Ўзбекистон ва минтақа: ДХХ жазо муқаррарлигини айтди, Марказий Осиёдан Ғазога ёрдам борди, Жавоҳир ИШИД топшириғини бажарганми – Россия ўзбекистонликни 20 йилга кесди

Иллютратив сурат

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бунга ўхшаш жиноий иш тафсилотлари Ўзбекистондан бу яқин йилларда олинмаган.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон ва минтақада нима гап – BBC Ўзбек хизматининг минтақавий дайжести.

Бунақаси бўлмаганми?

Ўзбекистонда халқаро миқёсда жуда катта миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош қилингани айтилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Бунга ўхшаш жиноий иш тафсилотлари Ўзбекистондан бу яқин йилларда олинмаган.

ДХХ ахборотига таянилса, бунга Фарғона вилояти бўйича бошқармалари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув натижасида эришилган.

Айтилишича, жиноий гуруҳга 34 киши кирган, унга Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган.

Жиноий гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олган. "Колл-марказ"лар ниқоби остида фаолият юритган.

Гуруҳ Россиядаги дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан зиёд мижозлари тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритган.

Бунга эса ахборот технологиялари ёрдамида муваффақ бўлган.

Кейин бўлажак ўлжалари билан қай тарзда муомала қилиш бўйича ўргатилган операторлар SIP телефония ва Zoiper иловалари орқали асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилишган.

Ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништиришган.

Маълум қилинишича, кейин улар гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганлигини таъкидлаган ҳолда, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтишган.

Бунинг учун эса фуқаролар 5 мингдан 20 минг рублгача миқдорда солиқ тўлашлари кераклигига ишонтирилган, дейилда ДХХ расмий хабарида.

Натижада жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк пластик карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубл миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб беришган, яъни, россияликлардан жами 124,5 минг АҚШ доллар миқдорида пул ундиришган.

Айтилишича, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси яна криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, жами $470 минг АҚШ долларига яқин крипто-активлар айланмасини ҳам амалга оширган.

ДXХга кўра, уларнинг иши Ёзёвон туман суди томонидан кўриб чиқилган.

Жиноий гуруҳ аъзоларининг 21 нафарига қамоқ жазоси берилган.

3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ой муддатгача озодликдан махрум этиш жазолари белгиланган.

Қолган 13 нафарининг озодлиги турли йилларга чекланган, жарималар ҳам қўлланилган.

Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ҳам ундирилиши айтилган.

Ўзбекистон томонининг расмий хабарига Россиянинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Ўзбекистонликка 20 йил

Ҳибс қилинаётган шахс

Сурат манбаси, LAURENT FIEVET/AFP via Getty Images/ILLYUSTRATIV

Хабарларга кўра, Ўзбекистон фуқароси Россияда теракт уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбдор, деб топилган.

Жанубий округ ҳарбий суди Жавоҳир Ўткировни 20 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Суд вакилининг журналистларга айтишича, у Ставропол ўлкасидаги ҳукумат биносида теракт уюштиришга тайёргарлик кўрган.

Унга кўра, Жавоҳир Ўткиров Россияда фаолияти тақиқланган ИШИД гуруҳи манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга рози эканини айтиб, видео олган ва уни гуруҳ аъзосига юборган.

Россиядаги етакчи нашрларнинг суд вакили сўзларига таяниб хабар беришларича, Ўткиров кейинроқ ИШИД етакчисининг кўрсатмаси билан Россия ҳудудидаги аҳоли пунктини танлаш ва у ердаги теракт нишонини ўрганиш вазифасини ўз зиммасига олган.

23 сентябр куни Ўзбекистондан Россияга келган ва ўзи танлаган аҳоли пункти – Ставропол ҳақида маълумот берган ва у ердаги бир нечта объектларни суратга олган.

Декабр ойида ИШИД етакчиси Ставропол ўлкаси ҳукумати биносига ишора қилиб, унга террор ҳужумининг тахминий жойи ҳақида маълум қилган.

Шундан сўнг гумонланувчи қўлбола портловчи ускуна ва портловчи моддалар тайёрлаш учун зарур бўлган нарсаларни харид қилган. Уларни ҳозирлаб, сўнг яширин жойга олиб ўтган.

18 декабр куни эса ҳибсга олинган.

Суд вакилининг билдиришича, маҳкама Жавоҳир Ўткировни айбдор, деб топган.

20 йиллик жазосининг беш йилини қамоқ, қолганини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи ва унинг яна 1 миллион рубл миқдорида жарима тўлаши ҳам кўзда тутилган.

Суд ҳукмига ва суд вакилининг сўзларига айбланувчи ўзининг муносабати маълум эмас.

Унинг суд ҳукми устидан шикоят аризаси билан чиқиш ниятида экани ёки йўқлиги ҳам ҳозирча ноаён.

Тергов ва суд жараёни қандай ўтгани, унинг адвокатга қанчалик имконли бўлганми-йўқлиги тафсилотлари ҳам Россия нашрларининг хабарларида кўзга ташланмайди.

Россиядан олинаётган айни хабарларга Ўзбекистон томонининг муносабати ҳалича маълум эмас.

Марказий Осиёдан Ғазога ёрдам

Тожикистоннинг Ғазога йўллаган ёрдам карвони

Сурат манбаси, RASMIY

Шу кунларда Тожикистондан олинган яна бир расмий хабар ҳам минтақада кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Тожикистон шу дам олиш кунларида Ғазога яна инсонпарварлик ёрдами юборган.

Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расман хабар берган.

Олтита катта юк машинасига юкланган ёрдамнинг озиқ-овқат, иссиқ кийим, чодирлар ва сув ўтказмайдиган плёнкадан иборат экани айтилган.

Вазирликка кўра, юк машиналаридан иборат карвон 8 феврал куни Рафаҳ назорат пункти орқали Ғазога етказилган.

Ёрдам бўлгага Тожикистоннинг Мисрдаги элчиси ва Тожикистон хайрия ташкилотлари вакиллари ҳозирлигида ўтказилган.

Вазирликнинг расмий хабарида Тожикистон Ғазо аҳолисига ушбу минтақада можаро бошланган илк кунлардан бошлаб доимий равишда инсонпарварлик ва молиявий ёрдам кўрсатиб келаётгани алоҳида таъкидланган.

Хабар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига саноқли кунлар қолаётган ва ҳали қиш мавсуми давом этаётган бир пайтда олингани билан ҳам хос аҳамият касб этган.

Шавкат Мирзиёев
rasmiy
Falastin xalqi Birlashgan Millatlar Tashkiloti rezolyutsiyalarida belgilanganidek, mustaqil davlat barpo etish huquqiga ega.
Shavkat Mirziyoyev
O‘zbekiston prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Ғазодаги вазиятга Ўзбекистон ҳам бефарқ эмас.

Шавкат Мирзиёев ўзларининг "Фаластин халқи билан бирдам эканликларини қатъий билдиришлари"ни айтган.

Фаластиннинг "БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашлари"ни баён қилган.

Ўзбекистон президенти орада "зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилиши, буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин"лиги билан огоҳлантирган.

Шавкат Мирзиёев шуларнинг барчасини назарда тутган ҳолда, пойтахт Тошкентда ҳам "ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келиш, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этиш"га чақирган.

Ўзбекистон етакчиси ҳар икки томондан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига "чин дилдан" ўз таъзияларини изҳор этаркан, "Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қабул қилган қарори" ҳақида ҳам расман маълум қилганди.

Янгилик ўшанда сўнгги Исроил-Ғазо уруши фонида ҳозирча қолган бирор бир минтақа давлати пойтахтида кузатилмагани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.

Шавкат Мирзиёевнинг баён қилишича, Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ва энг адолатли ечими - низони "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этишдир.

Ўзбекистон президентига кўра, "Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга".

Президент Мирзиёев кейин фаластинликларни Ўзбекистонда беғараз даволашга тайёрликларини ҳам билдирган.

Бунинг ортидан ўнлаб фаластинлик ярадор аёл ва болалар ўз ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга вақтинча олиб келинган.

Ўзбекистон ҳукумати уларга мамлакатда бўлиш даврида оиласининг барча эҳтиёжлари, жумладан, меҳмонхоналар, мактаблар, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар билан таъминлаши, реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштириши ҳам айтилган.

Ўзбекистон раҳбариятининг бу иши ҳам ўшанда минтақа қолиб, халқаро миқёсда кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.