Минтақа ва сиёсат: Қозоғистон ҳам, президенти ҳам кучаядими? Рус тили-чи?

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоғистондан олинаётган хабарлар қарама-қарши акс-садоларга сабаб бўлмоқда.
Қозоғистон амалдаги президенти ўз ихтиёри билан ваколатини топширган биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Нима гап?
Қозоғистон ўз Конституциясини ўзгартирмоқчи.
15 март куни референдум ўтказиб, уни янгиламоқчи.
Қозоғистон президенти бу ҳақдаги фармонни расман имзолади.
Мамлакат Конституциясига эса муҳим тузатишлар киритилмоқчи.
Уларнинг орасида:
- Икки палатали парламентдан бир палатали моделга ўтиш;
- Конституциянинг халқаро шартномалар устидан устуворлигини таъминлаш ҳам бор;
- Аммо, хабарларга қарамай, рус тилининг мақоми ўзгаришсиз ва норасмийлигича қолмоқда.
Референдум санаси тайин
Yangi tuzatishlarning qabul qilinishi Qozog‘iston taraqqiyotiga kuchli turtki beradi, har bir fuqaroning salohiyatini ro‘yobga chiqarishga yordam qiladi.
Қасим-Жомарт Тоқаев кеча, 11 феврал куни Конституциявий ҳайъатнинг бу хусусдаги якуний ҳисоботи билан танишган.
Қозоғистон президенти Конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгартиришларнинг якуний нусхасини қабул қилган ва референдум санасини тайин этган.
Бундан аввал Қозоғистон янги Конституцияси матнининг 80 фоиздан ортиқроғи қайта ёзилгани хабар қилинган.
Хабарларда ундаги 77 та моддага тегишли тузатишлар киритилгани айтилганди.
Президент Тоқаевнинг айтишича, янги тузатишларнинг қабул қилиниши "Қозоғистон тараққиётига кучли туртки беради, ҳар бир фуқаронинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам қилади."
Унга кўра, "сўнгги йиллардаги сиёсий ислоҳотларнинг умумий кўриниши Қозоғистон ниҳоят супер-президентлик бошқарув шаклидан воз кечиб, обрўли, таъсирли парламентга эга президентлик республикасига ўтаётганига ишонч ҳосил қилишларига имкон беради".
Хавотирлар

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо, айни мазмундаги баёнотларга қарамай, Қозоғистоннинг янги таҳрирдаги Конституция матни ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари орасида аллақачон хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.
Уларга кўра, кўзда тутилаётган тузатишлар, аксинча, президент ваколатларини кенгайтириб, давлат ҳокимиятининг бошқа органларини заифлаштиради.
"Бундан ташқари, Қозоғистон миллий манфаатларини ҳимоя қилиш баҳонасида фуқаролар устидан назоратни кучайтириши мумкин".
Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси ва Юридик медиа маркази кўзда тутилаётган тузатишларни танқид қилиб, қозоқ ҳукуматига ўз таклифлари билан ҳам чиққан.
Мақола ёзилаётган пайтда уларнинг ушбу таклифларига Қозоғистон ҳукуматининг расмий муносабати бўй кўрсатмаган.
Бюро бош маслаҳатчиси Евгений Жовтиснинг BBC га айтишича, янги Конституция лойиҳаси, аксинча, кўпроқ "авторитар ва супер-президентлик" характерга эга.
"Қолаверса, ўзгартиришлар парламент тузилмасини икки палаталидан бир палаталига айлантиради ва депутатларнинг ваколатларини сезиларли даражада қисқартиради."
Шунингдек, парламент номини Қурултайга ўзгартиради.
Таклиф этилаётган ислоҳотларга кўра, Қозоғистон парламенти Бош прокурор, Олий суд раиси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг дахлсизлигини бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Бундан ташқари, Конституциянинг янги таҳририда парламент аъзоларининг республика бюджетини тасдиқлаши, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши ҳақида ҳам ҳеч нарса айтилмаган.
Ҳуқуқий медиа маркази эса Конституция лойиҳасининг янги 23-моддасида оммавий ахборот воситаларига босимни кучайтириши ва сўз эркинлигини чеклаши мумкин бўлган мужмал жумлалар борлигини таъкидлаган.
Рус тили нима бўлади?
Аввалроқ турли оммавий ахборот воситаларида янги таҳрирдаги Конституция матни Қозоғистонда рус тилининг мақомини "пасайтириши"га оид хабарлар бўй кўрсатганди.
Юрист Евгений Жовтиснинг фикрича, янги тузатишлар рус тилининг мақомини ўзгартирмайди, фақат формулировка ўзгаради.
Амалдаги Конституциянинг 7-моддасида давлат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рус тили қозоқ тили билан тенг асосда расман қўлланиши белгиланган.
Янги Конституция лойиҳасида "тенг асосда" сўзи "бир қаторда" билан алмаштирилган.
Қозоғистон минтақанинг иқтисоди энг йирик, Ўзбекистондан кейин аҳолиси энг катта иккинчи давлати.
Россияга тўғридан-тўғри чегарадош ягона Марказий Осиё давлати.
Қозоғистоннинг Россия билан қуруқликдаги чегараси дунёдаги энг узуни.
Россия Украинага очган уруш постсовет маконида айнан Қозоғистоннинг кейинги нишонга айланишига оид хавотирларга туртки берган.
Постсовет давлатларида рус тилининг мавқеи ва мақоми ҳозир ҳам Кремл учун энг ҳассос масалалардан.
Мақоланинг тўлиқ матни билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.
10 феврал. Қозоқлар рус тилини конституциядан олиб ташлашни талаб қилмоқдалар

Сурат манбаси, Facebook/OyanKazakh
Қозоғистонда конституцияни ўзгартиришга қарор қилдилар.
31 январ куни Қозоғистон янги конституцияси лойиҳаси эълон қилинди, бу нарса аксар қозоғистонликлар учун буткул кутилмаган янгилик бўлди.
Чунки 20 январда Президент Тўқаев Қозоғистон парламенти ислоҳ қилинади, шу муносабат билан конституцияга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади, деган эди.
Аммо Қозоғистон президенти фармонига кўра тузилган конституциявий ислоҳот комиссияси мамлакат конституциясини буткул ўзгартириш таклифи билан чиқди.
Янги конституция лойиҳасида Қозоғистонда парламенти икки палатали эмас, бир палатали қилиш, партиялар рўйхати билан беш йилга сайланадиган депутатлар сонини 145 этиб белгилаш, Халқ Кенгаши деган янги маслаҳат органини тузиш, мамлакатда яна 30 йиллик танаффусдан кейин вице-президент лавозимини жорий этиш таклифлари илгари сурилаяпти.
Шунингдек, янги конституция лойиҳасида Қозоғистонда рус тили давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларида расмий тил мақомида қолиши таклиф этилаяпти.
Конституция муҳокамасидан кейин у референдумга қўйилиши кўзда тутилган, шу кунларда мамлакатда жамоатчилик рус тилининг қозоқ тилига тенглаштирилган давлат мақомини олиб ташлаш талабини илгари сураяптилар.
Қозоқ ҳукумати бу мурожаатларга "жамиятда рус тили миллий бирдамликни сақлаш мақсадида қолдирилади" деган мазмунда жавоб бераяпти.
Айни пайтда ҳукуматни дастаклайдиган овозлар тил масаласини қуролга айлантириш ва "қайиқни қалқитиш" оқибатларидан огоҳлантираётганларини кўриш мумкин.
Шунга қарамасдан, кузатувчилар фикрича, эҳтимол Қозоғистон мустақилликни қўлга киритганидан буён илк бор шу қадар кучли Қозоқ тилини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кайфиятини бошидан ўтказаяпти.
Конституциявий қўллаб-қувватлаш
Қозоғистоннинг жорий конституциясида қозоқ тилига давлат тили мақоми берилган, аммо давлат идоралари рус тилини қозоқ тили билан "тенг асосда" қўллаши мумкинлиги қўшимча қилинган.
Қозоқ тилини кенг қўллаш тарафдорлари узоқ вақтдан буён ушбу қўшимча ҳукуматга ҳамон рус тилидан асосий иш тили сифатида фойдаланиб келишига йўл очаяпти, дея танқид қилиб келадилар.
Оқибатда рус тили жамоат жойларида кенг қўлланиши ва қозоқ тили нуфузи тушишига олиб келган деб ҳисоблайдилар қозоқ тили ҳимоячилари.
Қозоқ тилининг мамлакат ҳаётида тобора кенг татбиқ этилишига эришиш мақсадидаги муайян ташкилот йўқлигига қарамасдан, охирги йилларда қозоқ тилида сўзлашадиган жамоалар ижтимоий тармоқларда қозоқ тилидан муваффақиятли фойдалана бошлаганлар, бу нарса эса турли бизнесларни, дўконлар, ресторан ва банкларни қозоқ тилида хизмат кўрсатишни бошлашга мажбурлагани кузатилади.

"Собиқ мустамлакачининг тили"дан ажралиш вақти келди
DalaNews.kz сайти 2 феврал куни ёзишича, мамлакат оммавий ахборот воситалари янги қонунчилик лойиҳасида қозоқ тилининг мақоми ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билан "қизиб кетди".
Мақолада турколог Досай Кенжетайдан шундай иқтибос келтирилади: конституцияда рус тили давлат тили билан бир хил даражада қўлланилиши мумкинлиги қайд этилгани, "де-факто" рус тилига давлат тили мақомини беради.
"Бу ибора давлат тилининг алоҳида мақомини йўққа чиқаради", дейди у ва бу "тил масаласидаги ҳозирги сиёсий инерциянинг тасдиғи" эканини қўшимча қилади.
5 феврал куни журналист Жалғас Ертай Facebook'даги постида, "Конституцияда фақат давлат тилигина тилга олиниши керак", деб ёзди.
Конституцияда рус тили давлат органлари томонидан қозоқ тили билан тенг даражада қўлланилиши мумкинлиги қайд этилиши нимани англатишини "кўрмаслик учун бола эмасмиз", деб ёзди журналист.
Ҳеч ким давлат органлари ва фуқаролар рус тилидан мулоқот учун фойдаланишларига қарши эмас, аммо улар "уни иш юритиш тили ва ҳужжатларда қўлламасликлари керак", деб ёзди Жалғас Ертай.
3 феврал куни Abai.kz сайти маданиятшунос ва ҳуқуқшунос Серик Ерғалининг давлат тили ҳақидаги конституциявий норма қуйидаги тарзда баён этилишини таклиф қилганини маълум қилди:
"1. Қозоғистон Республикасидаги давлат тили — қозоқ тили. Давлат бошқаруви, қонун ижодкорлиги, суд ишлари ва расмий иш юритиш қозоқ тилида амалга оширилади. 2. Давлат фуқароларнинг бошқа тиллардан фойдаланиш ҳуқуқини муҳофаза қилади. Давлат органлари фуқаролар билан мулоқот жараёнида белгиланган тартибга мувофиқ рус ва бошқа тиллардан фойдаланиш учун шароит яратилишини таъминлайди."
Ерғалига кўра, бу ибора давлат тилидан мажбурий фойдаланишни таъминлайди, бирор бир фуқаронинг ҳуқуқларини чекламайди.
Facebookда машҳур блогер Жарилқап Қалибай 4 февралдаги постида Қозоғистон ҳукуматини Россиядан қўрқмасликка чақирар экан, "қанчалик кўп қўрқсангиз, улар шунчалик кўпроқ босим ўтказади", деб ёзди.
"Бошқа ҳамма пост-совет давлатлари жасорат кўрсатдилар ва миллий ўзлик масаласини ҳал қилдилар, суверенитетларини мустаҳкамлаадилар (Беларусни ҳисобга олмаяпман)", деб ёзди у.
Қалибай қозоқ элитасини рус тилида иш юритадиган амалдорлар армиясини яратиш учун рус тилидан баҳона сифатида фойдаланиш, "собиқ мустамлакачининг тилидан воз кечишни истамаслик", қозоқ тилини эса "рус тили соясида ушлаб туриш" истагида айблади.
"Бу масала Қозоғистон танасидаги энг чириган яралардан бири. Бир кун келиб у барибир ёрилади", дея қўшимча қилди.
Оддий фуқаролар ҳам ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш фикрлар билдирмоқдалар.
Аякоз Нур 5 феврал куни ҳаммани қуйидаги баёнотни ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилишга чақирди:
"Мен, Қозоғистон фуқароси сифатида, янги конституциянинг 9-моддаси 2 ва 3-бандини қўллаб-қувватламайман! Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимият қозоқ тилини ягона давлат тили сифатида қўллаши шарт! Рус тилидан қозоқ тили билан тенг асосда фойдаланиш нотўғри!"
2 феврал куни Фейсбукдаги "Оян, қазақ" гуруҳида фойдаланувчи Боз Кенжахметов шундай баёнот матнини қолдирди:
"Давлат тилига - Давлат мақоми берилсин!
"Қозоқ тили - Давлат тили!
"Давлат тилини билиш - мажбурий!
"Давлат тилини билмайдиган давлат хизматчилари ишидан ҳайдалсин!"
Қозоқ ҳукумати миллий бирдамлик зарурлигини урғуламоқда
Қозоғистон президентининг Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин конституциявий ислоҳотлар учун масъул шахс ва Президент Тўқаевнинг бош мафкурачиси ҳисобланади.
Ерлан Карин тил масаласини "драмалаштирмасликка" чақирди.
"Бизнинг янги конституциямизда қозоқ тили бизнинг давлат тилимиз эканини аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Бизда битта давлат тили бор, у қозоқ тили. Бошқа давлат тили йўқ. Бизнинг она тилимиз ҳақли равишда юқорида. Бизнинг давлатчилигимиз мавжуд бўлар экан, унинг мавқеъи, унинг мақоми ҳеч қачон йўқолмайди. Шунинг учун ҳам биз ҳаммасидан олдин давлатчилигимизни муҳофаза қилишимиз керак, сақлашимиз керак, бунинг учун биз миллий бирдамлик ҳақида ўйлашимиз керак", деди Ерлан Карин.
Таниқли депутат Ермурат Бапи "тўлқин келтириб чиқаришда эҳтиёт бўлиш" ва айрим масалаларни муҳокама қилишда "чегарадан озроқ ўтиб кетмаслик"ка чақирди.
Dalanews.kz сайти ёзишича, "тилни тўқнашув ва бўлиниш қуролига айлантиришдан фойда кўрмаймиз", деган парламент депутати конституциявий ўзгаришлар "давлатчилигимизни, хавфсизлигимизни ва барқарорлигимизни мустаҳкамлашга қаратилган", деб айтган.
Айрим фаоллар ҳам ушбу масалада эҳтиёткорликка чақирмоқдалар.
2 феврал куни Facebook'даги постида фаол Гулнар Сейтқази барчани "бир муҳим ҳақиқат"ни эслашга чақирди: "Тил сиёсатининг натижаси фақат жамоатчилик истагига эмас, балки ижтимоий барқарорлик ва давлатнинг уни амалга ошириш имкониятига ҳам боғлиқ".
"Аҳолимиз атиги 20 млн, шундан 14 млн — қозоқлар. Ушбу 14 миллионнинг барчаси қозоқча гапиради ва қозоқча ўйлайдими? Мана муаммо. Душманни ташқаридан эмас, ичкаридан излашимиз керак".
"Мен ҳам қозоқ тили ҳимоячисиман. Аммо тилни ҳимоя қилиш учун аввало давлатни мустаҳкамлашимиз керак. Биринчи навбатда ривожланиш, аҳолини кўпайтириш, иқтисодни кучайтириш зарур. Шундан кейингина ўз қарорларимизни бошқаларга қарамасдан қабул қила оламиз", деб ёзди Gulnar Seitkazy.
Ички ишлар вазирлиги "дезинформация"ни бостираяпти
2 феврал куни Ulysmedia.kz хабар беришича, таклиф қилинаётган конституциявий ўзгаришлар — асосан демократиялаштириш бўйича қадамлар кўзда тутилмагани учун келиб чиққан жамоатчилик танқидини назорат қилиш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги фуқароларни ислоҳотлар ҳақида "дезинформация тарқатмаслик" борасида огоҳлантирган ва қоидаларни бузганлар жазога тортилаётганини маълум қилган.
Ҳукуматни қўллаб-қувватловчи Mezgil.kz сайти 5 феврал куни ёзишича, "номаълум" Facebook фойдаланувчилари таниқли шоир ва ёзувчи Мухтар Шахановга тегишли деб кўрсатилган сохта саҳифа очиб, у орқали "ёлғон маълумот тарқатаётгани" аниқланган.
Хусусан, у ерда: "Давлат тили ўлишга ҳам, қамалишга ҳам арзийди", деган баёнот тарқатилгани айтилган.
Хабарда ёзилишича, "бундай сохта маълумот тарқатишдан кўзланган асосий мақсад — жамиятни бўлиб ташлаш ва одамларни бир-бирига қарши қўйиш".
5 феврал куни журналист Жалғас Ертай Facebookдаги постида ҳукумат босими натижасида айрим таниқли жамоат арбоблари рус тилини конституциядан чиқаришни қўллаб-қувватлаб ёзган илгариги постларини ўчираётганини айтди.
"Тил масаласи ва янги конституция лойиҳаси атрофида муҳокамалар бошланганидан бери кимларнинг нима ёзганини сақлаб қўяётгандим. Ҳозир уларни кўздан кечирсам, айримлари ўз постларини ўчириб юборипти", деб ёзди у.
Унинг сўзларига кўра, "Instagramда ҳам худди шундай ҳолат. Шоирлар, қўшиқчилар ҳам бу ҳақда ёзган эди. Улар ҳам постларни ўчириб ташлаган".
"Улар [ҳукумат] бу конституцияни қўрқитиш ва муқобил фикрларни бостириш орқали 'ёзишмоқда'", — деб ёзди Ертай.
































