон қилган "Вагнер" жорий йил июнида Малидан чиқиб кетишини маълум қилди. Таҳлилчилар фикрича, унинг аксарият жангарилари «Африка корпуси»га қўшилган.

Сенегалдаги Тимбукту институти таҳлил маркази ҳисоб-китобларига кўра, Африка корпуси жангариларининг 70-80 фоизи илгари "Вагнер"да хизмат қилган.

"Аслида, Африка корпуси "Вагнер"нинг инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, судсиз қотилликлар ва қийноқлар бўйича меросини қабул қилди," дейилади июль ойида эълон қилинган ҳисоботда.

Бироқ, зўравонликни кузатувчи Acled гуруҳи дастлабки маълумотларга кўра, Африка корпуси хатти-ҳаракатлари "Вагнер"никичалик "тажовузкор эмас".

"Тинч аҳолини қасддан ўлдириш ёки оммавий ваҳшийликлар билан боғлиқ ҳодисалар сони сезиларли даражада камайди," деди Acled'нинг Ғарбий Африка бўйича катта таҳлилчиси Эни Нсайбиа Би-би-си билан суҳбатда.

Алоқадор мавзулар:

БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги маълумотига кўра, можаролар туфайли 50 мингга яқин киши Мавританиядаги Мберра қочқинлар лагерига қочишга мажбур бўлган.

Улар орасида Бинту ҳам бор. У Би-би-сига ўтган йили эрининг ўқдан илма-тешик бўлган жасади дарёга ташланганидан сўнг беш фарзанди билан қишлоғидан қочганини айтди. Маҳаллий аҳоли унга эри отда кетаётганда отиб ўлдирилганини айтишган.

"Болаларимга ким қарайди? Менга ким ғамхўрлик қилади?" деб сўрайди у лагердаги уйи олдидаги кичик майдончани супураётиб.

"Вагнер" номини эшитганимда, ўзимни мажруҳ ҳис қиламан. Қўрқаман. "Вагнер" сўзини ёмон кўраман, у менга мусибат келтирди".

Тўқ кўк кийим ва оқ салла ўраган яна бир қочқин Юсуф шийпон остида ўтирганида, Би-би-си мухбирлари у билан учрашди. У бошдан кечирган азоб-уқубат кўзларида акс этиб турарди.

У дўстлари билан Мавритания чегараси яқинида мол боқиб юриб, тоза сув олиш учун қудуқ ёнида тўхтаганида олисдан чанг-тўзон кўтарилганини эслайди.

Юсуфнинг айтишича, уларнинг олдига машина келган ва ундан "Вагнер" жангарилари тушиб, ҳеч қандай сабабсиз уларни калтаклай бошлаган – бу воқеани бир неча қочқин Би-би-сига сўзлаб берди.

Юсуфнинг эслашича, "Вагнер" жангариларидан бири "мени ушлаб, қудуққа ташлаш билан таҳдид қилган," аммо бошқаси бунга йўл қўймаган.

Унинг айтишича, шундан сўнг у ва унинг дўстлари ҳар бирида уч нафар вагнерчи бўлган турли машиналарга жойлаштирилган.

"Улар машинада кетаётганда йўл бўйи мени калтаклашди, тепишди, этиклари билан юзимни, бошимни босишди, кўксимга уришди. Молларимизга нима бўлганини билмайман".

Vagner askarining qo'lqopli qo'li va bilagining yaqindan ko'rsatilgan surati, unda uning kamuflyajli formasi va oq bosh suyagi tasvirlangan qora va oq Vagner logotipi ko'rsatilgan.

Сурат манбаси, Reuters

Дўстлари билан бирга у Лере шаҳри шимолидаги ҳарбий лагерга олиб кетилган ва у ерда қийноққа солинганини айтди.

"Бир киши темир таёқ кўтариб келди. У бизни шундай калтакладики, ўлиб қоладигандек бўлдим. Қўлларимизни қимирлатмаслик учун бир-биридан ажратиб боғлашди, сонларимизга, оёқларимизга қаттиқ уриб, қочиб кетишимизга йўл қўйишмади."

Юсуфнинг айтишича, уларни хонага судраб олиб киришган, калтаклашлар ҳушини йўқотгунча давом этган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

У ҳушига келганида қўллари дўстларидан бирининг ҳаракатсиз қўлларига боғлаб қўйилган экан.

"Кейин улар мотоциклни юзимга яқинлаштириб, моторни ишга туширишди ва мени тўлиқ уйғотиш учун бурнимга тутун пуркашди. Дўстимга ҳам шундай қилишди, лекин у жавоб бермади. У ўлиб қолган эди."

Юсуф дўстининг жасадига нима бўлганини билмаслигини айтди, аммо у ва унинг бошқа дўстлари яна ҳеч қандай тушунтиришсиз озод қилинган.

Mavritaniyadagi qochqinlar lagerida erkaklar, ayollar va bolalar chorva mollari bilan ko'rishmoqda (2022-yil 7-iyun)

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Собиқ дўкондор Аҳмаднинг айтишича, у ўзининг азобли тажрибасидан олдин "Вагнер" қандай қилиб оммавий ваҳшийликларга қўл урганини, бир сафар бутун Нампала шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни қамалга олганини кўрган.

У футбол майдонида тўпланишга мажбур қилинган аҳоли орасида бўлганини айтди. Ёлланма жангарилар сунъий йўлдош телефонидан фойдаланаётган деб гумон қилинган шахсни қидирган.

"Улар Сику Сиссейни чақиришди. У шунчаки анъанавий бош кийим кийган тасодифий одам эди. Улар унинг кийимларини ечиб, бочкага сув тўлдиришди ва оёқларидан ушлаб туришди. Кейин унинг бошини нафас ололмай қолгунча бочкага ботиришди," дейди Аҳмад.

Аҳмаднинг қўшимча қилишича, Мали аскарлари кузатиб турган, вагнерчилар кейинроқ одамларни қўрқитиш учун футбол майдонига белкурак ва чўкичлар олиб келишган. Улар сунъий йўлдош телефонидан фойдаланаётган шахсни кўрсатмасалар, ўз гўрларини ўзларига қаздириш билан қўрқитишмоқчи эди.

Унинг айтишича, кун бўйи жазирама қуёш остида тургандан сўнг, ёлланма жангарилар олиб кетган ва тақдири номаълум қолган бир кишидан ташқари, барча қўйиб юборилган.

Аҳмад "Вагнер" жангариларининг жавобгарликка тортилишини ва ваҳшийликлари учун жазоланишларини хоҳлашини айтди.

"Бу кечмиш мени таъқиб қилади. Даҳшатли тушлар кўраман," дейди у лагерда қоп-қора кийимда ўтираркан. У ўзининг оддий дўкондорлик ҳаётига қайтадими-йўқми, билмайди.