Халқаро руҳий саломатлик куни: Ҳафтада бир кун палов, кунига бир маҳал намоз. Руҳий ҳолатда ўзгаришми ё касаллик? - Ўзбекистон, блог

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

    • Author, Блогер
    • Role, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Тақдир тақозоси билан ўзим, ихтиёрий тарзда шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига бориб қолдим.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Оилам йўл-йўриқ олиш учун туман асаб хасталиклари диспансерига мурожаат қилишганда мен депрессиядан чиқа олмай қийналаётган эдим.

У ердаги шифокорлар керакли шароит йўқ деб, мени руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишди. Оилам бир неча соатда кириб чиқади деб ўйлашган.

Мен ҳам, бир-икки кун етади деб ўйлагандим, ҳеч ким ҳафталаб у ерда қолиб кетишимни кутмаганди.

Бу шифохонада қаттиқ қоидалар ўрнатилганди, ҳеч ким ўз ихтиёри билан чиқиб кетолмасди. Шундай қилиб, нақ тўрт ҳафта худди қамоқда қолиб кетдим.

Алоқадор мавзулар:

Биринчи ҳафта (Муслим)

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Тиббий кенгаш олдида дори таъсирида бўшашиб ўтирардим. Уч ёки кўпроқ шифокорлар мени қандай даволаш ҳақида қарор чиқаришаётганди. Ҳамон ҳайратда- гангираб қолгандим, уларнинг саволларига жавоб беришга қийналаётгандим. Улар мени ўзини назорат қила олмайди, деб хулоса беришди. Мени душга олиб бориб, кийимларимни ечишимни айтишди. У ерда шахсий ҳудуд деган нарса йўқ эди, одамлар олдида ечиниш керак эди. Эркак ходим мени кўздан кечириб, акамга имзолаши учун қоғоз тутди. Сўнг у менга устара бериб, баданимдаги барча тукларни қириб ташлашни буюрди, сочимни кал қилиб олишди.

Шундай қилиб, мен гўё пати юлинган товуқдек бўлиб қолдим. Алвидо, қадр-қиммат. Мен қаршиликсиз итоат қилдим.

Мени беморлар билан тўла палатага олиб боришди. Одатий палата, ёнида тумбаси бор оддий тор ётоқлар. Деразага темир панжара ўрнатилган. Атрофга аланглайман. Хонадошларим менга эътибор бермайди. Аммо ҳамшир чиқиб кетгач, улардан бири "Сигаретинг борми?", деб сўради.

Сигарет жуда муҳим эди. Кейинчалик билишимча, кимдир ташқаридан сигарет олиб келиши керак экан. Агар ўзингизда сигарет бўлмаса, фаррошдан илтимос қилиб, бирор ишини бажариш, дейлик, ҳожатхонани тозалаб бериш эвазига сигарет топиб келиши керак. Хайриятки, мен чекмасдим ва бунақа мажбуриятдан холи эдим. Аммо боғчани тозалаб бир сигарет олиб келдим. Уни оғзи тинмай гапирадиган корейс йигитга бердим. У ғирт кашанда экан, аммо оила аъзолари унга сигарет олиб келишмасди. У мендан жуда миннатдор бўлди. Худди қамоқда бўлгани каби бу ерда ҳам сигарет пул ўрнига ўтарди, уни овқатга алиштириш мумкин эди.

Касалхонада аниқ тартиб ҳукм сурарди, қачон ухлаш, қачон овқатланиш, қачон дори ичиш ва жисмоний тарбия.

Тонг 6 да уйғонардик, кимдир бирдан палатага кира солиб, чироқни ёқар ва "Подьём!" деб бақирарди.

Мен Муслим исмли бемор билан дўстлашиб олдим. У менга ўз ҳаётини сўзлаб берди. Аммо унинг ғазабини босишда муаммоси бор эди. У осон ғазабланиб кетарди. Агар бирор гапига қўшилмасам, бирдан "кел, урушамизми", деб ҳужум қилиб қоларди.

Бир гал у менга кўзига кўринаётган шарпалар ҳақида гапирди ва берилиб сўзлай кетди. У ҳар куни ғалати жойларда одамлар юзини кўриши ҳақида гапирарди. Ора-орада мендан "Менга ишонмайсанми?", деб сўраб қоларди. Жаҳли чиқмасин деб, унга сенга ишонаман дердим.

У мен билан русчада эмас, ўзбекча гаплашарди, шунинг учун ўртада тил тўсиғи бор эди. У билан суҳбатлашиб, менинг ўзбекчам ҳам анча яхшиланди. Билишимча, Муслим у ерда узоқ вақтдан бери даволаняпти ва уни ҳеч чиқариб юборишни исташмасди.

Мен у билан намоз ўқирдим - икковимиз бир жойнамоздан фойдаланардик. Ибодат шу тутқунликда менга эркинлик ҳиссини берарди. Шахсий эркинлигимдан мосуво бўлгач, ўз-ўзимни назорат қилиш ҳиссини истай бошладим.

Аммо бир ёмон жиҳат, бир кунда бир маҳал намоз ўқишга рухсат беришарди, холос. Шифокорлар оила аъзоларимга менга сураларни юборишни тўхтатишни айтишибди, эмишки, бу менинг шифо топишимга халал берармиш. Аммо мен уларга қулоқ солмадим ва беш маҳал намоз ўқийвердим. Таҳорат олиш осонмасди. Ҳар сафар мени огоҳлантиришарди. Ҳамширалар ҳам дакки беришарди.

Баъзида жойнамоз бўлмагани учун футболкам устида намоз ўқирдим.

Иккинчи ҳафта (Кун тартиби)

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Мен ҳар нечук касалхона кун тартибига кўникдим, аммо мени озод қилишларидан умидимни узмадим.

Ҳар куни нонушта, кечки овқат ва баъзида тушликдан кейин дори қабул қилардик.

Беморлар ҳамширалар ё ходимлар олдида таблеткани олиб, ичишлари керак эди. Дўстим Муслим дорини беркитмадим дегандек тилини пастга букиб, оғзини очар ва уларни калака қиларди.

Беморларга дори ичириш узоқ вақт олгани учун бетоқат бўлиб, гаплашишни бошлардик ва ҳар сафар шифокорларнинг жаҳли чиқар, ғазаб отига минар ва худди бу дорилар биздан кўра уларга кўпроқ керакдай туюларди.

Ҳар бир бинода ошхона бор эди. Ошпазлар ҳар куни 800 нафар одамга овқат пиширарди ва овқатлар тури оз, ранг-баранг эмас эди.

Ҳафтада бир марта палов беришарди.

Ҳаммамиз маза қилардик. Аммо бу етарли эмасди.

Кўпинча карам шўрва беришарди, менинг ичакларимда муаммо бор эди.

Дорилар таъсирида бўлса керак, ҳамма қабзиятдан азият чекарди. Менга бир неча марта ҳуқна қилишди.

Мен жойлашган бино икки қаватли эди. Биринчи қаватдагиларда биллиард столи, бизда, иккинчи қаватда эса теннис столи бор эди.

Биз шахмат ва шашка ҳам ўйнардик. Ўз жонига қасд қилишга урингани учун бу ерга тушиб қолган бир ўзбек йигит менга нарда ўйнашни ўргатди.

Спортзал ҳам бор эди. У ерга орамиздан саралаб олиб боришарди. Аммо мени на унисига ва на бунисига танлашди.

Ҳаммага битта TV борлиги учун қачон қарама жанжал эди - кимдир ўзбекча, яна кимдир русча канални истарди. Баъзида кино кўрардим. Диний каналлар йўқ эди, фақат аҳён-аҳёнда ўзбекча каналларда бирор мулла ёки домлани кўрсатиб қолишарди.

Сигаретдан ташқари ичкарига олиб киришга овқат, китоблар, кийим ва хатларга ҳам рухсат берилган эди. Оилам менга хат ва жуда зарур таомларни юборарди. Бир кунда бир маҳал телефонда гаплашишим мумкин эди. Фақат телефон овозини чиқариб қўйиб, 3 дақиқадан ортиқ ортиқ эмас... Ҳамширларнинг кузатувида оила аъзоларим билан гаплашардим. Улардан бири "шевангиз бошқача экан" деди бир гал.

Охирги ўн кун давомида ҳеч ким менга қўнғироқ қилмади, хавотир ола бошладим, ўзим бирор кимга қўнғироқ қила олмасдим.

Учинчи ҳафта (Азиз)

Мен турган бинода ҳар турли одамлар бор эди. Уларнинг айримларини РУВД олиб келган, айримларида ўта оғир руҳий муаммолар бор, кимлардир пиёниста, бангилик домига тушган ва кимдир ҳатто қотилликда гумон қилингани ҳақида эшитдим.

Айримлар у ерда шунчаки нафақа олиш учун ётибди, чиққач 750 000 сўм атрофида пул олади деб айтишди.

Келганимга 10 кун ўтиб, РУВД 17 яшар Азизни келтирди. У ориқ, ёшига нисбатан ёшроқ кўринадиган ва жуда қўрққан эди. У менга боғланиб қолди, гўё унинг ҳимоячиси эдим. Азиз оиласини кўп ғамга ботирганини ўйлаб қийналарди. Ўзаро суҳбатларда менга боши муаммодан чиқмаслигини айтди. У бир қизнинг юзига тарсаки туширгани учун ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган экан. Ҳаётимни барбод қилдим, деб йиғлаб юборди. Мен уни тинчлантирдим. Тез орада сени қўйиб юборишади, ҳаёт ҳали олдинда дедим. Овутдим. Аммо унга оиласидан ҳеч ким қўнғироқ қилмади. Унинг онаси, бувиси, ака-ука ва опа-сингиллари борлигини билардим. Муассасадан чиқишимдан олдин Азиз онасига кечирим сўраб ёзган хатини беришимни сўради. "Мама (Она), мен ҳамма нарсани тушундим, она, мени кечиринг!" Кейинроқ, унинг онасига Telegram орқали мактубнинг суратини юборганимда, у мени ҳайратда қолдириб, бунга совуққина қаради. Ҳеч нарса сўрамади. Мен унинг хижолат бўлганини ҳис қилдим.

Жойнамоз

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Ёлғиз жойнамоз

Азиз ҳам мен каби ҳар куни душ қабул қилишга ўрганган экан, лекин бу ерда ҳафтада икки марта ювинишарди, шунинг учун бунга ҳам кўникиш керак эди. Ҳамманинг олдида яланғоч ювинардик. Бундан ташқари, мен душдан кейин соқол олишим керак эди. 5000 сўмга соч қисқартириш имконияти бор эди, лекин менда пул йўқ эди, шунинг учун бепул вариантни танладим - сочимни бутунлай қириб ташлаш. Ҳамширалардан бири менга бу яхши фикр эканлигини айтди, чунки шундан сўнг ўзимни яхши ҳис қиларканман.

Тўртинчи ҳафта ("сиёсатчи")

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Бу ерда касалхона ходимларига қўполлик қилишга тоқатсиз муносабатда бўлишарди. Бемор ходим билан жанжанлашганига икки бор гувоҳ бўлдим. Ҳар иккала ҳолатда ҳам беморларнинг қўлларини синдиришди.

Зўравонлик қилган ёки бунга уринганларни хонадаги ётоққа боғлаб қўйишарди.

Дориларнинг ножўя таъсирларидан бири шуки, одам тиниб-тинчимас бўлиб қолади. Кўплаб беморлар тўхтовсиз юради. Мен ҳам. Баъзида ўтирмай, дам олмай айланиб юраверамиз. Беморлардан бири шу қадар ўзини тўхтата олмай қолдики, охири ётоққа боғлаб қўйишларини сўради.

Кунига бир марта эрталабки дори-дармонларни олгач, тушликкача боққа чиқишга рухсат беришарди. Эски бино кўплаб серсоя дарахтлар, ям-яшил ўтлар ва сайр қилиш учун кенг майдон билан ўралган эди. Бу сўлим боғ эди. Йўл-йўлакай бир беморга дуч келдим. У ўзини таништирганидек, "давлатга ишлаганман", авваллари жуда муҳим одам эдим деди. У менга бир неча танқидий чиқишлари сабабли касалхонамизда сақланаётганини айтди.

Ўтмишда эса руҳий саломатлик тизими психиатрия муассасаларига тушган сиёсий диссидентлар билан боғлиқ ҳикояларни эшитгандим. Мен бундай одамни касалхонада учратишни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. У анча вақтдан бери шу ерда экан, яна қанча қолади, худо билади.

Учинчи ҳафтада менга психолог билан кўришишни айтишди. Сайроқи қушлар ва тўтиқушлар билан тўлдирилган қафаслар турган йўлакдан ўтиб, хонага кирдим.

Совет типидаги кекса рус психолог аёл қалин дафтарига нимадир ёзаётган эди. Кейин у бошини кўтариб, хорғин овоз билан сўради: нима безовта қилади?

Бироз суҳбатлашганимиздан сўнг у: "Нима қилмоқчисан?" деб сўради.

Мен унга инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш мақсадида чекка ҳудудлардаги ўқитувчилар учун мобил илова ишлаб чиқиш бўйича бизнес-режа ёзганимни айтдим.

Ажабланарлиси шундаки, у қизиқиб қолди ва нима учун бундай қилаётганимни сўради?

Мен унга дунё жуда тез ўзгараётганини айтдим. Янги мутахассисликлар пайдо бўлиши билан кўплаб касблар кераксиз бўлиб қолади. Шунинг учун таълим тизими ҳам ўзгариши керак. Хуллас, унга ушбу илова орқали қишлоқ аҳолиси сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишини тушунтирдим.

Гапим тугагач, у менга қараб: "Эшит, дўстим, сен шу қадар ақлли бўлсанг, нега ўз ҳаётинг учун бизнес-режа ёзмайсан? Ҳали ёшсан, қўл-оёғинг бут, бошинг елкангда… ҳаммаси яхши бўлади! "

Шу билан психолог билан маслаҳатлашувим тугади.

Кейин

Касалхонада эканимда шуни тушундимки, шифокорлар "руҳий бузилиш" эмас, балки ҳали ҳам «касаллик» тушунчаси бўйича ишлашади. Аммо улар ҳар доим дори дозасини мослаштириш орқали даволашга қўлларидан келганча ҳаракат қилишади.

Одамлар орасида эса жуда кучли бўлган нарса бу уят туйғусидир. Оилалар очиқ гапирмасликни истайди, маҳаллий оммавий - ахборот воситаларида бу борада тушунтириш кампанияларини деярли кўрмадим. Менимча, уялиш керак эмас, руҳий бузилишдан қўрқмаслик керак. Бу ҳар қандай одам бошига тушиши мумкин, хоҳ у камбағал, хоҳ бадавлат, ҳоҳ машҳур одам бўлсин. Одамлар орасида шундай чўпчаклар бор: руҳий касалликка ташхис қўйилса, иш топа олмайсиз ёки касалхонадан кейин оила қура олмайсиз. Булар доим ҳам ҳақиқат эмас.

Ажабланарлиси шундаки, руҳий бузилишлари бўлган одамларга ҳаёт кечиришга ёрдам берадиган ижтимоий хизматчилар йўқ. Баъзи ривожланган мамлакатларда руҳий бузилиши бўлган одамларга турли енгилликлар, уй-жой ва иш билан таъминлашда ёрдам берадиган, масалан, банкка бориб, оддий банк ҳисобини очишга кўмаклашадиган ижтимоий хизматчилар бўлади. Уларнинг мавжудлиги одамларга нафақат соғлиғини тиклаш, балки соғлом бўлиш имконини ҳам беради.

Шаҳар психиатрия шифохонасида бўлган тўрт ҳафта давомида бир неча киши билан дўстлашдим.

Мен шифохонадан чиқар эканман, кўпчилик уй телефон рақамлари, хат ва хабарлари билан ҳузуримга келишди.

Бир неча кун давомида мен уларнинг хату хабар, илтимосларини етказишга ҳаракат қилдим.

Тахминан бир ҳафтадан кейин дўстларим Муслим ва Азизга сомса, ширинликлар ва озиқ-овқат олиб бордим.

Қоравулга қолдирдим.

Умидим шуки, дўстларим яхши кунларга етишади.

Дуоларимда уларни ноумид қилмаслигини сўрайман.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002