Ўзбекистон ва Қозоғистон энди кучаядими, Остона янада қаттиқ кетадими, Озарбайжон Россиянинг қароридан 'қаттиқ ҳайрат'даю Москвага 'жиддий саволлари' борми – нима гап?

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Айнан Ўзбекистон ва Қозоғистон Трамп қудратга қайтган бир йилнинг ўзида, сўнгги ойларда ва Россия Украинага очган уруш фонида Америка томони билан қиймати миллиардлаб долларлик турли келишув, битим ва шартномалар имзолаган, ўз қарорлари билан дунёда сарлавҳаларга чиққан икки Марказий Осиё давлати бўлишади.
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Ҳафта дайжести - бунақаси бўлмаган...

Минтақада яна гап...

Шавкат Мирзиёев
rasmiy
Bunday murakkab vaziyatda...mutanosib ochiq tashqi siyosat olib borishga qaratilgan faoliyatimimizni davom ettiramiz.
Shavkat Mirziyoyev
O‘zbekiston Prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Кечаётган ҳафтада Доналд Трамп дунёнинг эътиборини яна Марказий Осиёга қаратди.

АҚШ президенти Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини йирик йигирмалик - G20 нинг келаси йилги саммитига меҳмон сифатида таклиф қилиш ниятида эканликларини маълум қилди.

Доналд Трампнинг пости унинг ҳар икки давлат президентлари билан телефон мулоқоти ортидан бўй кўрсатди.

АҚШ президенти ўзининг постида бўлажак саммитни "ўта муҳим тадбир", деб атади, аммо нега экани сабабини очиқламади, лекин унинг Майамида бўлиб ўтишини айтди.

Бу икки Марказий Осиё давлатининг йирик йигирмаликка кирмаслиги эса, мазкур хабарнинг аҳамиятини янада бўрттирди.

Трамп, бундан ташқари, бу ишни йирик йигирмаликнинг бундай ниятда бўлган биринчи президент давлати раҳбари сифатида қилди.

АҚШ президентининг телефон мулоқотига оид расмий хабарлар ва пости яна беш Марказий Осиё давлати президентларининг барчаси бирдек иштирок этган МДҲ давлатлари лидерларининг Санкт-Петербургдаги норасмий саммити ортидан бўй кўрсатгани билан ҳам ўзига хос эътибор тортди.

Россиянинг иккинчи йирик бу шаҳри 21 декабр куни саммит баробарида ЕвроОсиё Иқтисодий Олий Кенгашининг бу йил ҳисобидан сўнгги йиғинига ҳам мезбонлик қилди.

Мазкур саммит теграсида Путин билан учрашган Қозоғистон президенти Россия билан стратегик ҳамкорликни яна бир бор юксак баҳолагани ҳам эътиборга тушган воқеълик бўлди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг икки йирик давлати саналишади.

Минтақанинг ўзи ҳам геостратегик жиҳатдан муҳим, Қозоғистон мисолида айнан Россияга, яна Хитой ва Эронга ҳам чегарадош, сўнгги икки асрда Россиянинг таъсир доирасида, деб билинган ҳудуд, тобора стратегик аҳамият касб этиб бораётган табиий минералларга бой.

Айнан Ўзбекистон ва Қозоғистон сўнгги ойларда, Трамп қудратга қайтган бир йилнинг ўзида ва Россия Украинага очган уруш фонида Америка томони билан қиймати миллиардлаб долларлик турли келишув, битим ва шартномалар имзолаган, ўз қарорлари билан дунёда сарлавҳаларга чиққан икки Марказий Осиё давлати бўлишади.

Агар, шу йил сентябр ойидаги хабарларга таянилса, Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор учрашувида турли соҳаларда $100 млрд. доллардан зиёд шартнома ва лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Расмий Тошкент баҳосича, Ўзбекистон дунёнинг энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрати бўлган Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарган.

АҚШ раҳбари билан кенгайтирилган стратегик шерикликнинг устивор йўналишларини ҳам муҳокама қилиб олган.

Буларнинг барчаси постсовет маконида ҳам ўзига эътибор тортган, "Россия энди ўтмиши билан фахрлана олмаслиги, минтақага Boeing таклиф эта олмаслиги, Марказий Осиё буёғига Шарқ билан Ғарбдан бирини танламаслиги, балки уларнинг манфаатларини уйғунлаштириб, геосиёсий рақобатни ўз тараққиёти учун "ёқилғи"га айлантириши"га оид хабарларга ҳам замин яратган.

Айниқса, аҳолиси минтақада энг йириги саналувчи, ишсизлик ва камбағаллик нисбатан долзарб муаммо сифатида кўрилувчи Ўзбекистон учун дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатлари билан муносабатларини мустаҳкамлаш ва мамлакатга кўпроқ хорижий сармоя жалб этиш устивор масалалардан бири сифатида кўрилади.

Путин ва Марказий Осиё давлатлари лидерлари

Сурат манбаси, Getty Images

Россия шу орада Марказий Осиё билан ўтказишга улгурган иккинчи "+" форматидаги саммити эса, Кремлнинг минтақада ўзининг ўрнини тиклаш, таъсирини янада кучайтириш ҳаракати сифатида баҳо топган.

Агар, худди шу саммит ортидан айрим минтақавий нашрларда бўй кўрсатган таҳлилларга таянилса, Путин йиғиндан "нафақат иқтисодий интеграция суръатларидан норозилигини билдириш, балки Марказий Осиё давлатларини, унинг таъбири билан айтганда, ўзаро савдодаги фаолликлари етарлича эмаслиги учун танқид қилишда минбар сифатида ҳам фойдаланган."

Вашингтон 6 ноябр куни мезбонлик қилган саммитга Марказий Осиё лидерларини яна шахсан АҚШ Президенти Доналд Трампнинг ўзи таклиф қилган.

Бу ҳам Кремл тарафдори бўлган шарҳловчиларнинг эътиборидан четда қолмаган, улар буни минтақани Россиядан узоқлаштиришга қаратилган кенг қамровли ҳаракатнинг бир қисми сифатида баҳолашганди.

Кремл Россияга давлат ташрифи арафасида Қозоғистон президентининг Вашингтонда экан, Трамп билан нималарни гаплашганига қанчалик қизиққанликларини ҳам яширмаган, Тоқаев айтиб берса, буни билиб қўйишга қарши эмасликларини билдирган.

Россия президентининг Тошкентга сим қоққани, Ўзбекистон президенти билан ҳам телефон орқали мулоқот қилгани расман хабар берилган, унда ҳам яна стратегик шериклик ва иттифоқчилик масаласи гаплашилган мавзулардан бири бўлгани англашилганди.

Айнан Мирзиёев ва Тоқаев сўнгги йилларда геосиёсий танглик кучайиб бораётгани ва бунинг минтақага таъсиридан ўз хавотирларини расман ва ошкора билдириб келаётган икки Марказий Осиё давлати президентлари ҳам бўлишади.

Трампнинг телефон қўнғироғи ва икки етакчи Марказий Осиё давлати етакчилари билан боғлиқ постида изҳор қилган ниятига расмий Москванинг муносабати ҳозирча имконсиз.

Ўзбекистон президенти кеча, 26 декабр куни Ўзбекистон парламенти ва халқига мурожаатида яна "жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олиб бораётгани"га тўхталган.

"Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мутаносиб очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятларини давом эттиришлари"ни баён қилган.

Йирик йигирмаликнинг Жанубий Африкадаги саммити чоғида олинган сурат.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Йирик йигирмаликка 1999 йилда асос солинган, у Хитой илова дунёнинг энг йирик 19 иқтисоди ва Европа Иттифоқини ҳам ўз ичига олади. Хитой ва Европа Иттифоқи ҳам Украина уруши фонида Марказий Осиёда ўз мавқеъларини кучайтиришга интилаётган томонлар бўлишади.

Бошқа томондан, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари матбуот хизматларининг Доналд Трампнинг телефон қўнғироғига оид хабарларида ҳам АҚШ президентининг бу икки давлат раҳбарини йирик йигирмаликка таклиф қилиш нияти ўзининг ифодасини топмаган - ҳалича на-да тасдиқланган ва на-да рад этилган.

Трамп нега бундай ниятда экани сабаби ҳам маълум эмас, аммо унинг постига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан телефон мулоқотида ўзаро савдо ва ҳамкорликларини кучайтиришдан ташқари, бугунги можароларга тинч йўл билан барҳам беришнинг муҳимлигига ҳам эътибор қаратишган.

Сўз Украина уруши ҳақида ҳам борганлигини эса, Қозоғистон президентининг матбуот хизмати ўзининг расмий хабарида тасдиқлаган.

Ўзбекистон президенти ўзининг Вашингтонга сўнгги сафари чоғида Украина урушини фақат Доналд Трам тўхтата олишига умид билдирган.

Маълум бўлишича, телефон мулоқоти чоғида "Қозоғистон раҳбари ҳудудий масала устувор ўрин тутаётган Украина можаросини ҳал қилишнинг мураккаблиги"ни таъкидлаган.

Шу боис, "Қозоғистон барча манфаатдор томонларни сабр-тоқат, мослашувчанлик ва профессионаллик кўрсатишга ҳамда тинчлик формуласини излашни давом эттиришга чақирган".

Қозоғистон президенти эса, Трамп билан сўнгги телефон мулоқоти чоғида ҳам, агар лозим бўлса, тинчлик музокараларига мезбонлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилган.

АҚШ, коллектив Ғарб Марказий Осиё давлатларини Россиянинг ўз санкцияларини четлаб ўтишига имкон бермасликка ҳам чақириб келишади, бунинг оқибатларидан ҳам огоҳлантиришаркан, аллақачон айрим ширкат, корхона, банк ва фуқароларига нисбатан жазо чоралари қўллай бошлашгани ҳам кўрилади.

Нейтрал Туркманистон баробарида қолган барча Марказий Осиё давлатлари ҳам Украина уруши борасида ҳозир ҳам "бетараф мавқеъда", на-да қоралашган ва на-да қўллашади.

Йирик йигирмаликка 1999 йилда асос солинган, у Хитой илова дунёнинг энг йирик 19 иқтисоди ва Европа Иттифоқини ҳам ўз ичига олади. Аммо унга Россия кирмайди.

Хитой ва Европа Иттифоқи ҳам Украина уруши фонида Марказий Осиёда ўз мавқеъларини ҳар омонлама кучайтиришга интилаётган томонлар бўлишади.

Шу ой йирик йигирмаликка президентлик Америка Қўшма Штатларига ўтади.

Йирик йигирмаликнинг бундан аввалги саммитларида 2008 йилги молиявий инқироз, Ковид-19 пандемияси, Эроннинг ядровий дастури ва Суриядаги фуқаролар уруши масалалари муҳокама қилинган.

Экспертларга кўра, дунёда кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик гуруҳнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан бир ёқадан бош чиқаришларини тобора қийинлаштирган.

Минтақавий таҳлилчилар наздларида эса, Трампнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини бўлажак саммитга меҳмон сифатида таклиф қилиш нияти Вашингтоннинг Марказий Осиёга қизиқиши кучайиб бораётганини англатади, минтақа билан ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлаш нияти, минтақанинг можаролар ечимида тутган ўрни кучайиб бораётганига далолат қилади.

"Минтақавий дипломатияда муҳим палла".

Доналд Трамп ўзининг постида яна ҳар икки Марказий Осиё давлати билан муносабатлари "ажойиб" эканини ҳам таъкидлаган.

Бу Марказий Осиё давлатларидаги демократик жараёнлар учун қандай аҳамиятга эга бўлиши ҳам сўнгги янгилик манзарасида кўпчиликни қизиқтираётган саволлардан бири бўлади.

Остона янада қаттиқ кетадими?

Россия ҳарбийлари

Сурат манбаси, EPA

Хабарларга кўра, кечаётган йилда Қозоғистонда Россия учун жанг қилган фуқароларга нисбатан рекорд сондаги жиноий ишлар очилган.

Бу ҳақда Россиянинг "Медиазона" нашри ёзган.

Нашр ўз хабарига, "Қозоғистон Украинага жанг қилиш учун кетган ўз фуқароларига қарши юзлаб жиноий иш очмоқда", деган сарлавҳа қўйган.

Шундай деркан, Россияда "хорижий агентлар" рўйхатида турувчи нашр кечаётган йилдаги жами жиноий ишларнинг сонини 700 тага нисбат берган.

"Медиазона"нинг ёзишича, бундай ҳолларда судлар айбланувининг қаерда хизмат қилганига аҳамият беришмайди.

"Улар Вагнер жангчиларига ҳам, (Россия - таҳр.) Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганларга ҳам бир хил ҳукм чиқаришади".

Нашрнинг ёзишича, Қозоғистон Жиноят Кодексига биноан, уларнинг барчаси урушда қатнашиб, "жиноий ниятларини амалга оширганлар".

"Медиазона" ва BBC Рус хизмати ҳисоб-китобларига кўра, Украина урушида 200 га яқин Қозоғистон фуқароси ёки асли қозоғистонлик ҳалок бўлган.".

Нашр, ўз ўрнида, "Хочу жить" давлат лойиҳасига таяниб, Россия томонида Украинага қарши жанг қилаётган ёки жанг қилган қозоқ фуқароларининг сони 1200 нафар эканлигини ҳам тилга олиб ўтган.

20 миллионлик Қозоғистон аҳолисининг уч миллиончаси этник руслардан иборат экани айтилади.

Бошқа Марказий Осиё мамлакатларида русийзабон аҳоли беш фоиздан ортиқни ташкил этмайди.

Украинанинг "Хочу жить" давлат лойиҳаси кечаётган йилда ҳам Россия ўзбекистонликларни урушга ёллашда ҳануз давом этаётганлигини айтиб келади.

"Яшашни истайман" лойиҳаси 30 июл куни эълон қилган янги рақамларга таянилса, Россия шу йилнинг ўзида 900 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини урушга ёллашга муваффақ бўлган.

Ёллашда ўзининг олдинги усулларидан воз кечмаган.

Украина расмийларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари асирга тушганлар сонининг кўплиги бўйича ҳам биринчи ўринни эгаллаяпти.

Шу йил апрел ойида Украина Мудофаа вазирлиги ва Разведка бошқармаси қошидаги "Хочу жить" лойиҳаси Россия ҳарбийлари сафида жанг қилаётган ёки қилган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг рўйхатини эълон қилган.

Бунгача лойиҳа Россия армияси сафларида жанг қилаётган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларус фуқароларининг рўйхатини чоп қилган.

Россия томонда жанг қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳозирча ушбу рўйхатлар ичида энг кўпи бўлиб турибди.

Россия сафида Украинага қарши жанг қилган фуқароларини қанчалик қаттиқ ёки енгил жазолаётгани аксарият Марказий Осиё давлатларида жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.

Озарбайжон "қаттиқ ҳайрат"дами?

Озарбайжоннинг ҳалокатга учраган йўловчи учоғи

Сурат манбаси, Reuters

Хабарларга кўра, Россия AZAL йўловчи учоғининг ҳалокати бўйича тергов ишини тўхтатган.

Бу ҳақда сўнгги икки кун ичида Озарбайжонники баробарида Россия ўзининг ҳам қатор нашрлари хабар беришган.

Уларда айтилишича, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири бу ҳақда 26 декабр кунги брифинг чоғида, учоқ ҳалокатининг бир йиллик санасидан кун ўтиб маълум қилган.

"Бу қарор Озарбайжон томонида ташвиш ва ўта жиддий саволларни туғдирган".

2024 йилги худди шу ҳалокат Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларга жиддий дарз етказган, фақат шу йил октябр ойига келибгина икки давлат етакчилари илк бор юзма-юз учрашишгани оммавий ахборот воситаларида, таъбир жоиз, катта гап бўлганди.

Тожикистон пойтахти Душанбеда кечган учрашув чоғида Путин биринчи марта Озарбайжон талаб қилиб келаётган нарсани тан олган, у йўловчи учоғининг уриб туширилишига Россиянинг алоқадорлигини эътироф этган ва яна бир бор узр сўраган.

Озарбайжон президенти ўшанда текширув жараёнини шахсан ўз назоратига олгани учун Путинга миннатдорлик ҳам билдирганди.

"Minval Politika"нинг ёзишича, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Россия Тергов қўмитаси раҳбарининг мазкур учоқ ҳалокати бўйича жиноий терговни тўхтатиш ҳақидаги хати Бокуда "жиддий ҳайрат"га сабаб бўлганлигини айтган.

Нашрга кўра, вазир Озарбайжон томони ушбу мактуб бўйича ўзининг муфассал ва принципиал позициясини тақдим этганини билдирган.

Маълум бўлишича, "Боку бу жараённинг Россия президентининг Душанбеда берган баёнотлари ва икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ якунланишини кутмоқда".

Аммо Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида ҳозирча бу ҳақдаги хабар кўзга ташланмайди.

Бокудан-Грознийга учаётган учоқ 2024 йилнинг 25 декабрида Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинига қулаб тушган, ҳалокат натижасида 3 экипаж аъзоси илова 38 киши қурбон бўлган, 29 нафари қутқариб қолингани хабар берилган.

Боку учоқ ҳалокатидан кейин Москвадан унга жавобгарликни тан олиш, айбдорларни жазолаш ва қурбонлар оилаларига товон пули тўлашни талаб қилган.

Озарбайжон орада AZAL самолёти ҳалокати юзасидан Россияга қарши халқаро судга мурожаат қилиш ниятини ҳам изҳор этган, лозим ҳужжатларни ҳозирлаётганликларини ҳам билдирган.

Жорий йилнинг 25 декабрида, авиаҳалокатнинг бир йиллиги муносабати билан Қозоғистон Транспорт вазирлиги олиб борилаётган текширув ишлари юзасидан ўзининг оралиқ ҳисоботни эълон қилган.

Самолётнинг шикастланишига жанговар каллакнинг зарба берувчи элементлари сабаб бўлгани, аммо уларнинг мансублигини аниқлаб бўлмаганини маълум қилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳодисани ўрганаётган комиссия авиаҳалокат сабаблари ва таъсир этувчи омилларни аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.

Иш Озарбайжон, Россия ва Бразилиянинг ваколатли вакиллари, шунингдек, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти кузатувчиси иштирокида олиб борилмоқда.

Озарбайжон президентининг МДҲ давлатлари лидерларининг Санкт-Петербургдаги саммитига бормаганлиги шу кунларда постсовет маконида яна кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган, сарлавҳаларга чиққан, сабаби турли таҳлилларга замин яратгани ҳам кўрилган.

Президент маъмурияти Илҳом Алиевнинг бормаслигини, унинг тиғиз иш жадвали билан изоҳлаган.

Кремл Алиевнинг иштирок этмаслигига тушуниш билан ёндашувини маълум қилганди.

24 декабр куни Россия президентининг матбуот хизмати Путин Озарбайжон раҳбарини туғилган куни билан қутлаб, сим қоққани ҳақида расман хабар берган.

Хабарда, "икковлоннинг Россия-Озарбайжон иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқлашгани", ҳам айтилган, суҳбатга Озарбайжоннинг биринчи хоними ва вице-президенти Меҳрибон қўшилгани ҳам қистириб ўтилганди.

Россия AZAL йўловчи учоғининг ҳалокати бўйича тергов ишини тўхтатганига оид бўй кўрсатаётган кўплаб хабарларга расмий Москванинг муносабати ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.

Сўнгги хабарлар аллақачон Озарбайжон ва Россия муносабатлари учун энди нимани англатишига оид турли талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Худди шу авиаҳалокат Россия билан муносабатларига жиддий путур етказган бир манзарада Озарбайжон Арманистон билан айнан Трамп воситачилигида Қорабоғ бўйича тинчлик битимини имзолаган.

Яқин-яқингача Россиянинг таъсири остида, деб билинган Шимолий Кавказдаги узоқ йиллик можаро барҳам топиб, Трампнинг кучли қўллови билан аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам бефарқ бўлмаган стратегик жиҳатдан муҳим Зангезур йўлаги ғояси кун тартибига қайтган.

Бу битимда Зангезур йўлаги қурилиши экслюзив ҳуқуқи АҚШга тегишли экани қайд этилди ва "Трамп маршрути" деган ном олди.

Ушбу йўлак миллиардлаб доллар даромад келтириши мукинлиги, Европага бораётган юк вақтини 12-15 соат қисқартириши, Туркияни Марказий Осиё янада жипс боғлаши мумкинлиги айтилади.