Илм-фан: Биз нима учун ўпишамиз ўзи?

Бўса

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Одамзод нега ўпишади? Олимлар бу саволга жавоб излашди.
    • Author, Уильям Парк
    • Role, BBC Future
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Романтик киноларда кўргансиз - "илк бўса" доим ҳаяжонли лаҳза сифатида намойиш этилади. Аммо бу ҳаяжон сабаби нима? Ўпишишни қандай ўрганганмиз ўзи?

Эътибор берган бўлсангиз, одам чақалоқлигидан ҳар нарсага оғиз текказишни хуш кўради.

Бунинг сабаби эволюцион омилларга бориб тақалиши мумкин - ўтмишда оналар овқатни чайнаб, лабга лабни текказиш орқали уни чақалоққа берган ва бундай одат ҳозирги кунда айрим одамсимон маймунларда ҳам мавжуд.

Иккинчи сабаб эса - лабларимиз ўта сезувчан.

Лаб одам ўтмишдан кийим билан ёпишга одатланмаган кам сонли тана аъзоларидан бири.

Олимлар эса кийиниш ва ўпишиш ўртасида ўзига хос боғлиқлик мавжудлигини таъкидлайди.

iqtibos

"Ўпишиш кийиниб юришга одатланган халқлар орасида одат тусига кирган бўлса, кийим киймайдиган маданиятларда бу ҳолатни учратмайсиз. Масалан, овчи-термачи қабилаларда ўпишиш одати йўқ. Арктика ҳудудида яшовчи инуит халқидан ташқари. Улар ўпишиш одати кузатиладиган ягона овчи-термачи гуруҳдир. Шунда ҳам уларнинг ўпичи биз одатлангандан фарқ қилади - улар шунчаки оғизга оғиз ишқаб қўйишади, холос", дейди антрополог, профессор Уилям Янковиак.

Аммо кийимнинг ўпишишга қандай алоқаси бўлиши мумкин?

"Ҳозирда мавжуд овчи-термачи қабилаларнинг бари кийим киймайди. Бу улар тананинг исталган қисми билан ҳиссий алоқага кириша олишини англатади. Кийимда юрганингизда эса бундай алоқани ҳис қилиш мумкин бўлган ягона қисм инсоннинг юзи бўлади", тушунтиради профессор Янковиак.

Бироқ ўпишиш одати кийиниб юрадиган халқлар орасида кенг тарқалган, деб ҳам бўлмайди.

Профессор Янковиак ўтказган тадқиқотлардан бирида дунё бўйлаб 168 маданиятнинг атиги 46 фоизидагина одамлар лабга лаб босиб ўпишдан ишқий мазмунда фойдаланиши маълум бўлган.

"Менимча, бунинг асосий сабаби одамлар ҳисларни ўпичдан кўра бошқа кўплаб йўл билан ола билишида бўлса керак. Аммо энг қизиғи шундаки, маданиятда ижтимоий хилма хиллик қанчалик кучли бўлса, ўпиш одати ҳам шунча кенг тарқалган бўлади".

Ёши 3,500 йилдан ошиқ санскрит ёзувларида ҳам одамлардаги ўпишишга ўхшаш одат тилга олинади.

"Ўпич санъати" китоби муаллифи Шерил Р Кришенбаум эса маданиятлараро ўпичнинг кўриниши турлича экани ҳақида ҳам гапиради.

"Масалан Малайзиядаги бир маданиятда аёл ерга чўккалаб ўтиради, эркак эса у томон эгилиб, тезда юзини ҳидлаб олади. Папуа Янги Гвинеядаги бир орол аҳлида эса бир-бирининг кипригини тишлаб узиб олиш кўринишидаги ўпишиш мавжуд", дейди Кришенбаум.

Эволюцион сабаблари бўлсада, лабдан бўса олиш фақат инсонга хос одат, бошқа ҳайвонларда уни кўрмайсиз.

Бунинг сабабини Би-би-сининг илм-фан журналисти Мелисса Ҳогенбум 2015 йилдаёқ тушунтириб берган:

"Ўпишишга ундайдиган энг муҳим сабаблардан бири - бу жуфтни яхшилаб ҳидлашга ҳаракат қилиш. Ҳиддан кўп фойдали маълумотлар олиш мумкин: жуфтнинг нима ейиши, қандай касаллиги борлиги, кайфияти ва ҳоказо. Аксар ҳайвонлар эса ҳид билиш сезгисини аллақачон бизникидан кўра анча кучайтириб олган. Шу сабаб улар искаш учун шеригига яқинлашишга ҳожат сезмайди".

Аммо бу одат тарихда кўп эврилишга учраб келган.

"Масалан, касалликлар туфайли қайсидир маданият ўпишишдан воз кечган даврлар бўлган бўлса, тарих бу фақат оқсуякларга хос одат, деб ўпишишни тақиқлаб қўйган ҳукмдорларни ҳам кўрган", сўзлайди Кришенбаум.

"Лекин қанчалик бекор қилингани ё тақиқланганига қарамай, ўпишиш яна қайтиб келаверган", қўшимча қилади у.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.