|
Косово ўз мустақиллигини эълон қилган | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Мустақиллик Декларацияси Бош вазир Ҳошим Тачи томонидан ўқиб эшиттирилган. Бунинг ортидан эса, пойтахт Приштинада мушакбозлик бошланиб кетган. Эрталабдан кўчаларни тўлдирган ўн минглаб кишилар ўртасидаги хурсандчилик энг юқори нуқтага етган. Қора бургут акс этган қизил шарлар кўм-кўк осмонга йўлланган. Кўпгина ғарб давлатлари Косовони мустақил давлат сифатида тан олишадиган кўринади. Оврўпо Иттифоқининг қатор давлатлари душанба куни ушбу мустақилликни эътироф этишлари, ҳеч бўлмаганда мазкур жараённи бошлаб беришлари кутилмоқда. Вашингитон ҳам янги давлатни биринчилардан бўлиб тан оладиган мамлакатлар сафида бўладиган кўринади. Аммо Оврўпо Иттифоқининг камида уч аъзоси - Қибрис, Словакия ва Руминия бу ишга шошилмаслиги айтилмоқда.
Сербия ва унинг иттифоқчиси Россиянинг муносабати эса, адоватли бўлган. Сербия Бош вазири Воислав Коштуница мазкур қадамни "ноқонуний" дея қоралаган. Россия БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғинини чақиришни талаб қилган. Шарҳловчиларга кўра, Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар яна бир муаммоли босқичга бурилган кўринади. 'Серб озчиликларининг ҳуқуқлари кафолатланади' Косовони мустақилликка етакловчи жараён Оврўпо Иттифоқи билан бирга эҳтиёткорона режалаб чиқилди. Мустақиллик Декларациясига кўра, Косово демократик, дунёвий ва кўп элатли жамият бўлади. Косованинг конституциявий тизими БМТ вакили Марти Аҳтисари (Maarti Ahtisaari)томонидан ишлаб чиқилган Аҳтисари режаси асосида бўлади. Унда серб озчиликларнинг ҳуқуқлари ҳам кафолатланади. Декларацияда минтақа тинчлиги ва барқарорлиги масаласи ҳамда қўшни давлатлар билан яхши муносабатларга диққат қаратилади. Би-би-си мухбирига кўра, энди парламент қонунлар мажмуаси ва янги давлатнинг рамзларини тасдиқдан ўтказиши кутилмоқда. Расмий тантаналар шундан сўнг бошланиши айтилади. Сербия билан муносабатлар Косово бош вазири Ҳошим Тачига кўра, Сербия билан яхши алоқаларни сақлаш устувор йўналишлардан бири бўлади. "Биз барча қўшниларимиз, хусусан тарихий ва савдо алоқаларга эга бўлган Сербия Республикаси билан муносабатларимизни сақлаб, янада ривожлаштиришга ҳаракат қиламиз",- деб айтган жаноб Тачи. Косова Оврўпо таркибидаги қирқ олтинчи мамлакат бўлади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||