Янгиликлар: АҚШ Косовони НАТО ҳарбий машқларидан чиқариб юборишга қарор қилди Dunyo Yangiliklar Kosovo

Nato peacekeeping troops clash with protesters in Zvecan, Kosovo

Сурат манбаси, Shutterstock

Сурат тагсўзи, Звечан шаҳри ҳокимлиги биноси олдидаги тўқнашувларда 30 НАТО ҳарбийси ва 50 тача Серб намойишчиси яраланган

АҚШ Серб аҳолиси кўпчиликни ташкил этадиган шимолий ҳудудларда миллатлараро таранглик ортишига йўл қўйманг деган маслаҳатини инкор этгани учун Косовога қарши чора кўришга қарор қилди.

АҚШ етакчилигидаги НАТОнинг Defender 2023 ҳарбий машқларидан Косовони чиқариб юборишга қарор қилинди.

30 май куни ҳам Косово шимолидаги Звечан шаҳрида Серб намойишчилари полиция ва НАТО аскарлари билан тўқнашган.

НАТО раҳбарияти Косовога қўшимча 700 ҳарбий юборишга қарор қилди.

Ўтган ҳафта Звечан шаҳри ҳокимлиги биносига намойишчилар бостириб кирмоқчи бўлганида келиб чиққан тўқнашувлар оқибатида 30 НАТО ҳарбийси, 50 дан ортиқ Серб намойишчиси жароҳатлангани хабар қилинди.

Косово шимолидаги юзига ниқоб таққан намойишчилар бир неча журналистларга тошлар, тухум ва шиша отишлар билан ҳужум қилганлар.

АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбарлари Косово раҳбариятини вазиятни беқарорлаштирадиган амаллардан чекланишга чақирди, бундай амаллар миллатларо тарангликни янада авж олдиришидан огоҳлантирдилар.

Айни пайтда Сербия итттифоқчиси ҳисобланадиган Россия Косоводаги этник Сербларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак деган баёнот билан чиқди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Москва Сербия ва Сербларнинг ҳуқуқларини сўзсиз қўллаб-қувватлайди, деб айтди.

Косово раҳбарияти юзага келган вазиятни Сербия гижгижлаяпти дейди.

Ҳодисаларда Россияни айблаётганлар ҳам бор.

Косовода таранглик. НАТО тинчликпарвар аскарларига ҳужумни қоралади

Косовонинг аксар Серблар яшайдиган ҳудудларига Албан ҳокимлар тайинлангани Сербларни ғазаблантирди, намойишчилар полиция ва НАТОнинг тинчликни таъминлаш қўшинларига ҳужум қилдилар.

НАТО Косоводаги вазият бўйича баёнот эълон қилди, ўзининг тинчликни таъминловчи аскарларига қилинган ҳужумларни "буткул қабул қилиб бўлмас" деб қоралади.

Ҳужумлар оқибатида камида 30 тинчликни таъминловчи жароҳатланган.

Алоқадор мавзулар:

Косово шимолида маҳаллий полиция ва НАТО қўшинлари норози Серблар билан тўқнашганлар.

Бунга этник Албанларнинг аксар Серблар истиқомат қиладиган ҳудудларга маҳаллий ҳокимлар этиб тайинлангани сабаб бўлган.

Звечан шаҳри ҳокимлиги биноси қаршисида маҳаллий Серблар тўпланганлар, бинога Косово раҳбарияти томонидан тайинланган Албан ҳокимларнинг бинога киришига тўсиқ бўлмоқчи бўлганлар.

Намойишчиларнинг ҳокимлик биносига бостириб киришга уринганлари хабар қилинди.

Маъмурий бино полиция ва НАТО кучлари томонидан ўраб олинган бўлган.

Ушбу инқироз апрель ойида бошланган, бунга Косово Сербларининг маҳаллий кенгашларга сайловларни бойкот қилганлари сабаб бўлган.

Натижада овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг жами фоизи 4 фоизга етмаса ҳам этник Албанлар маҳаллий кенгашлар устидан назоратни қўлга киритганлари эълон қилинган.

Ушбу қарорни Европа Иттифоқи ва АҚШ раҳбарияти танқид қилиб чиқди, Косово раҳбариятини Косово шимолидаги вазиятни беқарорлаштиришда айблади.

Миллатларо низо янада авж олишига сабаб бўладиган амаллардан тийилинг, дея огоҳлантирдилар.

Косовода истиқомат қиладиган этник Серблар ва этник Албанлар ўртасидаги узоқ йиллик тарангликлардан кейин 2008 йили Косово ўзини Сербиядан мустақил деб эълон қилди

Косово мустақиллигини АҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо аксар мамлакатлар тан олди.

Бироқ қудратли иттифоқчиси ҳисобланган Россиянинг қўллаб-қувватловига таянган Сербия ва Косово ичида яшайдиган этник Серблар ҳам Косовонинг мустақиллигини тан олишдан воз кечдилар.

Косово жами аҳолисининг 90 фоиздан зиёдини этник Албанлар ташкил этади, бироқ ўлканинг шимолида Серблар аҳолининг аксарини ташкил этади.

НАТО хабар қилишича, душанба кунги зўравонликларда Италия ва Венгриядан бўлган тинчликни таъминловчи аскарлар жароҳатланганлар.

11 италиялик ва камида 20 венгриялик аскар жароҳатланган.

Зўравонликлар пайти беш киши ҳибс этилган.

Сербия Президенти Александр Вучич айтишича, 50 дан ортиқ Серб жароҳатлари билан шифохонага тушган, аслида тўқнашувлар пайти яраланганларнинг сони бундан ҳам кўп бўлган.

Хабарларга кўра, протестчиларни нафақат Албан ҳокимлар тайинлангани, балки Косово полициясининг норозиликни қаттиққўллик билан бостиришга интилгани ғазаблантирган.

Шунингдек, маҳаллий маъмурий биноларда осилган Сербия байроғи олиб ташланиб ўрнига Косово байроғи осилгани норозилик "оловига ёғ қуйган".

Косово Бош вазири Албин Курти айтишича, хавфсизлик кучлари демократик йўлда сайланган ҳокимларни ўз маҳаллий кенгашларига тақдим этишни таъминлаган.

Бироқ Косово бош вазирини ишончли мандатга эга бўлмаган раҳбарларни тайинлаш билан ҳудудда тартибсизликларни келтириб чиқаришда ҳам айбламоқдалар.

"50 овозни ютгани учунгина бу сохта ҳокимларнинг бу ёққа киришига йўл қўйманг. Улар учун ҳатто Албанларнинг ўзи ҳам овоз бергани йўқ", деб айтган Игор Симич, Белграддаги ҳукумат қўллаб-қувватлайдиган Косоводаги энг йирик Серб партияси "Серб рўйхати" раиси ўринбосари.

Зўравонликлар пайти аскарларга қарата тошлар ва Молотов коктейлларини улоқтирилган.

Косово полицияси хабар қилишича, бир автомобилига ўт қўйилган.

НАТО тинчликпарвар кучларини машинасига Россиянинг Украинага босқини рамзи ҳисобланадиган Z ҳарфи ёзиб кетилган.

Сербия Президенти Вучич армияни жанговар шайлик ҳолатига келтирган, Косово чегарасига яқин жойлаштирган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002