Дунё Иккинчи Жаҳон урушидан олдинги ҳолатга қайтмоқда. Бизни нима кутаяпти?

Donald Trump икки ярим шар ёнида
Дунё Иккинчи Жаҳон урушидан олдинги ҳолатга қайтмоқда. Бизни нима кутаяпти?
    • Author, Allan Littl
    • Role, ВВСning yetakchi muxbiri
  • Ўқилиш вақти: 11 дақ

2002 йил январи эди. Колумбия Университетининг Журналистика мактабида маъруза қилишимни сўрашди. Бир неча ой олдин Ню-Йоркдаги Жаҳон Савдо марказининг эгизак минораларига иккита учоқ урилган, шаҳарга етказилган жароҳат ҳали ҳам сезиларди. Буни ню-йоркликларнинг юзларидан ўқиш мумкин эди.

Мен ўзимнинг нутқимда Қўшма Штатлар мен учун нимани англатиши ҳақида бир неча жумла сўзладим.

"Мен Иккинчи Жаҳон урушидан 15 йил ўтиб, Америка яратган дунёда туғилдим. Мен туғилган Ғарбий Европанинг тинчлик, хавфсизлик ва ортиб бораётган фаровонлиги кўп жиҳатдан Америка эришган ютуқ эди."

Ғарбда урушда ғалаба қозонган Америка ҳарбий қудрати эди, дея давом этдим. У Совет ҳокимиятининг ғарбга янада кенгайишини тўхтатганди.

Сўнг Маршалл режасининг аҳамиятли таъсири ҳақида гапирдим. Ана шу режа орқали АҚШ Европага вайрон бўлган иқтисодиётини тиклаш ва демократик институтларини қайта жонлантириш имконини берганди.

Асосан журналистика талабаларидан иборат аудиторияга сўзлар эканман, 1989 йилда Прагадаги Вацлав майдонида ёш мухбир сифатида буларнинг илҳомбахш якунига ўзим гувоҳ бўлганимни айтдим.

Британия Қирои Чарлз III Лондон шаҳри марказида уруш қурбонларини хотирлаш маросимида қатнашаяпти.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, "Мен Иккинчи Жаҳон урушидан 15 йил ўтиб, Америка яратган дунёда туғилдим. Ғарбий Европанинг тинчлик, хавфсизлик ва ортиб бораётган фаровонлиги кўп жиҳатдан Америка эришган ютуқ эди", деди Аллан Литл ўз маърузасида.

Ўшанда чехлар ва словаклар совет истилоси ва манфур коммунистик диктатурага барҳам беришни, биз "Ғарб" деб атайдиган, муштарак қадриятларга эга ва АҚШ бошчилигидаги миллатлар ҳамжамиятига қўшилишни талаб қилаётганини ҳайрат билан кузатгандим.

Ёзувларимдан бошимни кўтариб, тингловчиларга қарадим. Олд қаторда йигирма ёшлар чамаси бир йигит ўтирарди. Унинг кўзларидан ёш оқар, ҳўнграб йиғлаб юборишдан ўзини тийишга уринарди.

Кофи-брейк вақтида у олдимга келди. "Ичкарида ўзимни йўқотиб қўйганим учун узр, – деди у. – Сизнинг сўзларингиз: ҳозир биз ўзимизни ғўр ва заиф ҳис қилмоқдамиз. Америка бу гапларни чет эллик дўстларидан эшитиши керак."

Ўша лаҳзада менинг тенгдошларим – ва уники ҳам – халқаро тизим қоидалар билан бошқариладиган, катта давлатларнинг чекланмаган қудратидан воз кечилган дунёда яшагани қанчалик омад эканлиги ҳақида ўйладим.

(L - R) Ursula von der Leyen, president of the European Commission, UK Prime Minister Keir Starmer, Finland's President Alexander Stubb, Ukraine's President Volodymyr Zelenskiy, US President Donald Trump, France's President Emmanuel Macron, Italy's Prime Minister Giorgia Meloni, Germany's Chancellor Friedrich Merz, and Nato Secretary General Mark Rutte

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Доналд Трамп бутун дунё эвазига ҳеч нарса бермасдан Американинг саховатидан жуда узоқ вақтдан буён фойдаланиб келаётганига ишонади

Лекин ҳозир хаёлимга унинг курсдошларидан бирининг гапи келмоқда. У Нью-Йоркка 11 сентябрдан бир неча кун олдин Колумбияда ўқиш учун ўз ватани Покистондан келганди. У АҚШни Рим империясига ўхшатди.

"Агар императорлик қалъаси деворлари ичида, яъни АҚШда яшасангиз, Америка қудрати эзгудек кўринади. У сизни ва мол-мулкингизни ҳимоя қилади. У қонун устуворлигини таъминлаш орқали эркинлик беради. У демократик институтлар орқали халқ олдида масъулдир.

Аммо агар менга ўхшаб империя чеккаларида яшасангиз, Америка қудратини бутунлай бошқача ҳис қиласиз. У сизга истаган нарсани қилиши ва жазосиз қолиши мумкин... Уни тўхтатиб ҳам, жавобгарликка тортиб ҳам бўлмайди."

Унинг сўзлари мени қоидаларга асосланган халқаро тартибга бошқа ракурсдан қарашга ундади: Глобал Жанубнинг катта қисми нуқтаи назаридан.

Бу неъматлар ҳамма жойда ҳеч қачон тенг тақсимланмаганини Канада Бош вазири Марк Карни яқинда Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон Иқтисодий форумида тингловчиларга эслатди.

"Биз халқаро қоидаларга асосланган тартиб ҳақидаги бу ҳикоя қисман сохта эканини билардик, – деди Карни. – Энг кучлилар қулай фурсат келганда ўзларини қоидадан мустасно қилади. Савдо қоидалари носимметрик тарзда қўлланади. Биз халқаро ҳуқуқ айбланувчи ёки жабрланувчининг кимлигига қараб турлича қатъийлик билан қўлланишини билардик."

Канада Бош вазири Марк Карни Давосдаги Жаҳон Иқтисодий форумидаги чиқишида

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Канада Бош вазири Марк Карни Давосдаги нутқида "ўрта кучлар"ни биргалашиб ҳаракат қилишга чақирди

Ўша пайтларда Колумбия университетида Покистондан келган талаба менга савол берганди. "Қизиқ эмасми, – деганди у, – АҚШ, [Британия] ҳокимиятининг ўзбошимчалигига қарши исёнда пайдо бўлган давлат эди, бугун унинг ўзи ўзбошимчаликнинг асл намояндасига айланди?"

Янги дунё тартибими ёки ўтмишга қайтиш?

Доналд Трамп Давосга келганида европаликларни Гренландия масаласида ўз иродасига бўйсундиришга қатъий қарор қилганди.

У мулк эгаси бўлишни исташини очиқ айтди.

Унинг таъкидлашича, Дания ҳудудни ҳимоя қилиш учун "яна битта ит чанаси" қўшган, холос.

Бу Трамп ва унинг атрофидагилар баъзи европалик иттифоқчилардан очиқ нафратланишидан далолат беради.

"Мен сизнинг Европа текинхўрларидан нафратланишингизга тўлиқ қўшиламан," деганди Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ўтган йили вице-президент Жей Ди Вэнсни ўз ичига олган Signal мессенжеридаги гуруҳга, "АЯНЧЛИ" сўзини қўшиб. (У гуруҳда "Atlantic" журнали муҳаррири борлигини пайқамаган эди.)

Iqtibos

Яқинда Президент Трампнинг ўзи Fox News телеканалига Афғонистондаги уруш пайтида НАТО "баъзи қўшинларни" юборгани, аммо улар "бироз орқада, фронт чизиғидан четроқда қолганини" айтди.

Бу изоҳлар Буюк Британия сиёсатчилари ва фахрийлар оилаларининг ғазабини қўзғатди.

Буюк Британия Бош вазири сэр Кир Стармер Трампнинг сўзларини "ҳақоратли ва очиқ даҳшатли" деб атади.

Буюк Британия Бош вазири Трамп билан суҳбатлашди, шундан кейин АҚШ президенти ўзининг Truth Social платформасида Буюк Британия қўшинларини "барча жангчилар орасида энг буюги" сифатида олқишлади.

Буюк Британия Бош вазири сэр Кир Стармер ва АҚШ Президенти Доналд Трамп 2025 йил 27 февралида Вашингтонда, Оқ Уйдаги учрашуви

Сурат манбаси, Carl Court - Pool/Getty Images

Сурат тагсўзи, Буюк Британия Бош вазири сэр Кир Стармер Трампнинг сўзларини "ҳақоратли ва очиқ даҳшатли" деб атади.

Оқ уйнинг 2025 йил декабр ойида эълон қилинган Миллий хавфсизлик стратегиясидан маълум бўлишича, Трамп АҚШни халқаро муносабатларни тартибга солиш учун қисман Вашингтоннинг ўзи яратган трансмиллий ташкилотлардан озод қилмоқчи.

Ушбу ҳужжатда АҚШ кичикроқ ва заифроқ давлатларни ўз манфаатига бўйсундириш учун иқтисодий санкциялару савдо тарифларидан тортиб ҳарбий аралашувгача бўлган барча воситалардан фойдаланиши, "Аввало Америка" тамойилини АҚШ хавфсизлик стратегияси марказига қўйиши кўрсатилган.

Бу кучга таянадиган стратегия – буюк давлатлар ўз таъсир доираларини белгилаб олган эски дунёга қайтишдир.

Бундай ҳолат Канада Бош вазири "ўрта даражадаги кучлар" деб атаган давлатлар учун хавфли экани аниқ.

У, "агар дастурхон атрофида бўлмасангиз, демак дастурхон ичидасиз", деди.

Монро доктринасининг қайта талқини

Давосда Американинг иттифоқчилари, айниқса Канада ва Европа, қоидаларга асосланган халқаро тартиб деб аталмиш тизим йўққа чиқаётганини таъкидлашди ва баъзи ҳолларда унинг учун аза тутишди.

Бироқ, Колумбия журналистика мактабининг ёш покистонлик талабаси кўп йиллар олдин таъкидлаганидек, сўнгги 80 йил ичида дунёнинг қолган кўп қисмларида АҚШ ва баъзан унинг айрим дўстлари учун қоида йўқдек эди.

"Иккинчи жаҳон урушидан кейин биз қоидаларга асосланган халқаро тартиб деб аталган тизим остида АҚШнинг Лотин Америкасига кўплаб аралашувларини кўрдик", дейди Лондондаги Chatham House таҳлил марказининг Лотин Америкаси бўйича катта илмий ходими доктор Кристофер Сабатини.

"Бу янгилик эмас. Аралашувлар 1823 йилга бориб тақалади. Мен АҚШнинг бир томонлама аралашувини қўллаб-қувватлайдиган америкалик сиёсатчиларга нисбатан ишлатадиган атама бор. Мен уларни "томорқа тарафдорлари" деб атайман – улар Лотин Америкасини ўзларининг томорқалари деб билишади."

1953 йили АҚШ Марказий Разведка бошқармаси Британия махфий разведка хизмати ёрдамида давлат тўнтариши уюштириб, Эронда Муҳаммад Мусодиқ ҳукуматини ағдариб ташлади.

У Англия-Эрон нефт компанияси (кейинчалик BP таркибига кирган) ҳисоботларини текширмоқчи эди, аммо компания ҳамкорлик қилишдан бош тортгач, Мусодиқ уни давлат ҳисобига ўтказиш билан таҳдид қилган эди.

Эроннинг ҳокимиятдан ағдарилган Бош вазири Муҳаммад Мусодиқ

Сурат манбаси, Universal Images Group via Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Марказий Разведка бошқармаси Эроннинг демократик сайланган Бош вазири Муҳаммад Мусодиқни қудратдан ағдаришда асосий ролни ўйнади

Британия иқтисодий манфаатларига таҳдид солгани учун у ағдарилди, Британия ва АҚШ тобора кучайиб бораётган авторитар шоҳни қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, АҚШ Гватемаланинг сайланган ҳукуматини ағдариш учун фитна уюштирди. Бу ҳукумат Америка Бирлашган Мева Компаниясининг даромадига зарар етказиши мумкин бўлган кенг қамровли ер ислоҳоти дастурини бошлаган эди.

Яна Марказий Разведка бошқармасининг фаол иштироки билан сўл қанотдаги президент Хакобо Арбенс ағдарилди ва унинг ўрнига АҚШ қўллаб-қувватлаган бир қатор авторитар ҳукмдорлар келди.

1983 йилда марксистик тўнтаришдан сўнг АҚШ Кариб денгизидаги Гренада оролига бостириб кирди. Бу марҳум қиролича Елизавета II расман давлат раҳбари ҳисобланган мамлакат эди.

АҚШ 1989 йилда Панамага бостириб кирди ва ҳарбий раҳбар Мануэл Норегани ҳибсга олди. У умрининг деярли барча қисмини қамоқда ўтказди.

Бу аралашувларнинг барчаси 1823 йилда президент Жеймс Монро томонидан эълон қилинган Монро доктринасининг амалдаги ижроси эди.

Бу доктрина Американинг Ғарбий яримшарда ҳукмронлиги ва Европа давлатларининг Лотин Америкасининг янги мустақил давлатларига аралашишига йўл қўймаслик ҳуқуқини таъкидлаган эди.

Панама раҳбари Мануэл Норега

Сурат манбаси, Getty Images / Corbis

Сурат тагсўзи, Панама раҳбари Мануэл Норега 1989 йили АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳокимиятдан ағдарилди ва умрининг қолган қисмини қамоқда ўтказди

Урушдан кейинги қоидаларга асосланган халқаро тартиб АҚШни заифроқ қўшниларига ўз иродасини ўтказишдан тўхтата олмади.

АҚШнинг бешинчи президенти Жеймс Монро эълон қилганида, унинг номи билан аталган мазкур доктрина АҚШнинг қўшнилари билан бирдамлиги ифодаси, уларни Европанинг буюк давлатлари мустамлакачилигидан ҳимоя қилиш стратегияси сифатида қабул қилинганди. Ахир АҚШ улардек республика ва мустамлакачиликка қарши кураш тарихига эга эди-да.

Аммо бу доктрина тез орада Вашингтоннинг ўз қўшнилари устидан ҳукмронлиги ва уларнинг сиёсатини Америка манфаатларига бўйсундириш учун ҳарбий аралашувгача бўлган ҳар қандай воситадан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга айланди.

Президент Теодор Рузвелт 1904 йилда бу доктрина АҚШга "номаъқул ишлар" қилган мамлакатларга аралашиш учун "халқаро полиция кучи"ни берганини айтганди.

Наҳотки, президент Трампнинг Монро доктринасини қайта талқин қилиши АҚШ ташқи сиёсатидаги ўша жараённинг давоми бўлса?

Монро Доктринаси 1823 йили АҚШ Президенти Жеймс Монро томонидан эълон қилинган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Монро Доктринаси 1823 йили АҚШ Президенти Жеймс Монро томонидан эълон қилинган

"Гватемаладаги 1954-йилги давлат тўнтариши бутунлай АҚШга тегишли эди. Улар бутун мамлакатни эгаллашни уюштирдилар", дейди Кристофер Сабатини.

1973 йилда Чилида сўл қанот Бош вазир Салвадор Алендега қарши давлат тўнтариши "МРБ томонидан уюштирилмаган, аммо Қўшма Штатлар давлат тўнтаришига розилик берганини айтган," дея қўшимча қилди у.

Совуқ уруш даврида аралашувнинг асосий сабаби Совет Иттифоқи қўллаб-қувватлаган партиялар Ғарбий яримшарда ҳокимиятни қўлга олаётгани ҳақидаги тасаввур эди. Бугунги кунда эса асосий душман коммунизм эмас, балки гиёҳванд моддалар савдоси ва ноқонуний миграция ҳисобланади.

"Монро доктринаси: XIX асрда Америкадаги империя ва миллат" китоби муаллифи тарихчи Жей Секстоннинг айтишича, президент Трампнинг Монро доктринасини қайта маъқуллаши "мутлақо ўтмишга қайтиш"дир.

Гватемала Президенти Жакобо Арбенз 1954 АҚШ қўллаб-қувватлаган давлаат тўнтариши билан қудратдан ағдарилди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Гватемала Президенти Жакобо Арбенз 1954 АҚШ қўллаб-қувватлаган давлаат тўнтариши билан қудратдан ағдарилди

"Трамп бошқараётган АҚШга XIX аср кайфиятини берадиган яна бир нарса унинг олдиндан айтиб бўлмаслиги ва беқарорлигидир. Ўшанда ҳам кузатувчилар АҚШнинг кейинги қадамини ҳеч қачон аниқ башорат қила олмасди.

"Келажакда нима бўлишини билмаймиз, лекин 1815 йилдан [Наполеон урушлари тугаганидан] бошлаб замонавий тарихга ташласак ҳам, буюк давлатлар ўртасидаги рақобат ҳақиқатан ҳам беқарорликка олиб келишини биламиз. Бу низоларга сабаб бўлади."

Иттифоқчилар ўртасидаги ҳамжиҳатлик

Америка бир томонламалиги янгилик эмас. Янгилик шундаки, бу сафар Американинг дўстлари ва иттифоқчилари Америка қудрати таъсирини ўз танларида ҳис қилмоқда.

Тўсатдан европаликлар ва канадаликлар дунёнинг бошқа қисмларига аввалдан таниш бўлган нарсани – 11 сентябрдан кейинги ҳафталарда покистонлик талаба менга аниқ таърифлаб берган АҚШ ҳокимиятининг ўзбошимчалигини ҳис қилмоқда.

Иккинчи муддатининг биринчи йилида Европа етакчилари Трампга хушомадгўйлик қилди. Масалан, Стармер қирол Чарлздан уни Буюк Британияга иккинчи давлат ташрифи билан таклиф қилишни сўради. Бу тарихда ҳеч бир АҚШ президентига насиб этмаган шараф эди.

НАТО Бош котиби Марк Рютте уни ғалати тарзда "дада" деб атади.

President Donald Trаmp, Queen Elizabeth II, First Lady Melania Trump, Prince Charles Prince of Wales and Camilla Duchess of Cornwall, Buckingham Palace, June 3, 2019 London

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Британия Қироли Чарлз Трампни Буюк Британияга иккинчи давлат ташрифи билан таклиф қилди. Бу тарихда ҳеч бир АҚШ президентига насиб этмаган шараф эди.(Ушбу фото сурат Трампнинг 2019 йили Британияга биринчи давалат ташрифи пайти олинган сурат)

Бироқ, Трампнинг Европага ёндашуви унга сезиларли муваффақият келтирди.

Аввалги президентлар, жумладан, Барак Обама ва Жо Байден ҳам европалик иттифоқчилар НАТОга – коллектив трансатлантик мудофаа иттифоқига етарли ҳисса қўшмаётганига ишонган ва уларни ўз хавфсизлигига кўпроқ маблағ сарфлашга ундаган. Фақат Трамп уларни ҳаракатга келтира олди. Унинг таҳдидларига жавобан улар мудофаа харажатларини ЯИМнинг тахминан 2 фоизидан 5 фоизигача оширишга рози бўлишди. Бу ҳатто бир йил олдин ҳам тасаввур қилиб бўлмас ҳол эди.

Бироқ, Гренландия масаласи вазиятни ўзгартирди. Трамп Гренландияда Дания суверенитетига таҳдид солганда, иттифоқчилар янги шаклланган қаршилик атрофида бирлаша бошладилар ва бу сафар бўйсунмасликка қарор қилишди.

Канада Бош вазири ана шу муҳим пайтга гапирди. Давосдаги нутқида Марк Карни аввалги қоидаларга асосланган халқаро тартибдан "узилиш" лаҳзаси келганини таъкидлади – катта давлатлар сиёсатининг янги дунёсида "ўрта кучлар" биргаликда ҳаракат қилишлари керак эди.

US President Donald Trump

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Трамп Европадаги иттифоқчилар ўз хавфсизлиги учун янада кўп маблағ сарфлашлари лозим деб ишонади ва у иттифоқчиларини бунга кўндирди

Давосда тингловчиларнинг ўринларидан туриб, маърузачини олқишлаши камдан-кам учрайди. Улар Карнини олқишлашди, ўша пайтда иттифоқчилар ўртасида бирдамлик шаклланаётганини ҳис қилардингиз.

Шу заҳоти божлар орқали таҳдидлар барҳам топди.

Трамп Гренландияда АҚШ ўнлаб йиллардан бери эга бўлган нарсадан ортиқ ҳеч нарса қўлга киритмади – Дания розилиги билан ҳарбий базалар қуриш, у ерда истаганча ҳарбий жойлаштириш ва ҳатто фойдали минералларни қазиб олиш ҳуқуқи.

"Ўрта кучлар" олдида турган муаммо

Трампнинг "Аввало Америка" стратегияси унинг МАГА тарафдорлари орасида машҳурлигига шубҳа йўқ. Улар эркин дунё узоқ вақтдан бери Америка саховатидан бепул фойдаланиб келмоқда, деб ҳисоблайди.

Европа етакчилари мудофаа харажатларини оширишга рози бўлиб, президент Трампнинг ҳақлигини тан олди: номутаносиблик энди адолатли ва барқарор эмас эди.

U.S. President Donald Trump looks on as he speaks to the press

Сурат манбаси, Reuters

2004 йил июн ойида мен Нормандияда D-кунининг 60 йиллиги нишонланиши ҳақида хабар бердим. Ўшанда Иккинчи Жаҳон урушининг кўплаб тирик фахрийлари бор эди ва 60 йил олдин Ла-Маншни кесиб ўтган минглаб кишилар ўша куни соҳилларга қайтишди – уларнинг аксарияти АҚШдан эди.

Улар ёшликдаги қаҳрамонликлари ва жасоратлари ҳақида гапиришни истамасдилар. Биз уларнинг якка-якка ёки кичик гуруҳлар билан қабристонларга бориб, озод қилинган Францияда тупроққа топширилган қуролдошларининг қабрларини излашларини кузатдик.

Иттифоқчи давлатлар раҳбарлари ўша кексаларга ҳурмат бажо келтиришаётганини кўрдик. Аммо мен улар олиб борган жанглар, жасоратлари ва берган қурбонликлари ҳақида эмас, балки уруш тугагандан сўнг уйларига қайтгач, ўрнатган тинчлик ҳақида ўйладим.

Улар бизга мерос қолдирган дунё ота-оналаридан мерос қолган дунёдан беқиёс даражада яхши эди. Чунки улар буюк кучлар рақобати дунёсида туғилган эдилар. Марк Карнининг сўзлари билан айтганда, "кучлилар қўлидан келганини қилади, кучсизлар эса бунинг жабрини тотишга мажбур".

Бу қоидаларга асосланган халқаро тартиботни қуриш учун уйга қайтган авлод эди, чунки улар қоидаларсиз, қонунларсиз тизим нималарга олиб келиши мумкинлигини оғир тажрибада ўрганишганди. Улар бунга яна қайтишни асло истамасдилар.

Британиялик уруш фахрийлари Лондондаги хотира маросимида

Сурат манбаси, Shutterstock

Сурат тагсўзи, Фахрийлар бизга мерос қолдирган дунё улар аждодларидан олган дунёга солиштирганда яхшироқ эди, деб ёзади Аллан Литл.

Урушдан кейинги ўн йилликларда туғилганлар, эҳтимол, дунё ҳеч қачон ортга қайтмайди, деб ўйлаб янглишган.

Йигирма тўрт йил олдин 11 сентябрь воқеаларидан ҳали ҳам ларзага тушган Нью-Йоркда нутқ сўзлар эканман, мен ҳам Иккинчи жаҳон урушидан кейинги, Америка қудрати мустаҳкамлаган тартибни янги доимий меъёр деб ўйлаб адашган эдимми? Менимча, шундай.

Ўшанда биз ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект таъсирида кучайиб бораётган цинизм анъанавий янгиликлар ва ахборот манбаларига бўлган ишончни емириб ташлашини кўра олмаган эдик.

Иқтисодий турғунлик ва тенгсизлик даврида халқнинг демократик институтларга ишончи йўқолади. Ишонч нафақат АҚШда, балки бутун Ғарб дунёсида ўнлаб йиллардан бери емирилмоқда. Шундай қилиб, Трамп, Карни айтган Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тартибдан "узилиш"нинг сабаби эмас, симптоми бўлиши мумкин.

Нормандия қабристонлари бўйлаб кетаётган қарияларни кузатиш демократия, қонун устуворлиги, ҳисобдор ҳукумат ўз-ўзидан бўлиб қоладиган табиий ҳодиса эмаслигини яққол ва таъсирли тарзда эслатди. Улар тарихан олганда нормал ҳол эмас. Улар учун курашиш, қуриш, қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш керак.

Бу Марк Карни "ўрта кучлар" деб атаган давлатлар олдида турган муаммодир.

Мақола бошидаги фото сурат муаллифлик ҳуқуқи AFP/Reuters га тегишли