Пашша миясини ўрганиш инсон миясини англашда "катта сакраш"

Қанчалик чиройли бўлмасин, шунчалик мураккаб. Пашшанинг миясида 50 миллион мураккаб уланишга эга 130 мингдан ортиқ ҳужайра мавжуд

Сурат манбаси, MRC/Nature

Сурат тагсўзи, Қанчалик чиройли бўлмасин, шунчалик мураккаб. Пашшанинг миясида 50 миллион мураккаб уланишга эга 130 мингдан ортиқ толалар мавжуд
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Илм-фан мухбири
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Улар юриши, ҳавода муаллақ туриши ва ҳатто эркак пашшалар жуфтларини жалб қилиш учун ишқ қўшиқларини куйлаши мумкин - буларнинг барчаси тўғноғич бошидан ҳам кичикроқ мия кучи билан.

Эндиликда илк бор пашша миясини ўрганаётган олимлар унинг 130 минг ҳужайраси жойлашуви, шакли ва 50 миллион боғланишни аниқладилар.

Бу ҳайвон миясининг шу пайтгача яратилган энг батафсил таҳлилидир.

Ушбу янги тадқиқотга алоқадор бўлмаган етакчи мия мутахассисларидан бири бу кашфиётни ўз миямизни тушунишдаги "улкан сакраш" деб таърифлади.

Тадқиқот етакчиларидан бири бу "тафаккур механизми"га янги ёруғлик сочишини айтди.

Кембриждаги Молекуляр Биология Лабораториясидан (ЛМБ) доктор Грегори Жефферис BBC News'га берган интервьюсида миямиздаги нейронлар тармоғи бир-биримиз ва атрофимиздаги дунё билан қандай алоқа қилишимизга имкон беришини ҳозирча билмаслигимизни таъкидлади.

"Қандай боғланишлар мавжуд? Юзингизни таниб олиш, овозимни эшитиш ва бу сўзларни электр сигналларига айлантириш учун маълумотларни қайта ишлайдиган тизим орқали сигналлар қандай ўтади?

Пашша миясини хариталаш ҳақиқатан ҳам ажойиб ва бу миямиз қандай ишлашини тушунишимизга ёрдам беради."

Getty Images
Pashsha ko‘rish tizimi o‘ralgan gazetangiz qaysi tomondan kelayotganini aniqlab, signalni oyoqlariga shunchalik tez uzatadi. Natijada, ular hatto o‘ylab o‘tirmasdan sakrab qochadi
Pallab Gosh
BBC ilm-fan muxbiri (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Миямиздаги ҳужайралар ёки нейронлар сони ўрганилаётган пашшаникидан миллион марта кўп. Шундай экан, ҳашарот миясининг тузилиш чизмаси олимларга қандай қилиб бизнинг фикрлашимизни ўрганишда ёрдам бериши мумкин?

Олимлар томонидан тайёрланган ва Nature журналида чоп этилган тасвирлар мураккаб, аммо гўзал асаб толалари чигаллигини кўрсатади.

Унинг шакли ва тузилиши шунчалик кичик аъзо қандай қилиб кўплаб мураккаб ҳисоблаш вазифаларини бажаришини тушунтириш калитидир. Ушбу вазифаларнинг барчасини бажаришга қодир бўлган кўкнори уруғи ҳажмидаги компьютерни яратиш замонавий фан имкониятларидан анча узоқ.

Лойиҳанинг бошқа етакчиларидан бири, Принстон университети профессори доктор Мала Мерти таъкидлашича, илмий жиҳатдан "коннектом" деб номланувчи янги алоқа тармоғи чизмаси "неврологлар учун туб ўзгаришларга олиб келади".

"Бу соғлом мия қандай ишлашини яхшироқ тушунишга интилаётган тадқиқотчиларга ёрдам беради. Умид қиламизки, келажакда миямиздаги муаммолар пайдо бўлганда нима содир бўлишини таққослаш мумкин бўлади."

Бу фикрга Лондондаги Френсис Крик институтининг мия тадқиқотлари бўйича гуруҳ раҳбари, тадқиқот гуруҳидан мустақил бўлган доктор Лусия Прието Годино ҳам қўшилади.

"Тадқиқотчилар 300 та асаб толасига эга оддий чувалчанг ва 3000 та асаб толасига эга қурт личинкасининг коннектомларини яратдилар, аммо 130 000 та асаб толасига эга тўлиқ коннектомни яратиш ажойиб техник ютуқ бўлиб, сичқонники каби каттароқ миялар ва эҳтимол бир неча ўн йилликлар ичида ўз миямиз учун коннектомларни топишга йўл очади."

Тадқиқотчилар кўплаб алоҳида функциялар учун мустақил занжирларни аниқлашга ва улар қандай боғланганлигини кўрсатишга муваффақ бўлишди.

Мисол учун, ҳаракат билан боғлиқ бўлган асаб толалари миянинг пастки қисмида, кўриш қобилиятини учун мўлжалланганлари эса ён томонда жойлашган. Иккинчисида кўпроқ нейронлар иштирок этади, чунки кўриш кўпроқ ҳисоблаш қувватини талаб қилади.

Олимлар алоҳида занжирлар ҳақида аллақачон билишган бўлса-да, улар қандай қилиб бир-бирига уланганини билишмаган.

Пашшаларни уриб ўлдириш нима учун бу қадар қийин?

Бошқа тадқиқотчилар аллақачон асаб тизими схемаларидан фойдаланиб, пашшаларни нима учун уриб ўлдириш бу қадар қийин эканлигини аниқлашга уринмоқдалар.

Унинг кўриш тизими сизнинг ўралган газетангиз қайси томондан келаётганини аниқлаб, сигнални пашшанинг оёқларига узатади.

Аммо энг муҳими, улар яқинлашиб келаётган хавфдан узоқроқ жойлашган оёқларга кучлироқ сакраш сигналини юборади. Шундай қилиб, улар ҳатто ўйлаб ўтирмасдан - айтиш мумкинки, фикрлаш тезлигидан ҳам тезроқ - сакраб қочади.

Бу кашфиёт нима учун биз, секин ҳаракатланадиган инсонлар, пашшаларни камдан-кам ҳолатларда ўлдира олишимизни тушунтириши мумкин.

Чивин мияси кесгич: бу микроскопик пичоқ ёрдамида у 7000 та ажойиб юпқа бўлакларга бўлинади.

Сурат манбаси, Gwyndaf Hughes/BBC News

Сурат тагсўзи, Чивин мияси кесгич: бу микроскопик пичоқ ёрдамида у 7000 та ажойиб юпқа бўлакларга бўлинади.

Асаб тизими схемаси пашша миясини микроскопик пишлоқ қирғичига ўхшаш асбоб ёрдамида 7000 та бўлакка бўлиб, ҳар бир бўлакни суратга олиш ва уларни рақамли тарзда бирлаштириш орқали яратилди. Сўнгра Принстон университети жамоаси барча нейронларнинг шакли ва алоқаларини ажратиб олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланди. Бироқ сунъий интеллект мукаммал эмас эди - тадқиқотчилар уч миллиондан ортиқ хатони қўлда тузатишга мажбур бўлди.

Бу ўз-ўзидан техник жиҳатдан ажойиб ютуқ эди, аммо ишнинг ярми бажарилган эди, холос. Тиббий тадқиқотлар кенгашининг Молекуляр биология лабораториясидан бўлган доктор Филипп Шлегелнинг айтишича, ҳар бир асаб толаси нима вазифа бажариши ҳақида тавсиф бўлмаса, хаританинг ўзи ҳеч қандай маънога эга бўлмайди.

"Бу маълумотлар миялар учун Google Map'га ўхшайди: нейронлар ўртасидаги уланишлар схемаси қайси тузилмалар кўчалар ва биноларга мос келишини билишга ўхшайди.

"Нейронларни тавсифлаш эса харитага кўча ва шаҳар номларини, корхоналарнинг иш вақтини, телефон рақамларини, шарҳларни ва ҳоказоларни қўшишга ўхшайди. Харита чиндан ҳам фойдали бўлиши учун иккаласи ҳам зарур."

Сканерлар инсон миясининг ўтказгичларини кўрсатиши мумкин, аммо энг яхшиси ҳам у ерда мавжуд бўлганларнинг жуда митти қисмини кўрсатади.

Сурат манбаси, BBC News

Сурат тагсўзи, Сканерлар инсон миясининг ўтказгичларини кўрсатиши мумкин, аммо энг яхшиси ҳам у ерда мавжуд бўлганларнинг жуда митти қисмини кўрсатади.

Пашша коннектоми ундан ўз тадқиқотларида фойдаланишни истаган ҳар қандай олим учун мавжуд. Доктор Шлегелнинг фикрича, бу янги харита туфайли нейробиология дунёси "кейинги бир-икки йил ичида кашфиётлар оқимини кўради".

Инсон мияси пашшаникидан анча каттароқ ва бизда ҳали унинг нерв толалари ҳақидаги барча маълумотларни тўплаш технологияси йўқ.

Аммо тадқиқотчилар тахминан 30 йилдан кейин инсон коннектомини яратиш мумкин бўлади, деб ҳисоблашмоқда. Уларнинг айтишича, пашша мияси ўз онгимиз қандай ишлашини янада чуқурроқ тушунишнинг бошланиши ҳисобланади.

Тадқиқот FlyWire консорциуми деб номланган олимларнинг йирик халқаро ҳамкорлиги томонидан амалга оширилди.