Шаффоф сичқон яратилди, бунинг одамзотга нима фойдаси бор? Илм-фан, Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, HELMHOTZ MUNICH
- Author, Паллаб Гош
- Role, Би-би-сининг илм-фан мухбири
Янги шаффоф сичқонни сканерлаш усули илгари кўриш қийин бўлган ўсмаларни аниқлаб, саратонга қарши дорилар самарасини текширишни янада осонлаштиради.
Мюнхендаги Гельмгольц тадқиқот марказидан профессор Али Эртурк 2018 йилда сичқон жасадини шаффоф қилиш усулини топди.
Унинг жамоаси баъзи тўқималарни ажратиб кўрсатиш учун кимёвий моддалардан фойдаланди, шунинг учун уларни мисли кўрилмаган аниқликда сканерлаш мумкин бўлмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Дорилар кўпинча аввало сичқонларда синовдан ўтказилади. Олимларнинг айтишича, янги сканерлаш усули тиббий тадқиқотларда инқилоб қилиши мумкин.
Британиянинг Саратон тадқиқотлари маркази янги сканерлаш усули "бой имкониятга" эга эканлигини айтмоқда.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу усул мавжуд сканерлаш усулларидан кўра кўпроқ тафсилотларни очиб беради. Биринчи қўллашда жамоа дастлабки босқичдаги саратон ўсмаларини аниқлай олди.
Профессор Эртуркнинг айтишича, бу жуда муҳим, чунки саратонга қарши дорилар одамларда синаб кўрилишидан олдин сичқонлардаги ўсмаларни йўқ қилиши керак.
"МРТ ва ПЭТ фақат катта ўсмаларни кўрсатади. Бизнинг усул билан эса бир ҳужайрадаги ўсмани кўриш мумкин.
Мавжуд дорилар ҳаётни бир неча йилга узайтиради, кейин эса саратон яна қайтади. Бунинг сабаби шундаки, кўринмайдиган бу майда ўсмалар қолиб кетган бўлади."
Одатда лаборатория сичқонларига саратон пайдо қилинади ва ўсимта қандай ривожланишини кўриш учун анъанавий сканердан ўтказилади. Кейин улар синовдан ўтказилаётган саратонга қарши дори билан даволанади ва даволаш таъсирини текшириш учун қайта сканерланади.
Профессор Эртуркнинг сканерлаш усули фақат ўлик сичқонларда саратон касаллиги қанчалик ривожлангани ёки даволаниш қанчалик ёрдам берганини билиш учун қўлланиши мумкин. У сичқонларни саратон касаллигига чалинганидан кейин шаффоф қилди ва кейин ўзининг янги усули ёрдамида уларни сканерлади. Дорининг самарадорлигини текшириш учун фақат бир нечта сичқонни шаффоф қилиш етарли бўлди.

Сурат манбаси, ALI ERTURK/NATURE
Британия Саратон тадқиқотлари маркази маълумотлар менежери доктор Рупал Мистри шундай дейди:
"Ушбу ноёб сканерлаш техникаси бизнинг танамиз қандай ишлаши, саратон каби касалликлар қандай пайдо бўлиши ҳақидаги билимимизни кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга.
"Гарчи тадқиқотчилар бу усулдан фақат ўлган сичқонларнинг жасадларини ўрганишда фойдаланишлари мумкин бўлса-да, бу бизга саратон касаллиги дастлабки босқичларда қандай ривожланиши ҳақида кўп маълумот бериши мумкин. Бутун танадаги ўсмаларни кўриш қобилияти тадқиқотчиларга турли дорилар ва даволаш усуллари таъсирини яхшироқ ўрганиш имконини беради.
"Технологиядаги бундай ютуқлар тараққиёт учун зарур ва умид қиламанки, саратонни аниқлаш, даволаш ва олдини олишнинг янги усулларига олиб боради."
Nature Biotechnology журналида нашр қилинган саратон касаллиги ҳақидаги мақола тиббий тадқиқотларни яхшилаш учун янги сканерлаш техникасидан фойдаланиш эҳтимолий юзлаб, ҳатто минглаб татбиқлардан биридир. Бу тадқиқотчиларга илгари ҳеч кўрилмаган нарсаларни кўриш имконини беради.
Сичқон устидаги тадқиқотлар кўпинча инсон танасидаги жараёнларни ўрганиш учун бошланғич нуқтадир. Аммо янги техника ҳар қандай ҳайвонда қўлланиши мумкин. У инсон тўқималари ва органларини шаффоф қилиш учун ҳам қўлланиши мумкин. Тўғри, яқин келажакда бутун инсон танасини шаффоф қилиш учун уни қўллашлари даргумон, чунки бу босқичда у билан тиббий муваффақиятга эришиш мумкин эмас.
Шаффоф сичқонни яратиш кимёвий ишлов орқали унинг жасадидан барча ёғ ва пигментни олиб ташлашдан иборат. Охир-оқибат, у бироз қайишқоқ шаффоф пластик ўйинчоққа ўхшаб қолади. Унинг органлари ва асаблари жойида туради, аммо деярли кўринмайди.
Профессор Эртурк сичқонни шаффоф қилиш усулини беш йил олдин ишлаб чиққан бўлса, сканерлаш усули бундан максимал даражада фойдаланади.
У сичқоннинг микроскоп остида текширмоқчи бўлган қисмларини ажратиб кўрсатиш учун антитаначалар деб номланувчи бошқа кимёвий моддаларни қўшиш йўлини топди. Турли хил антитаначалар турли тўқималарга бириктирилади ва шу билан тадқиқотчилар ўрганмоқчи бўлган қисмлар алоҳида фарқланиб туради.
Профессор Эртурк жамоаси саратон зоналарини ажратиб кўрсатишдан ташқари, тадқиқотчиларга сичқончанинг асаб тизими, ичаклари ёки лимфа тизими орқали ўтишни кўрсатувчи бир қатор видеолар тайёрлади.
Бу турдаги сканерлаш ҳозирда мавжуд бўлган усулларга нисбатан бир қатор афзалликларга эга.

Сурат манбаси, HELMHOTZ MUNICH
Биринчидан, тадқиқотчилар касалликларни бутун организм миқёсида ўрганишлари мумкин, бу уларга турли дорилар ва даволаш усулларининг таъсирини яхшироқ билиш имконини беради.
3D тасвирлар ҳам интернетда сақланади, шунинг учун ҳайвоннинг турли қисмларини кўриб чиқаётган ёки ўша тажрибани ўтказмоқчи бўлган тадқиқотчилар бошқа сичқондан фойдаланиш ўрнига улардан олиб қўя қолади. Профессор Эртуркнинг фикрича, бу усул лаборатория ҳайвонларидан фойдаланишни ўн баробар камайтириши мумкин.
Кембриждаги Wellcome Sanger институти ходими доктор Нана-Жейн Чипамп инсон организмидаги ҳужайра ривожланишини ўрганиш учун янги сканерлаш усулидан фойдаланиш истиқболидан мамнун. Ҳозирги вақтда у микроскоп остида ўрганиш учун тўқималарни жуда юпқа қисмларга ажратиши керак. Тез орада у барча тафсилотларни 3D форматида кўриши мумкин бўлади.
"Ундан фойдаланишни сабрсизлик билан кутаяпман! - дейди у иштиёқ билан. - У касаллик эволюциясини тушунишга ёрдам берадиган янги тўқималар, ҳужайралар ва касалликларни аниқлаш имкониятини беради."
Унинг жамоаси раҳбари, профессор Музлифаҳ Ҳаниффа инсон танасидаги ҳар бир ҳужайранинг онлайн харитасини ёки атласини яратмоқда. Унинг айтишича, янги сканерлаш усули барча турдаги тиббий тадқиқотлар учун фойдали бўлади.
"Шубҳасиз, бу тиббий тадқиқотлар суръатини тезлаштиради, - дейди у. - Ушбу илғор технологияларни бирлаштириш ва инсон ҳужайралари атласини яратиш, шубҳасиз, тиббиётда инқилоб қилади."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












