Одамзод ва дунёни қутқараётган митти ҳашарот нима?

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
- Author, Жоржина Раннард
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Янги тадқиқотга кўра, аквариум учун озуқа сифатида сотиладиган кичик ва кам танилган ҳайвон тури глобал исишдан сайёрамизни ҳимоя қилиб келмоқда – бу уларнинг ҳар йилги улкан миграцияси туфайлидир.
Бу "куйланмаган қаҳрамонлар" – зоопланктонлар баҳорда ўзларини фитопланктонга тўйдириб, ёғ тўплайди, сўнг Антарктидада юзлаб метр чуқурликдаги океан тубига чўкиб, ушбу ёғни ёқади.
Олимлар таъкидлашича, бу жараёнда Ер атмосферасидаги иссиқликни оширадиган углеродни 55 миллион бензинли автомобил йилига чиқарган газ миқдорига тенг даражада тўсиб туради.
Бу натижа олимлар кутганидан анча катта. Бироқ, олимлар зоопланктонларнинг бу фойдали хизматини аниқлаётган бир пайтда, бу жониворларга таҳдидлар ҳам ортиб бормоқда.

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
Олимлар Антарктика сувларида, яъни Жанубий океанда зоопланктонларнинг ҳар йилги кўчиш жараёнини ва бунинг иқлим ўзгаришига қандай таъсир қилишини йиллар давомида ўрганишган.
Хитой Фанлар Академияси вакили, тадқиқот раҳбари доктор Гуанг Ян бу хулосаларни "ажойиб" деб баҳолаб, Жанубий океан қанча миқдорда углерод сақлашини қайта кўриб чиқишга тўғри келаётганини таъкидлади.

"Бу ҳайвонлар ҳақиқий қаҳрамонлар, уларнинг ҳаёт тарзи жуда ажойиб," дейди Британия Антарктика Тадқиқот марказидан ҳаммуаллиф доктор Женнифер Фрир.
Бироқ китлар ёки пингвинлар каби машҳур Антарктика ҳайвонларига солиштирганда кичик бўлса-да қудратли зоопланктонлар етарлича қадрланмайди.

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
Агар одамлар улар ҳақида эшитган бўлса, эҳтимол, интернетда балиқлар учун озуқа сифатида сотилгани учундир.
Аммо уларнинг ҳаёт цикли ғалати ва эътиборга лойиқ. Масалан, копеподлар деб аталган зоопланктон тури краб ва лобстерларга яқин бўлган жонзотлардир.
Улар атиги 1-10 мм ўлчамда бўлиб, умрларининг асосий қисмини океан тубида – 500 метрдан 2 км.гача бўлган чуқурликда ухлаб ўтказади.

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
Микроскоп остида олинган суратларда уларнинг танаси ичида узун ёғ "колбасалари", бошида эса ёғ "пуфаклари"ни кўриш мумкин, дейди уларни Антарктикада суратга олган Эксетер университети профессори Даниел Мэйор.
Бу зоопланктонларсиз сайёрамиз атмосфераси анча иссиқ бўларди.
Дунё океанлари инсон фаолияти туфайли юзага келган ортиқча иссиқликнинг 90 фоизини ютган. Бунинг тахминан 40 фоизи Жанубий океан ҳиссасига тўғри келади ва бунда зоопланктонлар асосий роль ўйнайди.

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
Зоопланктонлар қандай қилиб углеродни сақлашини яхшироқ тушуниш учун бутун дунё бўйлаб миллионлаб доллар сарфланмоқда.
Олимлар аллақачон аниқлаганидек, зоопланктонлар ҳар куни углеродга бой чиқинди чиқариб, уни океан тубига чўктиради.
Бироқ Жанубий океандаги мавсумий миграция пайтида нима рўй бериши аниқ ҳисобланмаган эди.
Янги тадқиқотда копеподлар билан бирга криль ва салпа деб аталган бошқа зоопланктон турларига ҳам эътибор қаратилди.
Бу жонзотлар океан юзасида ўсадиган фитопланктонлар билан озиқланади. Фитопланктонлар фотосинтез орқали атмосферадаги углерод диоксидини ўзлаштириб, органик моддага айлантиради. Бу модда зоопланктонларда ёғга айланади.
"Бу ёғ улар учун батарея кабидир. Қишни океан тубида ўтказар экан, улар шу ёғни секин ёқиб, энергия олишади", дейди тадқиқотда иштирок этмаган Эксетер университети профессори Даниел Мэйор.
"Бу жараёнда углерод диоксиди ажралиб чиқади. Аммо океанларда углерод чуқур сақланса, у ердан атмосферага қайта чиқишига ўн йиллар, ҳатто юз йиллар керак бўлади," дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Jennifer Freer
Тадқиқотчилар бу жараённи "мавсумий вертикал миграция насоси" деб атаб, у орқали ҳар йили камида 500 метр чуқурликка 65 миллион тонна углерод тушишини ҳисоблашди.
Бу жараёнга энг катта ҳиссани копеподлар қўшар экан, сўнг криль ва салплар келади.
Бу миқдор АҚШ Экология агентлигининг атмосфера ифлосланиши ҳисоблагичи бўйича 55 миллион дизель автомобилининг бир йилда чиқарган газига тенг.

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
Планктонлар асосан тун ярмида, яъни улар океан юзасига энг яқин келган вақтда тўпланади.
Янги тадқиқот 1920-йилларгача борадиган маълумотлар асосида бу углерод сақланиш миқдорини ҳисоблаб чиқди.
Бироқ бу илмий кашфиёт ҳали давом этмоқда – олимлар миграция давомийлиги ҳақида янада аниқроқ маълумот топишни ўйлаяпти.
Жорий йил бошида доктор Фрир ва профессор Мэйор "Сэр Дэвид Аттенборо" поляр тадқиқот кемасида Жанубий Оркней ороли ва Жанубий Жоржия яқинида икки ойлик экспедицияда иштирок этди.
Олимлар улкан тўрлар ёрдамида зоопланктонларни тутиб, уларни кемага олиб чиқишди.
"Биз тўлиқ қоронғуда, фақат қизил чироқда ишладик, чунки уларни безовта қилмаслик керак эди," дейди доктор Фрир.
"Бошқалар 3-4°C температурада сақланадиган хоналарда ишлашди. У ерда соатлаб туриш учун жуда кўп ҳимоя воситалари керак бўлади – микроскоп олдида тик туриб ишлаш осон эмас," дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Prof Daniel J Mayor @oceanplankton
Аммо сувларнинг исиши ва криллни тижорат мақсадида овлаш зоопланктон келажагига таҳдид солиши мумкин.
«Иқлим ўзгариши, океан қатламларининг бузилиши ва экстремал об-ҳаво – буларнинг барчаси жиддий хавф туғдиради», дейди Плимут денгиз лабораторияси профессори, мақола ҳаммуаллифи Ангус Аткинсон.
Бу Антарктикада зоопланктон миқдори камайишига ва чуқур океан қатламларида углерод сақланиши имкониятлари чекланишига олиб келиши мумкин.
БМТ маълумотларига кўра, 2020 йилда крилл овловчи компаниялар қарийб ярим миллион тонна криллни овлаган.
Бу амалда халқаро қонунларга мувофиқ ҳисобланади, бироқ атроф-муҳит ҳимоячилари, жумладан, яқинда намойиш этилган Дэвид Аттенборонинг «Океан» ҳужжатли фильмида ҳам танқид қилинган.
Олимлар бу янги хулосалар сайёрамиз қандай тезликда исиб бораётганини башорат қилувчи иқлим моделларига киритилиши лозимлигини таъкидлашмоқда.
«Агар бу биологик насос мавжуд бўлмаганида, атмосферадаги СО₂ даражаси ҳозиргидан тахминан икки баробар юқори бўлар эди. Демак, океанлар СО₂ ни сингдириб, ундан халос бўлишда анча самарали ишламоқда», дея изоҳлайди профессор Аткинсон.
Тадқиқот «Limnology and Oceanography" журналида чоп этилган.












