Янгиликлар: Рентген кўзли одам ҳақида нима биламиз? Илм-фан

Куда Букс юзи ёпиқ ҳолда тахтага ёзмоқдаKuda Bux

Сурат манбаси, Picture: British Pathé

Сурат тагсўзи, Куда Букс юзи ёпиқ ҳолда тахтага ёзмоқда
    • Author, Чериланн Моллан
    • Role, BBC News

Гавжум кўчада велосипед миниб кетаётган одамда диққат тортадиган ҳеч нарса йўқ.

Агар унинг кўзи бир бўлак хамир, қалин тампон ёки бир неча қават дока билан тўсилган бўлса-чи? У бутун бошини бир неча қават мато билан ўраб, фақат нафас олиш учун бурнини очиқ қолдирган бўлса-чи?

Куда Букс 1905 йили Кашмирда туғилган. У 1930 ва 40-йилларда Англия ва Европада ана шу шаклда кўчада томоша кўрсатар эди. У "кўзларсиз ҳам кўриш" қобилиятига эга эканлиги билан изоҳларди буни.

У ўзининг тамошаларини "рентген кўзли одам" деб номларди. Унинг томошалари орасида ақл бовар қилмас ижролар ҳам бор эди, у кўзини боғлаган ҳолда китоб ўқир, игна тешигидан ип ўтказарди.

Presentational grey line

Алоқадор мавзулар:

Presentational grey line

Букс ўзининг "супермен" қобилияти билан кўпларни ҳайратда қолдирарди. У Роалд Далнинг 1977 йилги "Ҳенри Шугарнинг ажойиб ҳикояси" номли қиссасига ҳам прототип бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Бу қисса асосида Уес Андерсоннинг айни шу номдаги фильми ҳам суратга олинган.

Асл исми Худа Бухш бўлган Букс бадавлат оилада дунёга келди. Argosy Magazine учун Дал билан бўлган интервьюда у Профессор Мур исми билан танилган ҳиндистонлик фокусчидан илҳомланганини айтади.

У Мурга эргашиб, уйидан қочиб, Лаҳорга боради ва 13 ёшида унинг ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлайди. Кейинги йилларда у Бирма (Мьянма), Цейлон (Шри Ланки) ва Бомбей (Мумбай)га саёҳат қилади, сайёр фокусчилар, йоглар ва театр артистларидан турли фокусларни ўрганади.

У исмини аввалига Профессор КД Дюк деб, кейин эса Куда Букс деб ўзгартиради, деб ёзади "Жоду империяси: Ҳинд фокусчиси ҳикояси" китоби муаллифи Жон Зубжицки.

Куда Букс

Сурат манбаси, Caitlyn Renee Miller

Сурат тагсўзи, Куда Букс журнал муқовасида

1935 йил майида у Англияга сузади. Бу мамлакатнинг Осиё фокусчиларига иштаҳаси карнай эди.

Ҳиндистон "фокус диёри" сифатида кўриларди. Ҳиндистонга сафар қилган сайёҳлар, тарихчилар, савдогару миссионерлар кўчаларда ва саройлардаги фокусчилар ҳақида жуда ҳаяжон билан ёзишарди", дейди Зубжицки Би-би-сига.

Кўплаб ҳинд сеҳргарлари Ғарбнинг хорижий кўзбойлоғичларга қизиқишидан фойда кўрарди, Букс улардан бири эди. Гарчи у инглизча кийинган бўлса ҳам, у ўзининг сеҳргарлик қобилиятини Шарқ мистикасига боғларди.

iqtibos

Кўчбойлоғичларнинг "The Linking Ring" журналида Букс ҳақида ёзар экан, тарихчи Жон Бут уни "Париж бўйлаб кўзлари боғлиқ ҳолда велосипедда юрадиган, ҳинд яриморолидан келган сирли одам" ва "мистика табиатига эга" деб таърифлайди.

Англияда Букс тезда ўзининг "рентген" кўзларида бажарган ижролари билан машҳур бўлиб, скептикларнинг эътиборини тортди. Унинг қобилияти ҳақиқий ёки йўқлигини текшириш учун «синовлар» бошланди.

1935 йил июлида машҳур британиялик "арвоҳ овчиси" Ҳарри Прайс ва бир гуруҳ докторлар Букснинг рентген нигоҳи ҳақидаги даъволарини синаб кўрдилар. "Прайс жарроҳлик бандажлари, ёпишқоқ лента, жун тампонлар ва ўртасида пахта қатлами бўлган икки қаватли қалин қора пахтадан иборат бўлган махсус боғланган ниқоб билан келди", деб таъкидлайди жаноб Зубжицки ўз китобида.

Букс кўзи боғлиқ ҳолда китобни ўқиб чиққандан сўнг, доктор унинг кўзини қайта боғлаб қўйди. У орқасидаги стол устида ётган қоғоздаги қўлёзмани ҳам ўқий оларди.

1935 йил сентябрида Букс Прайснинг яна бир синовига дучор бўлди. Бу охир-оқибат унга Англияда ва Европанинг кўп қисмида шуҳрат келтирди.

Суррейда Букс ўт ўстида юришни ижро этди, докторлар, психологлар ва журналистлар уни кузатиб турдилар. Кузатувчиларга ижронинг ҳар бир жиҳатини, жумладан, Букснинг оёқларини юришдан олдин ва кейин текшириш вазифаси юкланган эди.

Куда Букс 1935 йили олов устида юрмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Куда Букс 1935 йили олов устида юрмоқда

Ўра қазилди, уни ёғочлар, кўмир, керосин ва газеталар билан тўлдириб ёқишди. Бир-икки соат ўтгач, Букс бир эмас, тўрт марта ёниб турган олов бўйлаб юрди. "Оёқлари куйиб, сув тўпланганига шубҳа йўқ эди", деб ёзади Прайс ўзининг "Арвоҳ овчисининг эътирофлари" китобида.

Тўққиз кундан сўнг, бошқа кузатувчилар иштирокида, Букс пўлатни эритиб юборадиган иссиқ оловдан икки марта ўтди. Аммо бу сафар ҳам Букснинг оёқлари зарарланмади. Прайс "жисмоний ва руҳий кучлар ўртасида уни жароҳатлардан ҳимоя қилишга ёрдам берадиган қандайдир боғлиқлик борга ўхшаяпти", деб тахмин қилишига олиб келди, деб ёзади жаноб Зубжицки.

Далга берган интервьюсида, Букс "шундай даражада диққатни жамлаганим учун оловдан, совуқ оловдан бошқа ҳеч нарсани кўрмадим" бу эса куйишдан сақлади деб даъво қилди.

Унинг таъкидлашича, бу "ички кўриш туйғуси" унга "рентген нигоҳ"ни берган ва у ўсмирлик даврида йогдан ўрганган машқлар ёрдамида "онгни жамлаш" орқали бу туйғуни янада ривожлантирган.

У шам алангасидаги қора нуқтага то "атрофдаги ҳамма нарса йўқолгунча" тикилиб турар ва энг яхши кўрган одами - укаси юзини тўла тасаввур қила оларди.

Йиллар давомида ҳар кеча шам машқини қилгандан сўнг, 24 ёшида Букс, агар у кўзларини юмиб, диққатини бирор нарсага қаратса, "қараган нарсамнинг контурини ноаниқ, хира бўлса ҳам кўра олишим мумкинлигини" тушундим дейди.

Унинг айтишича, 28 ёшида у кўзини боғлаб китоб ўқий оларди.

Шифокорлар синов учун Куда Букснинг юзини боғлашаяпти

Сурат манбаси, British Pathé

Сурат тагсўзи, Шифокорлар синов учун Куда Букснинг юзини боғлашаяпти

Букснинг баёнотлари эътибордан четда қолмади. Унинг рентген нигоҳини ўрганган баъзилар, у бурни томон қараган деган хулосага келишди, дейди у ҳақида мақола ёзган Кейтлин Рени Миллер. Аммо бу унинг машҳурлигига тўсқинлик қилмади.

Минглаб одамлар унинг шоусини кўриш учун тўпланар, матбуот уни "аср мўъжизаси", "дунёнинг саккизинчи мўъжизаси" деб атарди, деб таъкидлайди кўзбойлоғич Билл Ларсен Genii журналидаги мақолада.

Букс Риплейнинг "Ишонинг ёки ишонманг" сериалининг биринчи эпизодида пайдо бўлди, ҳатто ўзининг "Куда Букс, ҳинд мистиги" кўрсатувини ҳам олди.

Букснинг ижроси шунчалик ишонарли эдики, бу одамларни у ҳақиқатан ҳам "кўрмасдан кўриши" мумкинлигига ишонтирди. Жон Бут Букснинг матбуотда кўп такрорланган даъволаридан бири унинг концертларидан бирида чиқиши режалаштирилган учта ижрочи аёлни қандай ҳайратда қолдиргани ҳақида ёзди.

Букснинг таъкидлашича, у ғишт деворлар ортини кўришни ўрганган, натижада аёллар кийиниш хонасини Буксдан узоқроқда бўлишини талаб қилишган.

"Куда Букс билан орамизда фақат битта ғишт девор бор", деб шикоят қилишганди улар.

Ниҳоят Лондонни тарк этди ва Қўшма Штатларга кўчиб ўтди. У Ҳолливуддаги машҳур Magic Castle клубида тамошалар кўрсатди.

Букс1981 йилда Лос-Анжелесда вафот этди. У ўзининг сўнгги кунларини Magic Castle'да кўзбойлоғичлар билан карта ўйнаб ўтказди. Бутнинг таъкидлашича, улар Буксни фақат кўзи боғламаган бўлсагина мағлуб этишлари мумкинлигини даъво қилишган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002