Сўкиниш соғлик ва кайфиятга фойдалими? Dunyo ilm-fan yangiliklar

Ҳамма беихтиёр сўкиб юбориши мумкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамма беихтиёр сўкиниб юбориши мумкин
    • Author, Ананд Жагатия ва Кэти Эдвардс
    • Role, Crowd Science, BBC Жаҳон хизмати

Ҳатто энг мулойим одам ҳам оёғини бирор нарсага оғритиб қаттиқ уриб олса, беихтиёр сўкиб юбориши мумкин. Бу худди рефлексга ўхшайди, аммо сўкиш нима учун одамга енгиллик беради? Биз бу ҳодиса ортидаги сабаблар борасида илм нима дейишига қизиқдик.

Нега сўкиш одамга ёқади? - Бепарда сўзларни ишлатганимизда танамиз ёки миямизда бирор нарса ўзгаргани учунми ёки қўполлашаётганимизни билганимиз учунми?

Ҳаммамиз бундай ҳолатга йўлиққанмиз, бир еримизни уриб оламиз, йўлда тирбандликка тушиб қоламиз, кофени тўкиб юборамиз... ва тўсатдан сўкиб юборамиз.

Инстинктив равишда тилимиз сўкишни бошлайди - одатда оғизни тўлдириб айтиладиган, портловчи сўзлар. Ва ўша заҳоти енгиллик ҳис қиламиз.

Тўғри, айримларимиз бошқалардан кўра кўпроқ сўкамиз, айрим одамлар хурсанд бўлганидан сўкиб юборади.

Тан олинг, сўкиш ҳар бир маданият ва ҳар бир тилда бор, бу ҳатто фақат инсонгагина хос бўмаслиги мумкин (бу ҳақда кейинроқ).

Шалоқ тил ортидаги сабаб нима?

Ҳар қандай маданиятнинг ахлоқий меъёрлари бор ва уларни қачон бузаётганингизни билишингиз керак

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳар қандай маданиятнинг ахлоқий меъёрлари бор ва уларни қачон бузаётганингизни билишингиз керак

Сўкиш нима?

"Сўкишга таъриф бериш жуда мураккаб нарса", дейди доктор Эмма Бирн, "Сўкиш сиз учун фойдали" номли китоб муаллифи.

Унинг айтишича, сўкиш шокка тушганда, ҳайратланганда, шодликда, қизиқарли ёки тажовузкор кўриниш учун ишлатиладиган сўзлардир.

Аммо у маданий ҳодиса бўлиб, маъноси муайян маданият, тил, жамият, давлат ёки дин доирасида англашилади.

"Сўкишнинг нима эканини ҳамма бирдек англайди. Бу англаш муайян жамиятдаги табулар билан боғлиқ: баъзи нарсалар тана аъзолари орқали ҳақорат қилинади, баъзилари ҳайвон номлари орқали, баъзилари касаллик орқали ёки тана бажарадиган бирор иш орқали", дейди доктор Бирн.

Аммо сўкишнинг муҳим элементи бор: "Эмоция қўзғаш учун муайян жамиятда табу бўлган ниманидир ўйин қилишингиз керак".

Шубҳа бўлганда сўкишни ажратишга ёрдам берадиган яна бир белги, доктор Бирннинг айтишича, "сўкиш шундай сўздирки, сиз уни муайян вақтларда, дейлик, ишга кириш учун суҳбатларда, бўлажак турмуш ўртоғингизнинг ота-онаси билан илк марта кўришганда тилга олмасликка ҳаракат қиласиз".

Нега сўкамиз?

Машина ҳайдаётган пайтингизда бир-икки сўкиб юборасизми?

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Машина ҳайдаётган пайтингизда бир-икки сўкиб юборасизми?

"Стрессли вазиятларда, бирор кутилмаган воқеа рўй берганда, сўкиб юбориш рефлексга ўхшайди. Ўша вақтда у ёқимли туюлади", дейди Би-би-си Жаҳон хизмати радиосининг доимий тингловчиси Гади.

Бошқа тингловчилар ҳам бу фикрга қўшилади:

"Вазият қизиқарли, кутилмаган, афсусланарли, оғриқли ёки ғазаблантирувчи бўлса сўкаман. Бу эмоциянгизни ифодалашнинг энг қулай усули", дейди Михаил.

"Тўсатдан оғиздан чиқиб кетади, ҳатто ўйлашга ҳам улгурмайман, аммо ўша заҳоти енгиллик ҳис қиламан", дейди Е.

"Кўп сўкмайман. Менимча, кўп сўксангиз, сўкиш ўз таъсирини йўқотиб боради. Уни кераклироқ вазиятларга сақлаб қўйган маъқул", қўшимча қилади Клара.

Албатта, умуман сўкмайдиган одамлар ҳам бўлиши мумкин, аммо кўпчилигимиз бу тингловчилар нимани назарда тутаётганини яхши тушунамиз: тўсатдан айтиб юбориладиган бепарда сўз, айрим сўзлар қўшимча энергияга эга эканлиги.

Доктор Бирннинг айтишича, у тадқиқоти давомида дуч келган энг қизиқ нарсалардан бири ҳатто миясининг ярми олиб ташланган одамлар ҳам сўзлаш қобилиятини йўқотиши мумкин, аммо бутунлай эмас.

"Кимнингдир чап мия яримшарини олиб ташласангиз, ёки ана шу яримшар инсульт сабабли оғир зарарланган бўлса, улар аксар сўзлаш қобилиятини йўқотади, аммо улар сўкиниш қобилиятини сақлаб қолади", дейди у.

"Афтидан биз айрим турдаги сўзларга эмоционал жиҳатдан кучли боғланганмиз ва у тилимизнинг бошқа қисмидан алоҳида сақланади. Сиз миянинг бир қисмини олиб ташлашингиз, кимнингдир онгли тарзда, режали гапириш қобилиятидан маҳрум қиласиз. Лекин у ҳамон спонтан равишда сўкиб юбораверади."

"Сўкиш эмоциялар билан кучли боғланган, сўкиш сўзларни айтишга ёрдам берадиган мушак ҳаракатлари турли жойларда сақланади. Шу боис, уларни бутунлай ўчириб ташлаб бўлмайди", дейди доктор Бирн.

Сўкишни ўрнини бошқа сўзлар боса оладими?

Кўп ҳолларда айнан сўкиш "қўл келади"

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўп ҳолларда айнан сўкиш "қўл келади"

"Қизиқ, бир жойинг оғриб турганда сўкишдан наф, умуман ёрдам берадими?" дейди Кил университетидан психолог доктор Ричард Стивенс. У университетдаги "Swear Lab" лабораториясига раҳбарлик қилади.

Эктремал вазиятлар ёки оғриқда сўкиш ёрдам бериш ёки бермаслигини текшириш учун ўтказилган тажрибада қатнашчилар муз тўла идишга қўл тиқиб ўтиради ва улар бунга қанчалик дош бериши кузатилади.

Битта одам икки марта бу синовдан ўтади. Биринчисида у истаганча сўкиши мумкин, иккинчисида сўкиш сўзлар ўрнига юмшоқ сўзлар айтади.

Экспертларнинг аниқлашича, ҳақиқий сўкиш сўзларини ишлатганда одамлар қўлини узоқроқ вақт музда ушлаб тура олган, аммо уларнинг ўрнига бошқа муқобил сўзлар ишлатилганда муаммо чиққан. Бу сўзлар амалда ишламаган, чунки уларда сўкиш сўзлари берадиган ҳиссий таъсир йўқ.

Аммо нега шундай?

"Биз сўкаётганимизда юрагимиз уриши тезлашади, оддий сўзларни ишлатганимизда эса ундай эмас. Бу эса сўкишга нисбатан ҳиссий қўзғалиш бўлишини англатади. Шу маънода сўкиш ҳиссий сўздир", дейди доктор Стивенс.

"Бизнинг ишчи гипотезамиз шундай эди: Оғриқ вақтида одамлар сўкинганда улар стресс даражасини кўтаради ва стрессни оғриқ қолдириш воситасига айлантиради. Бу урушиш ёки қочиш инстинктининг бир кўринишидир," дейди доктор Стивенс.

"Мен одатда сўкинмайман, - дейди Коулин, бошқа бир тингловчи. - Аммо бир неча йил аввал тоғда фалокатга учраганимдан сўнг мени қутқаришлари керак бўлиб қолди. Елкам чиқиб кетганди, мени чанага солиб, тоғдан олиб тушишди. Ҳар бир дўнглик ёки чуқурлик азобни кучайтирарди. Тушгунимча оғзимни тўлдириб сўкиб тушдим. Бошқа сўз тўғри келмасди."

Турли тилларда сўкиш

Норози одам

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Бекорчилар!"

Ҳозирги билганларимиздан келиб чиқсак, сўкиш ҳар бир маданиятда бир хилда қабул қилинадими?

Афтидан Би-би-си Жаҳон хизмати тингловчилари орасида сўконғичлар кўп чоғи, бизга яна ёрдамга келишди:

"Испанча сўкишни ижод қилиш учун роса боп тил, - дейди Клара, - чунки қаттиқ жаҳли чиққан бирор кимни эшитсангиз, эга кесими жойида бўлган гаплардан тузилган бутун бошли ҳикояни айтиб беради. Бари сўкиш."

Мальтадан Жейн гапиради: "Бу ерда эшитишингиз мумкин бўлган энг ҳақоратли сўкишнинг маъноси "сперма"дир".

"Сўкиш учун рус тили энг зўри. Унда ҳақоратли сўзлар шунақа кўпки, деярли ҳар бири ҳақоратли таъсир қилади. Сўкиш маданияти бизнинг адабиётимиз қаърига сингиб кетган. Сўкмайдиган рус кишисини тасаввур қилиш қийин", дейди Михаил.

"Мандарин хитойчада айрим қизиқ сўкишлар бор, яъни 18 авлод наридаги аждодингизни бир нарса қилишни англатади, - дейди Жакелин. - Дейлик, буни онангга, катта бувингга, 18 авлодгача аждодларингга қиламан дегандақа."

Бошқа бир хитойча ҳақоратли сўз она тошбақа тухуми билан боғлиқ. Бу ҳақорат она тошбақалар аҳмоқ бўлиб юриши билан боғлиқ ишончдан келиб чиққан. Кимнидир тошбақа тухуми деб аташ унинг отаси чиндан отаси эканига шубҳа қилишни билдиради.

Сўкиш сўзларининг мазмуни дунё бўйлаб турлича бўлса ҳам, афтидан, сўкиш инсон маданиятининг универсал хусусиятидир.

Ҳайвонлар-чи? Улар ҳам сўкадими?

Шимпанзе

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сиз ҳайрон қоласиз

Аммо сўкадиган фақат одамлар эмас. Доктор Эмма Бирннинг айтишича, шимпанзелар билан қизиқ тадқиқотлар ўтказилган. Улардан бирида шимпанзе боласи боқиб катта қилиниб, каттароқ оилавий уйга ўргатилади.

Америкалик приматолог Дебора ва Рожер Футлар "бу шимпанзелар олдида соқовча гаплашишади ва уларга турли нарсаларни ифодаловчи ишоралар ўргатишади", дейди доктор Бирн.

Ёввойи табиатда шимпанзелар бир бири билан ахлатини отиб алоқа қилади, аммо футс шимпанзеларга буни табу қилади, уларни тувакда ўтиришга ўргатади.

"Улар буни ўрганишгач, бўшанишни ифодаловчи ишорани инглиззабонлар сўкиш учун шу маъноли сўзни қандай қўлласа, ўшандай қўллай бошлайди", дейди доктор Бирн.

"Шимпанзелар бу ишорани асабийлашган пайтда, эътироз билдириш учун ишлатади. Улар бу ишорани бошқа шимпанзеларни "исқирт маймун" деб аташ учун ишлата бошлади. Афтидан бу улар учун энг ёмон ҳақорат бўлган."

"Шимпанзелар ахлатни ифодаловчи ишоралар орқали ҳазиллашиш билангина чекланмайди", дейди олим.

"Рожер ва Дебора Футлар лабораторияда юрганларида шимпанзелар қўлининг орқа тарафини энгагига уриб қўйишини кўп кузатишган. Шундай урадики, тиши такиллайди. Бу кир нарсани билдирувчи ишорадир", дейди доктор Бирн.

Шундай қилиб, шимпанзелар ахлатни бир бирларига отиш ўрнига уни ифодаловчи сўзни бир бирларига айта бошлади.

"Бу менинг ишим учун жуда муҳим тажрибадир. Бирор нарса табу эканини билсангиз, уни ифодаловчи сўз сўкиш шаклида намоён бўлади.

Эва Онтиверос томонидан таҳрирланган ва янгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek