"Путин бизнинг президент, Вагнер бизнинг қаҳрамон": Европа давлатида Россияни нега бунчалик севишади? Янгиликлар, Уруш

- Author, Альбина Ковалева ва Йована Георгиевски
- Role, BBC Eye Investigations, Белград
2022 йил февралида Россия армияси Украинага бостириб кирганидан сўнг, дунёнинг қолган қисми кимнинг тарафини олишни танлаши керак эди.
Ғарб Москвага санкциялар киритди, аммо Европанинг бир давлати учун бу танлов айниқса қийин бўлиб чиқди.
Россиянинг Беларусдан ташқари асосий иттифоқчиси, Россия президенти Владимир Путинга қарши санкциялар киритмаган ягона Европа давлати - Сербиядир.
Президент Александр Вучич узоқ вақт Ғарб ва Шарқ ўртасида мувозанатни сақлашга муваффақ бўлди, аммо энди у муҳимроқ нарсани танлашга мажбур эди - Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши ҳақидаги кўп йиллик орзусини амалга ошириш ёки Россияни қўллаб-қувватлашда давом этиш.
Кенг миқёсли уруш бошланиши билан Москва билан алоқаларни давом эттиришга қарор қилган серб миллатчиларининг овози тобора баландроқ янграй бошлади.
Ўтган йил давомида Би би си Сербиядаги россияпараст миллатчилар фаолиятини яқиндан кузатиб, уларнинг Россия билан алоқаларини ўрганди.
Ультрамиллатчилар
Дамьян Кнежевич Россия урушни бошлаганидан бир неча кун ўтиб Сербия пойтахти Белградда Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб одам қатнашган намойиш ўтказиб, халқаро эътиборга тушди.
Ўшанда бу Европадаги россияпарастларнинг энг йирик намойишларидан бири эди.

Сурат манбаси, Reuters
Намойишчилар Россия байроқларини силкитиб, қўлларида уруш тимсолига айланган «Z» ҳарфи ва Россия президенти портретлари туширилган плакатларни ушлаб турарди. Намойишчиларнинг баъзилари ҳатто: "Владимир Путин - бизнинг президент" деб ҳайқирарди.
"Украинада уруш кетяпти. Биз ватанпарвармиз, биродарларимизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу бизнинг сиёсатимиз, бу бизнинг тарихимиз", деди Кнежевич Би би си билан суҳбатда.
"Ушбу уруш натижасида мен янги Европани ва ҳатто янги дунёни аниқ кўрмоқдаман", дейди у.
Кнежевич ва унга қарашли "Халқ патрули" ташкилотининг бошқа аъзолари муҳожирлар, айниқса, мусулмонлар ҳақидаги экстремистик қарашлари ва зўравонликка очиқ чақириқлари билан машҳур.
Вагнер билан алоқалар
2022 йил ноябрь ойида, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан саккиз ой ўтгач, Кнежевич Сурия, Африка ва Украинада ўнлаб ҳарбий жиноятларни содир этганликда айбланаётган Вагнер хусусий ҳарбий ширкатининг тарғибот пунктига таклифини қабул қилди.
У бундан бироз олдин Санкт-Петербургда очилган «Вагнер» медиа марказига ҳам борган ва Би-би-сига "вагнерчилар қилаётган ҳамма нарсани тўлиқ қўллаб-қувватлашини" айтганди.
Россияга сафаридан бир неча ҳафта ўтгач, Косово билан чегарада Вагнер рамзларида кийинган Кнежевич чегара полицияси билан қаттиқ тўқнашувда қатнашди.

Сурат манбаси, Reuters
Шу билан бирга, Кнежевич Вагнердан пул олганини қатъиян рад этади. Агар шундай бўлса, Россия Болқонда кескинликни зўрайтириш учун у каби миллатчилардан фойдаланганликда айбланиши мумкин.
"Халқ патрули" расман рўйхатдан ўтмаган, шунинг учун ташкилотда Би би си ўрганиши мумкин бўлган молиявий ҳисобот йўқ.
Кнежевич билан расман алоқада бўлган бир қанча сербия компаниялари йиллик молиявий ҳисоботларида Россиядан тушумлар тўғрисида хабар бермайди.
"Россиянинг бундай гуруҳларга кўрсатаётган ёрдами давлат муассасалари орқали эмас, балки норасмий ташкилотлар орқали келади", дейди Лондон Университет коллежи Славян ва Шарқий Европа тадқиқотлари мактаби профессори Эрик Горди Би-би-сига.
"Шу тарзда Москва кўп маблағ сарфламай ҳатто глобал миқёсда катта таъсир кўрсатадиган тадбирларни ташкил қилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳамма нарса прокси орқали амалга оширилганлиги сабабли, агар иш тўсатдан жиддий тус олса - [Кремль] ҳар доим бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиши мумкин", дея тушунтиради у.

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Вучич Европа Иттифоқи билан шартнома имзолаши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалгач, серб миллатчилари янада ғазабланди, уларнинг фикрича, бу Сербия Косово устидан ҳудудий даъволаридан воз кечишини англатади.
15 февраль куни Кнежевич Белградда норозилик намойишини уюштирди ва президентга очиқ таҳдид қилди: "Олдингизга бораман, Вучич!" шундан сўнг оломон президент саройи томон юрди.
Ўша куни кечқурун Вучич телевидение орқали Сербия сиёсатига чет эл аралашувига йўл қўймаслигини айтди.
"Менга Вагнердан кимдир елкамни силаб, нима қила олишимни ва нима қила олмаслигимни айтиши керак эмас", деди Сербия президенти.
Намойиш натижасида Кнежевич ҳокимиятни зўравонлик билан ағдаришга чақиришда айбланди. У икки ойни ҳибсда ўтказди, шундан сўнг ҳибсдан озод қилинди, аммо бу иш бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Косово муаммоси
Нафақат Кнежевич , балки бошқа кўплаб серблар ҳам Косовони Сербия давлати ва православ дини бешиги деб билади.
1990 йилларгача Сербия ва Косово Югославия таркибида эди. Аммо федерация парчаланиб, қонли уруш бошланганида Сербия Косовони ўзида сақлаб қолишга уринди.
У ерда яшовчи этник албанларнинг аксарияти мустақилликка эришмоқчи эди, аммо серб озчилик Белград билан яқинроқ алоқаларни истарди.
Этник зиддият ҳар икки томонда зўравонликка олиб келди, аммо серблар Косоводаги албан аҳолисини этник тозалашни бошлаганида, НАТОнинг сабри битди. 11 ҳафта давомида НАТО кучлари Косовода ҳам, Сербиянинг ўзида ҳам серб нишонларини бомбалади ва натижада этник зўравонликка чек қўйилди.
2008 йилда Косово бир томонлама мустақилликни эълон қилганида, аксарият хорижий давлатлар Приштина мухториятини тан олишга рози бўлиб, Белградни янада ғазаблантирди.
Россия Сербияни қўллаб-қувватлаб, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Косовонинг тан олинишига тўсқинлик қилди. Кнежевич каби серб миллатчиларининг Москвани иттифоқчи сифатида кўриши асосий сабабларидан бири бу Москванинг қўлловидир.
"Агар Россия бўлмаганида, биз муқаддас ҳудудимизнинг бир қисмини аллақачон йўқотган бўлардик", дейди Кнежевич Би-би-сига.
Сиёсатда миллатчилар иттифоқи кучайиши
Кнежевич серб кўча миллатчилиги тимсоли бўлса ҳам, яқинда мамлакатда миллатчи партияларнинг янги сиёсий иттифоқи тузилди.
Россияни қўллаб-қувватлаб, Косовони Белград назорати остига қайтаришни талаб қилган миллатчи партиялар Сербия парламентидаги мандатларнинг деярли 15 фоизини эгаллади, бу эса уларни мамлакатдаги энг йирик мухолифат блокларидан бирига айлантиради.
Альянснинг бир қисми бўлган «Двери» партиясини бошқарадиган Бошко Обрадовичнинг Россия билан узоқ йиллик алоқалари бор.
Кўплаб серб миллатчилари сингари у Би би си билан мулоқот қилишни истамади, бироқ бир неча ой давом этган сўровлардан сўнг у барибир интервьюга рози бўлди.
"Россия биз учун иттифоқчи, дўст мамлакат", деб тушунтиради Обрадович. У ҳеч қачон бизни бомбаламаган. Россия Косовони Сербиядан тортиб олмоқчи эмас. Россия ҳатто Косово мустақиллигини тан олмайди. Умуман олганда, халқаро миқёсда Сербия ва Россиянинг позициялари кўпинча мос келади.

Сурат манбаси, Getty Images
Миллатчилар Америка ва Европанинг Белградга Косовони тан олиш учун талабини қатъиян рад этади, бироқ мамлакат ичидаги баъзи воқеалар ҳам вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Май ойи бошида Белградда бирданига иккита оммавий отишма юз берди (бир неча соатлик фарқ билан) - улардан бири мактаб биносида бўлган. Отишмада жами 19 киши ҳалок бўлган.
Бу қотилликлар мамлакатда зўравонликка қарши оммавий ҳаракатни келтириб чиқарди. Шунгами Сербияда Москвага хайрихоҳ миллатчи овозлар ҳозир у қадар баланд эмас.
Бироқ, ҳатто қамоқ жазоси таҳдиди ҳам Кнежевични қўрқитмайди. Унинг таъкидлашича, у ҳам, унинг гуруҳи ҳам Россия ва Вагнер ёлланма аскарларини қўллаб-қувватламоқда.
"Биз Вагнерни фронтда муваффақиятга эришган рус ватанпарвар ҳарбий гуруҳи сифатида қўллаб-қувватладик ва қўллаб-қувватлашда давом этамиз", деди у Би-би-си билан суҳбатда.
Кнежевич очиқчасига Вагнер ёлланма аскарларини "Россия қаҳрамонлари" деб атайди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













