Марказий Осиё ресурслари Хитой, Россия ва энди Америкага ҳам етадими?

Сурат манбаси, Getty Images
Пайшанба кечқурун АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Марказий Осиёнинг беш давлати - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларини қабул қилди. Ғарб ОАВ ёзишича, «C5+1» форматидаги навбатдаги саммит давомида Оқ уй раҳбари минтақанинг бой минерал ресурсларига эришиш имкониятини муҳокама қилди. Хитой ва Россия аллақачон бу минтақада фаол ҳаракат қилмоқда.
Учрашувда иштирок этганлар орасида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бор.
"Биз иқтисодий шериклик муносабатларимизни мустаҳкамлаяпмиз, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаяпмиз ва умумий алоқаларимизни кенгайтиряпмиз", - деди Трамп беш давлат раҳбарлари билан тушлик олдидан.
"Кун тартибимиздаги асосий масалалардан бири - жуда муҳим минераллардир", деб қўшимча қилди АҚШ президенти.
Кейинроқ Трамп ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон билан «ажойиб савдо ва иқтисодий келишув» ҳақида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу келишув Тошкент томонидан АҚШ иқтисодиётининг асосий соҳалари - авиация, қишлоқ хўжалиги ва IT - га уч йил ичида деярли 35 миллиард доллар, ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритишни ўз ичига олади.
Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади, Ўзбекистон улкан олтин захираларига эга, Туркманистон эса газга бой. Тоғли Қирғизистон ва Тожикистон ҳам фойдали қазилмаларнинг янги конларини очмоқда, деб ёзади АFP.
АFP таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари АҚШ президентига мақтовлар йўллашдан тортинмади.
"Сиз буюк етакчи, давлат арбоби, кўкдан юборилган инсонсиз. Сиз соғлом фикр ва биз қадрлайдиган анъаналарни тиклаш учун келгансиз", - деди Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев тантанали равишда.
"Бундан аввал Америка Қўшма Штатлари президентларидан ҳеч бири Марказий Осиёга сиз каби муносабатда бўлмаган, Ўзбекистонда биз сизга "тинчлик президенти" деб ном қўйганмиз", - деди Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев. Шу билан, Россия ва Украина орасидаги урушни ҳам фақат Трамп тўхтата олишига ишонишини билдирди.
Учрашув пайтида Қозоғистон Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган "Иброҳим келишувлари" га қўшилишга қарор қилгани эълон қилинди. AFP агентлиги таъкидлашича, бу кўпроқ рамзий қадам бўлиб, Америка президентининг Яқин Шарқда тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Қозоғистон расмийлари келишувларга қўшилишни "табиий ва мантиқий" қарор деб айтишди.

Сурат манбаси, Getty Images
Марказий Осиёда нима бор: Уран ва минераллар
"АҚШ - Марказий Осиё" форматидаги саммитлар 2015 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Шундай учрашувларнинг биринчиси - Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлган эди. Аммо шу пайтгача, уларнинг аксарияти дипломатик идоралар раҳбарлари даражасида ўтган.
2023 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси президенти Жо Байден илк бор Марказий Осиёнинг барча давлатиларининг раҳбарлари билан учрашди. Шу тариқа, бугунги учрашув тарихдаги иккинчи давлат раҳбарлари даражасидаги саммит бўлди - ва биринчи марта Оқ уйда ўтказилди.
Reuters агентлиги таъкидлашича, саммит ўтказилишининг асосий сабабларидан бири - Марказий Осиёдаги минерал ресурслар учун кучайиб бораётган рақобатдир. Бу ҳудудда анъанавий равишда Россия ва Хитой устунлик қилиб келган.
"Хусусан, АҚШ критик минераллар, энергия ресурслари ва геосиёсий рақибларини четлаб ўтувчи қуруқликдаги савдо йўлларига кириш имконини таъминлаш учун янги келишувлар тузишга ҳаракат қилмоқда", - деб ёзади Reuters.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Марказий Осиёга бу йил Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляен, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин ташриф буюрди.
Минтақада кам учрайдиган қазилма металларининг катта захиралари мавжуд. Бундан ташқари, Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади. Reuters ёзишича, 2014 йилда глобал уран қазиб олиш ҳажмининг деярли 40 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.
Ўзбекистон ҳам уран ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги беш етакчи давлат қаторига киради - ва бу икки Марказий Осиё давлати дунёдаги ураннинг ярмидан кўпроғини ишлаб чиқаради, деб таъкидлайди агентлик. АҚШ учун уран етказиб бериш жуда муҳим, чунки ҳозирда бу материалнинг тахминан 20 фоизи Россиядан импорт қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон улкан олтин захираларига эга, Туркманистон эса бой газ конларига. Қирғизистон ва Тожикистон ҳам янги минерал ресурсларни очмоқда.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлган Хитой эса, минтақадаги йирик инфратузилма лойиҳаларига фаол инвестиция киритмоқда.
Россия ўз энергия ресурсларини етказиб бериш ва атом электр станциялари қуриш билан, Марказий Осиё давлатларининг энергетика секторида фаол иштирок этмоқда.
Шулар билан бир қаторда, Пекин ва Брюссел Каспий денгизи орқали транспорт коридори лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. Бу лойиҳа Европа товарларини Кавказ орқали Марказий Осиёга етказиш имконини беради ва Россия ҳудудини четлаб ўтади. Лойиҳа Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки Ўрта коридор номи билан машҳур бўлиб, АҚШ томонидан ҳам қўллаб-қувватланади.
"Хитой ва Россия минтақавий инфратузилма, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш тизимлари устидан назоратни кучайтириб бораётган бир пайтда, Вашингтон муайян стратегик лойиҳалар орқали бу ерда маълум мақомга эришишга ҳаракат қилмоқда", - деди Reuters агентлигига Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) директори Грейслин Баскаран.
Инсон ҳуқуқлари - биринчи ўринда эмас

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Бу орада, инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар Марказий Осиёдаги беш давлатни инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши учун бир неча бор танқид қилган.
Масалан, AFP эслатганидек, "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти тузган сўз эркинлиги рейтингида Туркманистон 180 давлат орасида 174-ўринни эгаллайди. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам Трампнинг "Озодлик радиоси"нинг минтақавий хизматларини ёпиш ниятини олқишлади.
Саммитдан бироз олдин Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнот эълон қилиб, минтақа давлатларида сиёсий эркинликларнинг чекланиши мисолларини санаб ўтди.
Улар орасида мухолифатга нисбатан репрессиялар, одамларнинг ҳаракатланиш эркинлигининг чекланиши, сўз эркинлигининг бузилиши ва норозилик акцияларини ўтказишга тақиқлар киради.
Ташкилот Трамп маъмуриятини учрашув давомида инсон ҳуқуқларини унутмасликка чақирди.
"Марказий Осиёдаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар халқаро қўллаб-қувватлашга лойиқ, аммо улар инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига асосланиши керак, - деди Human Rights Wаtch нинг минтақавий директори Хю Уилямсон.
"Фақат шундагина минтақада яшовчи 82 миллион одам ўз етакчилари Вашингтонда тузадиган битимлардан ҳақиқий фойда кўриши мумкин бўлади" деди у.
Шунга қарамай, Бишкекдаги ЙХҲТ Академиясининг сиёсатшуноси Эмилбек Жураев Eurasianet нашрига берган изоҳида, саммитда инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар масаласи кўтарилиши кутилмаслигини айтди, чунки Трамп маъмурияти учун бу мавзу савдо битимларидан камроқ аҳамиятга эга.
Жураeвнинг фикрича, саммит давомида танқидий минераллар масаласида "жиддий ютуқлар бўлиши даргумон", чунки саммит қисқа муддатда ташкил этилган ва ресурслар масаласи "нозик ва мураккаб".
Афғонистон, хавфсизлик, санкциялар ва экология

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Eurasianet га таянадиган бўлсак, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги мулоқотда муҳим масалалар, жумладан минтақавий хавфсизлик, айниқса Афғонистондаги Толибон билан боғлиқ мураккаб вазият муҳокама қилиниши ҳам кутилмоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистон сув танқислиги каби минтақавий муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик зарурлигини англаб, ушбу гуруҳ билан алоқа ўрнатиш ташаббусини илгари сурмоқда, шунингдек, янги савдо имкониятларига эришишга ҳам умид қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари ички муаммоларни ҳам кўтариши кутилмоқда. Масалан, Қирғизистон АҚШ томонидан фуқаролари учун жорий этилган виза чекловларини бекор қилишни ва АҚШнинг Қирғиз банк секторига нисбатан санкцияларини муҳокама қилиш имкониятини изламоқда.
Экологик масалаларда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Каспий денгизининг сатҳи пасайишига қарши биргаликда чора кўришни таклиф қилиши мумкин, чунки бу ҳолат Транскаспий халқаро транспорт йўналиши учун жиддий таҳдид туғдиради.












