Йилларки зўрланган қизчани дарк-веб агентлари қандай топди?

Жамоа жинсий таҳқирланаётган болаларни аниқлаш учун дарк-вебдаги чатрумларда ўтиради
Сурат тагсўзи, Жамоа жинсий таҳқирланаётган болаларни аниқлаш учун дарк-вебдаги чатрумларда ўтиради
    • Author, Sam Piranty
    • Role, BBC Eye Investigations a'zosi
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Диққат: Мақолада жинсий таҳқирлашга доир тафсилотлар бор

Онлайн жиноятлар бўйича терговчи Грег Сквайр зўравонликка учраётган қизни топишда боши берк кўчага кириб қолган эди. Унинг жамоаси қизни Люси деб атайди.

Қизнинг одамни хавотирга солувчи тасвирлари дарк-вебда тарқалаётганди. Дарк-веб интернетнинг шифрланган қисми бўлиб, унга фақат махсус дастур ёрдамида кириш мумкин.

Бироқ, Сквайрнинг айтишича, ҳар қанча усталик билан изламасин, жиноятчи "ўз изини яшириш" учун барча белгиларни ўчириб ёки ўзгартиришга ҳаракат қиларди. Люсининг кимлигини ёки қаердалигини аниқлаш деярли имконсиз эди.

Кўп ўтмай, Сквайр 12 ёшли ўша қизнинг қаерда эканлигига ишора қилувчи белгини топди.

Сквайр АҚШ Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармасининг жинсий зўравонлик материалларида кўринган болаларни топишга ихтисослашган махсус бўлинмасида ишлайди.

Би-би-си Жаҳон хизмати жамоаси Сквайр ва Португалия, Бразилия ҳамда Россиядаги бошқа тергов бўлинмалари билан беш йил давомида суратга олиш ишлари олиб борди. Улар Россияда ўғирлаб кетилган ва ўлган деб тахмин қилинган етти ёшли боланинг иши ҳамда дарк-вебдаги болаларга нисбатан энг йирик бешта жиноий форумни бошқарган бразилиялик эркакни ҳибсга олиш жараёни тафсилотларини кўрсатишди.

Суратга олиш жараёнида шу маълум бўлдики, бундай ишлар кўпинча энг замонавий технологиялар ёрдамида эмас, балки тасвирлар ёки чат форумларидаги бир қарашда майда, аммо муҳим тафсилотларни аниқлаш орқали очилар экан.

Сквайрнинг айтишича, у ўз профессионал фаолияти бошида Люси ишини муваффақиятли ҳал қила олгани унинг келгусидаги ишлари учун илҳом манбаи бўлган.

Люси унинг ўз қизи билан тенгдош бўлгани ҳам таъсир қилганди, қизнинг афтидан ўз ётоқхонасида зўрланганини акс эттирувчи янги фотосуратлар мунтазам пайдо бўлаётганди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Сквайр ва унинг жамоаси фотосуратларда кўринган чироқ ва электр розеткаларидан Люсининг Шимолий Америкада эканлигини аниқлашди. Аммо бу маълумот етарли эмасди.

Улар ўша пайтда ижтимоий тармоқларда етакчи бўлган Facebook билан боғланиб, юкланган оилавий фотосуратларни текширишда ёрдам сўрашди, Люси уларнинг бирортасида бор-йўқлигини аниқлаш зарур эди. Аммо Facebook'да юзни таниш технологияси бўлишига қарамай, ёрдам бериш учун "воситалари йўқлигини" айтди.

Жон Харп Люсининг ортидаги ғишт деворни таҳлил қилган
Сурат тагсўзи, Жон Харп Люсининг ортидаги ғишт деворни таҳлил қилган

Шундай қилиб, Сквайр ва унинг ҳамкасблари Люсининг хонасида кўринган ҳамма нарсани синчиклаб ўрганди: кўрпа-тўшак, кийимлари, юмшоқ ўйинчоқлари. Улар қизни топишда асқатиши мумкин бўлган ҳар қандай элементни излашди.

Ниҳоят кичик ютуққа эришдилар. Жамоа баъзи расмларда кўринган диван фақат минтақавий миқёсда сотилгани, мижозлар сони ҳам чекланганини аниқлади.

Аммо бу тахминан 40 000 киши дегани эди.

"Терговнинг ўша босқичида биз [ҳали ҳам] АҚШнинг 29 та штатини текшираётган эдик. Тасаввур қиляпсизми, бу ўн минглаб манзиллар дегани, жуда мураккаб вазифа эди", дейди Сквайр.

Жамоа кўпроқ излар қидирди. Шунда улар Люсининг ётоқхонасидаги сувалмаган ғишт девор уларга йўл кўрсатиши мумкинлигини пайқаб қолишди.

"Шундай қилиб, мен шунчаки ғиштларни интернетда қидира бошладим ва кўп ўтмай Ғишт саноати уюшмасини топдим", дейди Сквайр.

"Телефонда гаплашган аёл ажойиб экан. У «Ғишт саноати қандай ёрдам бера олади?» деб сўради."

Аёл суратни бутун мамлакат бўйлаб ғишт мутахассисларига кўрсатишни таклиф қилди. Жавоб деярли дарҳол келди, дейди Сквайр.

Мурожаат қилганлардан бири 1981 йилдан буён ғишт савдоси билан шуғулланиб келаётган Жон Ҳарп эди.

"Мен суратдаги ғиштнинг пушти рангда эканлиги ва устида бироз кўмир рангли қатлам борлигига эътибор бердим. Бу саккиз дюймли модулли ғишт бўлиб, тўртбурчак қиррали эди, – дейди у. – Буни кўрганимда, ғиштнинг аниқ қайси тури эканлигини билардим", дея қўшимча қилади у.

Сквайр Люсининг ўз қизи билан тенгдош эканидан таъсирланган
Сурат тагсўзи, Сквайр Люсининг ўз қизи билан тенгдош эканидан таъсирланган

Сквайрга айтишича, бу "Алангали аламо" номли ғишт экан.

"[Бизнинг компания] бу ғиштни 60-йилларнинг охиридан 80-йиллар ўрталаригача ишлаб чиқарган ва мен бу заводдан миллионлаб ғишт сотганман."

Дастлаб Сквайр рақамлаштирилган мижозлар рўйхатига киришга умид қилиб хурсанд бўлди. Аммо Ҳарп савдо қайдлари шунчаки ўнлаб йиллар олдинги қоғоз "қайдлар уюми" эканлигини айтди.

Бироқ у ғишт ҳақидаги муҳим маълумотни очиб берди, дейди Сквайр.

"Ғишт хийла оғир, деди у. Кейин эса, шундай оғирки уларни узоққа ташишмайди, деб қўшиб қўйди."

Бу маълумот айни муддао бўлди. Жамоа диван мижозлари рўйхатига қайтди – АҚШ жануби-ғарбидаги ғишт заводидан 100 миль радиусда яшовчи мижозларни ўргана бошлади.

Ўша 40-50 кишилик рўйхатдагиларнинг ижтимоий тармоқларини топиш ва текшириш осон бўлди. Шунда улар Facebook'да Люсининг катта ёшли бир аёл билан тушган суратини топишди. Аёл қизга яқиндек кўринарди, эҳтимол, қариндоши эди.

Улар аёлнинг манзилини аниқлаб, кейин шу аёл билан боғлиқ барча манзилларни ва у билан бирга яшаган одамларни топишди.

Бу Люсининг эҳтимолий манзилини янада торайтирди, аммо улар уйма-уй юриб, сўраб-суриштиришни хоҳлашмади. Агар нотўғри манзилга бориб қолишса, гумонланувчига сездириб қўйишлари мумкин эди-да.

Шундай қилиб, Сквайр ва унинг ҳамкасблари бу уйларнинг фотосуратларини ғишт бўйича мутахассис Жон Ҳарпга юбора бошладилар.

Greg Squire
BBC
Uyimizda 150 dan ortiq turli bolalar bo‘lgan. Uchtasini farzandlikka oldik. Ko'plari ilgari zo‘ravonlikka uchragan.
Greg Squire
Tahqirlangan bolalar tergovchisi (bbc.com/uzbek)

"Алангали аламо" бирорта ҳам уйнинг фасад қисмида кўринмасди, ҳаммаси бошқа материаллар билан қопланган эди. Аммо жамоа Ҳарпдан уйларнинг услуби ва ташқи кўринишига қараб, бу уйлар "Алангали аламо" сотувда бўлган даврда қурилган бўлиши мумкинлигини аниқлашга ёрдам сўради.

"Биз ўша уй ёки турар жойнинг расмини олиб, уни Жонга юборар, "бу уйда шундай ғиштлар бўлиши мумкинми?" деб сўрардик", дейди Сквайр.

Ниҳоят, уринишлар беҳуда кетмади. Улар Ҳарп "Алангали аламо" ғишти урилган бўлиши мумкин деб ҳисоблаган манзилни топдилар ва айни шу уй диван харидорлари рўйхатида ҳам бор эди.

"Шундай қилиб, эътиборимизни ана шу манзилга қаратдик... ва у ерда ким яшаётганини давлат рўйхатлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси... мактаблар ҳақидаги маълумотлар орқали аниқлашга ҳаракат қилдик", дейди Сквайр.

Жамоа Люси билан бир хонадонда онасининг маъшуқи – судланган жинсий жиноятчи яшаётганини аниқлади.

Бир неча соат ичида маҳаллий Ички ишлар ходимлари олти йил давомида Люсини зўрлаган жиноятчини қўлга олди. Кейинчалик у 70 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ғишт мутахассиси Ҳарп Люсининг озод этилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлди.

"Уйимизда 150 дан ортиқ турли болалар бўлган. Учтасини фарзандликка олдик. Шундай қилиб, ўша йиллар давомида уйимизда [илгари] зўравонликка учраган кўплаб болалар бўлган", деди у.

"Сквайр жамоаси ҳар куни қиладиган ва кўрадиган нарсалар мен кўрган ёки дуч келганлардан юзлаб марта даҳшатлироқ."

Бир неча йил олдин Сквайрга тушган бу босим унинг руҳий саломатлигига жиддий таъсир эта бошлади. У ишламаган кунларида "алкоголь ҳаётимнинг керагидан ортиқ қисмини эгаллаган эди", деб тан олади.

"Ўша пайтда болаларим бироз каттароқ эди... биласизми, бу сизга янада кучлироқ ҳаракат қилиш имконини беради. Масалан... бугун эрталаб соат учда турсам, [жиноятчини] интернетда ғафлатда қолдиришим мумкин.

"Люси" энди катта қиз. У ёрдам келишини истаб Худога илтижо қилган.
Сурат тагсўзи, "Люси" энди катта қиз. У ёрдам келишини истаб Худога илтижо қилган.

Лекин шахсан ўзим... «Грег ким? Унинг нима билан шуғулланишини ҳам билмайман.» Дўстларингнинг ҳаммаси... кундузи, биласизми, жиноятчилар... Улар кун бўйи энг даҳшатли нарсалар ҳақида гаплашишади."

Орадан кўп ўтмай, унинг оилавий ҳаёти бузилди, у ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлаганини айтади.

Унинг қийналаётганини кўрган ҳамкасби Пит Мэннинг уни ёрдам сўрашга ундаган.

"Сенга шунча куч ва ғайрат бераётган нарса айни пайтда сени аста-секин йўқ қилаётган бўлса, бу жуда оғир", дейди Мэннинг.

Сквайрнинг айтишича, ўзининг заиф томонларини тан ола билгани соғайиш ва ўзи фахрланадиган ишни давом эттириш учун биринчи қадам бўлган.

"Мен шунчаки ТВда кўриш ёки бу ҳақда эшитиш ўрнига ўзгариш қила оладиган жамоанинг бир қисми бўлганимдан фахрланаман... Ундан кўра, мен жангда иштирок этиб, уни тўхтатишга ҳаракат қиламан."

Ўтган ёзда Грег 20 ёшли Люси билан биринчи марта кўришди.

У бошидан кечирганларини муҳокама қила олиши атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлови туфайли эканлигини айтди.

"Аҳволим барқарорроқ. Одамлар билан [зўравонлик ҳақида] гаплашишга кучим етади, бир неча йил олдин ҳам буни қила олмаган бўлардим."

Унинг айтишича, Ички ишлар хизмати зўравонликни тўхтатган пайтда, у "барчаси тугаши учун ибодат қилаётган" эди.

"Бу ҳақиқатан ҳам ижобат бўлган дуо эди."

Сквайр унга ўша вақтда ёрдам етиб бораётгани ҳақида хабар беришни истаганини айтди.

"Қанийди телепатия бўлса-ю, қўлингни узатиб: «Қулоқ сол, биз боряпмиз», дейиш мумкин бўлса."

Би-би-си Facebook'дан нима учун юзни таниш технологиясидан Люсини қидиришда фойдаланмаганини сўради. Компания шундай жавоб берди: "Фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш учун тегишли қонунларга риоя қилишимиз муҳим, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламиз."