Суякларда сақланган сир: Қадим Миср тарихини энди қайта ёзиш керакми?

Сурат манбаси, Liverpool John Moores University. Nature Image caption,
Нил водийсида 4500 йил аввал яшаган бир эркакнинг суягидан олинган ДНК таҳлили Қадимги Миср цивилизацияси ибтидоси ҳақидаги тасаввурларга янгича ёндашув шакллантирмоқда.
Скелет таҳлилига кўра, у тахминан 60 ёшда бўлган ва, эҳтимол, кулол бўлиб ишлаган. Энг эътиборга молик томони – унинг ДНКсининг 20 фоизи, яъни бешдан бири ҳозирги Ироқ ҳудудидаги қадимги Месопотамия аҳолиси билан боғлиқ аждодлардан олинган.
Бу Миср ва Месопотамия каби икки буюк қадимий цивилизация ўртасидаги генетик боғлиқликни кўрсатувчи илк биологик далил бўлиб, Миср қандай қилиб майда деҳқончилик жамоаларидан Ер юзидаги энг қудратли цивилизациялардан бирига айланганини тушунишга ёрдам беради.
Топилмалар ёзув ва деҳқончилик сингари маданий ютуқлар қадимги Шарқнинг икки йирик маркази ўртасида одамлар ва ғоялар алмашинуви натижасида юзага келган бўлиши мумкинлигини яна бир бор кучли асослайди.

Сурат манбаси, Liverpool John Moores University/Nature
Тадқиқотни бошқарган, Лондондаги Френсис Крик институти профессори Понтус Скоглунд BBC News'га айтишича, қадимги суяклардан ДНКни ажратиб олиш ва уни ўқиш ўтмишдаги воқеалар ва шахслар ҳақида янги тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Бу тарихдаги оқ-қора манзарани ҳақиқий ҳаётдай ранг-барангликка айлантиради.
"Агар қўлимизда кўпроқ ДНК маълумотлари бўлса ва биз уларни ўша даврдаги археологик, маданий ҳамда ёзма манбалар билан солиштира олсак, бу ниҳоятда ҳаяжонли бўлади. ДНК орқали тарих оқ-қора тасвирдан чиқиб, ранг-баранг тафсилотлар билан жонланади."
Ҳозирга қадар тарих асосан бойлар ва ҳукмдорлар ёзган манбалар асосида ўрганилган. Эндиликда эса биологик усуллар оддий одамлар тарихига ҳам ёруғлик сочмоқда.
ДНК намунаси марҳумнинг ички қулоқ суягида олинган. Бу одам қадимий Нувайрат қишлоғида – Қоҳирадан 265 километр жанубда дафн этилган.
У 4500–4800 йил аввал, яъни Миср ва Месопотамия цивилизациялари шакллана бошлаган, тарихий ўзгаришлар даврида яшаган. Археологик топилмаларга кўра, бу икки минтақа ўртасида алоқалар бундан 10 000 йил илгари, Месопотамияда деҳқончилик ва ҳайвонларни қўлга ўргатиш бошланган даврдан буён мавжуд.
Кўплаб олимлар бу аграр инқилоб Мисрда ҳам ўхшаш ижтимоий ва технологик тараққиётларга туртки бўлган, деб ҳисоблайди. Бироқ ҳозиргача бу алоқанинг бевосита тасдиғи топилмаган эди.

Сурат манбаси, Garstang Museum/Liverpool University/Nature
Ливерпул Жон Мурс университетида PhD даражаси учун тадқиқот олиб борган Аделин Морез Жейкобс ушбу қолдиқларни таҳлил қилган. Унинг айтишича, бу ўша даврдаги икки цивилизация маркази ўртасида одамлар ва, демакки, ахборот алмашинуви бўлганини кўрсатувчи биринчи аниқ ва ишончли далилдир.
«Икки ҳудудда ҳам илк ёзув тизимлари ривожланган ва археологлар улар ўзаро алоқада бўлган, ғоя алмашган, деб тахмин қилишган. Энди бизда буни тасдиқлайдиган далил бор.
Қадимги Мисрга оид кейинги ДНК намуналари Ғарбий Осиёдан бу ҳудудга кўчиш қачон бошланганини ва унинг кўламини аниқлашга ёрдам беришига умид қиламиз."
Бу эркак тепалик ёнбағрига қазилган қабрга, катта сопол идиш ичига дафн этилган. Бу мумиёлаш ҳали оммалашмаган даврга тўғри келади. Шу боис, унинг ДНКси нисбатан яхши сақланган.
Тишларидаги кимёвий излар орқали олимлар унинг нима еганини таҳлил қилиб, у Мисрда улғайган бўлиши мумкин, деган хулосага келишди.
Аммо тадқиқот шу билан чекланмайди.

Сурат манбаси, The Metropolitan Museum of Art
Ливерпул Жон Мурс университети профессори Жоэл Айриш скелетни чуқур таҳлил қилиб, уни алоҳида бир инсон сифатида тушунишга уриниб шундай деди:
"Мен бу одам аслида ким бўлганини, унинг ёши, бўйи, турмуш тарзи, касби нима бўлганини аниқлашни истадим. Унга шунчаки совуқ, илмий объект сифатида эмас, балки ҳақиқий шахс сифатида ёндашдим."
Суяклар у 45–65 ёш орасида бўлганини кўрсатган, артрит излари эса ёши кексаликка яқин эканини билдиради. Унинг бўйи 160 смдан паст бўлиб, ўша давр учун ҳам паст бўй саналган.
Профессор Айриш уни кулол бўлган, деб ҳисоблайди. Бош орқа суягидаги илгаксимон ўсма у пастга энгашиб кўп ишлаганини; ўтириш суякларининг кенгайгани у қаттиқ жойда узоқ ўтирганини; қўлларидаги мушак излари ва суяклардаги ҳаракат белгилари эса оғир жисмоний меҳнатга ўрганганини кўрсатади.
"Бу одам умрини меҳнатда ўтказган. У ишдан бош кўтармаган," дейди асли америкалик олим.
Доктор Лайнус Гирдланд Флинкнинг таъкидлашича, ушбу скелет устида тадқиқот ўтказиш имкони ҳақиқий омад бўлган:
"У 1902-йилда қазиб олинган ва Ливерпулдаги Жаҳон музейига топширилган. Иккинчи жаҳон урушидаги бомбалашлар даврида музейдаги инсон қолдиқларининг кўпи йўқ бўлиб кетган. Аммо айнан шу скелет сақланиб қолган. Ҳозир биз у ҳақида кўп нарса биламиз – унинг аждодларининг бир қисми Месопотамиядаги «Ҳосилдор яримой» ҳудудидан бўлган. Бу эса ўша даврда халқлар ўртасида аралашув ва алоқа бўлганини кўрсатади," дейди у.












