Ўсмирларнинг руҳий олами: ота-оналар қачон ва нимага эътибор бериши керак?

Уйи деразасидан кўчага қараётган ўсмир қиз

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Ник Триггл
    • Role, Health correspondent
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Люси ўзини ҳар доим бироз ташвишда ҳис қилган, аммо икки йил олдин у хавотир ва ваҳима хуружларини бошдан кечира бошлаганини айтади.

"Мен нима бўлаётганини тушунмасдим, ота-онам ҳам, – дейди 15 ёшли қиз. – Бу қўрқинчли эди. Хуружлар кутилмаганда содир бўларди. Аҳвол ёмонлашиб, уларни жамоат жойларида ҳам бошдан кечира бошладим."

Люси мактабга бормай қўйди, ижтимоий ҳаётдан узоқлашди.

Ўзининг айтишича, ота-онасига унинг қийналиб юрганини кўриш оғир бўлган.

"Нима қилишни, қаерга боришни билмасдик."

Олти ой давомида у ўз ташвишларини ўзи енгишга ҳаракат қилди, аммо охир-оқибат оила когнитив хулқ-атвор терапияси деб аталадиган суҳбат терапияси учун пул тўлашга қарор қилди.

Люсининг айтишича, бу аҳволини сезиларли ўзгартирди. Унда ҳали ҳам ваҳима хуружлари бўлса-да, улар анча камайган, у яна мактабга қатнайди, ўзи ёқтирган ишлар билан шуғулланади.

Люсининг ҳикояси ноёб эмас. Бирлашган Қироллик Миллий Соғлиқ хизмати маълумотларига кўра, 8 ёшдан 25 ёшгача бўлган ҳар бешинчи бола ва ёш инсонда руҳий саломатлик бузилиши эҳтимоли мавжуд.

Нега муаммолар шунчалик кенг тарқалган?

Ўсмирлик даврида инсонлар учун муаммолар тобора кўпаяди, чунки бу пайтда ёшлар организмидаги улғайиш ўзгаришлари, мактабни тугатиш арафасидаги имтиҳонлар босимлари, дўстлик ва муносабатлар қийинчиликларига дуч келадилар.

Лондон Қироллик коллежининг болалар ва ўсмирлар психиатрияси бўйича мутахассиси, профессор Андреа Данесенинг таъкидлашича, ҳиссий саломатлик муаммоларини келтириб чиқарадиган биологик сабаблар ҳам бор.

"Ўсмирларнинг мияси бир текисда ривожланмайди. Ҳис-туйғуларни қайта ишлайдиган қисм ўз-ўзини назорат қилиш ва тўғри муҳокама юритиш учун масъул бўлган қисмга қараганда эртароқ етилади. Бу шуни англатадики, ёшлар ҳис-туйғуларни бошқариш қобилияти тўлиқ ривожлантирмасдан олдин ҳодисаларни жуда кучли ҳис қилишлари мумкин. Бу эса ота-оналар кўпинча гувоҳи бўладиган баъзи ҳиссий кўтарилиш ва тушишларни тушунишга ёрдам беради."

Унинг айтишича, энг чўққиси ўсмирлик даври бўлиб, унда ҳиссий реакциялар гормонлар ва уйқу режимига таъсир қилувчи ички тана соатлари ўзгариши билан янада кучаяди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Қачон ва қандай ёрдам бериш керак?

Хўш, нормал ҳиссий қийинчиликлар нималардан иборат – ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари қачон профессионал ёрдамга мурожаат қилиши керак?

Профессор Данесе кўпчилик буни баҳолашда қийналишини айтади. У қуйидагиларни ўсмирларнинг нормал ҳиссий ҳолати деб ҳисоблайди:

• Вақти-вақти билан асабийлашиш ва кайфият ўзгариши

• Баъзан ижтимоий ҳаётдан чекиниш ёки ёлғиз қолишни исташ

• Ижтимоий эътироф ёки ўқиш натижалари ҳақида хавотирланиш

• Ўзлигини англашга ва мустақилликка интилиш

• Номутаносиб туюладиган ҳиссий реакциялар

Агар булар кундалик ҳаётга жиддий халақит бермаса, ота-оналар фарзандларини қўллаб-қувватлашларини ҳис қилишлари керак, деб ҳисоблайди у.

Ўсмирлар дуч келадиган энг кенг тарқалган муаммолар – тушкун кайфият ва хавотир.

Тушкун кайфият учун, профессор Данесе айтишича, овқатланиш, ухлаш, фаол бўлиш ва дўстлар ҳамда оила билан алоқада бўлиш каби соғлом кун тартибини сақлаш, шунингдек, болангизга ёқадиган саёҳат ёки спорт ўйинларини режалаштириш муҳим.

"Уларга пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва ечимларни синаб кўришга ёрдам беринг," дея қўшимча қилади у.

Хавотирни тинчлантириш усуллари фойдали, дейди у. Булар нафас олиш машқлари, атрофингиздаги муҳитга, кўриш, ҳис қилиш ва ҳидлаш мумкин бўлган нарсаларга эътибор қаратишдир.

"Кераксиз тасалли беришдан қочиш керак," дейди профессор Данесе. Бунинг ўрнига, ота-она тинчлантириш усулларини ўргатиш билан бир қаторда, хавотир уйғотадиган вазиятларни муҳокама қилишлари ва синаб кўришлари керак. "Хавотирларни камайтириш учун уларни ёзиб қўйиш ёки кунига бир марта махсус "хавотир вақти"да гаплашиш мумкин."

Чидамлиликни шакллантириш

Young Minds ташкилотининг ота-оналар ишонч телефонини бошқарадиган Стиви Гулдингнинг айтишича, хавотир энг кўп учрайдиган муаммо.

"Кўпчилик болаларда хавотир хуружлари ва ҳатто ваҳима хуружлари кузатилади. Бу ота-оналар учун қийин. Улар ўзларига ишончни йўқотиб, нима қиларини билмай қолиши мумкин. Биз шу ҳолатдаги ота-оналардан кўплаб қўнғироқлар қабул қиламиз. Фарзандининг қийналаётганини кўрганида, бу уларни ўзларидан шубҳаланишга олиб келиши ва қаерга мурожаат қилишни билмай қолишлари мумкин."

"Ота-оналарга берадиган асосий маслаҳатимиз – фарзандлари билан мулоқот қилиш. Уларга ўзларини безовта қилаётган нарсалар ҳақида гапиришга имкон беринг ва агар улар сиз билан гаплашишни истамаса, ким билан гаплашишни истайсан, деб сўранг."

Гулдинг хоним, шунингдек, фарзандингиз мактаби билан гаплашишни тавсия қилади, чунки улар ҳам баъзи нарсаларни сезган бўлиши мумкин.

Аммо у шундай қўшимча қилади: "Болаларга имкон бериш керак – ҳаммасини тезда тузатишга уриниш васвасасидан қочинг. Улар нима деётганига қулоқ тутинг."

Boy with headphones on

Сурат манбаси, Getty Images

Болалар психологи доктор Санди Манн ҳам бунга қўшилади ва ота-оналарнинг фарзандлари дуч келаётган ҳар қандай муаммони ҳал қилиш истаги энг яхши ечим бўлмаслиги мумкинлигини таъкидлайди.

У бунинг ўрнига ота-оналар фарзандларида чидамлиликни шакллантириш ва ўргатишга ёрдам беришлари кераклигини айтади.

У ота-оналарга қуйидагиларни тавсия қилади:

• Муваффақиятсизликлар ҳар кимнинг бошига тушишини, ўз ҳаётингизда юз берган нохуш воқеаларни мисол қилиб тушунтиринг

• Хатоларни қабул қилинг

• Уларга ўз бахтлари учун асосан ўзлари масъул эканликларини таъкидлаб, мустақил қарор қабул қилишларига имкон беринг

• Уларнинг эътиқодларини, айниқса, оқ-қора фикрлаш ва вазиятни ҳалокатли деб баҳолашга мойилликларини танқидий кўриб чиқинг

"Менимча, баъзида болалар ва ёшларни ёрдам сўрашга ёки дори ичишга ундаганимизда, уларда ўз муаммоларини ҳал қила олмаётгандек таассурот уйғотишимиз мумкин."

Профессионал ёрдам зарурлиги белгилари

Бироқ доктор Манн ва профессор Данесе иккаласи ҳам ота-оналар зарур бўлганда профессионал ёрдам сўрашдан чўчимасликлари кераклигини таъкидлашади.

"Бунда уятли ҳеч нарса йўқ, – дейди доктор Манн. – Биз фақат қачон муаммоларни ўзимиз ҳал қилишга уриниш ва қачон ёрдам сўраш кераклигини билишимиз зарур."

Улар ота-оналарга қачон профессионаллардан ёрдам сўраш кераклиги ҳақида тавсия беришади:

• Ўзига зарар етказиш ва ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйласа

• Овқатланиш ёки уйқу тартиби кескин ўзгарса

• Шахсиятида кескин ўзгариш ва умидсизлик сезилса

• Хулқи мактабга бориш ёки ижтимоийлашув каби кундалик фаолиятига жиддий халақит берса

• Илгари завқланадиган машғулотлардан узоқ вақт воз кечса

Қироллик психиатрлар коллежининг болалар ва ўсмирлар факултети декани доктор Элейн Локхартнинг айтишича, ота-оналар фарзандлари билан руҳий саломатлик ҳақида бемалол суҳбатлашишлари ва бошқалардан ҳам ёрдам сўрашлари керак.

"Кўп болалар қийинчиликларга дуч келишини биламиз. Мактаб йиллари ҳаётингизнинг энг яхши даври деган фикр нотўғри."

"Мактабларнинг ўзи ҳам ёрдам бериши мумкин – баъзиларида маслаҳат ва қўллаб-қувватлаш хизматлари мавжуд," дейди доктор Локхарт.

"Аммо менимча, ота-оналар фарзанди ёрдам кутаётган ёки терапия олаётган бўлса ҳам, ўз роллари аҳамиятини паст баҳолашлари мумкин. Ота-оналар ечимнинг муҳим қисмидир."

Бирлашган Қиролликда мавжуд инглиз тилидаги кўмак веб-сайтлари қуйидагилар: