Ўзбекистон - Марказий Осиё: Болаларнинг диний таълими, муҳожирлар депортацияси, минераллар бўйича келишув

Ҳуқуқ-тартибот идоралари 15 нафар бола яширин "ҳужра"ларда ўқитилганини аниқлаган, болалар хонада хонтахта атродида ўтиришибди, юзлари ҳира қилинган, стол устида турли диний китблар бор

Сурат манбаси, Toshkent viloyati IIBB/gazeta.uz orqali

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқ-тартибот идоралари 15 нафар бола яширин "ҳужра"ларда ўқитилганини аниқлаган
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистонда болаларга яширин диний сабоқ бериш ҳолати юзасидан яна бир жиноий иш қўзғатилди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим берган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари 15 нафар бола яширин "ҳужра"ларда ўқитилганини аниқлаган.

Вилоят ИИББ маълумотига кўра, 44 ёшли эркак ва унинг 65 ёшли холаси ноқонуний диний таълим ташкил қилган. Улар зарур диний таълим ва рухсатномаларга эга бўлмаган ҳолда болаларга сабоқ берган.

Текширув давомида айрим ҳолатларда болаларга нисбатан жисмоний босим ўтказилгани ҳам маълум бўлди дейилади. Болаларнинг ота-оналарига фарзандларини тарбиялаш ва таълим бериш мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун маъмурий чоралар кўрилгани айтилади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Бу ҳақда gazeta.uz нашриёти хабар берган.

Қоронғи хонада эркак қўлига кишан солишмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Текширув давомида айрим ҳолатларда болаларга нисбатан жисмоний босим ўтказилгани ҳам маълум бўлгани айтилади

Кузатувчиларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ноқонуний диний таълимга қарши чоралар кучайтирилган. Расмийлар бундай фаолият болаларнинг ҳуқуқлари бузилишига, радикал ғоялар тарқалишига ва зўравонлик ҳолатларига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб келади. Ўзбекистон қонунчилигида, диний таълим фақат давлат рўйхатидан ўтган ва рухсат этилган муассасаларда берилиши шарт деб белгиланган.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари депортацияси ва камситиш, ноинсоний муносабатлардан шикоятлар

Полиция ходими Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида навбатда турган шахс билан гаплашмоқда, 2020 йил, 10 август.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Полиция ходими Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида навбатда турган шахс билан гаплашмоқда. 2020 йил, 10 август

2025-йилда 36 мингдан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан депортация қилинган ёки мамлакатга киритилмаган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 25 мингдан зиёд фуқаро чегарадан қайтарилган, яна қарийб 11 минг киши Россия ҳудудидан мажбуран чиқариб юборилган.

Бу рақамлар Тожикистон Миграция хизмати раҳбари Имматшо Нодирзода томонидан 3 феврал куни Душанбеда ўтказилган расмий матбуот анжуманида эълон қилинган. Бироқ у депортация ва мамлакатга киритмаслик ҳолатлари бўйича батафсил статистика тақдим этмагани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, 2024-йилга нисбатан депортациялар сони камайган, бироқ Россия аэропортларидан қайтарилган муҳожирлар сони ошган. 2024 йилда 30 мингдан ортиқ тожикистонлик мигрант депортация қилинган, уларнинг қарийб 18 минг нафари мамлакатга киритилмай, ортга қайтарилган деб хабар қилнган эди.

Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграцияси ва аҳоли бандлиги вазири Солиҳа Холмаҳмадзода депортацияларнинг асосий сабаби сифатида Россиянинг миграция қонунларини бузиш эканлигини айтди. Вазирнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда қабул қилинган янги федерал қонунлар қатъий талабларни белгилайди ва ҳатто кичик маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳам депортацияга сабаб бўлиши мумкин.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари мобил телефонлари орқали SMS хабарларини жўнатишмоқда. Москва, 2009 йил, 23 сентябр

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари мобил телефонлари орқали SMS хабарларини жўнатишмоқда. Москва, 2009 йил, 23 сентябр

Шу билан бирга, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда ўтказилаётган рейдлар чоғида камситиш ва қўпол муносабатларга дуч келаётганидан шикоят қилиб келишади. Улар узоқ муддат давомида оғир шароитларда ушлаб турилиш, етарли озиқ-овқат ва бошпананинг йўқлиги ҳамда изоҳсиз депортациялар ҳақида хабар беришгани айтилади. Аммо вазир ҳамда унга қарашли идоралар мулозимлари бу каби меҳнат мигрантларининг шикоятларига муносабат кўрсатмаганлиги айтилади.

2024 йилда Москва яқинидаги "Crocus City Hall" да содир бўлган ҳужумдан сўнг мигрантларга босим янада кучайган. Шунга қарамай, Россия ҳануз тожикистонлик меҳнат муҳожирлари учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Тожикистон иқтисодиёти ҳам мигрантлар юборадиган пул ўтказмаларига боғлиқлиги таъкидлаб келинади.

Россия президенти Владимир Путин 2025-йил 9-октабр куни тожикистонлик ҳамкори билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида унинг мамлакатида бир миллиондан ортиқ Тожикистон фуқаролари яшаб, меҳнат қилаётганини айтган эди. Токистонда бу хабарни Asia-Плюс нашриёти чоп этган.

Яқинда Хабаровскда Ўзбекистонлик мигрантнинг рейдлардан сўнг ўлдирилгани нафақат Ўзбекистонни балки бутун Марказий Осиёни ларзага солган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон расмийлари Россия мулозимлари билан мамлакатдаги Ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳуқуқини ҳимоялаш борасида қатор музокаралар олиб борди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ўзбекистон ва АҚШ муҳим минераллар бўйича меморандум имзолади

Учрашувда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистоннинг ушбу соҳада катта салоҳиятга эга деди.

Сурат манбаси, O‘zbekiston TIV/gazeta.uz orqali

Сурат тагсўзи, Учрашувда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистоннинг ушбу соҳада катта салоҳиятга эга деди

АҚШ Ўзбекистон билан муҳим минераллар бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Келишув 4-феврал куни АҚШ Давлат департаменти мезбонлик қилган муҳим минераллар бўйича вазирлар учрашувида эълон қилинди.

Ушбу меморандум АҚШ томонидан жами 10 та давлат, жумладан Аргентина, Марокаш, Перу, Филиппин ва БАА билан имзоланган ҳужжатлар қаторига киради. Вашингтон бу орқали муҳим минераллар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилмоқда.

АҚШ Давлат департаментига кўра, сўнгги ойларда яна ўнлаб шундай келишувлар тузилган бўлиб, улар таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Getty Images
Tojikistonlik mehnat muhojirlari Rossiyada o‘tkazilayotgan reydlar chog‘ida kamsitish va qo‘pol munosabatlarga duch kelayotganidan shikoyat qilib kelishadi
Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o'qing

Учрашувда иштирок этган ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистоннинг ушбу соҳада катта салоҳиятга эга деди.

"АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау жаноблари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида муҳим фойдали қазилмалар ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисида англашув меморандумини имзоладик. Биз ўта муҳим минералларни нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли ҳамкорлик ва узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун муҳим йўналиш сифатида кўрамиз", деди вазир.

Баъзи экспертлар Ўзбекистон бу жараёнда Хитой билан ҳамкорликни кўзда тутиб, стратегик сиёсий мувозанатни сақлаш ҳам муҳим эканини таъкидлашади.

Сурат манбаси, O‘zbekiston TIV gazeta.uz orqali

Сурат тагсўзи, Баъзи экспертлар Ўзбекистон бу жараёнда Хитой билан ҳамкорликни кўзда тутиб, стратегик сиёсий мувозанатни сақлаши муҳим эканини таъкидлашади

Давлат департаменти, шунингдек, АҚШ Ўзбекистон билан ноқонуний миграцияга қарши курашда ҳамкорликни чуқурлаштириш, тижорат алоқаларини кенгайтириш ва "C5+1" платформаси доирасида Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашни кутаётганини билдирди. Бу ҳақда gazeta.uz хабар берган.

Баъзи экспертлар меморандум Ўзбекистон учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириши, минераллар бўйича янги халқаро шерикликлар яратиши ва юқори технологияли саноат интеграциясини рағбатлантириши мумкинлигини айтмоқда. Шу билан бирга, улар бу жараёнда минтақадаги бошқа ҳамкорлар билан алоқаларни кўзда тутиб, стратегик сиёсий мувозанатни сақлаш ҳам муҳим эканини таъкидлашади.