Нима учун бирдан ортиқ тилда туш кўришимиз мумкин? Илм-фан, Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Emmanuel Lafont/BBC
- Author, Софи Хардач
- Role, .
Уйқу тил ўрганишда илгари ўйлаганимиздан кўра кўпроқ роль ўйнаши маълум бўлди. Бу уйқу ҳолатидаги миямиз ҳақида нималарни ошкор қилиши мумкин?
Мана шу мақолани ёзишни бошлаганимда мавзуга роса мос келадиган туш кўрдим. Меҳмонхонада АҚШ, Покистон ва бошқа давлатлардан келганларга зиёфат бераётган эмишман. Аксар меҳмонлар инглизчада, бир ёки иккитаси она тилим бўлган немисчада сўзлашарди. Бир маҳал ўғлим кўринмай қолди ва мен ваҳимага туша бошладим. Уни топгач, бир хўрсиндимда "Ach, da bist du ja!" (Мана, қаерда экансан!) дедим ва уни қучдим.
Алоқадор мавзулар:
Агар сиз бирдан ортиқ тилда сўзлашсангиз, тушда ҳам уларни аралаштириб юборишингиз мумкин. Тушларимда мен бу ерда - Лондонда кундалик ишлатадиган инглизчада ва болалик тилим бўлган немисчада гапираман. Аммо инсон мияси қандай қилиб бундай кўп тилли тушлар кўради ва улар реал ҳаётдаги тил малакамизга таъсир қиладими?
Тушдаги тилларини тушуниш
Бир қарашда кўп тилли одамларнинг кундузи турли тилларни аралаштириб гапириши, ҳатто энди бирор тилни ўргана бошлаганлар ҳам тушида ўша тилдан фойдаланиши унчалик ҳайратланарли эмас. Кундузи қайси тилда сўзлашсак, одатда тушга ҳам ўша ўтади. Соқовлар ёки эшитмай қолган одамлар уйғоқликда қандай мулоқот қилса, тушида ҳам шундай қилиши - ишоралар тилидан фойдаланиши ўрганилган.
Кўп тилли тушларга яқиндан эътибор берилса, кўп нарса очилади. Кундалик ишлатиладиган лингвистик парчаларни шунчаки такрорлаш ўрнига, миямиз уларни кундузги ташвишлар, хотиралар ва хавотирлар билан аралаштириб юборади. У ҳатто номаълум, хаёлий тилда бўлиши, туш кўраётган одам реал ҳаётда гувоҳи бўлган, аммо ўзи гапирмайдиган тилда бутун диалогларни яратиши мумкин (тушларимда баъзан япон тилида сўзлашаман, бу тилни бир қадар ўрганганман, аммо унда сўзлаша олмайман).

Сурат манбаси, Emmanuel Lafont/BBC
Кўпчилигимиз тушимиздаги тилларни маълум бир тарзда, одамлар, жойлар ёки ҳаётимиз босқичлари бўйича гуруҳлаймиз. Масалан, тушда одамлар реал ҳаётда гапирадиган тилда сўзлашиши мумкин, болалик уйи ҳақидаги тушлар одатда болалик тилида бўлади. Тўғри, бундай тартиб доим бўлмаслиги ҳам мумкин, камига кўп тилли тушлар ҳозирча етарлича илмий тадқиқ этилмаган. Бундан ташқари, туш тилларини маданият ва идентлик масалалари билан боғлаш мумкин, масалан, бир тай-америкалик аёл тушида марҳум опаси учун кўйлак сотиб олмоқчи бўлган ва нима олишни жиянлари билан тай ва инглиз тилларида муҳокама қилган.
Тил қийинчиликлари билан боғлиқ тушлар ҳам бор, унда сўзловчи чет тилида гапини тушунтиришга қийналади, туш луғатида керакли сўзни қидиради. Польшада ўтказилган тадқиқот иштирокчисининг айтишича, у тушида инглизча - «haphazard»ни эшитади ва уйғонгач, унинг маъносини луғатдан қидиради. Хорватиялик иштирокчи эса нотаниш одам билан итальян, немис ва инглиз тилларида мулоқот қилишга роса уринади ва бирдан иккиси ҳам полякча гаплашаётганини англаб, кулиб юборади.
Уйқу тадқиқотчиларининг таъкидлашича, бундай тушларнинг механикаси ва функциясини аниқлаш қийин, чунки тушлар жуда сирли ҳодисалигича қолмоқда. Бироқ, бизнинг миямиз тилларни қандай ва нима учун қайта ишлаши ва ҳатто уйқуда янги сўзларни ўрганиши яхшироқ ўрганилган. Бу ҳеч бўлмаганда кўп тилли туш кўриш сирини очади.
Уйқуда сўзларни қайта ишлаш
Уйқу ва тил ўртасидаги боғлиқликни тушуниш учун келинг, фақат битта тилдан бошлайлик: ўз тилингиздан. Сиз ўз она тилимни анча аввал ўзлаштирганман деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида сиз уни доим такомиллаштириб борасиз. Ҳатто катталар ҳам она тилида ҳар икки кунда битта янги сўзни ўрганади.
"Болалигимизда, айниқса, дастлабки 10 йилда кўплаб янги сўзларни ўрганамиз. Аммо бу такомиллашиш қандай кечишини одатда ўзимиз сезмаймиз", - дейди Йорк университетининг уйқу, тил ва хотира лабораторияларини бошқарадиган психология профессори Гарет Гаскелл.
Биз янги сўз ўрганганимизда, бу сўзни тўла ўзлаштиргунча, ўша сўз атрофидаги билимимизни доимий янгилаб турамиз, дейди Гаскелл. Кўпчилигимиз ишонч билан ишлатадиган «breakfast» («нонушта») сўзини мисол қилиб келтиради у. Аммо шунга ўхшаш бошқа сўз пайдо бўлганда, у мавжуд сўзни яхши ўзлаштирмаганимизни кўрсатиши мумкин.
"Сўнгги беш йил ичидаги қайсидир вақтда сиз "Brexit" [Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз бериши] сўзини эшитгансиз ва бу «breakfast» учун кучли рақобатчидир", дейди у.
Янги "Brexit" сўзи одамлар онгида мавжуд «breakfast» сўзи билан рақобатлашганда, чалкашликлар пайдо бўлди. Кўплаб янгиликлар ўқувчилари ва сиёсатчилар "Brexit breakfast дегани" ва "олдинда катта breakfast" каби иборалар янгради. Янги сўзни тўғри ишлатиш ва уни ўхшаш товушли сўзлардан ажратиш учун биз уни мавжуд билимларимиз билан боғлашимиз керак, дейди Гаскелл: "Ва бунинг учун сиз бироз ухлашингиз лозим."
Уйқуда эски ва янги билимлар уйғунлашади. Кун давомида янги ахборотни гиппокампус ўзлаштиради, янги сўзларни ҳам у қабул қилади. Кечаси у янги маълумотларни миянинг бошқа қисмларига узатади, у ерда уни сақлаш ва бошқа муҳим маълумотлар билан боғлаш мумкин. Бу бизга ҳар қандай вазиятда тўғри сўзни танлаш ва рақобатлашувчи сўзларни бостиришга ёрдам беради.
"Ақлий лексика"ни белгилаш
Гаскеллнинг фикрича, сўз биринчи ёки иккинчи тилда бўладими, бу жараён бир хил кечади. Кўп тилли одамларда хорижий сўзлар ҳам ушбу улкан ақлий «омбор»да сақланади ва шунга ўхшаш тарзда танланади ёки бостирилади.
"Хотирангизда белгилаш тизими борлигини тасаввур қилишингиз мумкин, - дейди Гаскелл. - Шундай қилиб, миянгизда немис ва инглиз тиллари луғати мавжуд бўлса, ҳар бир сўз алоҳида тилга боғлаб белгиланади ва гаплашаётганингизда бу сўзларнинг ярмини босиб, иккинчи ярмига эътибор қаратасиз."

Сурат манбаси, Emmanuel Lafont/BBC
Инглиз ва немис тилларида сўзлашадиган одамлар бўлган зиёфат ҳақидаги тушим тиллар луғатимни саралаш ва сўзларни белгилаш жараёни эдими?
Бу яхши тушунтириш бўларди, лекин афсуски, бу жараён чуқур уйқу босқичида содир бўлади. Менинг меҳмонхона ҳақидаги тушим эса юзаки уйқу босқичида рўй беради.
"Баъзилар бу жараёнда юзаки уйқунинг роли бор ва у ахборотни тартибга солишдир деб ўйлайди", дейди Гаскелл. Меҳмонхона ҳақидаги тушим Би-би-си жамоасининг виртуал йиғилиши ҳақидаги тушга уланиб кетгани ҳақида гапирганимда, у шундай деди: "Бу ҳақиқатан ҳам классик ҳолат, янги хотираларингиздан баъзилари анча эски хотиралар билан боғланади. Бу хотираларни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган тушларга мос келади. Аммо ҳозирча бу шунчаки бир фараздир".
Биз аниқ биладиган нарса шуки, миямиз нафақат кундузги маълумотларни қайта ишлайди, балки уйқуда янги сўзларни ҳам ўрганади.
Марк Зюст Швейцариянинг Берн шаҳридаги Кексалар психиатрияси ва психотерапияси университети касалхонасида қариш, уйқу ва хотира неврологиясига ихтисослашган тадқиқот гуруҳи раҳбари. У ва унинг ҳамкасблари «tofer» каби сохта сўзларни «Baum» (дарахт) каби немисча сўз билан боғлаб, ҳар бир иштирокчига бу сўз бирикмаларининг маъносини турлича шаклда тушунтирдилар. Кейин иштирокчилар ухлаб ётганда бу жуфт сўзлар аудиоёзувини қўйиб қўйдилар.
Эртаси куни улардан «tofer» пойабзал қутисига сиғадими, деб сўрашди. Бу савол тушда ҳар қандай янги маълумотни ўрганиш қобилияти чекланган бўлишини тасдиқлади: биз одатда ҳушёр бўлганимизда ўша маълумотдан онгли равишда фойдалана олмаймиз.
"Улар бу билимларни онгли равишда айтиб бера олишмади, яъни "tofer" дарахни англатишини айта олишмади, - дейди Зюст иштирокчилар ҳақида. - Улар "tofer"нинг қандайдир катта ёки кичиклиги ҳақида ниманидир ҳис қилишарди, аммо аниқ маълумот йўқ эди." Тахминан 60% иштирокчи "tofer" пойабзал қутисига сиғмайди, деб тўғри жавоб берди.
Шуни таъкидлаш керакки, "tofer" ҳам, немисча сўз ҳам чуқур уйқу пайтида тингланиши керак эди. Тадқиқотчилар ана шу босқични ўтказиб юборишган, натижада жуфт сўзлар ўрганилмай қолган.
Бельгиянинг Льежа университетининг уйқу ва идрокни ўрганишга ихтисослашган PhD тадқиқотчиси Матье Корома уйқуда тилни қандай ўрганиш билан боғлиқ билимларимизга ҳисса қўшиб келаётган қатор тадқиқотларга ҳаммуаллиф бўлган.
"Асосан, ухлаётганингизда [бошқа тиллардаги сўзларни] ўрганишингиз мумкин, ҳатто илгари ҳеч эшитмаган бўлсангиз ҳам, лекин бу уйғоқ ҳолатдагидан бошқача тарзда рўй беради", дейди у.
Биринчидан, у ва унинг жамоаси биз ухлаётганимизда ҳам сохта тилни ҳақиқий тилдан ажрата олишимиз мумкинлигини аниқлади. Уйқудаги иштирокчиларга бир вақтнинг ўзида бир қулоғида ўз она тилидаги ҳақиқий нутқ, иккинчисида эса маъносиз, сохта нутқ эшиттирилди. Тадқиқотчилар электроэнцефалография (ЭЭГ) ёрдамида уларнинг мия фаолиятини кузатишди. ЭЭГ натижалари шуни кўрсатдики, ухлаб ётган иштирокчиларнинг мияси сохта эмас, балки ҳақиқий нутққа реакция қилган. Бироқ, юзаки уйқу босқичида иштирокчилар мияси ташқаридан эшиттирилаётган нутқни босишга ҳаракат қиларди. Короманинг таъкидлашича, бу миянинг ички жараёнларга эътибор қаратганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин: "Биз туш кўраётганимизда, халақит берадиган нарсалардан узилиб қоламиз".
Бошқа бир тадқиқотда иштирокчиларга уйқуларида японча сўзлар, уларнинг маъносига ишора қилувчи товушлар билан эшиттирилган. Масалан, "ину" (ит) сўзи итнинг вовуллаган овози билан, "кане" (қўнғироқ) сўзи чалинаётган қўнғироқ товуши билан бирга эшиттирилган. Турли сўзлар уйқунинг турли босқичларида - юзаки ва чуқур уйқу ҳолатларида эшиттирилган. Тадқиқотчилар бир вақтда иштирокчиларнинг мияси фаолиятини ЭЭГ билан кузатиб турган.
Уйғонганларида улар енгил уйқу ҳолатида эшитилган "ину" сўзини итнинг суратини кўрсатиб, тасодиф бўлмайдиган қадар нисбатан аниқроқ айтиб беришган. Аммо юзаки уйқу ҳолатида эшитилган сўзларнинг маъносини эса етарлича аниқ топа олишмаган.
"Биз кўпроқ туш кўрадиган юзаки уйқу ҳолатини ўрганганимизда иштирокчиларда ўрганиш жараёни бўлганини тасдиқловчи далил тополмадик", дейди Корома. Аммо бу ушбу босқичда ўрганиш жараёни бўлишини буткул инкор қилмаслиги, яна тадқиқотлар кераклигини қўшимча қилди.

Сурат манбаси, Emmanuel Lafont/BBC
Кундузги ўрганилганларни мустаҳкамлаш
Бу тун бўйи тил дарсларини эшитиш уйқу ҳолатида япон тилини янада осонроқ ўрганишимизни осонлаштиришини англатадими?
Йўқ, шарт эмас. Аксинча, бу уйқуга халал бериб зарар келтириши мумкин, дейди Корома. Шунингдек, уйғоқ иштирокчилар ухлоқларга нисбатан барибир тезроқ ўрганганини таъкидлайди. "Уйғоқ ҳолатда ўрганиш барибир самаралироқ". Улар онгли тарзда ўргангани учун сўзларни нисбатан ишонч билан қўллай олишади.
"Уйғоқлик ўрганиш учун яхши, уйқу эса такрорлаш учун, - дейди Корома. - Бу интерактив жараёнлардир, яъни кундузи ўрганасиз, уйқуда эса уларни мустаҳкамлайсиз."
Тил ўрганишда уйқудан фойдаланишнинг бошқа йўллари ҳам борми?
"Эҳтимол, Тил ўрганишда энг яхши усул уйқуга ётишдан олдин ўрганиш ва ухлаганда ўша сўзларни тинглашдир, - дейди Корома. - Уларни паст овозда эшитганда натижалар яхшироқ чиқади. У ўрганиш қувватингизни мустаҳкамлайди. Аммо агар баланд овозда тингласангиз, акс таъсир кўрсатиши мумкин. Меъёрини топиш муҳим."
Берн университетидан Зюст ҳам янги сўзларни кундузи ўрганиш тунда эса "яхши ухлашга эътибор қаратиш" кераклигини маслаҳат беради. "Шунда мия керакли ишни ўзи бажаради."
Уйқуда масала ечиш
Уйқудаги ўрганиш жараёнида кўп тилли тушларнинг эҳтимолий роли борасида мутахассислар эҳтиёткорлик билан гапиради.
"Кўп тилли тушлар бу жараёнда қандай ўрин тутишини аниқлаш жуда қийин", дейди Зюст.
Бу қисман умуман когнитив жараёнлар тўлиқ ўрганилмагани билан боғлиқ. Зюстга кўра, тушлардаги ўрганиш аслида "фаол бўлган хотирани тартибга келтирадиган миянинг" кутилмаган оқибати бўлиши мумкин. Бу тушлар тил ўрганиш жараёнига алоқаси йўқлигини англатмайди, балки улар муҳим жараён эмас, балки бошқа бир муҳим жараённинг оқибати эканини кўрсатади.
"Кўп тилли тушларда мия икки тилни бир бири билан боғлашга уринаётган бўлиши мумкин", дейди Зюст. Аммо тушларнинг ва тилларнинг ҳар бири ўзига хослиги ва тартибсизлиги бу масалада аниқ бир гап айтишни қийинлаштиради.
Корома юзаки уйқу ҳолати масала ечиш билан боғлиқлигини айтади. Ана шу шаклда тушлар бизга янги сўз ва ибораларни турли контекстларга қўйиб кўришга имкон беради.
Польшадаги Силезия университети психолингвистика профессори Данута Габрис-Баркер кўп тилли одамларнинг тушларини таҳлил қилар экан, бундай тушлар чет тилини ўрганишга бўлган "қўрқув ва истаклар"ни, шу жумладан, чет тилини ўрганиш истагини ифодалаши мумкинлигини тахмин қилади.
Бу ғоя уйғоқликда сўзларга ижодий ёндашиш ва масалаларни ҳал этишда ёрдам беришини тасдиқлайди. Аммо, Корома ва бошқалар таъкидлаганидек, бу исботланган ҳақиқат эмас, балки эҳтимолдир.
Менинг кўп тилли тушларим барибир қандай вазифани бажариши сир бўлиб қолмоқда. Аммо тунда миямда кечадиган жараёнларни тушуниш, биргина сўзни ўзлаштириш учун шунча яширин жараёнлар кечиши мени ҳайратга солди. Тушимда бўлмаса ҳам, ушбу мақолани ёзиш пайтида битта янги хорижий сўзни ўргандим.
Бу «hypnopédie" - французчада тушда ўрганиш маъносини англатади. Мен бу ҳақда ундан ўз мақолаларидан бирида фойдаланган бельгиялик тадқиқотчи Коромадан билиб олдим. Мен уни биринчи марта эшитганимдан бери бир неча кеча ўтди. Қизиқ, менинг тунги миям бу сўзни қандай белгилаган ва бошқа сўзлар билан қандай боғлаган экан? Эҳтимол француз, Бельгия, уйқу ва муддат каби сўзлар билан. Энди бу бошқа бир қизиқарли тушнинг бошланиши бўлиши мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












