"Презерватив ҳаётимни сақлаб қолди"

Орқа томондан олинган, ўриндиқда ўтирган аёлнинг сурати.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Кристин Ро
    • Role, BBC Future
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Маура презервативдан фойдаланиш ҳаётини сақлаб қолган деб ҳисоблайди.

Ҳозирда 43 ёшда бўлган ва АҚШнинг Оҳайо штатида яшовчи Маура (исми ўзгартирилган) бу муаммо илк бор 20 ёшларида бошланганини айтади. У шундай дейди:

"Агар презервативсиз бўлса, жинсий алоқадан кейин жинсий аъзоларимда ёниш ва ачишиш пайдо бўларди."

Маура бу ҳақда ўша пайтдаги жуфтига айтишга уяларди. Шунинг учун у жуфти кетишини кутар, кейин эса ўзини яхшилаб ювар эди. У турли гигиена воситаларини — совундан тортиб мойлагичгача — алмаштириб кўрди, аммо муаммо янада кучайди. Шиш ва қизариш пайдо бўларди. Бу ҳолат фақат сперма тушгандан кейин юзага келарди.

Охирида у ўша эркакдан ажралиб, презервативдан мунтазам фойдаланадиган янги жуфт билан муносабат бошлади. "Ҳеч қандай муаммо йўқ эди, то бир кеча жинсий алоқадан кейин ётганимизда, тилим тўсатдан шишиб кетмагунча, – дейди Маура. – Жуфтим вазиятни кўриб, "Нафас олаолмаяпсан!" деб бақирди ва ингаляторимни олиб, оғзимнинг бурчагига тиқиб қўйди... Омадим келиб, ҳали етарлича нафас олаётгандим ва дори ўпкаларимга кирди."

Астма ва бир қанча аллергияси бор Маура ўша кеча презервативдан суюқлик сизиб чиққан бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Энди у ва унинг узоқ муддатли жуфти презервативдан фойдаланишга янада эҳтиёткор қарайди. Маура бу воқеага қадар инсонда спермага аллергия бўлиши мумкинлигини билмаганини айтади.

Бундай ҳолатлар жуда кам учраса-да, баъзи инсонларда бошқаларнинг танасига нисбатан оғир иммун реакциялари кузатилади. Бу кўп ҳолларда нафақат саломатликка, балки ишга, муносабатларга ва умуман инсон ҳаётидаги ҳаракатларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Аммо бундай реакциялар аниқ қандай юзага чиқади ва уларнинг сабаби нима экани ҳануз тўлиқ тушунарли эмас. Улар ҳақиқий аллергиями ёки бошқа бир ҳолатми? Олимлар айрим ишораларни аниқлар экан, бу ғалати реакциялар танамиз кимёси ва инсон иммун тизимидаги нозик жиҳатлар ҳақида янги маълумотларни очиб бермоқда.

Терига нисбатан

Кўпинча инсоннинг бошқа биров танасига сезувчанлиги ўша шахс танага қўллаган ташқи маҳсулотлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, терида дезодорант ва туклар қирилгач суриладиган малҳам таркибидаги сунъий хушбўй моддалар сақланиши мумкин. 150 дан ортиқ хушбўй модда тери билан боғлиқ аллергиялар сабабчисидир.

Аллергияни қўзғатувчи аниқ омиллар кўпинча номаълум қолади. АҚШда мастоцит ҳужайралар фаоллашуви синдромининг оғир шаклидан азият чеккан бир аёлда эрининг ҳидига нисбатан кучли аллергик реакция ривожланган. Бу ҳолатда организмдаги инфекцияга қарши курашувчи ҳужайралар тўғри ишламай қолади. Австриядаги Кеплер университет шифохонаси шифокори Сабина Алтрихтернинг айтишича, бу боғлиқлик ҳали илмий тасдиқланмаган бўлса-да, мастоцит ҳужайра муаммоси бўлган баъзи беморлар ўзларини бошқаларнинг табиий ҳиди ёки тери орқали чиқадиган кимёвий моддаларига нисбатан сезувчан деб ҳисоблашади.

Тери бадан ҳидини шакллантирувчи турли бирикмаларни чиқаради. Ушбу тери газлари таркибида толуол каби кимёвий моддалар ҳам бўлиши мумкин – у нефтда учрайди, бўёқлар ҳамда пластик ишлаб чиқаришда ишлатилади. Инсон толуолни атай қабул қилиши мумкин (масалан, клейни ҳидлаб маст бўлиш мақсадида) ёки тасодифан, иш жойидаги таъсир орқали. Шунингдек, толуол тамаки тутунида учрайдиган кўплаб кимёвий моддалардан бири ҳисобланади.

Қўллардан чанг тарқалмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Инсон териси доимий равишда чанг заррачаларини тўкади ва газлар ажратади

Одамлар билан боғлиқ реакцияларни яна бир тоифа одамлардаги ҳолат орқали ўрганиш мумкин. "Менга аллергияси бор одамлар" (PATM – People Allergic To Me) деб аталган сирли ҳолатдан азият чекувчилар бор. PATM кам учрайдиган ва ижтимоий ёлғизликка олиб келадиган ҳолат бўлиб, унга чалинганларга яқин турган одамларда йўтал, бўғилиш каби аллергияга ўхшаш белгилар пайдо бўлади.

2023 йили Япониянинг Токай университети кимё профессори Ёшика Секине ва ҳамкасблари PATM симптомлари кузатилган инсонлардан чиқадиган тери газларини ўрганишди. Ўрганилган 75 хил тери гази ичида толуол ҳам айниқса тез-тез учраётгани маълум бўлди. PATM бор одамларда бу модда бошқаларга нисбатан ўртача 39 баробар кўпроқ аниқланган.

"Толуол нафас олганда организмга киради. Бу зарарли модда бўлиб, одатда жигарда парчаланиб, сийдик орқали чиқариб юборилади, – дейди Секине. – Бироқ PATM беморларида толуолни парчалаш қобилияти заиф бўлади, натижада у қонда тўпланади ва кейинчалик тери орқали чиқади."

Секине таъкидлашича, PATM тушунчаси ҳали ҳам тиббиёт мутахассислари томонидан кенг тан олинмаган ва бу ҳолат учун расмий ташхис методлари мавжуд эмас.

Шу билан бирга, терга бўлган аллергия одатда инсоннинг ўз терисига нисбатан сезувчанлиги билан боғлиқ бўлади, бошқаларники билан эмас. Соч билан боғлиқ аллергия ҳолатлари эса жуда кам учрайди. Улар ҳам сочнинг ўз моддасига эмас, балки ташқи омилларга, масалан, кератин асосидаги соч муолажаларидаги формальдегид ҳосилаларига ёки мушук оқсили сингиб қолган сочларга нисбатан бўлади.

Тана суюқлигига нисбатан

Кўпинча, бошқа инсоннинг тана суюқликларидаги муайян аллергенлар ҳам аллергик реакцияларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Буюк Британиядаги бир ҳолатда Бразилия ёнғоғига аллергияси бор аёл аралаш ёнғоқлар истеъмол қилган эркак билан жинсий алоқадан сўнг терисида доғлар пайдо бўлиб, нафас олиши оғирлашган. Бу орада эркак оғзини, тирноқлари ва тери юзасини тозалаган бўлса-да, аллергик реакция юз берган. Шу каби ҳолатлар бўса олиш пайтида ҳам, агар жуфт ёнғоқ истеъмол қилган бўлса, кузатилган.

Ёнғоқлар бу борада энг кўп учрайдиган аллергенлардан бўлса-да, сўлак мева, сабзавот, балиқ ва сут каби маҳсулотлар истеъмоли ортидан ҳам аллергик реакцияларга олиб келган ҳолатлар қайд этилган. Антибиотикларга аллергияси бор аёлларда эса антибиотик қабул қилган жуфт билан вагинал ёки (бошқа ҳолларда) орал жинсий алоқадан сўнг салбий реакциялар юз берган.

Бундан ташқари, айрим тана суюқликларининг ўз оқсиллари ҳам аллергияни қўзғатиши мумкин. Шу каби ҳолатлардан бири – сперма аллергияси, тиббий атамада семинал плазмага гиперсезувчанлик деб аталади.

Ўпишаётган эркак ва аёл силуэти.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўпишганда allergenlar сўлак orqali юқиши мумкин

Бу ҳолатда жинсий алоқадан сўнг терида қичишиш, шиш, тошма ёки ҳатто ҳаёт учун хавфли анафилактик шок каби реакциялар кузатилиши мумкин. 2024 йилда чоп этилган мақолага кўра, бу ҳолат кўпинча 20–30 ёшлардаги одамларда аниқланган, аммо ҳозирча бутун дунё бўйлаб 100 дан кам ҳолат қайд этилган. Энг кўп боғланган аллерген – бу простата-специфик антиген бўлиб, у спермадаги суюқлик, семинал плазмадаги оқсилдир. Реакция шу оқсилга бўлади, сперма ҳужайраларига эмас.

АҚШнинг Цинциннати университети қошидаги Тиббиёт коллежида аллергия ва иммунология соҳасида профессор Жонатан Бернстайн тушунтиришича, семинал плазма гиперсезувчанлиги организмда аниқ қандай содир бўлиши ҳали тўла тушунилмаган. Буни ўрганишга тўғри келадиган ҳайвон модели ҳам йўқ, беморлар сони ҳам жуда оз бўлгани учун катта тадқиқотлар ўтказиш қийин.

Сперма аллергияси маҳаллий ёки тизимли (бутун тана бўйлаб) бўлиши мумкин. Агар симптомлар фақат алоқа жойида – одатда қин атрофида – кузатилса, у ҳолда бу маҳаллий реакция деб баҳоланади. Аммо бир испаниялик аёлнинг ҳолатида, у аввал вагинал алоқада ҳеч қандай реакция кўрмаган бўлса-да, анал алоқадан сўнг ҳушини йўқотган ва анафилактик симптомлар рўй берган. Унга сперма суюқлигига сезувчанлик ташхиси қўйилган. АҚШда эса бир аёл жинсий алоқа бўлмаган ҳолатда, сперма билан тегишганидан сўнг терисида шиш ва тошмалар пайдо бўлган.

Маҳаллий симптомларда жинсий алоқадан сўнг дарҳол кучли оғриқ ва ачишиш бўлади. "Бу гўё кислота теккандай бўлар экан," дейди Бернстайн. Унинг бир бемори буни "қинга минглаб игналар қадалгандек" деб таърифлаган.

Бернстайннинг таъкидлашича, айрим одамлар бир неча жуфтнинг сперма суюқлигига сезувчан бўлиши мумкин, айримлар эса фақат бир одамникига. Ташхис қўйишда одатда жуфтдан олинган янги сперма суюқлиги намунаси билан терига кичик тешиш (prick test) усули қўлланилади. Унинг амалиётида кўпинча эркак билан узоқ муносабатдаги аёллар мурожаат қилади, айниқса ҳомиладорликка ҳаракат қилаётганлар. Беморлар унга ҳатто бошқа штатлардан ҳам келишади, чунки бу соҳада мутахассислар кам. Кўп шифокорлар эса беморни жиддий қабул қилмайди ёки стероидлар билан даволашни бошлайди.

Шу билан бирга, Бернстайн ўз амалиётида бу муаммодан азият чекувчи беморларга деярли ҳар доим ёрдам бериш имкони борлигини айтмоқда.

Муолажа усуллари

Аввалига Бернстайн жуфтнинг сперма суюқлигини бемор териси остига ёки терига кичик инъекция қилиш орқали десенсибилизация қилиш усулини синаб кўрган. Бу усул эркакларда учрайдиган ва шахс ўз сперма суюқлигига сезувчан бўладиган камёб ва оғир ҳолат – оргазмдан сўнгги синдромга ўхшаш. Аммо бу даволаш шакли жуда қимматга тушган: "Беморлар намуналарни тайёрлаш бўйича лаборатория ишлари учун алоҳида тўлашга мажбур бўлишарди," дейди у.

Тоғ тепасидаги манзара, аёл булутларга қараб турибди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бошқа инсонларга нисбатан иммун реакциялар нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин

Кейинчалик Бернстайн ва унинг жамоаси самаралироқ ва арзонроқ усулни қўллади. Аввало, улар сперма суюқлигидан сперматозоидларни ажратиб ташлади. Сўнг семинал суюқликни бир миллионга бир қисм ёки ўн миллионгача бир қисм қилиб аралаштириб, 15 дақиқалик интервалда беморнинг қинига киритдилар. Аралаштириш даражаси беморнинг реакция кучига қараб танланарди. Кейин эса бора-бора суюқликнинг тўйинтирилганроқ шаклларини қўллашар, беморнинг чидамлилиги ошишига эришиларди. Жараён давомида бемор доимий назоратда бўлган.

Натижада, Бернстайннинг айтишича, уларда системик реакциялар деярли кузатилмайди ва улар шундан сўнг ҳимоясиз жинсий алоқа қила олади – камида ўша жуфт билан.

Умуман олганда, семинал плазмага гиперсезувчанлик ҳали ҳам кўп ҳолларда нотўғри тушунилади ёки хато ташҳис қўйилади. Жинсий алоқа вақтида узатиладиган бошқа айрим суюқликларга нисбатан эҳтимолий аллергиялар ҳақидаги маълумот эса бундан ҳам кам.

Масалан, цервиковагинал суюқликка аллергия – бачадон бўйни ва қин ҳужайралари томонидан ажратиладиган, ушбу соҳани намлаш ва патогенларга қарши ҳимоя қилишга хизмат қилувчи суюқликка нисбатан сезувчанлик ҳақида чоп этилган тадқиқот деярли йўқ. Бироқ Польшадаги Николай Коперник университети ҳузуридаги дерматология ва венерология бўлими доценти Марек Янковский бу ҳолатга амалиётида дуч келганини айтади. Унинг сўзларига кўра, бир эркак бемор унга бошқа кўплаб шифокорларга учрагандан кейин мурожаат қилган. Бемор таърифлашича, ҳар гал қин орқали жинсий алоқадан тахминан ярим соат ўтгач, унинг олати қизариб, қичиша бошларди. Орал алоқадан (cunnilingus) сўнг эса юзида ҳам қичишиш пайдо бўларди. Бемор буни аллергия деб ҳисобларди, бироқ кўплаб шифокорлар уни масхара қилар ёки жиддий қабул қилмас эди, дейди Янковский.

Шунга қарамай, Янковский аёллар жинсий алоқа пайтида ажратадиган цервиковагинал суюқликка аллергия бўлиши мумкин бўлган ҳолатларни ўргана бошлади. "Охир-оқибат бемор антигистамин воситалардан яхши натижа олди," дейди у.

Бу ҳолат Янковский ва ҳамкасбларини 2017 йилда ушбу масала бўйича тадқиқот ўтказишга ундади. Улар бу ҳолатга дуч келган бўлиши эҳтимоли бор бемор ва дерматологлар ўртасида сўровнома ўтказишди. Жавоб берган дерматологларнинг тахминан 20 фоизи бу каби ҳолатларни шахсан кузатганини маълум қилган, бироқ уларнинг кўпчилиги бунинг сабаби аллергия эканига шубҳа билан қарашган.

Ушбу тадқиқотга кўра, бундай гиперсезувчанликка дуч келганлар контактдан кейин қизариш, қичишиш, ачишиш, шиш ва тошмаларни сезган. Янковский ва жамоаси цервиковагинал суюқликка аллергия ҳолатлари АҚШдаги минглаб инсонларга таъсир қилиши мумкин бўлган сперма аллергияси каби кенг тарқалган бўлиши мумкин, деган хулосага келишган. Бироқ Янковский таъкидлашича, "ҳозирги вақтда цервиковагинал суюқликка аллергия мавжудлиги ҳақидаги далиллар фақат айрим кузатувларга асосланган, шу сабабли бу соҳада яна илмий тадқиқотлар олиб борилиши зарур."

Цервиковагинал суюқлик ва сперма аллергияси ўртасидаги асосий фарқлардан бири шундаки, презервативлар цервиковагинал суюқликка бўлган аллергиядан самарали ҳимоя бермаслиги мумкин, чунки улар қорин ва тухумдонлар соҳасини тўлиқ ёпмайди. Шунга қарамай, Янковский ва унинг ҳаммуаллифлари сўровномасига кўра, антигистамин дори воситалари ҳамда такрорий таъсир (десенсибилизация) аксарият беморларга ёрдам берган. "Аниқланган ҳолатларнинг кўпчилиги жинсий муносабатнинг бошланғич босқичидаги ёшлар орасида кузатилган. Уларда ишқий эҳтирос аллергиянинг ноқулайлигидан устун келган ва аллергенга такрорий таъсир организмнинг сезувчанлигини камайтирган," дейди Янковский. Бу эса одатда ўз-ўзидан ўтиб кетмайдиган семинал плазма гиперсезувчанлигидан фарқ қилади.

Жуфтининг организмига аллергияси бор инсонлар учун бундай ҳолатларнинг оқибатлари жуда жиддий бўлиши мумкин. Масалан, Маура ўзининг спермага сезувчанлиги унинг ва жуфтининг фарзандли бўлмаслик ҳақидаги қарорларига таъсир қилган, деб ҳисоблайди. Чунки у сперма билан алоқадан қочишга етарли ечим топиш қиммат ва мураккаб бўлишини тахмин қилган.

Бундай ҳолатлар эмоционал жиҳатдан ҳам қийин кечади. Мауранинг муносабати ҳозир хавфсиз: унинг жуфти презерватив ишлатишга рози. Лекин "у менинг спермага аллергиям бор деган фикрдан ранжиди, – дейди у. – "У мендан эмас, оламнинг шундайлигидан ранжиди."