Сербия ва ўзбек ишчилар: Бизни алдаб ишга юборишди, энди паспортимизни олиб қўйишяпти - Видео - янгиликлар

Сурат манбаси, Telegram/SerbiyadagiUzbeklar
Сербия кўплаб ўзбекистонликлар учун "Европа орзуси"ни англатяпти. Аммо, Сербиядаги далаларга олти ойлик мавсумий виза билан етиб борган баъзи ишчилар ишнинг қийинлиги, иш ҳақининг камлиги, озиқ-овқат сифати ва ўз эркинликлари чекланаётганидан норозилар. Би-би-сининг бир суҳбатдоши буни ҳатто қулликка қиёслади.
Би-би-си мухбири Ибрат Сафо бир-бирига нотаниш икки ишчи билан суҳбатлашди. Уларнинг иккови ҳам аноним гапиришга рози бўлишди.
Видеолавҳани томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Биринчи суҳбатдош ҳозир ҳам Сербиядаги асли немис Mamminger Konserven компаниясининг фермасида, иккинчиси эса айни фермада олти ой ишлаб ортга қайтган.
"Келган одамларнинг деярли барчаси ориқлаб кетган. Овқатларини еб бўлмайди, фақат кечқурун иссиқ овқат берилади, бизга нонушта ва тушликка ваъда қилинган бутербурод ўрнига консерва бериляпти. Салатларини молга ташласанг, мол ҳам емаса керак", - дейди биринчи суҳбатдош.
Мавзуга алоқадор:
Англия фермаларида Ўзбекистон фуқароларига иш таклиф этаётган воситачиларга ишониб бўладими? - Видео
Унинг айтишича, ишнинг қийинлиги ва баъзида ҳаво шароитлари туфайли ишчилар ишга чиқмай қолганда, катта жарима солинади. "Менга бир кун ишга чиқмаганимга 26.5 еврога тенг жарима солинди", - дейди у.
Биринчи суҳбатдош Сербияга 1.200 доллар, иккинчиси эса 1.800 доллар сарфлаб борганларини билдиришди.
Иккала суҳбатдош ҳам иш берувчи томонидан уларнинг паспортлари олиб қўйилганини айтишди.
"Аэропортдан борганимиздан кейин ҳаммамизнинг паспортимизни олиб қўйган. Ҳавфсизлик жиҳатидан, деб. Маммингер кластеринг бош менежери Наталия Секуларач олиб қўйган. Бизнинг шартномамизда паспорт олиб қўйилиши айтилмаганди", - дейди иккинчи суҳбатдош.

Сурат манбаси, Ahror Bozorov
"Мен Туркияга кетмоқчи эдим. Туркияга ё бошқа давлатга мумкин эмас, фақат ватанингга қайтиб кета оласан. Ўзбекистонга билетни кўрсатасин, кейин берамиз деди", - дейди ҳозир Сербияда бўлган суҳбатдош.
"Сал видеога ё расмга олган болани ўша ердаги охранниклар қўлини қайириб, телефонини олиб мажбурлаб ўчиртириб, бўйнига қанақадар айбларни қўйиб, депортация қиламиз деб аэропортгача элтиб қўйган. Ўзим кўрганман", - дейди у.
Ишчиларнинг айтишларича, уларга Ўзбекистонда ушбу ишга ёлланишга ёрдам берган Get Visa ва AgrostaffRS агентликлари Сербиядан Европа Иттифоқига чиқиб кетиш "иложи бор"лигини айтишган ва бу қўшимча тўлов учун қилинишини билдирганлар.
"Сербия фақат корридор вазифасини ўтайди, деб. Европа давлатларига кириш учун рози бўлганмиз. Ўйлашимча, 90% одам хусусий консалтинг орқали ўзи Европага чиқиб кетмоқчи бўлиб борган, бодринг тергани эмас", - дейди иккинчи суҳбатдош.
"Бу Европанинг "е" ҳарфига ўхшамайдиган жой экан", - дейди биринчиси.
Сербияда бу ишчилар пойтахт Белграддан шимолга 100 чақирим масофадаги Господинчи қишлоғида бодринг теришга ёлланганлар. Ишчиларнинг тасвирлашича, улар тракторнинг икки ёнига ўрнатилган қанотлардан ерга қараб ётиб бодринг терганлар.
Аввал ишлаб қайтган ишчи мавсум вақтли якун топгани учун уларга озиқ-овқат берилиши тўхтатилгани, ҳамда мардикор бозорда иш топишга мажбур бўлганини ҳам айтди. Далада ишлаганларида эса уларга Сербия ва ўзбекистонлик раҳбарлари зуғум ва таҳдидлар қилганини даъво қилди.

Сурат манбаси, Telegram/Anonymous
Сербиядаги "Mamminger Konserven SRB" компаниясининг суҳбатдошлар тилга олган ижрочи директори - Наталия Секуларач. Ўзбекистонда эса улар "Get Visa" ва "AgrostaffRS" фирмалари орқали виза олганлар. Би-би-си билан ёзишмаларида Аҳрор Бозоров шу икки фирманинг таъсичси ва асосчиларидан бири эканини тасдиқлади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги деб номланадиган вазирлик қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов бу фирмалар ҳақида саволларга қуйидагича жавоб йўллади:
1. Гетвиза фуқароларни хорижга ишга жўнатиш ваколатига эга ташкилот ЭМАС. Хорижга ишга жўнатиш учун лицензияга эга бўлиш керак. Бугунги кунда 9 та ташкилотда лицензия бор, лекин улар орасида Гетвиза йўқ, аввал ҳам бўлмаган.
2. Биздаги маълумотларга қараганда Гетвиза Сербияга одамларни ҳар хил ваъдалар билан жўнатган, шикоятлар бўйича у ташкилот фаолияти текширилган ва жаримага тортилган, адашмасам ёпилган ҳам.
3. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида хусусий бандлик агентлигига лицензия бериш, улар фаолиятини мониторинг қилиш ёки улар томонидан бирор қонунбузилиш ҳолати аниқланган тақдирда ҳам жавобгарликка тортиш ваколати йўқ.
Аммо, Бозоров "Get Visa" ҳануз ишлаб турганини бизга айтди.

"Ҳа, ўтган йилги фаолиятимизда ҳам фақат виза хизматларини кўрсатганмиз. Лекин ҳудди шу йилдагидек бир неча кишининг шикояти сабаб бизга текширув чиқарилди ва компания хорижга чиққанларга фақатгина виза тайёрлашда ёрдам берганини исботлай олмади. Шикоятчиларни, инсон фактори доим ҳар жойда бўлишини биз ҳисобга олмаганмиз. Натижада катта жарима қўйилди ва биз жаримани тўладик. Компания ҳозирда фаолият олиб боради ва фақат виза хизматларини кўрсатади."
Би-би-сининг паспортлар олиб қўйилиши борасидаги саволларига Бозоров ва Секуларач қуйидагича жавоб йўлладилар:
Бозоров: "Ишчилар иш жойига етиб борганларида иш берувчи паспортларини регистрация қилиш учун ишлатишини айтган. Бундан ташқари истаганлар учун офисда сақлаш ячейкаси - сейф алоҳида ажратилган. У ерда кўпчилик уз хоҳиши билан хоҳлаган қимматбаҳо буюмларини сақлашлари мумкин, баъзилар паспортларини ва праваларини бериб қўйишади. Компания маъмурияти хеч қандай мажбурлаш ёки паспортни тортиб олиб қўйилишига йўл қўймаган ва қўймайди ҳам. Серблар жуда тўғри халқ."
Секуларач: "Уларнинг паспортлари регистрация учун олинади. Биз паспортларни ҳужжатлар билан бирга маҳаллий полиция идорасига олиб бориб, бизнинг адресимизга рўйхатдан ўтказишимиз керак. Ундан кейинги босқич - миграция полицияси, у эрда уларга ID рақамлар оламиз. Улар Туркияга, Россияга ёки ватанига сафар қилишлари мумкин. Бу каби визага бошқа давлатлар ёпиқ. Туркияга сафар қилолмаяпман деганлари нотўғри. Кеча ўзим далада ишлай олмаган бир кишига Туркияга кетиши учун ҳатто чипта олиб бердим."
Би-би-си ундан "Паспортлар регистрация учунгина эмас, бутун мавсум давомида олиб қўйилар экан-ку", деб қайта сўраганида, Секуларач хоним жавоб бермади.
Секуларач ва Бозоров ишчилар арз қилаётган жарималар ҳақида ҳам жавоб йўллашди:

Сурат манбаси, AgrostaffRS
Секуларач: "Ишчилар режага кирган бўлса, ва ишга бормаса, вақтида офисга келиб планни ўзгартиришни сўрашмаса, соат 11 да уйғониб норози бўлишса, "ортиқча жарималар" қўлланади. Бу одамлар учун кунлик харажатимиз бор. Биз кунда солиқ, суғурта, овқат, ётоқхона учун пул тўлаймиз. Бу харажатларимиз уларнинг маошларидан баланд."
Бозоров: "Жарималарга келсак, аввало ҳеч қандай жарималар режа қилинган эмас. Компанияга кўра бу ҳолат 6 киши томонидан бошқаларни ноқонуний ишларга жалб қилиш бошланганида ишлаб чиқилган. Сабаби 6 киши ва уларнинг бир неча кишидан таркиб топган гуруҳи 2-4 кун мобайнида кетма-кет кўчадаги ноқонуний ишларга чиқа бошлаган, лекин компания ётоқхонаси, души, овқатларидан фойдаланган."
Ҳам Секуларач, ҳам Бозоров далада ишлаш визаси билан келган ўзбекистонликларнинг бошқа давлатга ёки бошқа ишга ўтиб олиш мақсадлари ҳақида ҳам фикр билдирдилар.

Аммо, Секуларач нега бу каби нотўғри мақсадлар билан ишчиларни Сербияга йўллаётган ўзбек фирмалар билан ҳануз шериклик қилаётган сўралганда, яна саволни жавобсиз қолдирди.
Дала иши осон эмас, албатта. Лекин, Ўзбекистонда ишчиларга нотўғри орзулар сотилмаяптимикан? Ё ишчилар ойни орзу қиляптими?
Сербиями, Европа Иттифоқи ё Британия - у ердаги иш ва тўловлар олти ойлик меҳнатингиз ва вақтингизни оқлай оладими? Балки ишчиларни хорижга йўллаётган расмий ва норасмий идоралар бу борада янада очиқроқ бўлиши керакдир?
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













