Жинсий аъзонгизга кириб оладиган паразитларни биласизми? Улар бутун дунёга тарқалмоқда

Шистосома куртининг 3D форматда яратилган иллюстрациялари кўк ва қора рангдан иборат, крест шаклини ҳосил қилувчи фон устига жойлаштирилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мутант 'гибрид' паразитлар жинсий аъзоларга инфекция юқтирувчи касалликнинг халқаро миқёсида тарқалишига сабаб бўлиши мумкин, дея янги тадқиқотда маълум қилинди.
    • Author, Кейт Боуи
    • Role, Глобал соғлиқни сақлаш, Би-Би-Си Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

У тери орқали кириб, қонга қўшилади. Тухумлари жигар, ўпка ва жинсий аъзоларда жойлашади. Йилларча ўзини сездирмаслиги мумкин.

Олимлар эътибордан четда қолган паразитар касаллик – шиллиққурт иситмаси назорат қилиб бўлмас тарзда ривожланаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ҳар йили бу касалликдан даволанадиган 250 миллион кишининг аксарияти Африкада яшайди, чунки паразит ташувчи шиллиққуртларнинг маълум турлари айнан шу қитъада учрайди.

Бироқ паразитларнинг тарқалиши дунёнинг 78 мамлакатида, жумладан, Хитой, Венесуэла ва Индонезияда ҳам қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) паразитдаги ўзгариш ҳақидаги тадқиқотлар натижаларидан сўнг, бу "глобал хавотир" эканлигини эълон қилди, чунки бу ўзгариш касалликнинг янги ҳудудларга тарқалишига олиб келиши мумкин.

Бу огоҳлантирув ЖССТ томонидан Бутунжаҳон эътибордан четда қолган тропик касалликлар куни муносабати билан эълон қилинди. Бу кун қашшоқ ҳудудларда яшовчи бир миллиарддан ортиқ одамга номутаносиб даражада таъсир этадиган вирус, бактерия, паразит ва замбуруғлар келтириб чиқарадиган касалликларга эътибор қаратиш учун белгиланган.

Шиллиққурт иситмаси нима?

Шиллиққурт иситмаси одам ёки ҳайвонларга шиллиққуртлар чиқарган личинкалар билан ифлосланган сувдан ўтади. Личинкалар терини эритадиган фермент ажратади ва шу орқали танага кириб олади.

Улар чувалчангларга айланиб, қон томирларида яшайди, сўнг урғочилари тухум қўяди. Бу тухумлар баъзан нажас ёки сийдик билан чиқади, аммо улар тўқималарда ушланиб қолиши ҳам мумкин. Организмнинг бу тухумларга қарши иммун реакцияси атрофдаги соғлом тўқималарни йўқ қилади ва аъзолар шикастланишига олиб келади.

Тухумлар чаноқ аъзолари ичига ва атрофига жойлашиши ҳам мумкин. Бу урогенитал шистосомоз деб аталади. Бу касаллик қорин оғриғи, саратон ва оғир ҳолатларда ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

ЖССТ тавсия қилишича, шиллиққурт иситмасига чалинган, хавф гуруҳига кирувчи ёш болалар, қишлоқ хўжалиги ишчилари ва балиқчиларни бир неча йил давомида паразитларга қарши дори билан даволаш мумкин.

Бироқ, Malavi Liverpool Wellcome клиник тадқиқотлар дастури директор ўринбосари, профессор Жанелиса Мусая каби олимлар паразитнинг янги шаклларига

"Айсберг учи"

Хўш, маҳаллий касаллик ўчоқлари кўпайишига нима сабаб бўлмоқда? Тадқиқотлар кўрсатишича, одам ва ҳайвонга ўтадиган паразитларнинг турлари ўзаро чатишиб, янги "гибрид" турларни ҳосил қилмоқда.

Бу гибридлар ҳам одамларга, ҳам ҳайвонларга юқиши мумкин, шунинг учун тарқалишини назорат қилиш қийинлашади.

Олимлар паразитлар турлари ўзаро чатишаётганини аллақачон билишарди, аммо бу гибрид тухумларнинг инсон танасидан ташқарида ҳам ривожланиши ва омон қолишига ишончлари комил эмас эди.

Буни исботлаш учун улар Малавининг айрим жамоаларидаги одамлар ва ҳайвонлардан намуналар олишди. Улар текширган паразитларнинг 7 фоизи мутант дурагайлар эканлиги аниқланди – бу кутилганидан анча кўп.

Бу мутант паразитлар муваффақиятли кўпайиб, охир-оқибат кенг тарқалишини англатади.

"Агар табиатда тарқалиш давом этаётган бўлса, бу жуда катта кўрсаткич", деди Мусая Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг жамоаси фақат маълум ҳудудларда текширув ўтказгани учун, у бу "айсбергнинг учи" бўлиши мумкинлигини таъкидлайди, айниқса, тестлар доим ҳам буни аниқлай олмаслигини ҳисобга олсак.

Мусаянинг огоҳлантиришича, келажакда бу гибридлар паразитнинг асл турларини сиқиб чиқариши мумкин.

Бу катта муаммо бўлиши мумкин, чунки шифокорлар ҳали гибридлар билан зарарланган беморларни қандай даволашни билмайди, дейди у.

"Бу сиёсатчиларга қаратилган огоҳлантирув: Ҳушёр бўлинг... Улар катта муаммога айланмасидан бурун бирор чорасини кўра оламизми?"

PA
Olimlar gibrid parazitlar jinsiy a’zolarga zarar yetkazuvchi kasallikning yangi mintaqalarga tez sur’atda tarqalishiga olib kelishi mumkinligidan jiddiy xavotirda.
BBC.COM/UZBEK
batafsil o'qing

Тестлар жинсий аъзолардаги касалликни аниқламайди

Тадқиқот шуни кўрсатдики, гибридлар одамнинг жинсий аъзоларини ҳам зарарлайди. Бироқ гибрид шиллиққурт иситмаси ҳолатларини аниқлаш қийинроқ, чунки уларнинг тухумлари микроскоп остида одатий паразит тухумларига ўхшамайди. Шифокорлар симптомларни жинсий йўл билан юқадиган инфекция билан адаштиришлари ҳам мумкин.

Даволанмаса, урогенитал шистосомоз жинсий аъзоларнинг шикастланиши, бепуштлик ва ОИВ юқиш хавфи ошишига олиб келади. Бу касалликнинг клиник, ижтимоий ва репродуктив оқибатлари аёллар учун оғирроқ кечади.

"Тасаввур қилинг, агар аёл фарзанд кўра олмаса... Бизнинг маҳаллий маданиятимизда фарзанд кўриш жуда муҳим, акс ҳолда, одамлар сизни камситувчи номлар билан чақира бошлайди. Бу ҳақиқатан ҳам жуда ёмон, аянчли касаллик", дейди Мусая.

Босим остидаги ривожланиш

Олимлар аниқлашича, гибрид паразитлар касалликнинг янги ҳудудларга тарқалишига ёрдам бериши мумкин.

Иқлим ўзгариши, саёҳатлар ва миграция шиллиққурт иситмаси тарқалишига олиб келади, гибридлар эса уни назорат қилишни янада қийинлаштиради. Аллақачон Европанинг жанубий қисмларида гибрид касаллик ўчоқлари қайд этилган.

"Бу глобал муаммо", дейди ЖССТнинг шистосомозни назорат қилиш дастурини бошқарувчи доктор Амаду Гарба Джирмай.

Ташкилот бу ҳолат касалликларни йўқ қилиш мақсадларига путур етказишидан хавотирда.

"Бизда одамларга юқиш ҳолати йўқ бўлган мамлакатлар бор, аммо паразит ҳайвонларда сақланиб қолмоқда, бу эса одамлар учун хавф туғдириши мумкин", дейди у.

ЖССТ янги таҳдидга қарши ўз ёндашувини ўзгартирмоқда. Бу йил у ҳайвонларда касалликни назорат қилиш бўйича янги кўрсатмалар чиқаради. Давлатларга гибрид турлар ҳақида огоҳлантирувчи халқаро хабарлар ҳам юборилган.

Паразитларга қарши кенг кўламли дори-дармон дастурлари ёрдамида 2006 йилдан 2024 йилгача шиллиққурт иситмаси ҳолатлари 60 фоизга камайди.

Бироқ, ЖССТ таъкидлашича, тараққиёт барқарор молиялаштиришни талаб қилади. Эришилган ижобий натижалар ҳам 2018 ва 2023 йиллар мобайнида эътиборсиз қолдирилган тропик касалликларга ёрдам кўрсатиш ҳажми 41 фоизга камайиши ортидан хавф остида қолмоқда.

Мусая касалликни тўхтатиш мумкинлигига умидини йўқотмаган.

"Биз касалликни бартараф этишимиз мумкин, аммо бу бир кишининг иши эмас... Биз фаол ҳаракат қилмоқдамиз. Муаммо бор, уни ҳозироқ ҳал қилайлик, деяпмиз."