Россия матбуоти Алишер Қодировнинг мактабдаги Россия пропагандаси миллий таҳдид деганидан ғазабда. Видео

Сурат манбаси, Telegram/Alisher Qodirov
Ўзбекистонлик сиёсатчи Алишер Қодировнинг Россия пропагандаси "миллий таҳдид" дегани Россияда яна сиёсатчиларни ғазаблантирди, матбуот ва Телеграм каналларида ушбу баёнотга қарши чиқишлар кузатилаяпти.
Ушбу мавзу қатор Россия оммавий ахборот воситаларида батафсил ёритилаётган мавзулардан бирига айланди.
"Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров мактаабларда Совет замонидаги пропаганда Ўзбекистонга хавф туғдиришини айтди ва Ташқи ишлар вазирлигини Россиянинг хориждаги алоқалар билан шуғулланадиган "Россотрудничество" ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятини текширишга чақирди.
У ўзининг Телеграм каналида шундай деб ёзди:
"Боғча ва мактабларда болаларнинг онгостига ўзлигимиз хўрланган совет даврига соғинч, аждодларимизни қирғин қилган империалистик рамзларга муҳаббатни сингдирилиши миллий таҳдид сифатида баҳоланиши зарур.
Ўзбекистондаги боғча ва мактаблар фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида, ўзлигимизга меҳр ва садоқат билан тарбиялаш учун керак, ташқи пропаганда тарғиботи учун эмас. ММТ вазирлигидан бу масалада изоҳ сўралади.
Ташқи ишлар вазирлигига Россотрудничество фаолиятини таҳлил қилиш ҳақида сўров юбормоқчимиз.
Нон бериб қўлидан айрилган халқмиз, яхши ниятимиз суистеъмол қилинишига йўл қўйилмаслиги керак".
"Катюша" қўшиғи можароси

Сурат манбаси, .
Алишер Қодировнинг ушбу баёноти Тошкент шаҳридаги мактаб ўқитувчиси ўқувчиларга рус тилидаги Совет замонидаги қўшиқни ўргатгани учун мактабдан "ҳайдалгани" ҳақидаги хабарлар ортидан эълон қилинди.
Россия матбуоти болаларга уруш ҳақидаги совет қўшиғига муҳаббатни сингдирмоқчи бўлган ўқитувчи мактабдан ҳайдалгани тафсилотига батафсил тўхталдилар.
"Тошкентдаги №188-мактабда жанжал келиб чиқди: мактабда 37 йил ишлаган бошланғич синф ўқитувчиси Венера Басалямова болаларга уруш ҳақидаги совет қўшиғига муҳаббат сингдиришга ҳаракат қилгани учун ишдан кетишга мажбур бўлди", деб ёзди "Соседи. Центральная Азия" Телеграм канали.
"Ишдан кетишига ўқитувчининг ўқувчилаар билан бирга "Катюша" ва "Смуглянка" қўшиқларини ўрганаётгани, 101 Ўзбек қаҳрамони ҳақидаги саҳна кўринишини режалаштираётгани ва болалар учун ҳарбий кийимларни ижарага олгани сабаб бўлди.
Ўқитувчининг сўзларига кўра, мактаб заувчи Шавкат Оқилович унга рус тилидаги ҳарбий қўшиқларни ижро этишни маън этган", деб ёзди "Соседи. Центральная Азия"
Кремл овози деб кўрилдиган Russia Today Венера Басалямованинг шу мактабда 37 йил ўқитувчи сифатида фаолият юритганини урғулади.
Россияпараст podrobno.uz сайти Тошкент шаҳар мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига боғланган, бошқармада 9 май муносабати билан ўқувчиларга қўшиқ ўргатиш ғояси ўқитувчининг ўзининг ташаббуси бўлгани ва бу нарса таълим жараёнини ташкиллаштириш талабларига зид эканини эслатганлар.
Мактабдаги рус тили билан боғлиқ иккинчи жанжал
"Катюша" билан боғлиқ ҳодиса Ўзбекистон мактабларида 2024-2025 йилги ўқув йилида рус тили билан боғлиқ рўй берган иккинчи ҳисобланади.
2024 йил 25 сентябрида Ўзбекистондаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси ўқувчи болани уриб, у билан тортишгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Ўзбекистондаги баъзи россияпараст веб-сайтлар бола ўқитувчидан "рус тилидаги дарс"да русча гапиришни сўрагани учун урилганини иддао қилдилар.
Ушбу воқеага Россия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Мария Захарова муносабат билдирди, "Россия томони Ўзбекистондан расмий изоҳ ва ҳуқуқий баҳо беришни, агар тасдиқланса, болага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахсга чора кўришни талаб қилади", деди.
Кўплаб Ўзбек таҳлилчилари, блогерлар ва фаоллар, шунингдек, бир неча депутатлар Россияни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаётганликда айблаб, қаттиқ норозилик билдирдилар.
2024 йил 26 сентябр куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув чоғида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам икки давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойили муҳимлигини таъкидлади.
Жорий йил бошларида ҳам қатор ўзбекистонлик таҳлилчилар 9 май байрами арафасида мактабларда Россия пропагандасининг тарқалиши ҳақида хавотир билдиришган эди.
Апрел ойи охирида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқанддаги ҳайкал олдида рус тилида ёзув йўқлигидан ҳайратланганини кўплаб ўзбекистонликлар "энди буниси ҳаддидан ошиш" деб баҳоладилар.
Ўтган йили журналист ва давлат расмийси Шерзодхон Қудратхўжанинг "ўзбек тилини ё босқинчи ёки телба билмайди" деган гапи Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийларини ғазаблантирганди.
Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси вазирликка чақиртирилган, Шерзодхон Қудратхўжани ўзбек тилини билмайдиган ўзбекистонликлар ҳақида "ғоят ҳақоратомуз ва мутлақо номақбул шакл"да фикр билдиришда айбланган, бу сўзларга нисбатан Ўзбекистон томонидан "принципиал баҳо" берилиши кутилаётгани билдирилган эди.












