"Қозоғистонни беқарорлаштириш режаси" чинми ё ёлғон?

Россия ГРУси махфий ҳужжати варағи

Сурат манбаси, KHODORKOVSKIY LIVE/YOUTUBE

Сурат тагсўзи, Ходорковский LIVE канали ўзларига махфий ҳужжатлар келиб тушганини хабар қилди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Шу кунларда Қозоғистондаги қатор оммавий ахборот воситалари ва блоггерлар "Россиянинг Қозоғистонни беқарорлаштириш режаси"ни муҳокама қилмоқдалар.

Россиянинг таниқли ишбилармони ва мухолиф сиёсатчиси Михаил Ходорковский ташкил этган "Досье" ноҳукумат ташаббуси ана шундай режа ҳақида хабар тарқатди.

YouTube даги Ходорковский LIVE канали хабар қилишича, "Досье" тадқиқот марказига Россия Бош штаби Бош Истиҳборот бошқармаси(ГРУ)нинг махсус ҳисоботи келиб тушган.

Бу ҳисоботда гўё ГРУнинг Қозоғистон ички ишларига қандай аралашиш мақсади очиб берилади.

"Досье" ихтиёрига келиб тушган ва "Азаттиқ" таҳлил қилган ҳужжатлар - Россия разведкасининг Қозоғистондаги бир неча агентлари ГРУ полковнигига юборган ҳисоботлардир. Материаллар мазмунига кўра, агентлар Москванинг топшириғи билан Қозоғистон ҳақида маълумот тўплаганлар. 2022 йил охиридан 2023 йил бошигача улар Қозоғистондаги ички сиёсий вазият ва унга таъсир ўтказиш режаларига бағишланган бир неча ҳисобот тайёрлаганлар, деб ёзди "Озодлик" радиосининг Қозоқ хизмати.

"Материалларда тадқиқот марказлари ниқобида россияпараст пропагандани илгари суриш ва Қозоғистон элитасини сотиб олиш стратегияси тасвирлаб берилади. Агентлар Россияга чегарадош ва асосан этник руслардан таркиб топган шимолий вилоятларда беқарорлаштиришни бошлашни таклиф қиладилар", деб ёзади "Азаттиқ" ва Россиянинг ГРУсидан бу борада шарҳ олиш уринишлари бесамар бўлганини хабар қилади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Қозоғистонлик сиёсатшунос Димаш Алжанов айтишича, у ҳозирча Россия пропагандаси Қозоқ жамиятини "қутблаштириб ташлаган"идан ташқари Россиянинг Қозоғистонга қарши қудратли кампаниясини кўрганича йўқ.

"Табиийки, ҳозирча Қозоғистонга нисбатан ёки Қозоғистонга қарши кучли кампания кетаяпти, деб айтиб бўлмайди. Жамиятимиз ичида Россиянинг урушдаги ролига ўз тарафдорларини жалб қилиш мақсадига қаратилган пропаганданинг ахборот кампанияси мавжудлиги бор гап, деган политолог Алжанов.

Қозоғистонда машҳур Телеграм каналларидан бири - "Первый жуз" Қозоғистон "иккинчи Донбасс" бўлиши эҳтимолини рад этди:

"2014 йилдаги шарқий Украинадан фарқли ўлароқ, Қозоғистон - анча марказлашган ва сиёсий таркиб топган мамлакат. Этник ва тил омиллари бошқача ишлайди: аксар русийзабон аҳоли - мустақиллик ғоясини қўллаб-қувватлайдиган этник қозоқлардир. Охирги йилларда Қозоқ ўзлиги мустаҳкамланди, 2022 йил январ ҳодисалари ҳақидаги хотиралар эса четдан аралашувга жамиятни янада эҳтиёткорроқ қилиб қўйди.

Шунг қарамасдан, Россиянинг узоқ муддатга мўлжалланган имкониятларини ҳам паст баҳоламаслик лозим. Ғарб бор эътиборини Украинага қаратган, Хитой эса жимгина ҳаракат қилишни афзал кўрадиган шароитда Қозоғистон хавфсизликнинг "кулранг ҳудуди"да қолади. Бу эса Кремлга нуқтали операциялар - медиа таъсиридан тортиб элитани бўлиб ташлашигача бўлган амаллар учун макон қолдиради", деб ёзди "Первый жуз"

Олма Ота шаҳридаги жомеъ масжидида ҳайит намози

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қозоғистон Россия учун "иккинчи Донбасс" бўлиши эҳтимолини рад этади мамлакатдаги машҳур Телеграм канал "Первый жуз"

Аммо тренд муқаррар, деб ёзади Қозоғистондаги машҳур Телеграм блог.

"Сўнгги йилларнинг энг асосий геосиёсий хулосаси шуки, постсовет макондаги мамлакатлар борган сари Россияни хавфсизлик кафолати деб эмас, таҳдид манбаси сифатида кўрмоқдалар. Жанубий Кавказ ўз танловини қилиб бўлди. Кейинги навбат - Марказий Осиёга. Бу нарса эса Москва учун "ерларни қайтариб олиш" тажовуз сиёсатидан кўра қолганини асраб қолиш мудофаа стратегиясига ўтиш лозимлигини англатади.

Муаммо шундаки, ушлаб қолиш тобора қийин бўлиб бораяпти. Украинадаги уруш қанча узоқ давом этган сайин Кремлда қўпол куч ва шантаждан бошқа воситалари кам қолаяпти. Иттифоқчилар кафолатни Ғарбдан ёки Хитойдан кўпроқ излаётган дунёда эса бундай усул иш бермайди", деб ёзди "Первый жуз".

Россия ҳарбий разведка бошқармаси - ГРУ Совет замонида қудратли тузилма бўлган, СССР парчаланганидан кейин бўшашган эди.

Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин ГРУнинг номи халқаро матбуотда "Новичок" заҳари, Британияда Скрипаллар оиласи заҳарланиши, Собиқ КГБ зобити Литвиненко ўлдирилиши ҳодисаларида тилга олинди.

Расман Россия ушбу махфий операциялар учун масъулиятни зиммасига олган эмас.

Россия ҳарбий истиҳборотида Қозоғистондаги вазиятни беқарорлаштириш режаси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги шундай муносабат билдирди:

"Хорижий давлатлар томонидан бизнинг ҳудудимизда махфий амалиётлар ва ахборот кампанияларини олиб бориш ҳақида расмий ахборот йўқ. Вазирлик ўз фаолиятида ташқи сиёсат ташкилоти ишини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатлар нормативларига таяниб иш кўради. Ва Қозоғистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича мажмуавий ишларни мунтазам амалга ошириб боради".

Айни пайтда Путин ва Трампнинг Аляскадаги учрашувидан кейин Қозоғистон Украинадан кейин Россиянинг кейинги нишонига айланиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар ҳам ўртага ташлана бошлади.